Ҳуқуқ: Freedom House одатдагидай ташвишда, лекин бу билан бировнинг иши йўқ

Ташкилот Марказий Европа ва Марказий Осиё давлатларида вазият тобора ёмонлашиб бораётганини айтмоқда.

АҚШда жойлашган Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг дунёнинг турли минтақаларидаги 29 давлатни қамраб олган “Ўтиш даври мамлакатлари – 2024” номли ҳисоботини эълон қилди.

Унда айтилишича, Россиянинг Украинага босқини, Тоғли Қорабоғдаги Озарбайжон-Арманистон можароси ва бошқа турли воқеалар ушбу минтақадаги геосиёсий ўзгаришларни тезлаштирди. «Минтақа мамлакатлари иккига бўлинди: либерал, демократик тузумга ихлос қўйганлар ва бу тузумни қатъий рад қилганлар», – дейилади ҳисоботда.

Авторитаризм асосида бошқарув усули мустаҳкамлашаётган режимлар қаторига Озарбайжон, Беларус, Россия ва барча Марказий Осиё мамлакатлари киритилган. “Транзит ёки гибрид режимлар” қаторига Арманистон, Гуржистон, Молдова, Венгрия ва яна 7 давлат киритилган. Қизиғи, улар орасида бугунги кунда бутун ғарб давлатлари ҳимоя қилаётган Украина ҳам бор.

Ҳисоботда айтилишича, мустаҳкам авторитаризм ўрнатилган мамлакатларда инсон ҳуқуқлари ва демократик тамойиллар борасида вазият тобора ёмонлашмоқда. Ҳатто, бунгача нисбатан эркинроқ бўлган Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам «авторитаризм кучайиб, бошқа Марказий Осиё давлатлари йўлидан боришга мойиллик ортмоқда».

Ҳисоботнинг “Озодлик” келтирган маълумотларига қараганда, Ўзбекистон эҳтимолий 7 баллдан 1,18 балл олган. Ўтган йили Ўзбекистондаги демократия даражасига нисбатан кўпроқ – 1,21 балл берилган эди.

Қирғизистоннинг демократик кўрсаткичи 1,64 балл (ўтган йили – 1,68) бўлса, Қозоғистонда бу кўрсаткич 1,29 ни ташкил қилган (ўтган йили – 1,32). Яъни, охирги икки давлатда ҳам кўрсаткичлар бироз бўлсада, пасайган. Азалдан ёпиқ ва авторитар давлатлар ҳисобланиб келган Тожикистон ва Туркманистон минтақада энг паст кўрсаткичларга – 1,04 ва 1 баллга муносиб топилган. Улардан олдин бораётган Беларусга 1,11 балл, Россия ва Озарбайжонга 1,07 баллдан берилган.

Собиқ совет ўлкалари ичида Эстония энг юқори (6) баллга эга бўлган бўлса, ундан кейин ўринларни Латвия ва Словения олган. Украинадаги демократлашиш жараёнлари 3,43 балл, Арманистонда – 3,07, Грузияда – 3,04 баллга баҳоланган.

Жорий йилнинг март ойида Freedom House Ўзбекистон ва Қирғизистонни яна бир бор эркин бўлмаган давлатлар қаторига киритган эди. Ташкилотнинг 2024 йил учун эълон қилинган рейтингида Ўзбекистонга 100 баллдан 12 балл берилган.

Авваллари ушбу ташкилотнинг ҳисоботлари унга киритилган ўлкаларда, айниқса Қирғизистон ва Қозоғистонда жонли муҳокамаларга сабаб бўларди. Чунки ҳисобот натижаларига кўра, халқаро молиявий тизимлар салбий кўрсаткичга эга бўлган давлатларга муносабатини ўзгартирар эди. Жумладан, Қирғизистон расмийлари ҳар йили бу ҳисоботлар бўйича ўз фикрини билдириб келган бўлса, энди уни эътиборсиз қолдирмоқда.

Бугунги кунда ушбу ҳисоботларга унчалик эътибор берилмай қолишига дунё давлатларида ва хусусан АҚШ ва Европада бўлаётган ўзгаришлар сабаб бўлмоқда. Ана шу глобал ўзгаришлар даврида Freedom House каби халқаро ташкилотларнинг асосий ҳомийси бўлган АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларининг халқаро майдонда ва ўз аҳолиси олдидаги нуфузи тобора пасайиб бормоқда.

Инсон ҳуқуқлари ва демократик тамойилларнинг ҳарб давлатлари томонидан бошқаларга нисбатан геосиёсий босим ўтказиш қуроли сифатида фойдаланиши ушбу қадриятларнинг баҳосини тушириб юборди. Яна бир қизиқ ҳолатга кўра, ғарбда авторитар давлатлар қаторига киритилган мамлакатларда иқтисодий кўрсаткичлар яхшиланиб бораётгани кузатилмоқда. Масалан, АҚШнинг яна бир халқаро (молиявий) ташкилоти Халқаро валюта фонди (ХВФ) 2024 йилда Қирғизистонда ички ялпи маҳсулотнинг (ИЯМ) 4,4 фоизга ўсишини башорат қилмоқда. Молиявий инқироз (инфляция) борасида ҳам республикада ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Ўша ХВФ ўтган йили 2024 йилда Қирғизистонда инфляция 8,6 фоизни тузишини башорат қилган бўлса, энди бу кўрсаткич башоратини 6,7 фоизга туширган.

Умужаҳон банки ва Осиё ривожланиш банки ҳам жорий йилда Қирғизистонда ИЯМнинг ўсишини 4-5 фоиз атрофида бўлишини тахмин қилишмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг