Шерали Жўраев: Сирларимни ичи бўшларга айтмайман (буюк ҳофизни хотирлаб)

Қирғизистонда ҳофизни қирғиз билан ўзбекка бирдай дўст, ҳокисор ва камтарин инсон сифатида эслашади.

Бир неча кундирки, дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлгани каби Қирғизистонда ҳам қўшиқ мухлисларининг қалбларида мотам, айрилиқ, яқин кишиси билан видолашиш ҳисси. Давримизнинг буюк ҳофизи, серқирра ижодкор, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев орамиздан кетди. Бу катта йўқотишнинг ўрнини қоплаб бўладими, йўқми, албатта вақт кўрсатади. Бир нарса аниқки, яна битта оддий халқ севиб, оддийгина Шерали деб атайдиган инсон қайтиб дунёга келмайди.

Бугун тенги йўқ қўшиқ дарғасининг Қирғизистондаги мухлисларининг хотиралари ва қалб сўзлари билан бўлишамиз. Сўз ўшлик журналист, шоира ва адабиётшунос олим Барно Исоқовада.

Буюк ҳофиз Шерали Жўраев 2006 йилнинг январида Ўшга ўзининг энг яқин қирғиз дўсти, курсдоши «Қора қоплон» лақаби билан машҳур бўлган спортчи, мард ошнаси, марҳум Анвар Қадировнинг таклифи билан келган эди. Анвар ака шаҳардаги ўз даврида энг муҳташам ресторан бўлган «Мундуз»га ҳофизнинг яқин дўстлари ва ашаддий мухлисларини чақирган эди.

“Беш асрки назмий саройни

Титратганда «Занжирбанд бир шер»,

Икки аср қўшиқ оламин

Гуллатмоқда бизнинг ҳофиз Шер”.

Ўша кунларда юқоридаги эпиграф билан Ўш шаҳрида чиқувчи «ХОШ» газетасида “Таваккал Аллоҳ деб, туриб қўйдик биз” сарлавҳаси остида афсонавий ҳофиз Шерали Жўраев билан ғойибона суҳбатимиз чоп этилган эди. У пайтга келиб ишбилармон сифатида танилган Анвар ака Қадиров газетанинг ушбу мақола эълон қилинган сонидан минг дона сотиб олиб, ресторанга ташриф буюрган 800 нафар мухлисларига совға сифатида тарқатган эди.

Ғойибона суҳбат хаёлан, аслида йўқ одам билан савол-жавоб қилиш бўлиб, мен ўз саволларимга жавобни Шерали Жўраевнинг қўшиқларидан олган эдим. Мен унга “Ўшга нима мақсадда келдингиз”, десам, у гўё “Меҳмонга чақиришди, Ўш – қадрли жой менга, дўстларим кўп”, деган.

“Дўстлар ҳақида сўз кетди, чин дўст қандай бўлади?” деган саволимга, ҳофизнинг қўшиғидаги, “Кимдир жонимизга қасд қилмоқ бўлди, Дўстнинг дўстлигини билиб қўйдик биз, Таваккал Аллоҳ деб туриб қўйдик биз…” деган сатрларини қўйгандим.

Ушбу суҳбатнинг пайдо бўлишига асос бўлган Увайсийлик хислати – ғойибдан ҳис қилиш, тушида кўриш, руҳий тарбия олиш, ғойибона суҳбат қуриш демакдир.

Мақолани ўқиган ҳофиз мамнун бўлиб, бизни чақиртирган. Ҳамкасбим Ойдин Соипова иккимиз ёш журналистлар эдик, таклиф қилинган жойга бориб, буюк ҳофиз ва кулгу устаси, раҳматли Обид Асомов қўлларидан чой ичиб, марҳум шоир Муғанний ва раҳматли Ҳофизнинг узундан узун дуоларини олгандик ўшанда.

«Машҳур кишилар сирларини бировга ошкор қилмайдилар. Шоҳ Искандар Зулқарнайн ҳам сирини кимга айтишини билмай, одамлардан беркиниб бир қудуққа бориб айтган экан, «Искандарнинг шохи бор», деб. Вақтики қудуқдан қамишлар ўсиб чиқибди ва улардан уста най асбобини ясабди. Найни чалган экан, [най нолаларидан] Искандарнинг ҳалиги сири ошкор бўлибди.

Шу ўринда савол туғилди, Шерали Жўраев ўз сирларини кимга ё нимага айтади?

– Зангор осмон қўйнида

Мағрур ўсган оқ қайин.

Сенга келдим атайин,

Кел, қўшиғим айтайин.

Мен сирларимни ичи бўшларга айтмайман, ким чалса ошкор қиладиган.

– Ҳа, иккиқулоғи ва валдировчи тили бўлмаган мағруроқ қайинлар нақадар ишончли эканлиги қўшиқдан билиниб турибди.

Оқ қайинлар ҳофизнинг ўзи каби мағрурдирлар. Улардан най ясаб бўлмайди».

Газетадаги бу сатрларни ўқиб чиқиб Ҳофиз: “Мақолада ёзганинг каби менга берган саволлар ва менинг номимдан ёзган ғойибона жавобларни айнан қайтарган бўлар эдим”, деган эдилар.

Шоиримиз Муғанний эса, “Барно Жаҳонотин Увайсий ижоди бўйича номзодлик диссертациясини ёзаётганлиги сабаб кишилар билан ғойибона суҳбат қуришни қойиллатибди. Увайсий момосининг изидан бораётгани рост бўлсин”, дея яхши тилаклар билдирган.

Ўшанда ҳофиз концерт берар экан, Олой яйловларида умрини чўпонлик қилиб ўтказаётган, ҳеч қачон ресторанга, концертга бормаган Зокиржон акасини саҳнага олиб чиқиб, мухлисларига таништирган эди. Акаси жуда камтарин, самимий инсон эканлар. Китобларда тасвирлангандек меҳнаткаш, содда чўпонни илк бора ўша саҳнада кўрганим бор.

Концерт давомида орада кимдир, “Колхозчини ҳам эшитасизми, Шер ака? – дейишига жавобан у, “Ҳа, албатта, колхозчидан ҳам пастдан чиққанман мен, отам чўпон бўлган, эшитаман”, – деб лутф қилган эди.

Ҳа, болалиги, ўсмирлик йиллари Ўш вилоятининг Олой туманидаги кенг яйловларида ўтган ҳофизимиз тез-тез Ўшга, Жалолобод, Арслонбоб томонларга ташриф буюрар эди. Бу ерларда Ҳофизнинг дўстлари, мухлислари бисёр бўлиб, ҳар келганида ўзбегу қирғиз бирдек қувониб кутиб олардилар.

Бир гал Аравон тумани ҳокими, раҳматли Саҳобиддин ака Ҳофизни катта стадионга чақирганида, аравонликлар учун тун яримигача хизмат қилган. Ўша концерт ва эндигина 14 баҳорни қаршилаган ўғли Шоҳжаҳонни илк маротаба қўшиқ айтгани ҳали ҳам ёдимда. Концерт давомида расмий кишилардан бири Ҳофизга қирғиз халқини эслаб юриши учун бир совға сифатида қамчи совға қилганида, Шерали Жўраев ҳазил билан, “Ие, мен қирғизлар билан бирга ўсганман, улар жуда мард инсонлар бўлгучи эди, бу қамчининг йилқиси қани?” – деб кулган. Шунда ўша пайтдаги Жўғўрқу Кенеш депутати, марҳум Баяман Эркинбаев томошабинлар орасидан отилиб чиқиб, “Шер ака, отхонамиздан танлаган йилқингиз сизники, мен кафил”, деб чиққан эди. Бу ва шунга ўхшаш кўплаган воқеалар Шерали Жўраевнинг қирғиз халқига чиндан яқин бўлгани, улар билан самимий муносабатда бўлганини билдиради.

Мақоламизни бошидан ўқиб келаётган ўқувчимиз, “Ие, бундан чиқди ҳофиз фақат қирғиз дўстлари учунгина ташриф буюрган эканда Қирғизистонга”, деб ўйламасинлар. Ҳофизнинг қўшиқларисиз Қирғизистонда биронта ўзбекнинг тўйи ўтмаган, ўтмаяпти ҳам. Шерали Жўраевнинг ҳар бир ташрифи катта воқеа сифатида анчагача эслаб юриларди. Бу ерда биронта санъаткор йўқки, устоз Шерали Жўраевнинг қўшиқларини куйламаган бўлса!

Шерали Жўраев бизнинг фахримиз бўлган машҳур ўшлик шоиримиз, марҳум Ғанижон Холматов (Муғанний) нинг нақд саккизта сара шеърларини танлаб, қўшиқ қилганлар. «Сен кетдинг аста-аста», «Шилдир-шилдир сув оқади Ўш тоғидан» каби бу қўшиқлар ҳофизнинг энг ноёб асарлари қаторидан ўрин олган.

Муғанний билан ҳофиз Тошкентда маданият институтида бирга ўқишган, курсдош, чин дўст бўлишган. Муғанний Тошкент борса, дўстини кўрмай қайтмагани каби, Шерали Жўраев ҳам қачон Ўшга келса, энг аввал дўстига учраган.

Юқорида айтганимиздек, ўшлик барча хонандалар Шерали Жўраевни ўзига устоз деб биладилар. Ҳофизнинг ўлими муносабати билан шу кунларда барча қирғизистонлик ўзбегу қирғиз мухлислари, танишлари, ёру биродарлари қаттиқ қайғуга чўмдилар. Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Ҳамидилло Матхолиқов унга бағишлаб, янги “Видо” қўшиғини куйлади.

Қирғизистон маданият вазирининг мамлакат жанубидаги мутасадди раҳбарларидан бири бўлган Тўпчубай Дўсбаев ҳам ҳофизнинг вафотидан қаттиқ қайғуга тушди. Бу ҳақда у қуйидагиларни сўзларни ёзди: “[Шерали Жўраев] Ўрта Осиёнинг севимли ҳофизи бўлиб, куйласа қўшиқлари халқнинг юрагига ўрнашиб қоладиган ажойиб истеъдод эгаси эди, раҳматли. Шер акамизнинг қариндош уруғига, дўстларига, барча ўзбек халқига чуқур таъзия изҳор қиламан. Ўзбек халқининг булбули, Рисбайи у дунёга рихлат қилибди. Ётган ерингиз жаннатдан бўлсин, Шер ака!”

Ёзувчи ва публицист, Қирғизистон ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмалари аъзоси, Бегижон Аҳмедов буюк ҳофизни яқиндан билар, у инсон билан кўп бора ҳамсуҳбат бўлган эди. Қирғизистон ҳукуматига қарашли “Қирғиз туусу” газетаси унинг муаллифлигида буюк ҳофиз хотирасига бағишлаб бир бет мақола чоп этди.

“Шерали Жўраев бетакрор, феноменал, жаҳон санъатида салмоқли ўрни бор буюк ҳофиз эди. Миллионлар юрагидан чуқур жой олган соҳир овоз соҳиби эди. Туркий халқларнинг севгисини қозонган, юзлаб санъаткорларга устозлик мақомида турган, катта ижод мактаби яратган ижодкор эди, – дейди Бегижон Аҳмедов. – Кўп китоб ўқирди, шоир эди. Қўшиқларининг сўзларини баъзан ўзи ёзарди. Билимли инсон эди, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, авлиёсифат инсонлар суҳбатида кўп бўлган. Бастакорлигига СССР халқ бастакори Қалий Молдобасанов қойил қолган ўз даврида”.

Аҳмедов Шерали Жўраевнинг 600 дан ортиқ қўшиқлари бўлиб, уларнинг кўпини Ҳофизнинг ўзи басталаганини ҳамма билишини, Шерали Жўраев жуда байналминал инсон бўлганини, Қирғизистонга кўп ташриф буюрганини эътироф этади. Отасининг қўй ва йилқилари кўп бўлиб, акаси Зокиржон билан Ўшнинг Олой, Ўттизадир томонларида ёз мавсумида кўп келишган. Шерали Жўраев ҳам ўқувчилик пайтларида ёзги таътилни шу ерларда ўтказиб, қирғиз болалари билан дўстлашган. Қирғизча қўшиқлар ҳам куйлаган.

“У 2010 йил воқеаларидан қаттиқ қайғуга тушган. «Ўйла, болам…»  номли қўшиғини айтиб икки миллат вакилларини дўстликка, тинчликка, огоҳликка чақирган. Қўшиқнинг сўзларида “Болам, ўзбек ва қирғиз битта халқ аслида, учинчи кучларга алданмагин”, деган маъно бор эди. Қачон Қирғизистонга йўли тушса, ёру дўстларини йўқламай кетмасди.
Санъатимизнинг порлоқ қуёши сўнди. Лекин Ҳофизнинг ўлмас қўшиқлари турк халқларининг олтин фондида беқиёс хазина бўлиб қолади”, – дейди Бегижон Аҳмедов.

Ўшлик таниқли бастакор Мамиржон Шокиров ҳам Шерали Жўраевни ўзбек қўшиқчилик санъатида катта мактаб ярата олган забардаст санъаткор сифатида таърифлайди.

“Шерали Жўраевгача қўшиқчилигимизда авж пардада куйлаш урф бўлган, куйлай олиш обрў бўлган. Бирламчи овоз, куй кейингина матнга эътибор беришган. Шер акада эса матн бирламчи даражага кўтарилди. Сўзга эътибор кучайди. Авж пардада ҳам, авжсиз пардаларда ҳам гўзал қўшиқларни айта билди. Матнга, сўзга берган урғу тингловчига ҳам таъсир қилди. Соҳир овози билан бир текисда сўзларни саралаб ижро қиларкан, мухлислари ҳам ўзига яраша маърифатли эди”, – дейди Шокиржон ака.

Унинг эътироф этишича, Шерали Жўраев ўзбек адабиётини, мумтоз шеъриятни анча мунча адабиётшунослардан яхши биларди.

“Халқона қўшиқларни ҳам маромига етказган ҳофизимизнинг қўшиқлари кириб бормаган хонадон йўқ ҳисобида. Мумтоз куйлардан ҳам мангуликка дахлдор қўшиқлар яратган. «Чўли ироқ» куйи билан «Сўроқлар» радифли қўшиғи, «Муножот» йўлида эса «Муножотни тинглаб…» қўшиғи, «Наврўзи Ажам» куйи билан «Баҳор айёми» каби машҳур қўшиқларини яратган. Ўзи ҳам шеърлар ёзган. Биз бугун санъат майдонида катта даҳо ижодкорни йўқотдик. Шер аканинг охиратлари обод бўлсин!” – деди биз билан суҳбатда бастакор.

Ўш шаҳар ўзбек миллий маркази раиси Олмосбек Иминжонов кўплаб авлодларнинг устоз санъаткор Шерали Жўраев қўшиқларини тинглаб улғайганини, унинг қўшиқлари одамларнинг кундалик турушига, маънавий ҳаётига катта таъсир қилганини айтади.

“Биринчи муҳаббатимиз, оналар меҳри ва дўстликни қадрлаш каби туйғуларни қалбимизга қўшиқлари билан жойлаб қўйган буюк ҳофизнинг вафотидан чуқур қайғудаман. Шерали Жўраев ўзбек, қирғиз, қозоқ, тожик каби барча туркий халқларнинг севгисини бирдек қозонган ҳофиз эди. Ўшимизга кўп маротаба меҳмон бўлиб келган эди. Халқимиз катта жудоликка учради, барча мухлисларга, ҳофизнинг оиласига ҳамдардлик билдираман. Шерали Жўраев қўшиқлари ҳали минглаб йиллар одамларимиз қалбида яшайверади”, дейди Иминжонов.

Мақоламизни Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби Набижон Мамажоновнинг Шерали Жўраевга бағишланган шеъридан олинган икки мисра билан якунлаймиз:

“…Карвон тўхтаб, сарбони чин дунёга бурилди,

Кўнгил ичра мухлислар пинҳон додлар солодур”.

Оқбура, Ўш.

Расмлар буюк ҳофизнинг мухлислари архивларидан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг