Ҳаммом парихона эмиш… Унинг Навоий ва Бобур ижодига нима даҳли бор?

Сулаймон тоғи этагида топилган кўҳна ҳаммом харобаси қизиқарли тарих оғушига етаклади.

Ўш шаҳрининг ғарби жанубидаги Сулаймон тоғи (Барокўҳ) этакларида археологик қазишлар ўтказиш асносида олимлар кўҳна ҳаммомнинг харобаси устидан чиқиб қолдилар. Бу ердан сопол қувурлар ҳам топилган. Ҳаммомнинг оташхонаси, турли мақсадларда фойдаланилган катта-кичик хоналарнинг ўринлари аниқланди.

Шуниси диққатга лойиқки, бу ердан сал нарида Фарғона вилоятининг ҳокими, темурийзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур замонасида масжиди жавзо бўлган (у ҳақда “Бобурнома”да қайд этилган)[1]. Бундан тахмин қилиш мумкинки, ўтмишда оммавий ҳаммомлар кўп ҳолларда масжидлар билан ёнма-ён қурилган. Оқилона меъморий тартиб қўлланган. Зеро, масжидга покдамон ҳолда кирилади. Ота-буваларимиз авввал ҳаммомда покланганлар, сўнгра муқаддас даргоҳга қадам қўйганлар.

Ҳаммомлар қадимдаёқ худди ҳозирги каби эркаклар учун дийдорлашув маскани, чойхўрлик қилиб суҳбатлашадиган жой вазифасини ҳам ўтаган. Одатда, ҳаммом мутасаддийлари чойхоначилардек сўзамол, латифагўй ва аскиячи шинаванда кишилар бўлганлар. Махсус ходимигарлар бўлиб, улар мижозларни массаж ҳам қилганлар. Натижада, кўп кишилар томир-пай хасталикларидан фориғ бўлганлар. Демак, ҳаммомлар айни пайтда қайсидир даражада шифохона ўрнини ҳам босишган.

Башарият тарихида ҳаммомлар қайси замонда ва қай тариқа пайдо бўлгани маълум эмас. Аммо қадимги Мисрда, ўша фиръавнлар замонасида ҳам ҳаммомлар бўлганлиги маълум. Жисмларнинг солиштирма оғирлиги хусусидаги қонунни кашф қилган антик замон алломаси Архимед (э.а. III аср) «Эврика!» («Кашф этдим!») дея ҳаммомдан қичқириб беихтиёр югуриб чиққанини ҳам биламиз. Бизнингча, дастлаб хонадонларда хусусий ҳаммомлар пайдо бўлган. Ҳаммомда ювиниб-тараниш оммавий тус олгач, умум ҳаммомлар кўпайган.

Ҳаммом шарқ халқи ҳаётида…

Ҳазрати Алишер Навоий ва Бобур мирзонинг давлат арбоби ҳамда ҳукм-фармон сифатида ҳаммомлар қурилишига алоҳида эътибор берганлари бежиз эмас эди, албатта. Алишер Навоийнинг кичик замондоши Ғиёсиддин Хондамир ўзининг шоир ҳақидаги “Макорим-ул-ахлоқ” китобида: “…каромат эгаси Амир мансабдорлик кунларида …ҳаммомлар қурган”[2], – деб ёзади.

“Ҳаммомларнинг саноғи қуйидагича: “Шифоия” ёнидаги ҳаммом; Зиёратгоҳ ҳаммоми; Тарноб ҳаммоми; Дарраи Занги ҳаммоми; Тувучи ҳаммоми; Чиҳлдуҳтарон ҳаммоми; Панждеҳ ҳаммоми; Файзобод ҳаммоми; Саидобод ҳаммоми”[3], – дея уларни бир-бир санаб кўрсатади. Бу далилни Бобур мирзо ҳам ўзининг кундалиги “Бобурнома”да тасдиқлайди.[4]

Самарқанд қалъаси баёнида Бобур мирзо: “Улуғбек мирзонинг иморатларидин… “Яна ушбу мадраса ва хонақоҳга ёвуқ бир яхши ҳаммом солибтур”[5], – дея қайд этади.

Ҳинд сори юзланган Бобур мирзо у ерда ўрнатган ўз салтанатида ободончилик ишларини бошлаб юборгач, подшоҳ салафлари изидан бориб, ҳаммомлар қурилишга алоҳида эътибор беради, чунки Ҳиндистонда “ҳаммом йўқ”[6] эди. Бу юртда ҳаммом маданиятини Бобур подшоҳ жорий этиб, расм қилган, деб ҳеч иккиланмай айтиш мумкин.

“Ҳиндустоннинг яна уч ишидан мутазаррир эрдук: бир иссиғидин, яна бир гардидин, яна бир тунд елидин. Ҳаммом ҳар учаласининг дафии эрмиш”[7] “…намози шом намози хуфтон орасида Дўлпур қўрғонига кириб, чароғ била Абдулфатҳ солғон ҳаммомни сайр қилиб…”[8], – деб ёзади.

“Панжшанба куни жумодил-аввал ойининг учида боғнинг жанубий тарафида (яъни Дўлпурдаги Нилуфар боғида) ҳаммомға ер тайин қилиб, ҳаммом ерини тузаттилар. Буюрдумким, бу тузалган ерда ҳаммомнинг курсисини қўпорғондан сўнг, ҳаммом тархини солғайлар. Бу ҳаммомнинг бир уйида даҳрдардаҳ ҳавз буюрдум”[9].

“Бобурнома”дан бу хил мисолларни истаганча келтириш мумкин. Йўқ, гап бунда эмас. Бу ерда бизни ҳаммом поэтик тимсолининг устозлар бадиий ижодидаги инъикоси қизиқтиради.

… ва шоирлари ижодида

Ҳаммом тарифидаги шеърлар ўтмишда ҳаммомнома ёки ҳаммомия деб номланган. Бундай шеърлар дастлаб форс-тожик адабиётида пайдо бўлиб, XIV асрдан сўнг туркий тилда ижод қилган шоирлар томонидан ҳам яратилган. Туркиялик адабиётшунос Искандар Полонинг ёзишича, “Ҳаммомномалар кўпроқ қасида шаклида яратилган. Лекин  ғазал, қитъа, маснавий, рубоий шаклларида битилганлари ҳам мавжуддир…”

Ҳаммомномаларнинг аксариятида ҳодиса, шоирнинг ҳаммомга келиши билан бошланиб, севимли маҳбубга учрашиш, ҳайратга тушиб шу гўзални мадҳ қилиши билан давом топади. Уларда албатта  “ҳаммом” калимаси ишлатилиб ҳатто радиф сифатида қўлланилган”.[10] Искандар Поло ҳаммом мавзуида қалам тебратган шоирлар ҳақида сўзлаб, Муҳаммад Фузулийнинг мана бу байтини мисол келтиради:

“Қилди у сарв саҳар ноз ила ҳаммомга хиром,

Шамъи рухсори ила бўлди мунаввар ҳаммом”.

Ҳаммом поэтик деталъ ёхуд поэтик тимсол сифатида у буюк зотларнинг ижодида ҳам ўз аксини топганки, бу ҳолни кузатиб чиқамиз.

Ҳаммом тимсоли тилга олинганда, дафъатан устод Навоийнинг ҳаммамизга маълум ва машҳур қитъаси ёдга келади:

“Камол эт касбким, олам уйидин

Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ.

Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ –

Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ”.

Устод бу ноёб мисралари билан ёруғ дунёга келган ҳар бир кишининг комиллик касб этмоғи эҳтиёж даражасидаги зарурат деб уқтиряпти. Қитъада қиёсий ташбеҳ усулидан фойдаланилган. Ҳаммом ўзида фоний дунё тимсолини инъикос этган.

Бобур эса ўзигагина хос бўлган ростгўйлик билан шундай деб ёзади:

“Ҳаммомки, арк ичинда пайдо килдим,

Соғинмаки, суддин табарро қилдим.

Суд ушбу эмасмуким, – тадбир била

Покиза баданларни тамошо қилдим”.

Аркда, яъни ҳукмдорлар ошиёнида ҳаммом қурдирдим, бундан фойда топиб бойимоқчи деб ўйлама. Покдамон бокира вужудларни бу тадбир билан томоша қилиш фойда эмасми ахир?! – демоқчи бу рубоийда.

“Ҳаммомки қилдим, кўрунгизким, айём,

Ўхшатти анинг бори иши менга тамом.

Кўз ёшию кўнгул ўти бирла мендин,

Гулчеҳралар истабон юрийдур ҳаммом”.

Ўз давримда ҳаммом бунёд этдим: унинг фаолияти менинг худуди ишу коримга ўхшайди. Менинг қалбим ёнади-ю, кўзим ёш тўкади. Гулчеҳралар шунинг учун айнан ҳаммом истайдилар. Шоир бу рубоийда ўзининг ҳолу ҳолатини ҳаммомнинг фаолиятига нисбат берган. Ўйлаб кўринга: қалб ўртанса, кўз ёшланади. Ҳаммом ҳам ўту сув билан ишлайди. Шоирнинг ҳолу ҳолати билан ҳаммом фаолияти орасида ички нозик боғланиш бор.

Энди Бобур мирзонинг яна бир рубоийсини кўздан кечирайлик:

“Ҳаммомки маскани жонона эмиш,

Анда парилар ҳуснига девона эмиш.

Ул худ паридур борча мулозимлари ҳам,

Алқиссаки, ҳаммом парихона эмиш”.

Рубоийда нотаниш сўз ва бирикмалар йўқ, мураккаб тушунча ҳам йўқ. Рубоий халқимиз орасида кенг тарқалган тасаввур асосида битилган. Яъни, ҳаммомда инсу жинслар маскан қурадилар, деган миш-мишлар мавжуд. Мана шу тасаввурдан бохабар ўқувчи шеър мазмунига осонгина тушунади.

Хулоса қилиб айтганда, Бобур мирзо бу ижод намуналари орқали ўзбек шеъриятидаги поэтик тимсол-ҳаммом образидан унумли фойдаланган.

Юқорида айтилганидек, ҳаммомия жанрида ижод қилган адиблар азалдан оз эмас. Бу мақоламизда биз шу кунларда таваллуд кунлари нишонланаётган икки буюк даҳо – Мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурни эслаш билан кифояландик.

Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Ўш.

Сурат интернетдан олинди

 

[1] Бобур. «Бобурнома». 6-бет. Тошкент: Юлдузча, 1989.

[2] Хондамир. «Макорим-ул-ахлоқ». 66-бет. Тошкент: Ғофур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, 1989.

[3] Ўша манба, 68-бет.

[4] Бобур. «Бобурнома». 173-бет. Тошкент: «Юлдузча», 1989.

[5] Ўша манба. 45-бет.

[6] Ўша манба. 267-бет.

[7] Ўша манба. 275-бет.

[8] Ўша манба. 316-бет.

[9] Ўша манба. 327-бет.

[10] Поло И. «Адабиётшунослик терминлари қомуси». Истанбул, 2007, 186-бет.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг