Тошмамат Жумабоев. Жанггоҳларда тобланиб, қаҳрамон бўлиб қайтган эр йигит

Уруш йилларида оддий аскардан майор унвонигача кўтарилиб, бутун бир ўқчи  батальонни бошқарган.

Бир вақтлар Совет Иттифоқи таркибига кирган бугунги мустақил давлатлар, жумладан, Қирғизистон тарихида бир қатор абадий хотирага муҳрланган, қайғули саналар бор. Улардан бири – 22 июн. 1941-йилнинг айнан шу куни фашистлар Германияси СССРга қўққисдан ҳужум бошлади. Венгрия, Руминия, Финляндия, Италия унинг томонида туриб урушга киришди. Англия ҳукумати ўша куниёқ СССРни Германияга қарши урушда қўллаб-қувватлашини маълум қилди. 24-июнда АҚШ президенти Ф.Рузвельт хукумати ҳам СССРга ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди.

Совет Иттифоқининг турли бурчакларида яшаётган инсонлар тинч меҳнатларини ташлаб, ватан ҳимоясига отландилар. Улар орасида юртдошимиз Тошмамат Жумабаев ҳам бор эди. Салкам тўрт йил давом этган қирғинбарот урушда у Совет Иттифоқи қаҳрамони нишони билан қайтиб келди. Совет Армияси майори ҳарбий унвонигача кўтарилган Тошмамат Жумабоев 1924-йил 24-августда Қирғизистон ССР, Ўш шаҳрининг Тошлоқ маҳалласида туғилган. Миллати ўзбек.

Тошмамат оиласи катта бўлгани боис, кичкина Тошмамат колхозда ошпаз бўлиб ишлаётган онасига уй ишларида ёрдам бериш билан бир қаторда колхозда трактор ҳайдовчиларига ёрдамчи бўлиб ҳам ишлади. Унинг болалик йиллари коллективлаштириш йилларига тўғри келди. Мактабда у тенгдошларидан унчалик фарқ қилмасди, ўқитувчининг ўша пайтларда совет тарихчилигида “босмачиларга қарши кураш” деб баҳоланган миллий озодлик ҳаракати ҳақидаги ҳикояларини тинглашни яхши кўрарди.

Ёш Тошмамат тўлиқ бўлмаган ўрта маълумот олгандан сўнг Ўш шаҳридаги ипак комбинатида уста бўлиб иш бошлади. Уруш бошланишида унинг катта акаси ишчи батальонга сафарбар қилинди, Тошмамат эса трактор-комбайн комбинати ўқув курсига бориб ўқиди. Кейин Моди қишлоғидаги машина-трактор станциясида ишлади. 1942-йилнинг октябрида 18 ёшли Тошмамат Жумабоев Қизил Армияга хизмат қилиш учун чақирилди. Дастлаб у Курск шаҳри яқинида жойлашган Марказий фронтга келиб тушди. Кейин махсус ҳарбий курсларга юборилди, уни муваффақиятли тугатиб, 1943-йил март ойида сержант унвонида армияга жўнатилди. 1943-йил октябрга келиб, сержант Тошмамат Жумабоев Марказий фронтнинг 65-ҳарбий қисмининг 193-пиёдалар бўлинмасида командир сифатида хизмат қила бошлади.

1943-йилнинг 15-октябрида Тошмамат Жумабоев ўз аскарлари билан Белорусиянинг Лоевский қишлоғи яқинида, душманнинг тинимсиз ўқ ёғдириб турганига қарамасдан, Днепр дарёсидан сузиб ўтиб, ғарбий соҳилдан душманларни сиқиб чиқарди. Душман бир неча бор қарши ҳужумларни амалга оширди, бироқ уларнинг барчаси муваффақиятсизликка учради.

СССР Олий Советининг 1943-йил 30-октябридаги қарори билан немис-фашист босқинчиларига қарши жангларда ҳарбий қўмондонликнинг топшириқларни намунавий бажарганлиги, кўрсатган жасорат ва қаҳрамонликлари учун 19 ёшли сержант Тошмамат Жумабаев Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан тақдирланди. Унга Ленин ордени ҳамда “Олтин юлдуз” медали топширилди.

Қаҳрамонимиз бундан кейин ҳам урушда катта жасорат ва матонат, ҳарбий маҳорат намунасини намойиш қилди. Жангдан жангга ўсиб бориб, урушни майор унвонида, ўқчи батальон қўмондони сифатида якунлади.

1944-йилнинг февралида Жумабоев қисқа муддатли таътилга ватанига келади. Ўш шаҳрининг аҳолиси ўзининг шарафли ва муносиб қахрамонини карнай-сурнай садолари остида шаҳар марказидаги Тошлоқ маҳалласида тантанали кутиб олди. Ўша йили Совет кинематографияси усталари қаҳрамоннинг ўз ватанига қайтиши, ўғлининг тирик қайтишини интизорлик билан кутган онанинг қувончга тўла кўз ёшларини муҳрлаган ҳужжатли тасма олиб, тарих учун сақлаб қолганлар.

1945-йилда Жумабоев Харьков артиллерия мактабини, урушдан сўнг 1964-йилда эса Тошкент умумқўшин ҳарбий мактабини битирган. 1971-йилда Қирғизистон ССР Коммунистик партиясининг олий партия мактабини тамомлади.

Шундан сўнг қаҳрамонимиз узоқ йиллар давомида партия ва хўжалик органларида турли лавозимларида фаолият кўрсатди. Ҳаётининг сўнгги йилларида “Памир АвтоТрест” бошқармасида ишлади.

Тошмамат Жумабоев етти нафар фарзанднинг отаси эди.

1995 йил 9 январда Ўш шаҳрида вафот этган. Ўш шаҳридаги «Ойим» қабристонига дафн этилган. Ўш шаҳри марказида уруш қаҳрамонлари хотирасига тикланган «Мангу олов» мажмуасига унинг бюсти ўрнатилган.

Маълумот ўрнида: Собиқ СССР даврида “Улуғ ватан уруши” деб тарихга кирган Иккинчи жаҳон уруши (1939-1945) – Германия, Италия ва Япониянинг айби билан бошланган. Жаҳон тарихидаги ушбу энг йирик, қирғинбарот урушда ҳаммаси бўлиб 71 миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлган. Жумладан, Совет Иттифоқи 27 миллионга яқин одамини йўқотган. Хитой 15,5 миллион киши йўқотган бўлса, деярли бутун дунё мамлакатларига қарши урушган Германиянинг талофатлари 7-8 миллион киши атрофида деб баҳоланади.

СССРнинг иттифоқчилари бўлган, бугунги кунда бу урушдаги ғалабада асосий рол ўйнаганман деб даъво қилаётган АҚШ 420 минг киши атрофида одам йўқотган. Англиянинг қурбонлари 380 минг кишини ташкил қилган.

Совет Иттифоқининг бу қадар катта талофат кўриши – мамлакатнинг урушга тайёргарлиги яхши бўлмагани, ҳарбий техника ва қурол-яроғнинг етишмаслиги ҳамда урушнинг дастлабки йилларида қўмондонликда қўйилган хатолар билан тушунтирилади. Бунда Сталин репрессияларнинг ҳам аҳамияти катта. Масалан, уруш олдидан Қизил Армиянинг энг кўзга кўринган, кучли қўмондонлари репрессия қилиниб, отиб ташланган ёки сургун қилинган эди.

Одилжон Дадажонов, Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг