Эҳтиёт бўлинг! “Қулоққа лағмон илиш” фойдали касбга айланди

Ижтимоий тармоқларда ёлғон тарқатувчи мингга яқин аккаунтлар ўрганилиб, тадқиқот натижалари эълон қилинди.

Интернет нафақат блогерлар учун даромад манбаи, балки фейк, яъни сохта маълумот ва троллар фермаси деб номланган янги “касб”га айланди. Ушбу соҳада ишлаган “ходимлар” оммавий ахборот воситалари (ОАВ)га исмини яширган ҳолда ана шундай ифлос лойиҳада ишлаб, ойига 200 доллар ишлаб олишларини айтишган.

Сохта аккаунтлардан одатда айрим сиёсатчилар, партиялар ва мансабдор шахсларнинг имижини (шакллантирилган ижобий қиёфа. – таҳр.) сақлаб туриш учун ва ёки Интернетдаги кун тартибини, тарқатилаётган маълумотлар мазмунини ўзгартириш зарур бўлганда фойдаланишади.

Кўпинча фейкларнинг вазифаси ёлғон маълумотлар тарқатиш орқали одамларнинг фикрини чалғитиб, уларни ҳокимият жавоб бериши лозим бўлган ижтимоий муаммолардан четга тортишдан иборат бўлади. Ёки аксинча, давлат раҳбарининг брўсини оширишга хизмат қилади. Мисол тариқасида Россия президенти Владимир Путин фойдасига ишлаётган минглаб тролчиларни айтиш мумкин.

Бугунги кунда Қирғизистонда президент Садир Жапаров образи устида фейклар ҳамда троллар фаол ишламоқда. Улар фаол равишда давлат раҳбарини қўллаб-қувватловчи маълумотлар тарқатишади. Тролчилар айниқса сайлов кампанияси даврида фаоллашиб қолишади.

“Баштан Башта” ҳаракати 2021-йил ноябридан 2022-йилнинг январигача “Facebook” тармоғида Қирғизистондаги сиёсатчилар ва партиялар манфаатларини илгари сурувчи фейк аккаунтлар устида тадқиқотлар олиб борди.

Изланишлар шуни кўрсатдики, танлаб олинган жами 890 та профильнинг 700 таси сиёсий партиялар учун, 190 таси эса бир мандатли сайлов округлари бўйича депутатликка номзодлар учун ишлаганлар.

Фейкларнинг қўллаб-қувватлашига лойиқ топилган партиялар рейтингида биринчи ўринни “Ата-Журт Қирғизистон” партияси эгаллади.

Таҳлил давомида журналистлар ушбу тизимларнинг ишлаш тизмасини туздилар: троллар постлар (ижтимоий тармоқда эълон қилинган матн. – таҳр.) муаллифи қаторида чиқишади. Фейклар, ўз навбатида, гуруҳларга оммавий равишда ўша постларни жўнатиб, ўз саҳифаларида бўлишади. Барча манипуляциялар бир вақтнинг ўзида амалга оширилади.

Сайловчилар эътиборини жалб қилиш учун олиб борилган ушбу “интернет урушида” нафақат аккаунтлар, балки тарқатилган маълумотлар ҳам сохта эди. Бунинг учун машҳур шахсларнинг скриншотлари Фейсбукка жойлаштирилди, уларнинг ишончлироқ чиқиши учун маҳаллий ОАВ логотипларидан фойдаланилди.

Масалан, “муштлашув бўйича UFC чемпиони Валентина Шевченко” депутатликка номзод Адахан Мадумаровни жиноий жавобгарликка тортилишини талаб қилса, сиёсатчи “Темирлан Султанбеков” Жўғўрқу Кенеш депутатлигига яна бир номзод, журналист Али Тўқтақуновнинг Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимовга туҳмат қилиш учун собиқ президент Алмазбек Атамбаевдан пул олгани ҳақида айтилган.

Бундай баёнотларнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Бунга ўхшаган минглаб постлар фуқароларга нотўғри маълумот бериш учун фейк аккаунтлар томонидан яратилган.

“Юқоридаги маълумотлар инкор этилган бўлса-да, фейк ва тролларнинг ҳаракатлари сайловнинг адолатли ўтишига таҳдид солмоқда”, – дейилади тадқиқот натижаларида. Мисол тариқасида Швейцария газетасининг Дональд Трампнинг Қўшма Штатларда ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонишида «катта маълумотлар»нинг ролини ўрганиб чиққан ва Трампнинг ғалабасига фейклар ёрдам берган, деган хулосага келган.

Фейклардан қандай ҳимояланишимиз мумкин?

Қирғизистонда бир неча йилдан буён сохта аккаунт ва троллар мақсадли равишда фаолият юритиб келишмоқда. Борган сари улар ўз малакаларини ошириб боришмоқда, бу эса журналистларга улар устидан текширув олиб боришни қийинлаштирмоқда.

Фейк ва троллар ёқут, бурят ва қозоқ фойдаланувчиларининг суратларини олиб ўз профилларига жойлаштиришмоқда.

Масалан, ноъмалум Алтинай Комилованинг аккаунтидаги сурат аслида бурятиялик модель Аюна Албашеевага тегишли экани аниқланди. Бу фойдаланувчи нафақат “Ата-Журт Қирғизистон” партиясини қўллаб-қувватлаган, балки мухолифатдаги “Ата-Мекен” ва “Бутун Қирғизистон” партияларини фаол танқид қилиб турган.

Фейкни қандай аниқлаш мумкинлиги ҳақида тушунтириш видеоси «Баштан Башта» каналида мавжуд.

Сохта қўлланувчи ва тролларнинг давоси борми?

Ўтган йилнинг август ойида президент Садир Жапаров “Тасдиқланмаган (ёлғон) ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолаган. Ҳужжат жамоатчилик норозилигига, экспертларнинг қонун қабул қилинган тақдирда ундан ОАВ ва сўз эркинлигига босим ўтказиш учун фойдаланилиши мумкинлиги ҳақидаги даъволарига қарамай қабул қилинган.

“Конституция ҳар бир шахснинг ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқини кафолатлайди”, – дейилади президент сайтидаги бу билан боғлиқ билдирувда. Расмийларнинг иддао қилишича, ушбу қонун ёрдамида давлат бу ҳуқуқнинг амалга оширилишининг “оқилона қонунчилик базасини яратиш орқали таъминлайди”. Бироқ, шу пайтгача биронта трол ва фейк муаллифи жавобгарликка тортилмаган.

Қўшни давлатларда вазият бошқача. Масалан, Украинада 2020 йилги маҳаллий сайловлар арафасида хавфсизлик хизматининг кибер мутахассислари сунъий ботнинг идорасини топишди. Ташкилотчилар бутун бир тизма тузиб, ижтимоий тармоқларда Россиядан келган ташвиқот материалларини узлуксиз жойлаштириб турганлар. Шу мақсадда 8 минг дона сим-карта сотиб олинган.

Қозоғистондаги январь воқеаларидан кейин ИИВ тергов бошқармаси ижтимоий тармоқларда 43 та хорижий аккаунт борлигини аниқлади. Бошқарма бошлиғи Санжар Алиевнинг айтишича, фейк хабарларнинг аксарияти хориждан келган. Қасддан ёлғон маълумот тарқатиш ҳолатларида айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.

“Қирғизистон расмийлари фейк ва тролларга қарши чора кўрмаса ҳам, сизлар ҳам жамоатчилик фикрини бузиб кўрсатувчи фейк-фабрикаларга қарши курашга ҳисса қўшишингиз мумкин”, – дейилади “Баштан Башта” тарқатган маълумотда.

Ташкилот ўзлари аниқлаган фейклар ва троллар рўйхатини эълон қилди. Бу рўйхат ёрдамида ҳар бир интернет қўлланувчиси ўз дўстларининг рўйхатида фейк аккаунтлар бор ёки йўқлигини текшириши ва уларни ижтимоий тармоқлардан умуман йўқ қилиш (блоклаш” учун Facebook маъмуриятига мурожаат қилишлари мумкин.

Тадқиқот муаллифлари эслатиб ўтадиларки, ижтимоий тармоқларнинг алгоритмлари, яъни ишлаш тартиби қуйидагича – янгилик тасмангизда эълон қилинган пост сиз билан бир хил қизиқишларга эга бўлган дўстларингизга ҳам кўрсатилади. Агар сиз фейк маълумот ёки шубҳали аккаунт ҳақида шикоят қилсангиз, унинг янада тарқалишини олдини олишингиз мумкин. Бу эса нафақат сиз, балки мамлакатнинг рақамли (маълумот) хавфсизлигини таъминлашга ҳам ҳисса бўлиб қўшилади.

Оқбура, Бишкек.

Манба: “Баштан Башта”. Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг