Марсдан тушганми бу хоним, ёки депутат аёлни ўзбек мактаблари нега ранжитди?
Парламент депутати мутлақо ёлғон маълумотлар билан Маориф вазири ўринбосарини сўроққа тутди.
Қирғизистонда парламент депутатларининг ўйлаб-ўйламай ва ёки маданият ва одоб нималигини унутиб, турли хил гаплар айтиб туришлари одатий ҳол. Лекин айрим мавзулар борки, улар ҳақида ўйнаб турса ҳам ўйлаб гапириш лозим. Улардан бири – миллий масала. Жиддий масала…
Қонунчининг Конституциядан хабари йўқми?
Жўғўрқу Кенешнинг 31 ёшли депутати Аида Исатбек қизи 26 декабрь куни парламентнинг ижтимоий сиёсат бўйича қўмитаси йиғилишида Таълим ва фан вазирлиги ходимларига мамлакатда қирғиз тилида ва рус тилида ўқитиладиган мактабларнинг сони қанча экани ҳақидаги савол билан мурожаат қилди.
Унга жавоб берган вазир ўринбосари Тўқтўбубу Ашимбаева республика бўйича 2353 та мактаб бўлиб, улардаги 34 минг 300 синфда таълим давлат (қирғиз) тилида, 16 минг 815 синфда эса расмий (рус) тилда берилишини маълум қилди.
Шундан сўнг депутат қирғиз тилида таълим берадиган болалар боғчаларининг сонини сўради. Вазир ўринбосари республика бўйича жами 1775 та болалар боғчаси борлигини маълум қилди. Шундан сўнг депутат хонимнинг гапни нимага бу қадар узоқдан бошлагани маълум бўлди.
“…Одатда вилоятларда аҳоли ва ўқитувчилар рус тилида ўқитиладиган дарсларни кўпайтиришни сўрашади, чунки қирғиз тилидаги дарсликлар етарли эмас. Давлат тилини ривожлантирмоқчи бўлсак, боғчадан бошлашимиз керак. Сиз нима деб ўйлайсиз?» – сўроқ қилишда давом этди Аида Исатбек қизи.
Вазир ўринбосари хусусий боғчалар сони 168 та экани, бу ерда ҳам ота-оналарнинг илтимоси ва розилиги билан таълим рус тилида олиб бориладиган гуруҳлар очилаётганини маълум қилди. Бундан қаноатланмаган депутат ростлигига ўзининг ҳам ишончи комил бўлмаган рақамларга таянган ҳолда эътирозли сўроғини давом эттирди.
“Келинг, мен сизга бошқача қилиб тушунтирай. Биз ҳудудларда учрашув ўтказган вақтимизда Аравон туманида бўлдик, – деди Аида Исатбек қизи. – Ёлғон бўлмаса, ўша ерда 19 та ўзбек синфи, 4-6 та рус синфи ва 1 та қирғиз синфи бор эди. Қўшни давлатлар фуқароларимизга ўзбек тилини ўргатса, давлат тилининг ривожланиши ҳақида қандай гапириш мумкин?”
Маъқул, депутат балки ўқиш асосан ўзбек тилида олиб бориладиган аралаш мактабга кириб қолгандир дейлик, лекин умумий маълумотга эга бўлмай туриб, шу битта мактаб мисолида ўринсиз саволлар билан гўёки давлат тилига эътиборсизлик бўлаётгандай гап қўзғаш тўғрими? Энг қизиғи, “Қўшни давлатлар фуқароларимизга ўзбек тилини ўргатса…”, деганда депутат нимани назарда тутяпти? Қайси давлат кимга тил ўргатяпти экан? Ёки депутат хоним мактаблардаги ўзбек тили ўқитувчилари орасида чет элликларни кўрдими?
Вазир ўринбосари депутатга юқоридаги мутлақо ҳақли саволларни бермади. У депутатдан фарқли ўлароқ яна қонун ва хизмат этикаси доирасида расмий жавоб билан чекланди.
“Қонунга кўра, мамлакат мактабларида таълим 4 та тилда – қирғиз, рус, ўзбек ва тожик тилларида олиб борилади. Бу мактабларда болалар ота-оналарнинг илтимосига кўра ўзлари танлаган тилда таълим олишади”, – деб жавоб берди у.
“Бизга тожик тили нега керак?” – дея яна савол ташлади Исатбек қизи, гўёки ўзининг парламент биносида тургани ва Қирғизистон Конституцияси талабларини мутлақо унутган ҳолда. Вазир ўринбосари қонун чиқарувчи орган вакилига “ҳуқуқий дарс ўтишга” мажбур бўлди.
“Бу болаларнинг конституциявий ҳуқуқидир. Қирғизистон Республикаси халқини ташкил этувчи барча этник гуруҳлар вакилларига ўз она тилини сақлаш, ўрганиш ва ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш ҳуқуқи кафолатланади. Шунинг учун биз буни тақиқлай олмаймиз”, – дея жавоб берди Ашимбаева яна босиқлик билан.
Биз шуни ҳам қўшимча қилишни истардикки, тожиклар ҳам, ўзбеклар ҳам мамлакатнинг тенг ҳуқуқли, қонуний фуқаролари. Улар ҳам бошқа барча миллатлар каби ишлаб, давлат солиқлари ва бошқа тўловларини тўлаш билан мамлакат бюджетини шакллантиришга ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Мактаб ва боғчалар эса ана шу бюджетдан молиялаштирилади. Худди депутат Аида Исатбек қизининг ойлиги ва Аравонга сафари ҳаражатлари каби.
Лекин депутат шундан кейин ҳам қаноат ҳосил қилмади.
“Она тили ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ерда дунганлар, уйғурлар яшайди. Хўп, бу бошқа масала. Айтмоқчи эдимки, “Давлат тили тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш билан биз бирданига ҳамма нарсани яхшилаб юбормаймиз. Давлат тилини ривожлантириш ҳақида гапирадиган бўлсак, аввало, буни боғча ва мактаблардан бошлаш керак, – деди Исатбек қизи ва яна бир бор ўринсиз мисолини такрорлади. – Аравонга сафаримиз чоғида ўзбек тилида 19 та, қирғиз тилида эса атиги 1 та синф борлиги ва у ерда ўқувчилар камлигидан ранжидим”.
Агар депутат бошқа давлатдан бўлса ва мамлакат жанубига биринчи бор келаётган бўлса, балки буни тушуниш мумкин эди. Лекин Аида хоним Жалолобод вилоятидан бўлгани сабабли мамлакат жанубидаги аҳолининг миллий таркиби ҳақида яхши билиши керак эди-ку? Яна у турли миллат, сиёсий кучлар ва ижтимоий табақаларнинг бирдамлиги ғоясини олдинга суриб, сиёсат майдонига чиққан “Интимақ” партиясидан депутатликка сайлангани қизиқ.
Мухбиримиз билан суҳбатда Ўш вилояти Аравон тумани раҳбарининг ўринбосари Музаффар Мамасаидов депутатнинг нотўғри маълумот тарқатганлигини айтди.
“Биз бу борада Жўғўрқу Кенешга мурожаатнома йўлладик. Депутат Аида Исатбек қизи бу маълумотларни қаердан олган, билмадим…” – деди ҳоким ўринбосари.
Мамасаидов берган маълумотга кўра, Аравон туманида 57та мактаб (улардан 6таси хусусий) бўлиб, уларнинг фақат 3тасидагина ўқиш фақат ўзбек тилида олиб борилади. Қолган 48 мактабда рус ва қирғиз тилларида таълим берилади.
Бўлгани 3 дона ўзбек тилида ўқитиладиган мактаб, бу озми, кўпми? Адолатли бир хулоса чиқариш учун туман аҳолиси сони ва таркиби ҳақидаги рақамларга мурожаат қилсак. Туман аҳолисининг сони 140 минг киши атрофида бўлиб, ундан 55 минг нафарини қирғизлар, 81 минг нафарини ўзбеклар ташкил қилади, 4000 атрофида бошқа миллат вакиллари яшайди.
Аслида масаланинг аксини кўтариш керак
Бугунги кунда Қирғизистонда расмий маълумотларга кўра, 985 мингдан ортиқроқ ўзбеклар яшайди. Норасмий маълумотларда эса 1 млн. 200 минг атрофида экани айтилади. Бу мамлакат аҳолисининг қарийб олтидан бир қисми дегани. Сўнгги йилларда ўзбек жамоатчилиги орасида болаларни қайси тилда ўқитиш масаласи турли мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Биз шу мунозара билан овора бўлиб турган пайтда Қирғизистонда ўзбек тилида таълим берувчи мактаблар сони йилдан йилга қисқариб бормоқда. Айниқса бу жараён 2010 йиллардан кейин жуда тезлашди. Масалан, 2012 йилда Қирғизистонда 91 мактабда ўқиш фақат ўзбек тилида олиб борилган бўлса, кейинги беш йил ичида уларнинг сони икки баробардан кўпроққа қисқариб, 43 мактабни ташкил қилди.
Буни Ўшдаги ўзбек тилидаги дарсликлар яратиш маркази берган маълумотдан ҳам билиш мумкин. Масалан, 2010 йилда 5-синфлар учун ўзбек адабиёти дарслиги 17,5 минг нусхада нашр қилинган бўлса, унинг иккинчи нашри 2018 йилда, бўлгани 8 ярим мингга яқин нусхада чоп этилган. Бу мактабларда она тилини ўрганиш учун ҳафтасига бор-йўғи бир соат ажратилганига нима дейсиз?
Бугунги кунда, “ота-оналарнинг талабларига кўра” деган важ билан ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар рус ва қирғиз тилларига ўтказилишда давом этмоқда. Ўш вилояти аҳолисининг кўпчилигини ташкил қилувчи ўзбек болаларининг асосий қисми ўрта таълимни рус тилида олмоқда.
Ўшлик олим, Саидакбар Махсумхонов 20 йилдан бери Ўшдаги дарсликлар тайёрлаш марказида ишлаб келади. Ҳозирда бош муҳаррир лавозимида. Унинг фикрича, ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар сони қисқаришининг асосан икки сабаби бор.
“Сўнгги 10-15 йилда ишсизлик туфайли Россия ўлкасига меҳнат муҳожирларининг оқими кучайганидан, рус тилига бўлган талаб ортган. Шу билан бирга олий ўқув юртларига қабул қилинувчи умумреспублика тестининг ўзбек тилида топшириш бекор қилингани иккинчи омил бўлмоқда. Дарахтнинг асосий илдизи чопиб ташланса, қурий бошлаганидай, умумреспублика тестининг қирғиз ва рус тилларидагина топширила бошлаши ўзбек тилида таълим берувчи мактабларнинг қисқаришига олиб келди”, – дейди Саидакбар Махсумхонов.
Қирғизистонда олий ўқув юртларига қабул қилиш учун қўлланиладиган умумреспублика тести (УРТ) 2002 йилда жорий этилган. Ушбу тест синови 10 йил давомида қирғиз, рус ва ўзбек тилларида ўтказилиб келган эди. Вазирликдаги соғлом фикрли раҳбар ва ходимларнинг қаршилигига ва бу лойиҳани молиялаштирадиган халқаро ташкилот норозилигига қарамай, турли миллатчи гуруҳларнинг босими остида 2012 йилда УРТни ўзбек тилида топшириш бекор қилинган. Ота-оналар, умуман ўзбек жамоатчилиги вакилларининг бу қарорни бекор қилиш ҳақидаги талаб ва таклифлари инобатга олинмади.
Биз бунга қўшимча қилиб, яна бир омилни, балки асосий сабабни айтиб ўтмоқчимиз. Бу – Қирғизистондаги ўзбек жамоатчилигининг, ота-оналар ва айниқса миллат зиёлиларининг она тилимизга, миллатимиз равнақи ва келажагига бўлган бефарқлигидир.
Қирғизистон СССР таркибида бўлган пайтларда иқтисодий, ижтимоий соҳаларда, матбуотда, фан ва адабиётда рус тили устунлик қилиб келган. Қирғиз тили эса кундалик мулоқот тилига айланиб қолганди ва фақат 1989 йилда миллий ўзликни англаш тўлқинида давлат тили мақомига эга бўлди. Бироқ, кўплаб собиқ совет республикалари каби Қирғизистонда ҳам ҳужжатларнинг асосан рус тилида ёзилиши давом этди ва у 2000 йилда республика конституцияси асосида расмий тил деб тан олинди.
Декларатив икки тиллиликка қарамай, Қирғизистонда иккала тилни ҳам бирдек яхши биладиганлар кам. Мамлакат шимолида, Бишкек шаҳри ва Чуй вилоятининг бир қисмида ҳамон рус тили устунлик қилса (кўпчилик этник қирғизлар ҳам шу тилда гаплашади), мамлакат жанубида асосан қирғиз тилида гаплашилади.
Ўзбек тили ўзбеклар зич яшаган Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида ўзаро алоқа воситаси сифатида қўлланилади. Лекин тобора бу тилнинг софлигига путур етиб, ўзбек тили рус, қирғиз, инглиз тилидаги сўз ва ибораларни ўзига олган “қоришма тилга” айланиб бормоқда.
Бугун Қирғизистонда мактаб битирувчилари олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини, республика тестини (УРТ) икки тилдан бирида – рус ёки қирғиз тилларида топширишлари мумкин. Расмий маълумотларга кўра, Бишкек ва Чуй вилоятида болалар асосан рус тилини, бошқа вилоятларда эса қирғиз тилини танлашади.
Мамлакат парламентининг депутати мактабларда ўзбек тилида таълим берилаётганидан ошкора ранжий бошласа, ўзбек жамоатчилиги эса ҳамон фарзандларимизни қайси тилда ўқитиш ҳақидаги баҳслардан бўшамасак, яқинда ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар бутунлай тугатилиб, ана шу баҳсга ҳам ўрин қолмаслиги мумкин.
Қизиқ, бошқа тилларда ўқитиш афзаллиги ҳақида “тушунтириш ишларини” олиб борган, бу ҳақда ошкора ташаббуслар билан чиқиб, сиёсий очколар тўплаган айрим “зиёлиларимиз” ва турли даражадаги “лидерларимиз” ўшанда ўзларини нима деб оқлар эканлар? Ҳозирчи? Турли марказлар тузиб, раҳбарликни талашаётган лидерларимиз нега жим?
Оқбура, Бишкек.
Расмда депутат Аида Исатбек қизи. АКИпресс сайтидан олинди