Сабр қилинг! Элаксифат ҳолга келган чегара дастидан аҳоли қурилиш ҳам қилолмаяпти

Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасини тартибга келтириш – куннинг энг долзарб масаласи.

Чегара масаласи бугун минтақада асосий муаммога айлангани айни ҳақиқат. Кун сайин икки давлат ҳудудида янги масалалар пайдо бўлмоқда ва уларнинг ечими фақат ана шу чегараларни аниқлаш билангина ҳал бўлиши мумкин.

Икки кун аввал, 11 февраль куни Тожикистоннинг Сўғд вилояти, Бобожон Ғофуров туманига қарашли Овчи-Қалъача маҳалла фуқаролар йиғинининг бир гуруҳ турғуни уйлари яқинида қирғиз ҳарбийлари юришганидан хавотирда эканликларини маълум қилишган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати матбуот хизмати бу ҳақда 11 февраль куни чегарада яна бир можаронинг олди олинганини маълум қилди. Қирғизистон чегара хизмати шу куни Лайлак туманининг Мақсат қишлоғида қурилиш ишлари олиб борилаётгани, бироқ «Тожикистоннинг 15-20 нафар фуқароси уларга тўсқинлик қилгани» ҳақида ҳам хабар берди.Тожикистон чегара қўшинлари ҳозирча вазиятга расман изоҳ бермади.

Овчи-Қалъача маҳалласи фуқаролар йиғинида яшовчи Муроджон Жўрабойзода Озодлик радиосига Қирғизистон томони унинг уйига панжара ўрнатишга яна бир бор тўсқинлик қилганини айтган. Унинг айтишича, маҳаллага яқин жойда Қирғизистоннинг бир неча фуқароси уй қура бошлаганини кўриб, уйини панжара билан ўраб олмоқчи бўлган. Аммо яқин орада яшаган қирғизлар бунга йўл беришмаган.

Тожикистонга қарашли Ҳалимбобо маҳалласи аҳолиси томонидан эълон қилинган видеода ҳам бир неча қирғиз аскарининг тожикистонлик фуқароларнинг уйлари ёнида патруллик қилишаётгани тасвирланган. Ижтимоий тармоқлар ва Қирғизистон оммавий ахборот воситаларида ҳам томонлар девор қуриш устида тортишаётгани акс этган видеолар тарқалди.

Қирғизистон чегара хизматининг хабар беришича, томонлар можаронинг олдини олиш мақсадида ушбу чегара ҳудудида қурилиш ишларини тўхтатишга келишиб олган.

«Одамлар тарқаб кетишди. Қирғизистон-Тожикистон чегарасида вазият барқарор», – дейилади Қирғизистон чегара хизмати берган хабарда.

Қирғизистон ва Тожикистон чегара ҳудудида қурилиш ишларини олиб бориш аксарият ҳолларда икки давлат фуқаролари орасида тушунмовчиликлар келтириб чиқараётгани анчадан бери маълум.

Чегара ишлари бўйича ҳукумат комиссиясининг собиқ раҳбари Саламат Аламанов бир неча йиллар аввал, Қирғизистоннинг қўшни давлатлар билан чегараси илма-тешик элакни эслатишии айтган эди. Бунга чегарани белгилашда йўл қўйилган қўпол хато ва баъзи ҳолларда атайлабдан қилинганлиги эҳтимол қилинаётган камчиликлар туфайли қирғиз-тожик чегарасида можаролар тинмаяпти.

Бундан ташқари мустақилликкача ва мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳам Қирғизистон фуқаролари Тожикистон фуқароларига Қирғизистонга тегишли ва кимга тегишли экани аниқланмаган, бироқ Қирғизистон фуқаролари яшаб турган жойлардан ер участкаларини сотиб келишгани ҳақида кўп ёзилган. Ана шу участка сотилган ерларда Тожикистон фуқароларидан иборат маҳаллалар пайдо бўлгани ҳам 10-15 йиллар аввал эътироф этилиб келган. Бу ҳам чегарадаги баҳсли ҳудудларнинг кўпайишига сабаб бўлган.

Кучли тортишувларга сабаб бўлаётган бўлса ҳам икки давлат ўртасидаги чегарани аниқлаш ишлар қайта жонланган. Йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш эса вақт талаб қилмоқда. Унгача чегара ҳудудида яшаб келаётган ҳар икки давлат фуқароларига сабр тилаймиз.

Оқбура, Бишкек.

Расм эгаси yntymak.kg

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг