Тарих зарварақлари ёпилмоқда… Ўш шаҳар марказий бозори шаҳар четига кўчирилади

Яқинда келган сел бу ердаги иншоотларни қуришда қатор қонунбузарликларга йўл қўйилганини кўрсатди.

Ўн кун аввал, 14-июл куни Ўшга келган сел шаҳар ҳудудларидаги бир қанча муаммоларни юзага чиқарди. Жумладан, шаҳар марказий бозор ёнидан оқиб ўтган Оқбура дарёси, улар ўзи билади устидаги 12та кўприк ҳамда ўнлаб ноқонуний савдо шаҳобчалари қурилгани маълум бўлди. Бундан ташқари бозор ёнидаги Оқбура дарёсининг ўзи ҳамда унинг қирғоқлари ҳеч қайси муассасанинг расмий тасарруфида бўлмаган. Оқибатда куни кеча келган селдан йиллар бўйи ташланган чиқиндилар ушбу кўприкларнинг остини тўсиб қўйиб, сув тошқини дарё сатхидан 3 метрдан 5 метргача кўтарилиб кетган.

Талофатдан кейин Оқбура дарёсининг атрофида жойлашган қурилишлар, ер участкаларини аниқлаш ва мониторинг олиб бориш учун ишчи гуруҳи ташкил этилди. Комиссия қарори билан ноқонуний деб топилган иншоотлар Ўш шаҳар маҳаллий (муниципал) мулк бошқармаси томонидан буздирилмоқда.

Бош вазир ўринбосари, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 19-июл куни Ўшда тезкор ўтказган йиғилишда бозорни шаҳар четига кўчиришни топширган. Бунинг учун шаҳар ҳукуматига икки ой муддат берилган.

Шаҳар мэрияси дастлаб бозорни Жапалақ қишлоғидаги автомобил бозори ёнига кўчириш ниятини билдирган. Аммо душанба куни савдогарларнинг норозилик намойишидан кейин бўлажак муниципал бозорнинг манзили ўзгартирилди. Унга кўра бозор Б. Ўсмўнов кўчасидаги “Мегаполис” савдо марказининг олдига қуриладиган бўлди.

“Ўша ерга икки ойда замонавий бозор қуриб берамиз. Аммо савдогарлар янги ўқув йили мавсуми бошланиши даврини ўтказиб олишга рухсат сўрашмоқда. Биз розилик билдирдик. Сентябрь ойи ичи ҳам ишлаб олишсин. Ҳозирда шаҳар марказидаги Оқбура дарёси четидаги сув иншоотлари хўжалигига кирган жойлардаги ноқонуний қурилишларнинг ҳаммасини олиб ташлаймиз”, – деди шаҳар мэри Бақтибек Жетигенов.

Унинг қўшимча қилишича, Оқбуранинг Ўзғур томонидан бошлаб, Янгиқишлоққача бўлган соҳили бўйида пиёдалар ҳамда велосипед ҳайдовчилари учун йўлаклар қурилади. Атрофи ҳиёбон қилиниб, аҳолига дам олиш учун шароит яратилади.

Савдогарлар норози

Янги бозор ишга тушгунга қадар эски марказий бозор ишлаб туради. Бугунги кунда бозорга 5 томондан киришга йўл очилган. Лекин савдогарлар бозорга Тилеке Батир кўчасидан кириладиган 10дан ортиқ кўприкларнинг буздирилиши оқибатида харидорлар бозорга кира олмай қолганидан норозилик билдиришмоқда. Бундан ташқари савдо мажмуасининг шаҳар четига кўчирилиши уларни хавотирга солган. Савдогарлар уч кундан бери тўпланиб, ҳокимиятдан сув босган марказий бозорни бошқа жойга кўчириш муддатини узайтиришни сўрашмоқда.

Бозордаги сотувчилардан бири бозор шаҳар четига кўчириладиган бўлса, шаҳардан узоқ қишлоқ ва туманлардан келадиган аҳоли у ерга бормай, тўғри Қорасувдаги бозорга кетиб қолишини айтади. Яъни, савдогарлар харидорларининг бир қисмини йўқотишлари мумкин. Эслатиб ўтамиз, Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги улгуржи бозори Ўрта Осиёдаги энг катта бозорлар қаторига киради.

Миргул Тилекова исмли савдогар бозор кўчириладиган бўлса, барча шароитларни яратиб беришсин деган талабни билдирди.

“Янги ўқув йили олдидан савдо яхши бўларди. Биз янги товарлар олиб келиб қўйгандик. Ҳаммаси лойга булғанди. Уни ювиб тозалаб, аранг сотиб олсак ҳам катта гап. Сарфлаган чиқимни ҳам қопламаяпти. Бу ёқдан бозорни жилдирамиз дейди. Бизга кўпроқ муддат беришсин. Ўзимизни тиклаб олайлик”, – дейди савдогар аёл.

Ўш шаҳар мэрининг ўринбосари Марс Исаевнинг маълумотига кўра, янги бозор ҳеч қандай хусусий бўлмасдан, тўлиқ муниципал бўлади. Қурилиши битганда, савдогарларга ўрин танлашлари учун имконият берилади. Шунга кўра шартномалар тузилади.

“Бундан ташқари янги ўқув йили бошланиш арафасида турибмиз. Буни тушунамиз. Савдогарлар ҳозирча марказий бозорда савдоларини давом эттиришлари мумкин”, – деди вице-мэр.

Селдан кейин бир қатор ноқонуний қурилишларга рухсат берган мутасадди ходимларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди. Ишончли манбааларнинг маълумотига кўра, ҳозирда 4 нафар собиқ раҳбарлар сўроқ бермоқда.

25 йилдан буён марказий бозорда савдо қилаётган Сўнунбу: “Оқбурани шу кунгача бирорта мэр ёки шаҳарлик одам бориб, бир курак чиқинди олиб, тозаламаган. Албатта тўладида, сел келганда тошадида”, – деди куюниб, шаҳар мэри билан савдогарлар учрашган вақтда.

МХДҚнинг Ўш шаҳри ва вилояти бўйича бош бошқармаси бошлиғи Даниел Рисалиевнинг айтишича, Оқбуранинг ичи кимга ёки қаерга қарашли эканлигини суриштириш чоғида ҳеч ким аниқ бир жавоб айтолмаган.

“Бозор олдидаги дарёнинг ичи ҳеч кимга қарашли эмас экан. Сув хўжалиги, чети бизга қарашли, аммо ичи бизга тааллуқли эмас, демоқда. Тўғри-да дарё четидаги жойлардан маблағ топса бўлади-да. Ичининг фойдаси йўқ. Шунинг учун у билан бировнинг иши йўқ”, – дейди Даниел Рисалиев.

Унинг қўшимча қилишича, бу борада махсус комиссия тузилиб, МХДҚ раиси топшириғига биноан, масъуллар аниқланиб, жавобгарликка тортилади.

Эслатиб ўтамиз, 14-июл куни кучли ёмғирдан кейин Оқбура дарёсидан сел кириб, Ўшдаги марказий бозор ва чекка қишлоқлар сув остида қолган. Беш киши ҳалок бўлди, бир қанча машиналарни сув олиб кетди, уйлар, кўприклар ва йўллар вайрон бўлди. 750 та савдо растаси талофат кўрган. Савдогарлар катта зарарга учрадилар. Ўш ва Қорасув туманида юзлаб уйлар вайрон бўлган.

Бозорнинг кўчирилишига қарши чиққанларга қарши қатъий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, куни-кеча митинг фаоллари дейилган тўрт киши ҳуқуқ-тартибот идораларига олиб борилиб, сўроқ қилинган. Шаҳарнинг ўзида эса маълум муддатгача митинглар ўтказиш тақиқлаб қўйилди.

Минг йиллик синовларга дош берган

Ўшдаги бозор савдо ҳажми бўйича Марказий Осиёдаги энг ранг-баранг ва йирик бозорлардан бири саналади. Тарихий цивилизациялар бирин-кетин ўзгаради, хонликлар, империялар пайдо бўлади ва йўқ бўлиб кетди, ҳамма нарса ўзгарди, лекин минг йиллик Ўшда Оқбура дарёси бўйида қулай жойлашган бозор ўзгаришсиз қолиб келмоқда эди. У Қорахонийлар даврининг туғилиши ва таназзулидан, Чингизхон авлодларининг юришларидан, Шайбонийлар сулоласининг босиб олинишидан, хонликларнинг чексиз алмашинишидан, Россия империясига қўшилишдан, фуқаролар урушининг оғир даврларида ва СССР давлатининг қулашидан омон қолган. Қолаверса, афсонавий Ипак йўлининг бир тармоғи Ўшдан ўтган вақтдан бери бозор бир жойда 2000 йилдан ортиқ яшаб келган.

Ўшнинг минглаб йиллик тарихи унинг кўп сонли бозорлари билан узвий боғлиқ бўлиб, улар худди танадаги артериялар сингари шаҳар мавзеларига тарқалиб кетган, эски бозор эса, бутун Ўшнинг юраги каби, ҳанузгача жонли, шовқинли ва гавжум. Ҳатто унинг жойлашган ўрни ҳам ўзгармади, Оқбуранинг тор қирғоқ чизиғига уйғун равишда сиқиб чиқди. Унинг ҳудуди дарёнинг қарама-қарши қирғоғидаги янги павилёнлар туфайли кўпайиб борди.

Ўш учун бозор ҳар доим жонли савдо-сотиқ қилинадиган жой эмас. Улар халқлар ва мамлакатларни, маданият ва тилларни, ошхона ва одатларни, анъана ва урф-одатларни боғловчи ва бирлаштирувчи ноёб марказ бўлиб хизмат қилган. Шу сабабдан сайёҳлар ҳам уни яхши кўрадилар. Маҳаллий аҳоли буни ҳаётларининг ажралмас қисми деб билишади. Бу ерга нафақат бутун Қирғизистондан, балки Хитой, Ўзбекистон, Тожикистондан ҳам савдогарлар оқиб келишади. Бозор ҳафтада 7 кун эрта тонгдан кечгача ишлайди. Энг кўп одам якшанба куни келса, душанба куни харидор энг озайган кун бўлади.

Бунгача марказий бозорнинг бир қисми ҳисобланган “Тешиктош” мева-сабзавотлар бозори ҳам Жапалақ участкасидаги Қирғизистон қишлоғига кўчирилган эди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг