Ноқонуний “бизнес” оқибати: Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида ўқ отилди
Воқеа бўлган жойда ҳалок бўлган икки фуқаро Қирғизистон томонга ўтказиб берилди.
Кеча, 5 апрель куни тун қоронғисида Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида содир бўлган ҳодиса давомида қўшни давлат чегарачилари қурол ишлатишган. Оқибатда икки Қирғизистон фуқароси ҳаёт билан видолашганлар.
Икки давлат чегара хизмати вакиллари дарҳол учрашишган. Ўзаро битимга кўра ҳалок бўлганларнинг жасадлари Қирғизистон томонга ўтказилиб берилди. Уларнинг бири 38, иккинчиси 31 ёшда бўлган. Контрабандага алоқадор шахсларнинг қолганлари қидирилмоқда.
24.kg маълумот агентлигининг Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига (МХДҚ) таяниб берган дастлабки маълумотига кўра, Жалолобод вилоятига қарашли Ақси туманининг Дейрес қишлоғи яқинида бир гуруҳ Қирғизистон фуқаролари отларга юкланган юкни ноқонуний тарзда чегарадан олиб ўтишга уринишган. Ўзбекистон ҳудудига 500 метрлар чамаси кириб боришганда уларни чегарачилар кўриб қолишиб, тўхташни талаб қилишган.
“Контрабандачилар тўхташ ҳақидаги талабга бўйсунмаганлар. Фуқаро шахсларни қўлга олиш пайтида ур-сур бошланиб кетган”, – дейилади МХДҚ тарқатган хабарда.
Ўзбекистон чегарачиларининг қурол ишлатиши натижасида икки фуқаро ҳалок бўлиб, қолганлари Қирғизистон ҳудудида ғойиб бўлишган. Қўшни давлат чегарачилари берган маълумотга кўра, қирғизистонликлар умумий қиймати 20 минг АҚШ долларига тенг бўлган юкни контрабанда йўли билан чегарадан олиб ўтишга уринишган.
Маълум бўлишича, ҳалок бўлганлар собиқ Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, 2012 йилда Қирғизистон фуқаролигини олишган, лекин, дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон паспортини ҳам ўзларида сақлаб қолишган.
Воқеа тафсилотлари томонлар иштирокида ўрганилмоқда.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди