Хайитхоннинг ҳаётий ғалабаси: Қизамиқдан жаҳон спорти шоҳсупасигача

Етти мучангиз соғ бўлатуриб, ҳамон нолиб юрган бўлсангиз, ушбу қаҳрамонимиз билан танишинг.

Қирғизистонда ҳаммага намуна бўла оладиган яна битта қаҳрамон, тақдирнинг аччиқ зарбаларига дош берибгина қолмасдан аянчли қисматни енгиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб олган Хайитхон Хусан қизи майдонга чиқди. Оддий ўзбек қизининг жисмоний чекланган эканига қарамай, жаҳон спортида улкан ютуқларга эришиши кўпчиликни лол қолдирди.

Октябрь ойининг охирларида Хитойда бўлиб ўтган Пара Осиё ўйинларида дзюдочи Хайитхон Хусан қизи кўзи ожизлар гуруҳида, G-1 тоифасида кураш майдонига тушиб, финалда рақибини 1 дақиқаю 26 сонияда мағлуб этди. Бу ютуқ натижаси Қирғизистон тарихида илк бора Пара ўйинларида қўлга киритилган биринчи олтин медал бўлди. Ўшлик ўзбек қизи Хайитхон етишган бу кўрсаткич Қирғизистон тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб қолди.

Бизнинг маълумот: Пара Олимпиада, Пара Осиё ўйинлари ибораси аввалига лотинча “paraplegia” (оёқ шоли, параличи) иборасидан олинган. Чунки ўшанда бундай мусобақалар фақат умуртқа поғонаси жароҳат олиб, оёқлари ишламай қолганлар ўртасида ўтказилган. Кейинроқ, бу мусобақаларга бошқа хасталикка чалинган спортчилар ҳам иштирок эта бошлагач, бу иборага бошқа маъно берила бошлади.

Эндиликда “Пара” ибораси юнон тилида “ёнидаги”, “бир қаторда” маъносини берувчи «para» сўзи маъносида қўлланади. Яъни, Олимпиада ўйинлари билан бир қатордаги мусобақа маъносида. Биринчи Пара Олимпиада ўйинлари 1976 йилда Швециянинг Эрншёльдсвик шаҳрида бўлиб ўтган.

Бишкекка қайтиб келгач, спортчи қизимизнинг бу ютуғи давлат томонидан юқори баҳоланиб, президент Садир Жапаров томонидан 1 миллион 250 минг сўм (14 минг доллар атрофида) мукофот пули топширилди. Бу Хайитхон биринчи ва охирги ютуғи эмас. Унинг кўзи 10 ёшида қизамиқ иллати туфайли кўрмай қолган. Лекин у спортга бўлган меҳридан тонмади, ҳамон ҳамма қатори ҳаракат қилишдан чарчамайди.

Биз чемпионнинг бир неча кунга Ўшга, ўз уйига келганидан фойдаланиб, у билан суҳбатлашдик.

– Хайитхон, ғалаба муборак бўлсин! Хитойдаги ғалабадан сўнг сизда қандай хиссиётлар пайдо бўлди?

– Раҳмат катта. Мен учун энг асосийси – мусобақаларда қатнашиш эди. Ғолиб бўламан, деб ўйламаган эдим. Қирғизистон мадҳияси янграганда ҳаяжонлана бошладим. Ватаним байроғи мен туфайли ҳилпираши мумкинлиги менга янги куч бағишлади.

– Рақибингизни бунча тез мағлубиятга учратишингизнинг сабаби нимада?

– Бу ютуқда устозим Қанатбек Эмиляновнинг хиссаси катта деб ўйлайман. Чунки у курашнинг барча йўналишларини ўргатади. Бизни аямайди. Мен билан беллашадиган рақибларимни аввалги ўйинларини кўриб, уларнинг усулларини менга тушунтиради. Ҳатто тайёргарлик вақтида кўзи кўрадиган одам билан кураштиради. Дзюдода энг асосийси хис-туйғу эканлигини таъкидлайди.

– Дзюдо билан шуғуллана бошлаганингизга 3-4 йил бўлибди. Бунгача қандай мусобақаларда қатнашгансиз?

– Илк медалимни 2021-йилда Қозоғистонда ўтказилган Осиё-Океания минтақаси мусобақаларида қўлга киритганман. 2022-йилда Анталияда ўтган Жаҳон Гран При ўйинларида кумуш медал соҳибаси бўлдим. Кейин Қозоғистондаги Гран Прида 3-ўринни эгалладим. Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Жаҳон чемпионатида бўлгани 5-ўринга эга бўлдим. Бу ўзимнинг хатойим туфайли бўлган эди.

2023-йилдан бошлаб эса бир қатор давлатларда ўтказилган мусобақаларда иштирок этиб, Португалияда 1-ўринни, Мисрда 3-ўрин, Қозоғистонда 1-ўринни эгаллаб, махсус камар эгаси бўлдим. Бундан ташқари Англияда ўтган IPSA ўйинларида 3-ўрин, яна Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида 3-ўринни, ниҳоят, яқинда Хитойда ўтган Пара Осиё ўйинларида эса, 1-ўринни қўлга киритдим.

– Кўзи ожизлар учун махсус мактабда ўқиган экансиз. Битиргандан кейин нима қилдингиз?

-Ўш шаҳридаги кўзи ожизлар махсус мактабини аъло баҳоларга битирдим. Синфдошларим билан маслаҳатлашиб, ўша йили Ўш давлат университетининг инглиз тили факультетига ўқишга кирдим. Ўқув юртида ўқитувчилар, қандай қилиб ўқиркин, деб онамга айтишган экан. Отам бўлса, сен шу аҳволда қандай ўқийсан, ким бўласан, деган. Лекин ёшликдан қайсар бўлганим учун олийгоҳда билим олишни бошладим. Иккинчи босқичга ўтганимизда Америкага 3 ойлик тренингга бордим. У ерда ўзимга ўхшаганларга ўқишни, жамиятда ўзини қандай тутишни ўргатдим.

– Нима учун Ўшдан Бишкекка кетдингиз? Яна кўзингиз кўрмаган ҳолатда…

– Ёшлигимдан спортга қизиқаман. Ўшда ҳам дастлаб йогага, кейин сузишга қатнашганман. Лекин бу ерда (Ўшда. – таҳр.) кўзи ожизлар учун шароит йўқ. Спорт соҳасида эса умуман ногиронларни иккинчи даражали инсон сифатида кўриб, эътибор берилмайди.

– У ерда қандай яшайман, деб қўрқмадингизми?

– Университетни битирганидан сўнг, ўз орзуларимни амалга ошириш учун ота-онамнинг қаршилигига қарамай, пойтахтга кетдим. Бишкекдаги махсус кўзи ожизлар федерациясига аъзо бўлиб, ўзим кабилар билан бирга дзюдога қатнаша бошладим.

Ҳозир ўзимга ўхшаган иккита дугонам билан ижарада уйда турамиз. Ҳамма ишни биргаликда қиламиз. Овқат тайёрлаймиз, уй йиғиштирамиз. Бозор, дўконларга бориб керакли нарсаларни харид қиламиз. Ўзим ҳатто мустақил тугма қадашни биламан. Нарсаларни кўпроқ қўлимда ҳис қилиб, ҳаракат қиламан.

– Ўзингиз кабиларга нима деган бўлар эдингиз?

– Бирон ери ногирон бўлса, бу одамни тўлиқ чиқитга чиқариб юбориш керак эмас. Масалан, менинг кўзим кўрмагани билан қолган ҳаммаёғим соғлом. Демак, ўзим хоҳлаган ишимни қила оламан. Бошқа имконияти чекланганларга ҳам ҳам айтаман – ўзингизни уйда сақламанг. Мен ногиронман, деб жамиятдан узилманг. Қўлингиздан кўп нарса келади. Фақат ҳаракат қилсангиз бўлди.

Ота-она ва яқинлари эса уларни қўллаб-қувватлашлари керак.

– Олдиндаги режаларингиз қандай?

– Хитойдан келганимиздан кейин онам қўярда қўймай, Ўшга 3 кунга рухсат олиб келди. Ноябрь ойи охирларида Францияга, дзюдо бўйича Пара мусобақага борамиз. Ҳозир шунга тайёргарлик кетмоқда. Келажакда эса Жаҳон Пара Олимпиадаларида ютуқларга эришиб, Қирғизистонимиз байроғини бунданда юқори чўққиларга кўтаришга ҳаракат қилишни истайман.

– Аллоҳ тилакларингизни ижобат қилсин!

Таҳририятдан: Биз ғарб давлатларида имконияти чекланган бўла туриб улкан ютуқларга эришган кўплаб инсонларни биламиз, уларнинг иродасига тан бериб, ўрнак олишга интиламиз. Шу вақтнинг ўзида ёнгинамизда юрган ана шундай қаҳрамонларимизни билмаймиз, қадрига етмаймиз.

Жисмоний муаммоларга қарамай, буюк бир жасорат, метиндек ирода намунасини кўрсата олган Хайитхоннинг келажак режа ва орзуларига эришиб боришида муваффақиятлар тилаймиз. Ўш ва умуман Қирғизистонда ўзбек жамоатчилигига эса, Хайитхонни нафақат ўзбек ёшлари, балки турли миллат вакиллари билан ҳам мулоқот қилишига шароит тузиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб туришга чақирамиз.

Оқбура, Бишкек.

Умида Мирзабоева суҳбатлашди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг