Ўшдаги сел: Тўрт амалдор ҳибсга олинди, шаҳар депутатларидан бири қидирувда
Махсус хизмат суриштируви натижаларига кўра, селнинг аҳолига етказган талофатида уларнинг айби бор.
Ўш шаҳрида 14-июл куни кучли сел келишига сабаб бўлган айбдорлар аниқланмоқда. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси билдирди. Қўмитанинг хабарига кўра, шаҳар миқёсидаги собиқ амалдорлардан 4 нафари ҳибсга олинган.
Маълумотда Ўш шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари А.Ж.М. (исми-шарифининг бош ҳарфлари Азимов Жасурникига тўғри келади), Ўш шаҳар мэриясининг хусусий мулк бошқармаси собиқ раҳбари С.А.Э., «Кадастр» давлат бошқармасининг Ўш бошқармаси собиқ бошлиғи С.И.Б. ҳамда Ўш вилояти архитектура ва шаҳарсозлик бошқармасининг собиқ бошлиғи Т.A.A.ларнинг мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, Ўш шаҳар Кенгаши депутати И.A.Ш.ларнинг (Иминжонов Алмаз экани айтилмоқда) шаҳар жанубидаги кичик туманга қарашли майдони 2,2 га бўлган ер участкасини қонунга хилоф равишда эгаллаб олишгани айтилади.
Номлари аниқ айтилмаётган собиқ амалдорнинг тўрталаси ҳам Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Ўш шаҳри ва Ўш вилояти тергов изоляторига жойлаштирилган, Ўш шаҳар Кенгаши депутати И.A.Ш.га эса қидирув эълон қилинган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан аниқланишича, ҳибсга олинганлар сотиб юборган жойлар сел йўли учун мўлжалланган ерлар бўлган. Яъни, сел келган ҳолатда оқим шу ерлар орқали шаҳарни четлаб ўтиб кетиши лозим эди. Бироқ энди бу йўлда хусусий уйлар қуриб олинган.
“…Ўш шаҳри Турон кичик туманидаги кучли сел оқими оқибатида турар-жой биноларига етказилган зарар сабабларини ўрганиш натижасида сел оқими йўналишида жойлашган ва яшаш учун хавфли бўлган ер участкасини қонунга хилоф равишда аҳолига бериш факти аниқланди”, – дейилади расмий хабарда. – “…Ер участкасини олгач, И.A.Ш. маҳаллий ҳокимият вакилларининг кўмаги ва розилиги билан махсус техникадан фойдаланган ҳолда табиий ариқлар ўзанини ўзбошимчалик билан тўлдириш ва текислаш, якка тартибдаги уй-жой қуриш ва кейинчалик сотиш мақсадида текис ер майдонида қурилиш ишларини амалга оширган”.
Маълумотда айтилишича, маҳаллий депутат И.A.Ш. 2,2 гектар ер участкасини 30та ер участкасига бўлиб, учинчи шахсларга сотиб юборган, айни пайтда бу ерда турар-жой бинолари қад кўтарган ва сел йўли ёпилиб қолган.
“Шу муносабат билан, ёғингарчилик даврида табиий сел-дренаж канали йўқлиги сабабли Ўш шаҳрининг Бақит, Куренкеева ва Молодёжная кўчалари бўйлаб жойлашган турар-жой биноларига йирик сел оқимлари келиб тушди. Оқибатда хусусий турар-жой бинолари ва Турон кичик туманига туташ ерлар лойга ботган, сел ҳудудни ободонлаштириш инфратузилмасини ювиб кетган, аҳоли ҳаётига реал хавф юзага келган”, – дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 14-июл куни кучли ёмғирдан кейин Оқбура дарёси сувлари тошиб, Ўшдаги марказий бозор ва чекка қишлоқлар сув остида қолган. Табиий офат оқибатида беш киши ҳалок бўлди, бир қанча машиналарни сув олиб кетди, уйлар, кўприклар ва йўллар вайрон бўлди. Савдогарлар катта зарар кўрдилар. Ўш ва Қорасув туманида юзлаб уйлар вайрон бўлган.
МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев 19-июл куни селда жабрланган ҳудудларни кўздан кечириб, тезкор йиғилиш ўтказган. Унда барча мутасадди ходимларга турли топшириқлар берилган. Шаҳар прокуратурасига айбдорларни топиб, жавобгарликка тортиш вазифаси юкланган. Шунингдек, Ташиев сув хўжалиги бошқармаси ҳамда Попон сув омбори раҳбарларини сел келган куни омбордан сувни кўп қўйиб юборганликда айблаган.
“Ўша куни негадир ҳаво айниб турган бўлишига қарамай, Помон сув омборидан секундига 59 куб метр сув чиқариб юборилган. Агар ўша куни ФВВ билан келишиб, сувни бунча кўп ҳажмда чиқармаганда, бунчалик катта талофот кўрмаган бўлар эдик”, – деган
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев.
Ташиев Оқбура дарёси бўйида қурилган ноқонуний иншоотлар, кўприклар, дам олиш масканларининг ҳаммаси олинади, деди. Ноқонуний қурилишга рухсат берган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирди. Ҳозирча на шаҳар мэрияси, на сув хўжалиги бошқармаси ва сув омбори раҳбарларининг жавобгарликка тортилгани борасида хабар йўқ.
Туман раҳбарларига талофатда жабрланган оилаларга шу ойнинг охиригача ёрдам бериб, сел оқибатларни бартараф этишни таъкидлаган. Ҳукумат ҳалок бўлганларнинг яқинларига ва уйлари тамоман вайрон бўлганларга 1 миллион сўм миқдорида ёрдам беришини маълум қилди. Шунингдек, уй-жойларини капитал таъмирлашга муҳтожларга 500 минг сўмдан ёрдам бериладиган бўлди.
Ташиев огоҳдантириб айтдики, вайрон бўлган ҳар бир уйга ажратилган маблағ сўзсиз уй қурилишига сарфланиши керак. Бу пуллар билан насия (кредитларни) ёпиб, қарзларни тўлаган ҳолатлар бўлмаслиги лозим. Бундан ташқари зарар кўрган ишбилармонларга ҳукумат 100 минг сўмдан ёрдам пули бериш ҳақида қарор қабул қилган. Миллий банк эса барча тижорат банкларига ўша ишбилармонларга имтиёзли қарзлар бериш ҳақида кўрсатмалар берган.
Қирғизистон 2024-йилнинг олти ойида табиий ва техноген офатлардан 1 миллиард 900 миллион сўм зарар кўрди. 25 киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда 25-июл куни Бишкекдаги матбуот анжуманида фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Азамат Мамбетов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, яқинда содир бўлган сув тошқинлари туфайли бу кўрсаткичлар яна ошади. Айни пайтда Ўш ва Жалолобод вилоятларида етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди