Одамлар юраги деб урган юраги. Академик Мирсаид Мирҳамидович Мирраҳимов
Буюк кардиологнинг нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон тиббиёт фанига қўшган ҳиссаси ҳам беқиёсдир.
Салкам чорак асрдан бери ҳар йили 6-июлда Халқаро кардиологлар куни нишонланади. Бу кун 2000-йили Халқаро юрак федерацияси ташаббуси билан ана шундай муҳим сана сифатида тарихдан ўрин олган. Шу муносабат билан таниқли юртдошимиз, Совет даврида Социалистик меҳнат қаҳрамони олий унвонига сазовор бўлган, дунё миқёсида тан олинган олим, Марказий Осиё минтақасида ўзига хос кардиологлар мактабига асос солган академик, тиббиёт фанлари доктори, профессор Мирсаид Мирҳамидович Мирраҳимовнинг ибратли ҳаёт йўли билан танишиб чиқамиз.
Мирсаид Мирҳамидович Мирраҳимов 1927-йилда Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳрида мусиқачилар оиласида таваллуд топган. Миллати ўзбек.
Врач-терапевт, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Қирғизистон Республикаси Фанлар академияси академиги, СССР ва Нью-Йорк тиббиёт фанлари академияси аъзоси, жаҳон давлатларидаги ўнлаб ана шундай академия ва бирлашмаларнинг ҳақиқий ва фахрий аъзоси бўлган олим СССР Олий Совети ҳамда Қирғизистон ССР Олий Совети депутати ҳам бўлган. Ўз даврида Мирраҳимов тоғли минтақа шароитидаги кардиология фанини жаҳон миқёсида олдинги ўринга олиб чиққан. Ўз фаолияти давомида замонавий тиббиёт олими 700 дан ортиқ илмий ишлар, шу жумладан 35 монография, 500 илмий мақола, тезислар, маҳаллий матбуотда ва чет элларда нашр этилган илмий шархларни чоп этиб, 19 илмий ихтиронинг муаллифи сифатида танилган. У Қирғизистонда бутун бошли кардиологлар плеядасини тарбиялаб етиштирдики, улардан 63 нафари фан номзоди, 23 нафари тиббиёт ва биология фанлари доктори илмий даражасига етган.
Сўз аввали отадан бўлсин…
Инсоннинг ҳаётда улкан зафарларга эришишининг муҳим сабабларидан бири – унинг қандай оилада катта бўлгани, ота-онасининг бола тарбиясига бўлган жиддий муносабатидир. Бу ҳақиқат Мирсаид Мирраҳимовнинг тақдири орқали яна бир бор исботланди.
Бўлажак олимнинг отаси – Мирҳамид Файзиевич Мирраҳимов мусиқа оламига карнайчи сифатида, яъни ўзбек халқ чолғу асбобларидан бири карнай чалиш орқали кириб келади. Унинг мусиқадаги илк сабоқлари ана шу чолғуни ўзлаштириш мезонлари билан боғлиқ.
Мирҳамид Мирраҳимовнинг мусиқашунослик соҳасида олиб борган серқирра фаолияти алоҳида аҳамиятли эканлигини эътироф этиш лозим. Унинг илмий изланишларининг кенг мавзулилиги, ўтмиш анъаналари ва замонавий мусиқашунослик муаммолари масалалари билан уйғунлиги, санъаткорнинг кенг тафаккурга эгалиги ҳамда ўтмиш анъаналарини замонага мос талқин этишида намоён бўлади.
У Тўқтўғул Сатилғанов номидаги Қирғизистон Давлат филармониясининг асосчиси ва биринчи директори бўлган. Ҳозирги Т.Абдумўмунов номидаги Қирғизистон Давлат академик драма театрида бадиий раҳбари бўлиб ҳам фаолият кўрсатган.
Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист (1939). Бутуниттифоқ ижрочи санъаткорлар танлови совриндори бўлган.
Ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук камол топишида илму маърифат нечоғли аҳамият касб этса, мусиқа ва санъатнинг ўрни ҳам шу қадар муҳимдир. Бундан ташқари Мирҳамид Файзиевич Фрунзеда (Бишкек) дастлабки очилган мусиқа-хореография билим юртининг биринчи директори ҳам бўлган. Қирғиз халқ достонлари асосида илк чоп этилган «Қирғиз халқ қўшиқлари» китобининг мусиқавий муҳаррири ҳисобланади.
Ҳаёти давомида у қирғиз, ўзбек мусиқашунослиги фанига катта ҳисса қўшди, турли халқаро ва республика илмий симпозиум ва конференцияларида қирғиз мусиқашунослигини улкан қудратга эга эканлигини намойиш этишга эришди. Унинг илмий мероси ёш олимлар тарбиясида ва келажакдаги қирғиз мусиқасининг муносиб ривожида алоҳида аҳамият касб этиши муқаррардир.
Мирҳамид Мирраҳимов қирғиз мусиқий шарқшунослик илмининг зийнатларидан бири эди. У Қирғизистон маданияти тарихи ривожига нафақат мусиқачи, балки театр арбоби, бастакор ва маданият ташкилотчиси сифатида ҳам сезиларли из қолдирган.
Отасининг муносиб ўғли
Мирсаид оилада тўнғич фарзанд эди. Онаси Ҳадичахон эрни эр қилишдек улуғ шарафга эришган оддий уй бекаси бўлган.
Кичкина Мирсаид 1934-йили 7 ёшга тўлганида 1-синфга борган. Ота-онаси уни Фрунзедаги ўзбек тилида таълим берувчи тўлиқ бўлмаган (9 йиллик) мактабда ўқитадилар. Мактаб йилларидаёқ Мирсаид Мирраҳимов ўз дўстларидан ижобий ҳислатлари билан ажралиб турган. Ҳамма болалар каби ўйноқи бўлган эмас, ёшлигидан китоб ўқишни ёқтирган. Мактабда ўқиб юрганда шахмат ўйнашни ўрганган. 1948-йили, 21 ёшида Қирғизистон Давлат тиббиёт университетини тамомлаган. 1955-йилда тиббиёт фанлари доктори, 1966-йили профессор унвонларига эга бўлган. 1974-йили Қирғизистон ССР Фанлари академияси академиги, 1988-йили СССР Тиббиёт фанлари академияси академиги бўлган. 1993-йили Марказий Осиё кордиологлар ассоциациясининг директори лавозимини эгаллаган. 1977 йилдан 2007 йилгача Мирсаид Мирраҳимов узлуксиз равишда Қирғизистон Миллий кардиология ва терапия марказининг директори бўлиб ишлаган. Мирсаид Мирраҳимов нафақат республика ва Совет Иттифоқида, балки АҚШ ва Европада, дунёнинг бошқа ривожланган давлатларида ҳам кенг миқёсда тан олинган олим, клиник физиолог, ўқитувчи, фан ва соғлиқни сақлаш раҳбари ва ташкилотчиси бўлган.
Ўлимларни доғда қолдирган
Мирсаид Мирраҳимов жаҳон миқёсидаги илм-фаннинг янги йўналиши – тоғ шароити тиббиёти ва кардиологияси асосчиси бўлиб, ушбу соҳадаги ўзига хос мактабга асос солди. Инсоннинг баландлик шароитларига мослашишининг биологик ва физиологик асослари илмини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. У қисқа муддатли мослашиш босқичларини аниқлаш, мослашиш ҳолатини шакллантириш мезонларини ишлаб чиқди ва тоғ касалликларининг янги шаклларини тавсифлади, уларни ташхислаш ва даволаш мезонларини таклиф қилди, тоғ иқлимидан қатор касалликларни, шу жумладан сурункали апластик анемияни даволаш йўлларини асослаб берди.
Мирсаид Мирраҳимов республикада кардиологик хизматни яратиш ва такомиллаштириш ташаббускори бўлиб, унинг илмий изланишлари ва амалий фаолияти боис 80-йилларда мамалакатда юрак касалликларидан бўладиган ўлим 15 фоизга камайган. Кардиология соҳасида диагностика, профилактика ва даволашнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш ва тиббиёт амалиётида жорий этиш бўйича бир қатор ишлари учун Мирсаид Мирраҳимов 1980-йилда СССР Фан ва техника соҳасида Давлат мукофотига сазовор бўлди.
Мирсаид Мирраҳимов асос солган ва узоқ йиллар давмида раҳбарлик қилган кардиология илмий-тадқиқот институти қисқа вақт ичида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган қудратли ўқув, илмий ва амалий мажмуага айланди. Ревматология, нефрология, пульмонология, гастроэнтерология, эндокринология, гематология каби ички касалликлар бўлимларининг ривожланишида Мирсаид Мирраҳимовнинг хизматлари беқиёс.
Бир пайтлар Мирсаид Мирраҳимов бошчилигидаги ташкил этилган Қирғизистон Давлат Тиббиёт институти терапия кафедраси фаннинг ушбу йўналишида ҳанузгача собиқ Совет Иттифоқи давлатларидаги энг илғор кафедраларидан бири ҳисобланади.
Мирсаид Мирраҳимов – Марказий Осиё кардиологлари ассоциациясининг биринчи президенти, 1995 йилдан – МДҲ кардиологлари ассоциациясининг вице-президенти, Қирғизистон Республикаси шифокорлари ва кардиологлари жамиятининг раиси, Россия ва бир қатор давлатлар тиббиёт жамиятлари президиумининг аъзоси, жаҳон бўйлаб нашр этиладиган 10 та етакчи тиббий журналларнинг таҳририят кенгашлари аъзоси бўлган. Бундан ташқари Марказий Осиё тиббиёт журналининг бош муҳаррири, МДҲ кардиология журнали бош муҳаррирининг ўринбосари бўлган.
Жамоатчилик ишларида ҳам фаол иштирок этган буюк олим «Дунёда ядро урушининг олдини олиш» халқаро уюшмасининг раҳбари ҳам бўлган.
Фан ва жамоатчилик ишларида кўрсатган хизматлари учун Мирсаид Мирраҳимов 1960-70-йилларда «Ҳурмат Белгиси» ордени (икки маротаба), «Октябр революцияси» ордени ва бошқа мукофотларга сазовор бўлган бўлса, 1981-йили Ленин ордени билан тақдирланган. Ниҳоят, 1987-йили Совет Иттифоқининг энг олий мкофоти «Социалистик меҳнат қаҳрамони» унвонига сазовор бўлиб, “Олтин юлдуз” медали билан тақдирланган. 2000-йилда Қирғизистонда “Йил одами” сифатида эътироф этилган бўлса, АҚШ икки маротаба ана шундай эътирофга сазовор бўлган.
Бундан ташқари академик «СССР соғлиқни сақлаш аълочиси», «Қирғизистон халқ таълими аълочиси» унвонларига сазовор бўлган. Тўрт марта СССР Олий советининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланган. Фан ва техника соҳасида СССР ва Қирғизистон Давлат мукофотлари лауреати бўлган.
Жаҳон тиббиёти ва кридология соҳаси ривожига улкан ҳисса қўшган таниқли юртдошимиз, Социалистик меҳнат қаҳрамони, академик Мирсаид Мирҳамидович Мирраҳимов Бишкекдаги «Ала-Арча» қабристонига дафн этилган.
Одилжон Дадажонов, Оқбура.
Таҳририятдан: Минглаб инсонлар юрагига қувват ва дармон бўлиб, юзлаб одамларнинг ҳаёти сақланиб қолишига, умри узайишига сабаб бўлган, инсон соғлиги, қадр-қиммати учун қалбини баҳшида қилган инсоннинг юраги мамлакатдаги ва ўзи асос солган, қарийб 30 йил давомида раҳбарлик қилган Миллий кардиология ва терапия марказидаги амал талашишлар ва бу билан боғлиқ фитналарни кўтара олмади. Буюк олим, жамоат арбоби ва тенги йўқ мураббий 2008-йилнинг 2-сентябрида Бишкек шаҳрида вафот этди.
Кейинроқ садоқатли шогирдлари ташаббуси ва сайъ-ҳаракатлари билан Миллий кардиология ва терапия марказига Мирсаид Мирҳамидович Мирраҳимовнинг номи берилиб, муассаса биноси олдига унинг бюсти ўрнатилган.