Яна наф чиқмади: Маҳбуслар сўнгги чора сифатидаги очлик акциясини тўхтатишди

Қирғизистонда адолат йўлида қилинган норозиликнинг ҳеч бир усули фойда бермаяпти.

Қирғизистонда норасмий равишда “Кампиробод иши” деб ном олган жиноий иш бўйича ҳибсга олинганларнинг деярли барчаси эълон қилинган очликни тўхтатишгани маълум бўлди. Акция икки ҳафта давом этди.

Мамлакат Жазоларни ижро этиш хизматининг матбуот маркази берган хабарга кўра, бунгача очлик эълон қилган 17 маҳбусдан 16 нафари бу норозилик акциясини тўхтатганини маълум қилишган. Биргина маҳбус очлик акциясини давом эттирмоқда, лекин унинг кимлиги ҳозирча эълон қилинмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябр ойида Қирғизистонда 30 га яқин сиёсатчи ва фаоллар “оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрган” деган гумон билан ҳибсга олинган. Суд уларнинг деярли ҳаммасини икки ойга, яъни тергов тугагунига қадар қамоққа олди. Гарчи бу орада айрим маҳбусларга нисбатан умуман тергов амаллари олиб борилмаган эсада, суд ўтган ҳафта уларни яна икки ой, янги йилнинг феврали охирига қадар ҳибсда қолдиришга қарор қилди.

Бундан норози бўлган маҳбусларнинг 20 нафари очлик эълон қилгани айтилган эди. Умумий ҳисобда улар 15 кун давомида очлик ҳолатида кун ўтказишди. Бир неча кун ичида улардан айримларининг аҳволи ёмонлашиб, жиддий тиббий ёрдам кўрсатишга тўғри келди.

Масалан, аввалроқ журналист Перизат Суранованинг аҳволи заиф экани айтилса, собиқ депутат Ўрўзайим Нарматова 28 декабрь куни суд залида ҳушини йўқотган. Чақирилган “Тез ёрдам” машинаси зарур ёрдам кўрсатилгач, уни яна тергов изоляторига олиб кетгани маълум бўлди.

Ҳибсга олинганлар ва уларнинг яқинлари бу жиноят ишини сохта экани ва бундай қувғинга сабаб фаолларнинг Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши позициялари учун қилинаётган сиёсий таъқиб, деб ҳисоблашади.

Биринчи бўлиб очлик акциясини Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаров ҳамда фаоллардан Айданбек Ақматов ва Чингиз Қапаровлар тўхтатишди. Бугун умумий ҳисобда 16 киши бу норозилик акциясини тўхтатгани ҳақида расман маълум қилишган.

Бунгача маҳбусларнинг яқинлари, мамлакат омбудсмени, турли даражадаги халқаро ва маҳаллий такилотлар ҳибсга олинганларни соғлиғига туғдирадиган хавф туфайли очликни тўхтатишга чақиришган.

Қирғизистонда суд ва ҳуқуқ-тартибот органларининг фаолиятига қарши намойишлар тез-тез бўлиб туради. Очлик эълон қилиш ана шу чоралардан бири бўлиб, бу чора шу кунгача бирор инсонга ўз муаммосини ҳал қилишга жиддий таъсир қилгани йўқ ҳисоби.

Масалан, 2010 йилнинг июнь воқеаларида оммавий тартибсизликларни уюштириш ва милиция ходимининг ўлдирилишида иштирок этиш каби сохта айбловлар билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган журналист, рассом ва ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров қамоқхонада бир неча бор очлик эълон қилган. Аммо бу иложсизликдан қилинган усул фойда бермагач, Асқаров ҳам оила аъзолари, ҳамкасблари ва врачларнинг талаб ва илтимослари билан очлик акциясини тўхтатишга мажбур бўлган.

Азимжон Асқаров охиригача ошкора тергов қилинмагани боис ноъмалум қолаётган сабабларга кўра 2020 йилнинг 25 июлида қамоқхонада, 69 ёшида вафот этди. Қамоқда ётган пайтида у “Мен бахтлиман” номли китобини ёзиб, ҳамкасблари ва оиласи қўлловида чоп эттирди. Китобда муаллиф ўзининг тергов ва маҳбуслик пайтида кўрган хўрликлари ва даҳшатли қийноқлари ҳақида ҳикоя қилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг