Шуниям билмаганмидингиз? Ўзбекистонликларнинг яхши хабардан хабари йўқ

Уларнинг кўпчилиги ҳалиям Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ID карта билан ўтиш мумкинлигини билишмайди.

Икки давлат биринин-кетин нишонлайдиган Мустақиллик кунлари олдидан тарқалган хабарга кўра, 1 сентябрдан тортиб, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан икки давлат фуқаролари енгиллатилган тарзда, ID карта билан ўтишига рухсат берилган. Мана ўн кундан ошибди-ки, ўзбекистонликларнинг асосий қисми бу имтиёздан фойдаланмаяпти экан.

Бу ҳақда “Озодлик” Қирғизистон чегара хизмати расмийларига таяниб хабар берди.

Нашр мухбири икки давлат ўртасидаги “Дўстуқ” – “Дўстлик” назорат-ўтказиш пунктига бориб, суҳбатлашган ўзбекистонликларнинг айримлари чегарадан ID карта билан ўтишга рухсат берилганидан хабарсиз эканликларини айтишган.
“Дўстуқ” назорат-ўтказиш пункти бошлиғи Нурлан Аттоқуровнинг айтишича, ҳамон чегарадан ID карта билан ўтганларнинг асосий қисми Қирғизистон фуқаролари бўлмоқда, бу имкониятдан фойдаланаётган ўзбекистонликлар сони оз.

“Бунга сабаб нима эканини биз билмаймиз. Балки уларга бу борадаги маълумотлар етиб бормаётгандир?” – дейди бошлиқ.

Аттоқуров ID карта билан чегарадан ўтишнинг жуда қулайлигини, чегарадан ўтиш жараёни тезлашиб, аввалгидақа узундан узоқ навбатлар юзага келмаслигини эслатади. Ҳозир чегарадан ўтказиш икки-уч маротаба тезлашган.
Қатор ўзбекистонликлар чегарадан ID карта билан ўтиш мумкинлигини фақат чегарага келгач, билишмоқда. Афтидан, Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари бу ҳақда етарлича маълумот бермаганлар. Қолаверса, томошабин ҳам бугунги кунда кўпроқ турли хил, айримлари беъманилик даражасига тушиб кетаётган “кўнгилочар” шоуларни кўриш билан банд, дейиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон парламенти жорий йилнинг 3 майида Ўзбекистонга ID-карта билан ўтишга рухсат бериш назарда тутилган қонун лойиҳасини бирданига уч ўқишда қабул қилган. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари фаол ва кенг маълумотлар беришган.
Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳам Қирғизистонга ID-карта билан ўтишга рухсат берувчи қонунни аввалроқ қабул қилган. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ID-карта билан ўтишга рухсат берувчи шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатни 27 апрелда имзолаган.
Бу қарор кучга кирган куни, яъни 1 сентябрда Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги иккита чегара пункти: Ўзбекистоннинг Марҳамат ҳамда Қирғизистоннинг Аравон туманлари ўртасидаги Мингтепа-Қорабағиш чегара ўтказиш пункти ҳамда Ўзбекистоннинг Хонобод шаҳридан Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига ўтилувчи Хонобод-Бекобод чегара ўтказиш пункти узоқ йиллик танаффусдан сўнг ишга тушган.
Икки давлат ўртасидаги 15 чегара назорат-ўтказиш пунктини 2005 йилда Ўзбекистон бир томонлама ёпиб қўйган. Бугунги кунда улардан 9 таси қайтадан ишламоқда.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги 1314 километрли чегара чизиғи тўлиқ аниқланиб, икки давлат раҳбарлари 2022 йил ноябрида чегара масаласидаги баҳслар тўла ҳал қилинганини билдиришган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг