Совуқ хабар Сибирдан келди. Россияда муҳожирларга такси ҳайдаш тақиқланди
Санкциялар қисувида қолган Россияда муҳожирларига нисбатан босим ва чекловлар кучаймоқда.
Россиянинг Новосибирск вилояти ва Камчатка ўлкасида меҳнат муҳожирларига такси ҳайдовчиси, ичимликлар ва тамаки сотувчиси сифатида ишлаш тақиқланди. Бу ҳақда давлат Думасида таклифлар айтилиб келаётганига анча бўлган эди.
Новосибирск вилояти губернатори Андрей Травниковнинг 15 апрелда имзоланган қарорига кўра, бу чора «миллий хавфсизлик, ҳаёт хавфсизлиги ва Новосибирск вилояти аҳолиси саломатлигини таъминлаш мақсадида» киритилмоқда, дея хабар қилади “Озодлик”.
Бир кун ўтиб, 16 апрел куни Камчатка ўлкаси губернатори Владимир Солодов ҳам муҳожирларга таксичилик қилишни тақиқлади. Солодов бу қарорнинг қабул қилинишига “турли жиноятларга қўл ураётган ноқонуний муҳожирлар асосан таксида ишлаётганини” рўкач қилган.
“Ушбу чора ва умуман миграция сиёсатини қатъийлашиши таксичилик соҳасини хавфсизроқ қилишига ишонаман”, деб ёзди Солодов ўзининг Телеграм каналида.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг октябрида Россия Давлат думасига муҳожирларга мактабларда, фармацевтика соҳасида, тиббиёт муассасаларида, таксиларда ва юк ташиш соҳаларида ишлашни тақиқловчи қонун лойиҳаси киритилган эди. Лекин Думада бу масала ҳали қал қилингани йўқ.
Россияда 22 мартда Москва яқинидаги Крокус Сити Холлга қилинган ҳужум натижасчида 140 нафар фуқаро ҳалок бўлган, яна ўнлаб нафар томошабин яраланган. Шундан сўнг мамлакатда ксенофобия ва марказий осиёлик муҳожирларга қарши кайфиятлар кучайди. Муҳожирларни кўчада полиция ёки Миллий гвардия ходимлари тўхтатиб, ФХХ (Федерал хавфсизлик хизмати) вакиллари билан «суҳбатлашиш учун» олиб кетган ҳоллар кўпайди. Бундан ташқари, полиция ходимлари муҳожирлар яшайдиган ётоқхоналарга ҳам бостириб кирмоқдалар. Бунгача ана шундай зўравонликлар масжидларда ҳам амалга оширилган.
Бир ҳафта аввал полиция ходимлари Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси ходими уйига эшикни бузиб киришган. Улар дипломатдан рўйхатдан ўтганлик ҳақида ҳужжат кўрсатишни талаб қилишган. Полициячиларга кўрсатилган дипломатик паспорт ҳам таъсир қилмаган. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги билдирган норозиликдан сўнг Россия расмийлари бу ҳолатни текширишга ваъда берган, бироқ ҳозирча бу борада жавоб йўқ.
Тан олиш керакки, айрим меҳнат муҳожирлари томонидан ҳам қонунбузарликларга йўл қўйилмоқда ва табиийки, маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Россия расмийлари бунгача бир неча бор йил сайин муҳожирлар томонидан амалга оширилаётган жиноятлар сони ортиб бораётганини айтишган.
Оқбура, Бишкек.
Сурат интернетдан олинди