Қирғизистон-Ўзбекистон: Қўшнилар ҳамиша бир-бирларига ёрдам беришга тайёр
Кучли селдан жабр тортган Ўш шаҳрига қўшни Ўзбекистондан инсонийлик ёрдами келди.
Ўш шаҳри в вилоятида юз берган селдан жабрланганларга ёрдам сиатида Ўзбекистондан инсонпарварлик ёрдами келди. Ёрдам карвонини Ўзбекистон президенти номидан Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация олиб келди. Уни “Дўстуқ” чегара пунктида Ўш шаҳар мэри Бақитбек Жетигенов, Қирғизистон Республикаси президентининг Ўш вилоятидаги вакили Элчибек Жантаев Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Ўшдаги Бош консуллиги вакиллари кутиб олишди.
Тошқиндан жабр кўрган фуқароларга 13 юк машинасида жами 200 тонна инсонпарварлик ёрдами қурилиш материаллари, кийим-кечак, гигиена воситалари ва озиқ-овқатдан иборат.
Қирғизистон президентининг Ўш вилоятидаги вакили Элчибек Жантаев инсонпарварлик ёрдами учун Ўзбекистон президенти ҳамда халқига миннатдорчилик билдирди.
“Сизларга раҳмат, яқин қўшни сифатида, шундай кунда ёрдам қўлингизни чўзганинглар учун ташаккур!” – деди у.
Шунингдек президент вакили Ўш шаҳрида селда оқиб кетган дейилган 45 ёшдаги аёлнинг ҳамон бедарак эканини айтиб, уни Ўзбекистон ҳудудидаги сойлардан излаб, топишда ёрдам беришни илтимос қилди.
Эслатиб ўтамиз, ФВВ маълумотига кўра, умумий ҳисобда сел 5 одамни оқизиб кетган. Улардан тўрт нафари бир оиланинг аъзолари бўлиб, сел келганда улар Тўлайкен қишлоғидаги «Мўл-булоқ» дам олиш марказида дам олишаётган эди. Улардан 3 нафарининг мурдаси Ўзбекистоннинг Шаҳрихонсой сойидан топилди. Биттаси Ўш шаҳрида, Оқбура сойининг Ўзбекистон ҳудудига яқин жойидан топилган эди. Ҳозирда бедарак кетган аёлнинг жасадини қидириш ишлари ҳамон давом этмоқда.
Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, 19 ёшли ва 10 ёшли опа-сингилнинг жасади соат 14:30 да Андижон шаҳрида, Шаҳрихонсойдан топилган ва Андижон шаҳри моргига етказилган.
Ўш шаҳар мэри Бақтибек Жетигеновнинг сўзларига кўра, Андижон ҳокими қандай ёрдам зарурлигини сўраган вақтида, у шаҳардаги селдан жабрланган 17та хонадонга қурилиш материалларини беришларини айтганлигини таъкидлади.
“Келган инсонпарварлик ёрдамининг ичида қурилиш ашёлари ҳам бор экан. Бунинг учун ўшликлар номидан ўзбек халқига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз”, – деди шаҳар мэри.
Ўз навбатида Андижон ҳокими ҳам яқин қўшниларга шундай мушкул кунда ёрдам беришга доим тайёрлигини таъкидлади.
“Ўзбекистон президенти Шавкат Миромонович кеча менга ўшликларга қандай ёрдам зарур бўлса, ҳаммасини беришим ҳақида фармон берди. Бугун мен унинг номидан керакли ашёларни олиб келдим. Қачон қардош қирғиз элига ёрдам керак бўлса, биз уни беришга тайёрмиз”, – деди Андижон ҳокими.
Шуҳратбек Абдураҳманов “Манас-Ота” ҳудудий бошқармасининг Янги маҳалла кўчасида бўлиб, селдан зарар кўрган 17 уйнинг ҳолати билан танишди.
Аввалроқ, 3-июл куни ҳам Ўзбекистон Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдамини юборган эди. Унда июн ойининг охирларида Ўш вилоятининг Новқат туманида келган селдан жабрланганларга 24 тонна ун, 12 тонна гуруч, 10 тонна шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари келтирилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча 15 июль куни Ўш вилояти ва Ўш шаҳрида кучли ёғиндан сўнг сел юрган. Кучли ёғингарчилик туфайли Ўш шаҳрини кесиб ўтувчи Оқбура дарёси суви қирғоқлардан чиқиб, шаҳар кўчаларини ва марказий бозорни сел босган. Бундан ташқари Ўш шаҳрининг марказида жойлашган Алишер Навоий истироҳат боғи ҳам сув остида қолган. Ўш шаҳрининг ҳудудидаги 8та кўприкни сел оқизиб кетган.
Табиий офат Ўш вилояти Қора-Сув туманининг Асан-Чек ва Манас қишлоқларида ҳам қайд этилган. Ўш-Гулча-Иркештам йўли вақтинча ёпилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг жойлардаги бошқармалари ва фуқаро муҳофазаси хизматлари кучайтирилган тартибда ишламоқдалар. Сел туфайли Ўш-Боткен-Раззақов автомобил йўли ҳам вақтинча ёпилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Ўшдаги сув тошқини туфайли лойқа оқавалар 134 та уйга кириб кетган, 17 уйнинг деворлари шикастланган. Тошқин оқибатида 15га яқин автомобил зарар кўрган. Шунингдек, Тўлайкен қишлоғида жойлашган Аравон-Оқ-Буура каналида 7 та автомобилни сув тошқини олиб кетган.
Сел оқибатида Ўш шаҳар ва вилоятида 7500 нафар истеъмолчи электр энергиясиз қолган. Ўш шаҳри тўла ичимлик сувисиз қолган. Чунки қутурган лойқа сув насос станциясини, ичимлик сув қувурларини ҳам олиб кетган.
Сўнги вақтларда Қирғизистондаги об-ҳавонинг беқарорлиги туфайли ёғингарчилик кўп бўлиб, мамлакатнинг жанубий ҳудудида сел кўп келмоқда. Табиий офат моддий зарар билан бирга фуқароларнинг ўлимига ҳам сабаб бўлмоқда.
Республика об-ҳавони кузатиш марказидан хабар беришларича, бундай ўзгарувчан ҳаво июл ойининг охиригача кузатилиши мумкин. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолига сув тошқини ва тош қулаш ҳавфи ҳақида тинмай билдирувлар юбормоқда.
Оқбура, Ўш.
Расм видео интернетдан олинди