Афғонистонда яна уруш бошланди. Бу сафар кўкнорига қарши

Ўлим тарқатувчи бизнеснинг томирини қирқишга уринишдан Қирғизистонга нима фойда?

Афғонистонда кўкнори етиштириш расман тақиқланди. Бу ҳақдаги фармон толибларнинг диний пешвоси ва мамлакат раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода томонидан куни-кеча имзоланган. Ҳали дунёнинг бирорта давлати тан олмаган Афғонистон Ислом амирлиги олий раҳбарининг буйруғида таъкидланишича, “бу фармонга бўйсуниш барча афғонлар учун мажбурий”.

Мазкур фармонга мувофиқ, кўкнор даласи топилган тақдирда у зудлик билан пайҳон қилинади, қонунбузар эса шариат талабларидан келиб чиққан ҳолда жавобгарликка тортилади. Ҳужжатда бошқа гиёҳванд моддаларни ҳам ишлаб чиқариш, улардан фойдаланиш ва ташиш тўла тақиқланган. Фармонда шариат талабларига кўра қандай жазо берилиши мумкинлигига аниқлик киритилган эмас.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили АҚШ ўз қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетиш ҳақидаги қарорини эълон қилганидан сўнг, мамлакатда Америка қўшинларига қарши турган асосий сиёсий куч бўлмиш “Толибон” ҳаракати Афғонистон устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли кураш бошлаган.

Америкаликларнинг мамлакатда ғарб қадриятларини ўрнатиш йўлида қилган 20 йиллик натижасиз уринишларидан кейин, 2021 йилнинг 15 августида “Толибон” Қобулга жангсиз кирди. Мамлакат президент Ашраф Ғани республикани тарк этишга мажбур бўлди. Уч ҳафтадан сўнг “Толибон” бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатганини айтиб, давлат муваққат ҳукумати таркибини эълон қилди.

Халқаро ҳамжамият Афғонистондаги янги исломий ҳукуматни тан олмасада, ундан гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйишни талаб қилди. Чунки кўп йиллардан бери бу ердаги кўкнори ва гиёҳванд моддалар етиштириш бутун дунёга хавф солиб келмоқда.

БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси маълумотига кўра, 2021 йили Афғонистонда афюн етиштириш ҳажми 8 фоизга ошиб, унинг умумий қарийб 7 тоннага етган. Бу бутун дунёда етиштирилган афюннинг 85 фоизини ташкил этади. Бу “мўл ҳосил” деярли 320 тонна героин ишлаб чиқариш имконини бериб, жаҳонда бу ўлим элтувчи моддага бўлган талабнинг 80 фоизини қондира олади деган гап.

Биринчи давра уриниши

БМТ ҳисоботида ўтган йили Афғонистонда кўкнори етиштиришдан кўрилган даромад умумий ҳисобда 2-2,7 миллиард доллардан ошган бўлиши мумкин, деб тахмин қилинади. Етиштирилган гиёҳванд моддаларни бошқа давлатлар ҳудудида сотилиши эса, “ўлим савдогарларига” бир неча баробар кўпроқ даромад келтиради. Афюнга қарши курашнинг натижасиз бўлаётганининг асосий сабаби ҳам шунда.

Солиштириш учун айтадиган бўлсак, беш йил аввал, Афғонистонда 2017 йилда етиштирилган афюн савдоси 1,4 млрд. доллар атрофида даромад келтирган. Бу эса мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 7 фоизини ташкил қилган. Афюн савдосининг бу қадар тез ўсишига яна бир сабаб – қашшоқлик ва муҳтожлик.

Асрлар давомида тинмаётган уруш ҳаракатлари туфайли мамлакатда қашшоқлик чуқур илдиз отган, турли юқумли хасталиклар тарқалиши ва ишсизлик шароитида тириклик қилишнинг энг осон йўли кўкнори етиштириш бўлиб қолмоқда. Бунинг устига бу ўсимлик пахта ёки бошқа экинлар каби ортиқча меҳнат талаб қилмаган ҳолда жуда юқори даромад келтиради.

Яна БМТ тарқатган маълумотларга таянсак, коронавирус билан боғлиқ чекловлар шароитида мамлакатда кўкнори экилган майдонлар кўлами 37 фоизга ўсган.

Америкаликлар 20 йил аввал терроризмга қарши кураш шиори остида Афғонистонга кириб келишгач, гиёҳвандликка қарши кураш ҳам эълон қилишган. Уларнинг ҳисоботларига кўра, мамлакатда героин ишлаб чиқарилувчи юзлаб лабораториялар бомбардимон қилиниб, кўкнори экилган майдонлар пайҳон қилинган. Расмий маълумотларга кўра, АҚШ ҳукумати бу ишларга 10 млрд. долларгача пул сарф қилишган. Лекин юқорида келтирилган рақамлардан кўриниб турибдики, гиёҳванд моддалар етиштириш кўлами фақат ўсиб келган.

Афғонистонда гиёҳвандликка қарши кураш бир бора, толиблар биринчи марта ҳокимиятга келган 1990-йилларнинг иккинчи ярмида сезиларли натижаларни берган. Ўшанда толиблар ҳукумати кўкнори экишни тақиқлаб, бир неча йил давомида кураш олиб боришган. 2000 йилда улар журналистларни бульдозерларга ўтқазиб, уларнинг кўзи ўнгида кўкнори майдонларини пайҳон қилишган ва уни етиштирган маҳаллий деҳқонларни қамоққа олишган.

Ўша йили кўкнори экилган майдонларнинг қарийб 90 фоизи қуриб қолгани ва жаҳон героин бозоридаги таклиф 3 мартага қисқаргани айтилади. Лекин бу чоралар туфайли толибларнинг аҳоли орасидаги обрўси тушиб кетган. Чунки деҳқонлар ўзларининг асосий даромад манбаидан ажраган. Меҳнати оғир ва даромади камлиги учун унинг ўрнига таклиф қилинган бошқа экинларни экишни исташмаган.

Ана шундай шароитда 2001 йилнинг 11 сентябридаги машҳур воқеалар юз берди. Террорчилар Нью-Йоркдаги “эгизак” биноларни қулатиб, Пентагонга ҳам ҳужум қилишгач, АҚШ катта куч билан Афғонистонга ташланди ва унинг аскарлари бу ерда 20 йилга қолиб кетишди. Бу даврда мамлакатдаги уруш ҳаракатларига бир неча триллион доллар сарфлаган Америка афғонлар учун демократик давлат туза олмади. Гиёҳвандликка қарши кураш ҳам натижа бермади. Аксинча унинг кўлами янада ортиб кетди.

Жаҳон нашрларининг Америка Давлат департаменти тарқатган маълумотларга таяниб ёзишларига кўра, 1992-93 йилларда Афғонистонда кўкнори экилган майдонлар 20 минг гектар атрофида бўлган бўлса, 2000 йилда бу кўрсаткич 65 минг гектарни ташкил қилган. Толиблар қайтадан ҳокимиятга келган 2021 йилга қадар бу майдонлар кўлами 4 баробар ўсиб, 260 минг гектарни ташкил қилган.

Кўкнори экилса бизга нима?

Афсуски, жаҳон бўйлаб тарқалаётган афғон гиёҳванд моддаларининг бир қисми Қирғизистон жанубий пойтахти Ўш орқали ўтади. Ўтганда ҳам жуда катта кўламларда. Табиийки, бу оғунинг бир қисми мамлакат ҳудудида ўз харидорларини топиб, шу ерда қолиб қолади. Энг ёмони – бу ўлим савдосига аралашган ҳуқуқ-тартибот органларининг айрим амалдорлари ва жиноят дунёси вакиллари биргаликда “бизнес” қилишади.

Ўтган 2021 йилнинг май ойида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси деярли ярим тонна оғир гиёҳванд моддалар партияси ва бу ишга алоқадор икки Қирғизистон фуқароси ушлангани ҳақида хабар берган. Қўмитада қўлга олинган ўлжанинг қиймати 20 миллион долларга баҳоланган.

Мутахассисларнинг айтишича, ҳар йили Афғонистонда етиштирилган афюннинг бир қисми тонналаб Тожикистон ва Қирғизистон орқали ўтади ва ундан нари Россия ҳамда Европага жўнатилади. Бу канал “Шимолий машрут” деган ўз номига ҳам эга.

“Озодлик” радиосининг Бишкекдаги “Марказий Осиёдаги гиёҳвандликка қарши сиёсат” жамоатчилик фондининг бошлиғи Александр Зеличенко фикрига таяниб ёзишича, юқорида кўрсатилган йирик афюн партиясининг қўлга олиниши Қирғизистон орқали ўтаётган гиёҳванд модаларнинг муқим шаклланиб қолган “сўқмоғи” борлигидан далолат беради.

Бунинг яна бир далили сифатида айтиш мумкинки, 2019 йили Польша ва Германия чегарасида 670 килограмм героин юкланган юк машинаси қўлга олинган. Немис журналистларининг ёзишича, афюн Қирғизистоннинг “Элит Шоко” фирмаси ишлаб чиқарган қандолат маҳсулотлари орасига яширилган бўлган. Умумий нархи 55 млн. доллар бўлган юкнинг Бельгияга олиб кетилаётгани аниқланган. Расмий маълумотларда айтилишча, Грузия давлат рақамларига эга бўлган юк машинасининг ҳайдовчиси Туркия фуқароси бўлиб, узоқ йиллар давомида Бишкекда яшаб ва ишлаб келган.

“Оқ” миллиардларнинг “қора” оқибатлари

Халқаро лексиконда героинни рангига нисбатан берилиб “оқ ўлим” деб ҳам аташади. Хўш, инсониятга ўлим элтувчи бу халқаро бизнеснинг Қирғизистонга кўрсатаётган таъсири қандай?

Давлат статистика қўмитаси берган маълумотга кўра, 2020 йилнинг охирига келиб, Қирғизистоннинг махсус муассасаларида гиёҳвандликка қаттиқ боғланиб қолган 8,5 минг киши рўйхатда турган. Бошқача айтганда, ҳар 100 минг аҳолининг 128 нафари ашаддий “банги” ҳисобланади. Уларнинг 6 фоизини аёллар ташкил қилади.

Гиёҳвандларнинг асосий кўпчилиги Бишкек ва Ўш шаҳри ҳамда Чуй вилояти аҳолиси вакиллари экани маълум.

Рўйхатга олинган гиёҳвандларнинг 61 фоизи игна орқали қон томирига героин қабул қилиши аниқланган. Афғонистон айнан Қирғизистонга келаётган героиннинг асосий манбаи. Героин – гиёҳванд моддаларнинг энг оғири ҳисобланади ва унинг кашандаларини даволаб бўлмайди. Яъни, героин истеъмолчилари бор-йўғини сотиб бўлиб, кучдан қолгач, ундан фақат ўлиб қутиладилар.

Бундан ташқари, игна ва бошқа буюмларнинг пала-партиш фойдаланилиши оқибатида гиёҳвандлар орасида турли хил юқумли касалликлар кенг тарқалган. Жаҳонда ХХ аср вабоси деб тан олинган СПИДга ва бошқа хавфли жинсий хасталикларга чалинганларнинг кўпчилик қисмини ҳам гиёҳвандлар ташкил қилади.

Афсуски, гиёҳвандлик ва ўлим савдоси ёшларимизни ҳам ўз домига тортиб, ёшлар орасида жиноятчиликнинг тарқалишига ҳам сабаб бўлмоқди. Расмий маълумотларга кўра, 2020 йили Қирғизистонда гиёҳванд модалар савдоси билан боғлиқ 1110 ҳолат рўйхатга олинган. Афюн савдогарларининг маълум қисмини шаҳарга келгач, ота-оналари назоратидан четда қолган ва доимо пулга эҳтиёж сезган талабалар ташкил қилиши ҳам маълум.

Жаҳон ҳамжамияти гиёҳвандликка қарши курашга катта эътибор беради. Шу мақсадда БМТ Бош Ассамблеяси қарори билан 1987 йилда 26 июнь Гиёҳванд моддаларга қарши кураш халқаро куни деб эълон қилинган. Қирғизистонда олиб борилаётган тадбирлар натижасида мамлакатда йилдан йилга гиёҳвандликка чалинган фуқаролар сони қисқариб бораётгани эътироф этилган. Айрим кузатувчиларнинг фикрига кўра, бунга аҳоли орасида Ислом қадриятларининг тикланиб бораётгани ҳам сабаб бўлмоқда.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг