Ўрнини топган одам: Адолатпарвар, моҳир раҳбар Одилжон Обидов оламдан ўтди

Замондошларининг эътироф этишларича, бу ажойиб одам табиатан муҳаррир бўлиб яралган эди.

Қирғизистон журналистикаси ва маданияти оғир жудоликка учради. Шу йилнинг 10 сентябрь куни таниқли журналист ва жамоат арбоби, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Меҳнат Қизил Байроқ ордени нишондори ва кўплаган давлат ва жамоат ташкилотлари мукофотларининг соҳиби, «Ленин йўли» (ҳозирги «Ўш садоси») рўзномасига 27 йил давомида бош муҳаррирлик қилган, Ўш вилоят журналистлар уюшмасига раислик қилган, Ўш вилоят кенгаши депутати бўлган Одилжон ҳожи ака Обидов 90 ёшида оламдан ўтди.

Мамлакат жанубида ўзбек матбуотининг тарихи ва равнақи бевосита Одилжон Обидов номи билан чамбарчас боғлиқ десак, янглишмаймиз. У партия ташкилотларида ишлаб юрган пайтидаёқ матбуотда фаол қатнашиб турарди. Бу интилиш уни матбуот соҳасига етаклаб келди. 1965 йилда вилоят “Ленин йўли” (ҳозирги “Ўш садоси”) газетаси муҳаррирининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Бир йилдан кейин эса муҳаррирлик вазифасига кўтарилди. Бу лавозимда йигирма етти йил узлуксиз хизмат қилди.

Бу йилларда ўзбек матбуотини ҳар томонлама ривожлантириш, газетанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга бош-қош бўлди, деб бемалол айтиш мумкин. “Ленин йўли” газетаси унинг раҳбарлиги остида жамиятимиз ҳаётида муносиб ўрин эгаллади. Ҳар куни, катта А2 форматда чиқадиган нашрнинг тиражи 40 минг донагача етиб, мамлакат жанубидаги ўзбеклар яшаган энг олиски туман ва қишлоқларгача етиб борди. Ўнлаб кучли журналистлар етишиб чиқди.

Баъзан одамнинг куч-ғайрати, ҳатти-ҳаракатлари ва ҳаётий фаоллигига қараб, неча ёшга кирганини тахмин қилиб бўлмайди. Ҳужжатларда Одилжон ака Обидовнинг 1933 йилнинг март ойида туғилгани қайд этилган бўлсада, сўнгги йилларда ҳам ўзининг ёшига нисбатан анча ёш кўринар эди. Ҳамкасблари ва шогирдлари бунинг сабабини устоз журналистнинг беғубор қалбининг самимийлиги, инсонийлиги, адолатпарварлиги ва тўғрилиги билан тушунтиришади.

Инсон кечирган умр салмоғини белгиловчи яна бир мезон борки, бу мезонни ҳеч қандай рўкачлар билан инкор этиб бўлмайди. Бу – унинг сидқидилдан қилган меҳнат фаолиятидир. Одилжон аканинг умумий меҳнат стажи қирқ йилдан кўпроқни ташкил қилса, шундан 28 йили бевосита матбуот билан, аниқроғи “Ленин йўли” вилоят рўзномаси билан боғлиқ эди.

Ҳар бир даврнинг ўз сиёсати, ўз қонуниятлари ва талаблари бўлади, Одилжон ака муҳаррирлик курсисига ўтирган кундан тортиб ўтган давр ичида жуда кўп ўзгаришлар юз берди. Лекин ҳар бир инсоннинг қалбига йўл топа олган адолатпарвар раҳбар, жамият ҳаётидаги ҳар бир воқеа-ҳодиса ва ўзгаришларни ҳис қилиб, тўғри таҳлил қила билган инсон ўз йўлини ўзгартирмади. Чинакам журналистикага, тўғри сўз ва эзгуликка содиқ қолди.

Моҳир устоз тамал тошини қўйган тамойиллар, ёзилган ва ёзилмаган қоидалар сабаб «Ленин йўли», бугунги «Ўш садоси» газетаси узоқ йиллар аввал бутун Қирғизистон жанубида, кейинроқ Жалолобод ва Боткен вилоятлари тузилгач, Ўш вилоятида ўзбек муштарийларининг ўй-фикрлари, қувонч ва ташвишларига шерик бўлиб келди ва шундайлигича қолмоғи лозим.

Ўтган йиллар яна шуниси билан эътиборга моликки, ўша пайтда ўзбек тилида чиқадиган ягона газета адабиётга меҳр қўйган ижодкорларга илҳом берувчи, уларни кенг яратувчилик йўлига олиб чиқувчи чинакам Мактабга айланди. Бир вақтлар четдан келган журналист кадрлар кучи билан чиқарилган газета маҳаллий қаламкашларнинг катта бир авлодини вояга етказди.

Бу мактабни ўтаган иқтидорли журналистлар фақат Ўшда эмас, балки Жалолободда, Андижонда, Тошкентда ҳам муваффақиятли меҳнат қилдилар. Улар орасида Аҳмаджон Мелибоев, Турсунбой Адашбоев, Мирзоҳид Мирзараҳимов, Қодиржон Собиров, Ўсканбой Матқосимов, Мўйдинжон Абдумажидов ва Ботиржон Ғозибоев каби эл таниган қаламкашлар бор. Уларнинг кўплари бугун орамизда йўқ, лекин улар тарбиялаб, илҳом берган ёшлар бу эзгу ишни баҳоли-қудрат давом этдириб келяптилар.

Ўнлаб қаламкашларнинг шеър ва насрий ижод намуналарини мухлислар даставвал айнан мана шу газета орқали танидилар.

Истеъдодли муҳаррир, самимий ҳамкасб ва меҳрибон устоз бўлган Одилжон ака Обидов даврлар силсиласидан ўтган ва амалий журналистика устахонасига айланган ана шундай ижодий жамоанинг яратувчиси ва раҳбари эди.

Одилжон ака талабчан ва камтарин раҳбар, меҳрибон дўст ва самимий ҳамкасб, тажрибали устоз ва оқил маслаҳатчи сифатида қўл остидагиларнинг ва раҳбарларнинг ҳам ҳурматини бирдай қозонган эди. Касбдошларининг эътироф этишларича, таҳририят ишини ташкил этар экан, журналистларнинг ижодий ташаббуси ва мустақил фикрига кенг йўл очиб берар, ҳар бир муаллифининг журналистик услубини муносиб баҳолашга ҳаракат қиларди. Муҳаррирнинг айнан шу фазилатлари туфайли “Ленин йўли” – «Ўш садоси» ўз қиёфасига эга бўлган кучли нашрга айланган эди.

Чуқур ва атрофлича билим, кенг ва ҳушёр дунё қарашга эга бўлган журналист учун, айниқса раҳбар учун зарур бўлган қимматли сифатларни ўзида жамлаган Одилжон ака Обидов нафақат жанубий вилоятларда, балки бутун Қирғизистонда ҳам нуфузли фикрга эга бўлган матбуот ходими сифатида танилган ва бу соҳада ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган инсон эди.

“Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти, “Оқбура” ва “Алишер Навоий институти” сайтларининг жамоалари, устоз раҳбарни яхши билган барча юртдошлари ва дўстлари, шогирдлари марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор қиладилар.

Меҳрибон устоз, фаол жамоатчи ва тан олинган жамоат арбоби Одилжон ака Обидовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда узоқ йиллар яшаб қолажак. Аллоҳ бу азиз инсоннинг охиратларини обод қилиб, яқинларига сабр берсин.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг