Эрдўғон кетяптими? Туркияда ўтган маҳаллий сайловлар унинг ожизлигини кўрсатди

Мамлакатнинг ҳал қилувчи йирик шаҳарларида мухолафатчи кучлар ғалаба қозондилар.

Туркияда кеча, 31 март куни ўтган маҳаллий (муниципал) сайловларда мухолафатдаги кучлар ишончли ғалабага эришдилар. Ўтган йили ўтган президентлик сайловларида Эрдўғон жуда қийинчилик билан ғалабага эришган эди. Ўшанда ҳам айнан мана шу шаҳарларда унга қарши овозлар кўпроқ берилган.
“Anadolu” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, пойтахт Анқаранинг ҳаракатдаги мэри Мансур Явашнинг номзоди Республика халқ партиясидан кўрсатилиб, у ўз лавозимини сақлаб қолди. Туркиянинг ёш, етакчи сиёсатчиларидан бири, президентликка асосий номзодлардан бири бўлган, Истанбул шаҳри мэри Икром Имомўғли ҳам ўз ўрнини сақлаб қолишга эришди. У ҳам Республика халқ партиясидан кўрсатилган эди.
Дастлабки маълумотларга кўра, президентнинг Адолат ва ривожланиш партияси номзодлари асосан қишлоқ жойларда олган овозлар ҳисобидан ғалабага эришишган. Йирик шаҳарлар аҳолиси эса мухолафатдаги партия вакилларига кўпроқ овоз беришган.


Масалан, Истанбулда мухолафат 51,06 фоиз олса, расмийлар партиясига фақат 39,6 фоиз овоз берилган. Анқарада – бу кўрсаткич 60,35 га қарши 31,72 фоизни тузиб, мухолафат фойдасига ҳал бўлган. Измирда мухолафатга 48,89 фоиз сайловчи овоз берган бўлса, президентнинг “Оқ партияси” 37,1 фоизгина овоз тўплаган. Адана ва Бурса шаҳарларида ҳам аҳвол деярли шундай.
Сайловлар Туркиянинг 81 маҳаллий маъмурий бирликларида ўтказилиб, улардан 35тасида мухолафат вакиллари ғалабага эришган. Раҳбар партия фойдасига эса 24 шаҳар ва бошқа маъмурий бирликлар овоз берган. Қолган жойларда на расмий ва на мухолафатда бўлган турли партиялар ғалабага эришганлар.
Бу кўрсаткичлар Туркияда президент Эрдўғон ва унинг партиясининг обрўси тушиб бораётганидан яна бир бор дарак бермоқда. Сўнгги йилларда мамлакатда молиявий инқироз кучайиб, лиранинг обрўси тушиб кетди, бу нарх-наволарнинг ошиши ва аҳоли турмуш тарзининг кескин оғирлашувига олиб келмоқда.
Шуни айтиш керакки, Туркия халқи сиёсатга жуда мойил бўлмасада, сайловларда доим фаол қатнашиб, сайловларнинг давлат ва халқ тақдирига нақадар жиддий таъсир қилишини чуқур тушунишини намоён қилиб келади. Шу маънода сайловчиларнинг энг фаол ва сон жиҳатидан катта қисмини ташкил қилган Истанбул ҳамда Анқарадаги сайлов натижалари бутун Туркиянинг тақдирига ҳал қилувчи таъсир қилишини чет эл нашрлари ёзиб чиқишган.
Истанбул шаҳри мэри лавозими тарихан катта сиёсат учун трамплин вазифасини ўтайди. 70 ёшли Режаб Тоййиб Эрдўғон ҳам ўз сиёсий карьерасини 1994-1998 йилларда Истанбул шаҳри мэри бўлишдан бошлаган. Сўнг 2003-2014 йилларда бош вазир вазифасини бажарган. НАТОга аъзо бўлган Туркия шу йиллари иқтисодий томондан гуркираб ўсиб, ҳарбий жиҳатдан ҳам қудратли давлатга айланди. Бу унинг обрўсининг ошишига олиб келган ва 2014 йилда мамлакатнинг 12-чи президенти бўлиб сайланган.
Давлат раҳбари сифатида у мамлакатда истаган пайтда тўнтариш уюштириб, ўзлари истаган одамни раҳбарликка қўйиб юрган ҳарбий генераллар қудратини синдириб, уларнинг ўзбошимчаликларига чек қўйди. Бу ҳам катта оммавий қўлловга сабаб бўлди. Лекин унинг давлатни диний йўналишда бошқаришга мойиллиги дунёвий бошқарув тарафдорларининг норозилигига сабаб бўлиб келади.
Қолаверса, у бир неча йиллар давомида Туркияни Европа Иттифоқига аъзо қилишдек улкан вазифани ҳал қила олмади. Охири Эрдўғон Европа Иттифоқи давлатларини Туркияни ўз қаторига қўшишни истамаётганликда айблаб, бу мақсадидан қайтганини очиқ эълон қилди.
Охирги пайтда Эрдўғон халқаро сиёсатда катта қадамлар ташлаб, ғарб давлатлари, хусусан АҚШ ва Европа Иттифоқини ўзи билан ҳисоблашишга мажбур қилмоқда. Жумладан у ғарб давлатларининг Россияга қарши санкцияларида иштирок этмаяпти. Албатта, улар бундан норози ва Туркияни ҳамиша инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва бошқаларда танқид қилиб келишади.
Мухолафат Эрдўғонни халқаро сиёсатдаги ортиқча фаоллигини танқид қилиб, Туркиянинг НАТО ва бошқа бирлашмалардаги позициясини йўқотиб бораётганликда, етакчи давлатлар билан алоқаларининг ёмонлашиб бораётганида айблашади. Маълумки, Туркия президенти Исроилнинг Фаластиндаги қирғинини, Хитойнинг мусулмонларга қарши олиб бораётган қисувларини қаттиқ танқид қилиб келади. Кўплаб нашрлар Туркиянинг бугунги ислом дунёсида етакчилик ролини олишга уринаётганини айтиб келади.
Бундан ташқари Эрдўғон Турк давлатлари ташкилотининг тузилишига ҳам бош бўлиб, турк дунёсида ягона лидер бўлишга ошкора интилмоқда. Бу ҳам манфаатдор давлатларнинг, биринчи галда Марказий Осиё минтақасидаги таъсирини сақлаб қолишга интилаётган Россия, Хитой ва АҚШ каби давлатлар қаршилигига дуч келмоқда.
Шунга қарамай, афтидан, Туркияда Эрдўғоннинг даври ўтиб боряпти. Унинг ўзи ҳам кеча ўтган сайловлардан олдин бу сайловлар унинг президентлик давридаги охиргиси бўлиб қолишини эътироф этган. Эҳтимол бу ҳам сайловлар натижасига ўз таъсирини кўрсатган.
“Афсуски, биз маҳаллий сайловларда ўзимиз истаган ва умид қилган натижаларга эриша олмадик”, – деди Эрдўғон ўз тарафдорларига.
Эрдўғон ўзининг сўнгги президентлик муддатини энди бошлаган бўлишига қарамай, унинг меросхўри ким бўлиши ҳақида мулоҳазалар айтила бошлади. Айрим фикрларга қараганда, бу одам Туркия президентининг куёви, ўзининг “Байрактар” учувчисиз учадиган ҳарбий дронлари билан машҳур бўлган инженер ва ишбилармон Сельжук Байрактар бўлиши мумкин.
АҚШнинг The Wall Street Journal газетасининг ёзишича, “Байрактар дронлари Массачусетс (АҚШ) университетининг битирувчиси, 42 ёшли аэрокосмик муҳандисни халқ қаҳрамонига айлантирди ва мамлакатни дунё майдонига олиб чиқди. Шу сабабли у мамлакатнинг кейинги раҳбари бўлиб қолиши мумкин”.
Байрактар Украинанинг Россиянинг қарши урушида ўзининг жуда самарали қурол эканини кўрсатди. Эндиликда Байрактар компанияси Украинада ўзининг заводини қурмоқда. Озарбайжон ҳам бу дронлардан 2020 йили Арманистонга қарши натижали фойдаланган. Минтақадаги бошқа давлатларда ҳам бу қурол самарали фойдаланилмоқда ва албатта, ишбилармон билан бирга мамлакатга ҳам катта фойда келтирмоқда.
Икки давлат ўртасидаги келишувга кўра, Қирғизистон ҳам сўнгги йилларда Байрактардан бир нечтасини сотиб олган.

Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг