Султан Раев: Ўзбекистон учинчи уйғониш даврини маданият соҳасидан бошлади

Туркий халқларнинг умумий маданиятини ўзбек халқининг маданиятисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Бу ҳақдаги фикрларини Халқаро турк маданияти ташкилоти (ТУРКСОЙ) бош котиби Султан Раев яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданий мероси ва янги уйғониш даври асослари” VII халқаро конгресси доирасида Қирғизистоннинг “Кабар” миллий агентлигига берган қисқа интервюсида маълум қилди.

Раевнинг сўзларига кўра, уйғониш деганда, олға интилиш ва ривожланиш жараёнида миллатнинг илдизини, ўзлигини, анъаналарини сақлаб қолиш тушунилади. Демак, миллий уйғониш аввало маънавиятдан, тафаккурдан, идрокдан бошланиши керак.

Бугунги Ўзбекистоннинг маданият соҳасида олиб борилаётган ишларнинг кўлами шу қадарки, уларни мамлакатнинг учинчи уйғониш даври дея эътироф этилмоқда. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон кўп асрларга бориб тақаладиган, жуда бой тарихга эга. Ўзбек маданияти нафақат Марказий Осиё халқларининг, балки бутун туркий халқларнинг минг йиллик тарихи, тили, адабиёти, санъати, қадриятлари, анъаналари, турмуш тарзи билан чамбарчас боғлиқдир.

“Туркий халқларнинг умумий маданиятини ўзбек маданиятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бетакрор тарихий ёдгорликлар, халқ оғзаки ижоди ҳамиша дунё аҳлининг эътиборини тортган”, – деди бу ҳақда асли қирғизистонлик бўлган таниқли ёзувчи ва драматург Султан Раев.

Бош котиб кейинги йилларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ана шундай бой маданий меросни асраб-авайлаш, тадқиқ этиш ва кенг тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига эътибор қаратди ва бу ташаббусларнинг катта аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Етти йил муқаддам ташкил этилган “Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти”нинг (WOSCU) асосий мақсади – ўзбек маданий меросини жаҳон миқёсида тўплаш, уни кенг тарғиб қилишдан иборат.

Ўтган давр давомида мазкур ташкилот билан ҳамкорликда фаолият юритаётган хорижлик олимлар жаҳон архивларидан инглиз, араб, хитой, форс, француз, немис, япон тилларидаги манбаларни ўрганиб, ўзбек мероси хазинасини топиш ва очиб беришга кўмаклашдилар.

Бу ишлар натижасида қадимги қўлёзмалар, тарихий ёдгорликлар, осори-атиқалар, мутафаккирлар асарларининг бой мероси тўпланган. Ўзбекистонда 200 жилдга яқин янги асарларни нашр этиш устида иш олиб борилмоқда.

Раевнинг айтишича, Ўзбекистон ўзининг маданий меросини асраб, бойитишга катта маблағ ажратди, ажойиб лойиҳаларни амалга оширди. Қарийб бир миллиард долларга тушадиган бу улкан дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда 50 дан ортиқ бадиий, ҳужжатли ва илмий-оммабоп фильмлар суратга олиш масаласи кўтарилиб, йирик лойиҳалар бошланди.

Жумладан, таниқли режиссёр Тимур Бекманбетов “Хўжа Насриддин” кўп серияли анимацион фильмини суратга олишга киришди. “Амир Темур” бадиий фильмини яратиш бўйича ҳаракатлар бошланди. Ушбу фильмларни суратга олиш жараёнида туркий тилли давлатлар, шунингдек, Қирғизистоннинг машҳур актёрлари иштирок этишади.

“Ўзбек маданияти – Амир Темур қиличи, Улуғбек юлдузлари, Навоий қалами, Бобур жасорати, Ал-Беруний ҳикмати, Ал-Бухорийнинг дуолари билан яратилган муқаддас мерос. Маданий меросни асраб-авайлаш миллатнинг ўзига хослигини сақлаб қолиш билан баробардир”, – дея сўзини якунлади Султан Раев.

Тилга олинган конгрессга дунёнинг 40дан ортиқ давлатидан 300га яқин олимлар ва йирик мутахассислар йиғилдилар.

Ўзбек маданиятига яқинда 95 йиллик юбилейи нишонланаётган буюк ёзувчи Чингиз Айтматов ҳам жуда юқори баҳо берган. У ўзбек маданиятининг Ўрта Осиё давлатлари халқлари маданиятига кўрсатган таъсирини Буюк Византиянинг Европага кўрсатган таъсирига қиёслаган эди.

Ўз навбатида Ўзбекистон раҳбарияти ва халқи ҳам буюк қирғиз ёзувчисига тириклигида ҳам, вафотидан сўнг ҳам чуқур ҳурмат намунасини кўрсатиб келади. Ўзбекистонда ёзувчининг китоблари миллионлаб нусхада чоп этилган. Унинг қарийб барча асарлари ўзбек тилига тўла таржима қилинган. Ҳозирда ёзувчининг юбилейига атаб унинг 10 томлик асарлари тўплами ўзбек тилида чоп этишга тайёрлаб қўйилди. Бу нашр Айтматовнинг декабрда ўтадиган юбилейи тантаналари олдидан ёруғ кўриши режалаштирилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг