Арслонбобда ҳам кучли сел юрди. Жойларда бундай офат хавфи ҳамон юқори
Ҳаво ҳароратининг оламшумул исишда давом этиши Қирғизистонга ҳам жиддий хавф олиб келмоқда.
Қирғизистонда бу йил баҳор ва ёз ойлари серёғин бўлиб, деярли барча вилоятларда кучли ёмғир ва сел келиши, дарё ва сойларда тошқин кузатилмоқда. Айниқса, мамлакат жанубида сел ҳавфи даражаси ҳамон юқорилигича қолмоқда. Бу ҳақда тинмай Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар тарқатмоқда. Республиканинг тоғли ҳудудларида сўнгги ойларда кетма-кет сел келиб, шаҳар-қишлоқларга, савдо марказлари, аҳолининг хусусий мулки, жумладан транспорт воситаларига катта зарар келтирмоқда.
Жумладан, 23-июл куни Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманига қарашли, ўзининг сўлим оромгоҳлари билан машҳур бўлган тоғли Арслонбоб қишлоғига келган сел оқибатида 9 уй, шифохона, савдо уйи, 5 та кўприкка жиддий зарар етган, бир километр ички йўл сув остида қолиб, яроқсиз ҳолга келган. Дам олувчилар ва маҳаллий аҳолига тегишли 23 автомобилни сув оқизиб кетган. Ана шундай ҳолатни акс эттирувчи видеосуратлар ижтимоий тармоқда тинмай тарқатилиб турибди.
Бугун, 24-июл куни эрталабдан 77 нафар қутқарувчи етказилган талофатни бартараф этиш ишларини бошлади. Жабрланган машиналарнинг эгалари аниқланмоқда.
Шу куннинг соат 13:00 ҳолатига кўра, Арслонбоб қишлоқ ҳудудига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 90 нафар қутқарувчиси ва туман Фуқаро муҳофазаси хизматларининг 554 нафар ходими сафарбар этилиб, сув босган ҳудуднинг 60 фоизи тозаланди. Сел сувлари ичида қолган 9 та хонадон эгаларига “Қизил ой” жамияти томонидан гигиена воситалари тарқатилмоқда.
Шунингдек, 14 муҳандислик техникаси ва 13 махсус техника ишга туширилиб, сел босган ички йўлларни тозалаш ва тиклаш ишлари олиб боришмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари полковник Урматбек Шамирқанов мувофиқлаштириш ишларини олиб бормоқда.
“24-июл куни эрталаб Арслонбобни бир қатор айланиб чиқдик. Бу ерда тўққизта уйнинг ҳовлиси ва бир ертўлага сув кириб кетган. Авария ҳолатидаги бино йўқ. Фуқаролик муҳофазаси комиссияси иш бошлади. Бундан ташқари, марказий шифохонани сел босиб кетган. 11 нафар бемор уйига, тўрт нафари бошқа бўлимга ўтказилди. Айни пайтда ички йўлларни тозалаш ишлари давом этмоқда. Бундан ташқари, бешта ички кўприк шикастланган. Жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ”, – деди Шамирқанов журналистларга.
Унинг қўшимча қилишича, хавфли вазият юзага келишидан аввал Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Жалолобод вилояти бошқармаси, Жалолобод шаҳри ҳамда Сузоқ, Бозорқўрғон, Новкент туманлари фавқулодда вазиятлар бўлимларига хавф огоҳлантиришлар берган.
Ҳудди шу куни Ўш вилоятининг Новқат туманидаги кучли ёмғирдан сўнг Қорақўй ва Қалдай қишлоқларидаги Мурдачи яйловларида сел келиб, иккита бўз уй ва Телман-Қорақўй қишлоғини бирлаштирувчи йўлнинг 25-километри сув остида қолган, йўл ёпилган.
Бундан ташқари, Ўш вилоятидаги Мирзаки-Қарақулжа-Алайқу йўлининг 19-километрида сел юриб, йўл ёпилган. Воқеа жойига юк кўтарувчи кран олиб келиниб, соат 12:30да йўл тўлиқ тозаланиб, ҳаракат учун очилган.
Бунгача 20-июл куни Ахси туманидаги Кезарт каналида ёмғирдан кейин сув тошиб, Қорасув дарёсига кирган. Оқибатда Қора-Қамиш ва Сари-Челек қишлоқ ҳукуматларида сел бўлиб, қирққа яқин уйнинг ҳовлиси сув остида қолган. Тўрт километр ички хўжалик йўли шикастланган.
14-июл куни Ўш вилоятининг бир қатор вилоятларида кучли ёмғир туфайли беш кишини кучли сел олиб кетди. Бир аёлнинг жасади Оқбура дарёсининг Ўзбекистонга яқин жойидан, қолганлари эса Андижон вилоятининг Шохимардонсойидан топилган. Ҳодиса қурбонларининг тўрт нафари бир оила аъзолари – 44 ёшли аёл ва унинг 6, 10 ва 19 ёшли қизлари бўлган.
Расмий маълумотларга кўра, жорий йилда мамлакатда жами 230 сел содир бўлган, оқибатда 20 дан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмган. Қирғизистон ҳукумати сув тошқини оқибатида ҳалок бўлган 25 кишининг оиласига ва табиий офатдан уйлари вайрон бўлган фуқароларга 1 миллион сўмдан ёрдам ажратилишини маълум қилди.
ФВВнинг сўнгги маълумотларига кўра, Қирғизистоннинг тоғли ҳудудларида сел хавфи юқорилигича қолмоқда. Маълумотларга кўра, 24-июлдан 26-июлгача кутилаётган беқарор об-ҳаво ва кучли ёмғир туфайли республиканинг тоғли ва тоғолди ҳудудларида сел келиши, дарёларда сув сатҳининг кўтарилиши кутилмоқда.
Бу йил Қирғизистондан ташқари, дунёнинг бошқа ҳудудларида ҳам сув тошқинлари оқибатида кўплаб табиий офатлар қайд этилмоқда.
Олимларнинг фикрича, глобал ҳаво ҳарорати саноат даври бошлангандан бери 1,3 даражага кўтарилган. Улар дунё аҳолиси глобал исишни чекламаса, экстремал сув тошқинлари сони ортишидан огоҳлантирмоқдалар.
Оқбура, Бишкек.
Расм ва видеолар интернетдан олинди