Мактабларда дарслик топиш – Норин дарёсида тимсоҳ излаш билан баробарми?

Қирғизистон мактабларида дарсликлар йўқ, аммо бозорлар қиммат нархдаги китобларга тўлиб кетган.

Ўқув йили бошланиши билан ҳар йили мамлакатда дарслик етишмаслиги муаммо бўлади. Жорий йилда ҳам мактабларда китоблар етишмай, бозорларда, дўконларда дарсликлар сотувга қўйилган жойларда китоб қидирган ота-оналарни кўриш мумкин. Бу сафар улар дарсликларнинг ҳаддан ташқари қимматлигидан ҳам шикоят қилишмоқда.

Оиласи билан Бишкек яшовчи Наргиза Абдуназарова исмли аёл фарзандларига дарслик қидириб дўконма дўкон юрганини айтади. Унга кўра, мактаб кутубхоналарида йўқ китоблар, бозор ва дўконларда тўлиб ётибди. Лекин улар жуда қиммат.

“Биз мактабда ўқиб юрганимизда бошланган дарслик етишмаслиги муаммоси ҳамон давом этиб келмоқда. Сотиб олиш, сотиб олиш… Ҳозир 1400 сўмга ($1 = 88 сўм) 3 донагина китоб олдим, ҳали яна 10дан ортиқ китоб олишим керак. Бир китобни олсанг, бошқасини ол дейди, уни олсанг, буни ол, дейди. Бу муаммони қачон ечамиз?”- дейди аёл куюниб.

Унинг сўзларига кўра, бир йил ишлатилган дарсликлар келаси йилда қўлланилмай қолмоқда. Сабабини ота-оналар сўрашса, мактабда муаллифи ўзгарди, деган жавобни олишади. Бир китобнинг нархи 250 сўмдан бошлаб 450 сўмгача бўлмоқда. Бу салкам 1 кило гўшт дегани.

“Муаллифлар шунчалик бекорчими, ҳар йили китоб ўзгартиргани? Буни ким ҳал қилади? Мактабларда янги ўқув йили бошланиши олдидан ҳал қилиб қўймайдими?” – дейди Наргиза Абдуназарова.

Ўшлик Зуҳра Муҳитдинова ҳам 4 нафар фарзанди учун 10 минг сўмлик китоб ҳарид қилганини, унинг ҳар бирини 250-300 сўмдан олганини таъкидлади. Россия дастури асосида ишлаб чиқилган баъзи дарсликларни ҳатто 1-2 қисмини қўшиб олганда 1200 сўмгача ҳарид қилган.

Яна бир ўшлик турғун Шавкат Умаров эса фарзандига ўзбек синфлари учун дарсликлар топа олмаётганини билдирди. Унга кўра, бозор ва дўконларда рус ва қирғиз тилида ўқитиладиган синфлар учун дарсликлар тўлиб ётибди, лекин ўзбек синфлари учун китоб йўқ.

Китоб сотувчи Сабиржан Қурбаналиев дарсликлар қиммат нархда келаётганини, ҳатто давлат ўзи нашр қилдирганлари ҳам  юқори баҳода келганини таъкидлади. Ота-оналар бир фарзанди учун камида 5-6тадан китоб сотиб олмоқда. Олинган китобларнинг эса 3-4 йилда муаллифлари ўзгартирилиб, яна сотувга чиқарилмоқда, оқибат бу иш бизнес бўлиб кетмоқда.

Яқинда Жўғўрқу Кенешда (парламент) депутатлар Таълим ва фан вазирлигининг ишини танқид остига олишди. Бир неча кун аввал депутат Эрулан Қўқулов айнан китоб муаммоси бўйича гаплашиш учун вазир Иманалиев ҳузурига кирмоқчи бўлганда у навбат билан қабул қилишини айтиб, депутатни қабул қилмай қўйган эди. Бу жанжал охири вазирнинг истеъфога кетиши билан якун топди.

Бир неча йил аввал эндиликда собиқ Таълим вазири Қанибек Иманалиев депутатларга мурожаат қилар экан, ўзига нисбатан жиноий иш топиш – Норин дарёсида тимсоҳ топиш билан баробар” эканини айтган эди. Депутат Эрулан Қўқулов унинг ўша иборасини такрорлаб, “мактабларда дарслик топиш – Норин дарёсида тимсоҳ қидиришдек гап” бўлаётганини таъкидлади.

Яна бир депутат Айбек Ўсмўнов Ўшда ота-оналарга дарсликларни фақат “Аркус” нашриётидан сотиб олиш буюрилгани ҳақида хабар берган эди. “Бу мафия. Китоб йўқ, ота-оналар уни бозорлардан излайдилар. Келинг, уларга ёрдам берайлик”, – деди у.

Бошқалар эса аксинча, китоблар ва давлат буюртмасига кўра босилаётган барча маҳсулотлар Бишкекдаги “Учқун” нашриётидагина чоп этилаётгани ҳақида айтишмоқда. Совет даврида қурилган кўп қаватли бу улкан нашриёт авваллари давлатга тегишли бўлиб, кейинроқ мана шу собиқ таълим вазири Иманалиев томонидан хусусийлаштирилиб олингани маълум.

Халқ таълими вазирлигининг мактаб ва мактабдан ташқари таълим бошқармаси бошлиғи Қиялбек Ақматов дарслик муаммосида ота-оналарнинг ўзларини айбдор ҳисоблайди. Улар гўёки китобларни ўз вақтида харид қилмагани ва ҳамма бир вақтнинг ўзида китоб сотиб олишга киришгани сабаб муаммо пайдо бўлганини таъкидлайди. Китобларнинг нархи нега осмонга қараб ўрлагани ҳақида амалдор ҳеч нарса демади.

Яна бир ЖК депутати Камила Талиева Конуституцияда белгиланган бепул таълим тўғрисидаги талаб амалга ошмаётганини эслатди.

“Ота-оналар дарсликлар учун 10 минг сўмгача пул сарфлашга мажбур бўлмоқда. Оилада бир нечта мактаб ўқувчиси борлар нима қилишлари керак? Расмий маълумотларга кўра, дарсликлар билан таъминлаш 80 фоизни ташкил этади. Аммо мактабларда 7 миллион дарслик етишмаяпти. Бу ҳақиқатда китобларнинг 50 фоизи етишмаётганлигини англатади”, – дейди у.

Унинг ҳамкасби Айбек Маткеримовнинг таъкидлашича, Қанибек Иманалиев Таълим ва фан вазири этиб тайинланар экан, барча мактабларни дарсликлар билан таъминлашга ваъда берган.

“У муаммони билишини, бу борада ўз нуқтаи назари ва тажрибага эга эканлигини айтган. Жамиятда [мулкий] бўлиниш вужудга келмоқда. Баъзилар дарсликларни сотиб олишга қодир, бошқалари эса имкони йўқ. Ижтимоий кам таъминланган, кўп болали оилалар фарзандларини ўқув адабиётлари билан таъминлай олмайди. Улар қаердан, қандай маблағ билан китоб олишади?” – дея савол ташлади у.

Яна бир депутат Шарапат Мажитова дарсликлар учун ўтган йили бюджетдан 152 миллион сўм маблағ ажратилганини эслатиб ўтди. Таълим ва фан вазирлигининг “катта ваъдаларига қарамай”, бугунги кунда бирорта мактабда дарсликлар етишмаяпти.

“Бугунги кунда дарсликларни етишмаслиги ота-оналарга муаммо бўлмоқда. Китобларнинг нархи ҳам осмонда. Вазирликдан босмахонадан янги китобларни чиқарамиз деб ваъда берилганди. Шу кунгача бирор мактаб ҳеч қандай янги китоб олмагани айтилмоқда”, – деди Шарапат Мажитова.

Таълим ва фан вазирлигидан эса, таълим стандартларига ўзгартиришлар киритилгани ҳамда ўқувчилар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани боис дарсликлар танқислиги юзага келганини айтишмоқда.

Бугунги кундаги муаммони ҳал қилиш учун 5 миллиард сўмга яқин маблағ зарур. 2023 йилда республика бюджетида ўқув китобларини тайёрлаш ва чоп этишга дарслик ижарасидан тушган маблағларни қўшиб ҳисоблаганда 324 миллион сўм қаралган (152 миллион сўм республика бюджетидан, 172 миллион сўм дарсликдан фойдаланиш учун ўқувчилардан олинадиган ижара пулидан тушадиган маблағ). Демак, ажратилган пул – дарёдан томчи холос.

Аввалроқ Таълим ва фан вазирлиги 2023 йилда 1 миллион 278 минг нусхада ўқув дарсликлари, ўқитувчилар учун методик қўлламалар ва иш дафтарлари босилиб чиқади, шу йилнинг сентябрь ойидан бошлаб мактабларга марказлаштирилиб етказила бошлайди деган. Бу кўрсатгич ўтган йилга нисбатан 10 баробарга кўп (2022 йилда 123 минг китоб чоп этилган). Аммо ваъда ваъдалигича қолди.

Президент фармонига кўра, таълим муассасалари учун ўқув материалларини “Учкун ” очиқ хиссадорлик жамияти тайёрлайди. Бунинг учун махсус янги техник ускуналар ҳам олинган. Авваллари китоблар хусусий нашриётларда тайёрланиб, нархи бирмунча юқори бўлгани айтилиб келади. Лекин аҳвол нега ўзгармади? Жавоб йўқ.

Пуллар қаерга кетяпти?

Ота-оналар дарсликларни ижарага олиш учун тўланаётган пулларнинг қаерга кетаётганига ҳайрон. Ушбу механизм 2018 йилда жорий этилган. Беш йил давомида, расмий маълумотларга кўра, дарслик ижарасидан 194 миллион сўмга яқин пул йиғилган. Лекин ҳамма китобларга ҳам ижара ҳақи тўланмайди. Ижарали китоблар рўйхати ҳар йили Таълим ва фан вазирлиги томонидан тасдиқланади. Битта дарслик ижараси нархи 25 сўм.

“Ижара ҳақи битта дарслик нархи 125 сўм бўлган вақтда белгиланган эди. Беш йиллик ижара унинг нархини тўлиқ қоплайди, деб тахмин қилинган. Ваҳоланки, кейинги йилларда дарсликлар нархи 250 сўм ва ундан юқорига кўтарилган. Шунинг учун, «эски» дарсликлар учун ижара нархини бир хил қолдирган ҳолда, биз янгиларини ижарага олишимиз мумкин. Дарсликларнинг бухгалтерия қийматига қараб ижара фарқининг ўзига хос ўхшашлиги мавжуд. Келажакда дарсликлар нархи ошиши билан ижара ҳақи ҳам ошиши мумкин”, – дейилади Халқ таълими вазирлиги тарқатган хабарда.

Дарслик танқислиги муаммосини ҳал этиш йўли сифатида айрим парламент депутатлари ўз ойлик маошларидан маблағ ажратиш ташаббусини ҳам кўтаришди. Буни депутати Мирлан Самийқўжў таклиф этди. Унинг сўзларига кўра, ҳамма ишхоналар, бефарқ бўлмаган инсонлар ўз маблағларидан китоб учун маълум миқдорини ажратса, келажак авлод учун дарслик муаммоси ҳал қилинган бўларди. Лекин бу таклифни бошқа биров қўлламади.

Депутатларнинг халқ кўзига яхши кўриниш учун шу каби турли ташаббуслар билан чиқиши одатий ҳол, лекин уларнинг қачон ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб, вазирликлар иши ва бюджет маблағларининг онуний сарфланиши бўйича жиддий иш олиб бориши амалга ошмаган ҳомхаёллигича қолиб кетмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг