Бешинчиси бўлиши мумкин эди: Трампга қилинган суиқасд сабаби ҳамон ноъмалум
АҚШ президентлигига номзодни ўлдирмоқчи бўлган йигитнинг ҳаёти ҳар томонлама ўрганилди, лекин…
Собиқ АҚШ президенти ва ноябрда ўтадиган сайловларда президентлигига номзод Дональд Трампга қарата ўқ узиб, уни енгил ярадор қилган 20 ёшли йигит Томас Метю Крукс ўша жойнинг ўзида махфий хизмат ходимлари томонидан отиб ўлдирилган.
Суиқасд Трампнинг Пенсилваниядаги сайловолди кампанияси доирасида ўтказаётган учрашуви чоғида уюштирилган.
Шунингдек, 14 июль куни содир бўлган бу ҳодисада бир томошабин ҳалок бўлган, яна икки киши оғир яраланган. Трампнинг ўзи эса бахтли тасодиф туфайли омон қолиб, қулоғидан енгил жароҳат олган, холос. Полиция воқеа содир бўлган жойда АР услубидаги енгил, ярим автоматик ўқотар милтиқни топган.
АҚШ тарихида бундай суиқасдлар бўлиб туради. Бунгача энг демократик, энг тинч деб мақталган мамлакатнинг тўрт президенти – Жон Кеннеди, Авраам Линкольн, Жеймс Гарфильд ва Уилям МакКинлилар суиқасд натижасида ҳалок бўлишган. Сал бўлмаса Трамп бешинчиси бўлиб қолиши мумкин эди.
Бундай суиқасдларнинг энг охиргиси 1981-йилда президент Роналд Рейганга қарши бўлгани расман қайд этилган. Ўшанда Рейган Вашингтондаги меҳмонхонадан чиқиб кетаётганда отилган ўқлардан оғир яраланган эди. Ундан бир неча йил аввал, 1975-йилда президент Жералд Фордга қарши икки марта суиқасд уюштирилган, бироқ у ҳам омон қолган.
Федерал тергов бюросининг (ФТБ) маълум қилишича, 20 ёшли Крукс Батлер шаҳридан унча узоқ бўлмаган шаҳарчадан бўлган. АҚШнинг бир қанча ахборот агентликлари Крукснинг ўз штатида республикачи сифатида рўйхатга олингани, лекин аввалги сайловларда демократларга 15 доллар миқдорида ёрдам кўрсатганини қайд қилишган.
Тергов ва текширишлар ҳозирча ёш йигитнинг нима сабабдан бундай охири войлиги аниқ бўлган қадамга борганига аниқлик кирита олмаган.
Эслатиб ўтамиз, Трамп Батлер шаҳрида нутқ сўзлаётган вақтида ўқ овозлари эшитилиб, нотиқ қулоғини ушлаганча энгашиб қолади. Хавфсизлик ходимлари уни тезда ўраб олиб, саҳнадан олиб чиқиб кетишади. Тезда ўзига келган ва юзларидан қон оқаётган Трамп саҳнани тарк этаётиб, муштини кўтарганча «Жанг, жанг!» дея ҳайқирган.
Трамп ҳужумдан кейин маҳаллий шифохонада кўрикдан ўтгач, керакли ёрдам кўрсатилиб, уйига кетишга рухсат берилган.
Кейинроқ у ўзининг Тruth Social платформасида “Мамлакатимизда бундай нарсанинг содир бўлиши ақл бовар қилмайдиган воқеа”, дея пост қолдирган.
Ҳаракатдаги президент, сайловларда Трампнинг асосий рақиби бўлган Жо Байден Трампга қўнғироқ қилиб, унинг аҳволи яхши эканини эшитганидан хурсандлигини билдирди. Байден Трампнинг ўзи ва оиласи ҳамда митингда бўлганларнинг барчаси учун ибодат қилишини маълум қилиб, “Америкада бундай зўравонликка ўрин йўқ” экани, бундай кўринишни америкаликлар “бир миллат сифатида бирлашиб, қоралаши кераклигини», айтган.
Воқеа бўлиб ўтган Пенсилвания штати сайлов натижаларини белгилайдиган асосий штатлардан бири ҳисобланади. Ўша куни вице-президент Камала Харрис ҳам Трамп билан бир вақтда ушбу штатда сайловолди ташвиқотини олиб бораётган бўлган.
Бугунги кунда демократлар нима қилиб бўлсада, Трампни сайловда енгиб чиқишига йўл қўймасликка ҳаракат қилишмоқда. Уларнинг фикрича, Трампнинг яна ҳокимиятга келиши Америка учун катта кулфат келтиради. Трампнинг асосий шиори “Биринчи галда Америка” бўлиб, у дунё мамлакатларига, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларга ёрдамни кескин камайтириб, АҚШдаги муҳожирларга тузилган шароит ва имтиёзларни қисқартиришни кўзда тутади. Шунингдек у НАТОга аъзо давлатлар раҳбарларига мурожаат қилиб, бу давлатлар ўз мудофаалари учун ўзлари пул тўлашлари лозимлигини айтган.
“Мен сизларни ҳимоя қилишни бўйнимга олмайман”, деган Трамп.
Маълумки, Шимолий Атлантика ҳарбий бирлашмаси бўлган (НАТО) ташкилотининг асосий ҳаражатларини айнан АҚШ кўтаради. Россия-Украина уруши бошлангач, АҚШ Европа давлатларидан НАТО ҳужжатларида кўрсатилганидек мудофаа мақсадлари учун етарли даражада пул ажратишни талаб қила бошлаган.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди