Фалокат оёқ остида: Сел оқизиб кетган беш кишидан икки нафарининг жасади топилди
Ўш шаҳри ва вилоятида юз берган табиий офат ўшликлар хонадонига катта кулфат ва ташвишлар олиб келди.
Бугун, 15 июль куни Оқбура дарёсидан, Ўш шаҳрининг Каттатерак участкасида (Ўзбекистон чегарасига 500 метр етмаган масофада) аёл кишининг жасади топилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) тарқатган маълумотга кўра, жасад Тўлейкен қишлоғидаги “Мўлбулоқ” дам олиш базасида қизлари билан селда оқиб кетган, 43 ёшли Н.Д.га тегишли. Аёлнинг уч қизи билан бирга оқиб кетгани хабар қилинган бўлиб, кеча унинг 7 ёшли қизининг жасади топилган эди. 2017-йилда туғилган Н.С. исмли қизнинг жасади Ўзбекистоннинг Андижон шаҳридаги Шахрихонсой сойидан топилган эди. Қизнинг жасадини «Дўстуқ» чегара постидан Қирғизистонга ўтказиб берилади.
Қутқарувчилар марҳуманинг яна икки қизи жасадини қидиршда давом этмоқдалар. Шунингдек, 1985 йили туғилган яна бир аёлнинг жасади қидирилмоқда. У Ўш шаҳри бозорида юрган селда оқиб кетган эди.
Бундан ташқари фуқароларни сув тошқинидан қутқариш чоғида бир киши ҳалок бўлгани маълум бўлди. Бу фуқаро Ўзғур қишлоғида ҳамқишлоқларини сув тошқинидан олиб чиқиш учун юк машинасига ортган. Бироқ ўзи “КАМАЗ”дан сирпаниб тушиб кетиб, ғилдирак остида қолган ва воқеа жойида ҳалок бўлган.
ФВВ маълумотига кўра, умумий ҳисобда сел 5 одамни оқизиб кетган. Улардан тўрт нафари бир оиланинг аъзолари бўлиб, сел келганда улар Тўлайкен қишлоғидаги «Мўл булоқ» дам олиш марказида дам олишаётган эди. Улар Д.Н. исмли 1980-йили туғилган аёл ҳамда унинг 2005, 2014 ва 2018-йилда туғилган 3 нафар қизи бўлишган.
Шаҳар ва вилоят шифохонасига жабрланганлар мурожаат қилиб туришибди. Ўш шаҳридаги сел оқибатида “тез ёрдам”га 30 мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда шаҳар мэрияси матбуот хизмати хабар берди. Шундан 17 нафар фуқарога жойида ёрдам кўрсатилди, тўққиз нафар фуқаро шаҳар поликлиникасига, тўрт нафар фуқаро эса вилоят шифохонасига етказилган.
Айни пайтда шаҳар поликлиникасидан 8 киши амбулатор даволаниш учун чиқарилган, бир киши кузатув остида, аҳволи барқарор. Уч нафар жабрланган фуқарога зарур ёрдам кўрсатилгач, вилоят касалхонасидан чиқарилди, бир бемор даволанишда давом этмоқда.
Иқтисодий талофатлар
Сел оқибатида Ўш шаҳар ва вилоятида 7500 нафар истеъмолчи электр энергиясиз қолган. Ўш, Сулаймон-Тўў РЭСларнинг бир қатор подстанцияларини, Қорасув РЭСига қарашли Беш-Мўйноқ подстанциясини сел ювиб кетиб, электр энергияси ўчгани туфайли «Фер-Ас», «Большая рибка» скважиналари еттинчи рақамли, Ақтан, Қарашев скважиналари ва шаҳарнинг 222-223 кварталларига сув берувчи скважина ишламаяпти. Бундан ташқари сув насос станциясини, ичимлик сув қувурларини ҳам сел олиб кетган.
Электр қуввати узилиб қолгани ва сув узатиш иншоотларининг зарар кўриши оқибатида Ўш шаҳри бутунлай ичимлик сувисиз қолган.
Ўш шаҳрининг ҳудудидаги 8та кўприкни сел оқизиб кетган. Катта оқим билан келган сел сувлари Ўш шаҳрида баъзи жамоат транспортлари ва автотранспорт воситалари ҳаракатини тўхтатди.
Дастлабки маълумотларга кўра, сув тошқини туфайли лой оқавалар 134 та уйга кириб кетган, 17та уйнинг деворлари шикастланган. Тошқин оқибатида 15га яқин автомобил зарар кўрган. Шунингдек, Тўлайкен қишлоғида жойлашган Аравон-Оқ-Буура каналида 7 та автомобилни сув тошқини олиб кетган.
Эслатиб ўтамиз, кеча 15 июль куни Ўш вилояти ва Ўш шаҳрида кучли ёғиндан сўнг сел юрган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати берган хабарга кўра “112” қутқарув хизматига соат 14:00 атрофида ёққан ёмғир туфайли Тўлайкен қишлоғи ва Ўзғур қишлоғининг “Бўрубай ота” дам олиш масканида сув тошқини содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган. Воқеа жойига 46 нафар қутқарувчи олиб келиниб, 420 киши эвакуация қилинган.
Кучли ёғингарчилик туфайли Ўш шаҳрини кесиб ўтувчи Оқбура дарёси суви қирғоқлардан чиқиб, шаҳар кўчаларини, жумладан, Тилеке Батир кўчасида жойлашган марказий бозорни сел босган. Воқеа гувоҳлари ижтимоий тармоқларда жойлаштирган видеолавҳаларда марказий бозорда товар ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сув остида қолиб, бир қисми оқиб кетаётгани, бир нечта автомобилни кўчада сув олиб кетаётганини, одамлар хавфсиз жойга етиб олиш учун қияликдан тушишига тўғри келганини кўриш мумкин. Ҳозирда шаҳар бозори ёпилиб, сел қолдиқларини тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари Ўш шаҳрининг марказида жойлашган Алишер Навоий истироҳат боғи ҳам сув остида қолган.
Шабиий офат Ўш вилояти Қора-Сув туманининг Асан-Чек ва Манас қишлоқларида ҳам қайд этилган. Лойқа сув уйлар, ҳовлилар ва кўчаларни босган. Ўш-Гулча-Иркештам йўли вақтинча ёпилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг жойлардаги бошқармалари ва фуқаро муҳофазаси хизматлари кучайтирилган тартибда ишламоқдалар.
Сел Новқат тумани Жийда қишлоғида Ўш-Боткен-Раззақов автомобил йўлининг 57-километрида ҳам содир бўлган. Шу сабабли бу йўналиш ҳам вақтинча ёпилди. Сел оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Оқбура, Бишкек.
Расм ва видеолар интернетдан олинди