Муҳаммад, Умар, Али ва Солиҳа: Қирғизистонда исломий исмлар оммалашиб бормоқда

Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда ўғил болалар қизларга қараганда кўпроқ туғилмоқда.

Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлиги тарқатган маълумотга назар солсангиз, жорий йилнинг олти ойида янги туғилган чақалоқларга исм қўйишда исломий исмлар оммалашиб бораётгани кўринади. Ўғил болалар орасида энг кўп тарқалган исм Муҳаммад бўлса, қизларга кўпроқ Салиҳа исмини беришмоқда.

Шуни айтиш керакки, Муҳаммад исми 3 667 чақалоққа берилган бўлса, унинг Мухаммед кўринишидаги шаклини қарийб 850 чақалоқ олган. Ўғил болалар орасида энг кўп тарқалган исмлар ўнлигига кирган Муҳаммад исми 3 667 марта берилган; Умар – 2 181 марта; Али – 1 659; Рамазан – 1 428; Амир – 1 370; Билал – 1 190; Усман – 1 096; Алихан – 1 012;  Нурислам – 930;

Мухаммед – 849 марта қайд этилган.

Салиха исмидан (2 043 марта берилган) кейин қизларда Фатима исми оммалашгани қайд этилган (1 489 марта). Қолган оммавий исмлар энг кўп қўйилгани бўйича қуйидагича жойлашган:

Айлин – 1 451 марта; Сафия – 1 400; Амина – 1 389; Алия – 1 361; Раяна – 1 273; Аиша – 1 244; Хадича – 1 181; Аруузат – 1 102 марта.

Исмларнинг барчаси қирғизча шакл (транскрипция)да берилган.

Кўрсатилган даврда мамлакатда ҳаммаси бўлиб деярли 60 минг бола туғилган. Уларнинг 33 минг 370 нафари қиз бола бўлса, 35 минг 359 чақалоқ ўғил бола экани қайд этилган. Яъни, ўғил болалар қиз болаларга қараганда 2000 нафарга кўпроқ туғилган.

Бугунги кунда Қирғизистонда чақалоққа туғилганлиги ҳақида гувоҳнома (метрика) олиш учун давлат идораларига бориш шарт эмас. Бунинг учун Электрон хизмат кўрсатиш давлат портали орқали ариза бериш кифоя. Истасангиз, ҳужжатни уйингизга олиб келиб беришади. Ёки бўлмаса, тегишли ҳужжатларни олиб, Аҳолига хизмат кўрсатиш марказларига мурожаат қиласиз ва ўша жойнинг ўзида метрикани қўлингизга оласиз.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг