АСЛ ЭЪТИҚОДГА ЭРГАШГАН АФЗАЛ

Диний ихтилофларни бартараф этишнинг икки шарти бор, бизнингча. Биринчиси – ота-боболаримиз тутган йўлни давом эттиришдир.

 

Бунга тўрт-беш йил бўлди. Кўчамиз бошига – дўконга чиққан эдим, кўзим бекат яқинида турган уч норғул-норғул йигитга тушди. Ёшлари йигирма беш-ўттиз орасида, юзидан ҳам соқоллари катта. Нимагадир, учови ҳам оқ-қора катакли, этаги тиззадан ҳам пастроқ кўйлак кийган, гўё қизиқчиликка бувиларининг кўйлагини кийиб чиққандай.

– Танимаяпман, ким булар? – деб сўрадим сал четда дўкон очиб ўтирган темирчи укамиздан.

– Э, булар ўзимизнинг Ўшлик йигитлар, Арабистон томонларда ўқишади, диний илмда жуда пешқадам…

Шу пайт бир машина тўхтаб, улар кетишди, танишиш имкони бўлмади.

Камина дину шариат, аҳкому тариқат масалаларида оми одамман. Аммолекин, чет элда ўқиган бу иниларимизнинг ўша ёқдаги араблар либосини кийиб юриши, очиғи, менга эриш туйилди. Чунки бир маҳаллар Ўшнинг кўрки бўлган Шафоатхон ҳожи, Маҳжурий домла, Шоюнус қори, Мақсудали қозиларни кўрганман, шунча катта уламо бўлишларига қарамай, оддий оқ яхтак, салқинроқ вақтда ўзимизнинг қора тўнни кийиб, бошларида ихчам салла, энгагида ўзларига ярашган бежирим соқол – минглаб намозхонларнинг бири бўлиб, камтарона юришар эди-ку?..

Ҳа, энди, замон шунақа экан, ким нима кийса ихтиёри, деймиз. Аммо кийим билангина чекланиб қолишса, кошки эди – кейинги пайтда хорижда ўқиб келган ўшанақа мулло укаларимизнинг амру маъруф, наҳй-мункарлари сабабли бўлсамикин – бир шаҳардаги масжидлар, ҳатто битта кўчадаги икки ёнма-ён ибодатгоҳ орасида ҳам аллақайси масалаларда ихтилофлар келиб чиқадиган бўлиб қолди. Илгари бунақа ғишавалар йўқ эди, ҳамма уйига яқин масжидга бориб намозини ўқир, агар уламолар қай бир масалада тортишиб қоладиган бўлса, бунинг авомга алоқаси бўлмас, мунозара якунлангач, яна аввалгидай диний биродарлик қарор топар, араз-тараз гапларга ўрин йўқ эди.

Ҳаммамиз, алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз. Марказий Осиё эллари бўлмиш бизлар аҳли сунна вал жамоа эътиқодидамиз, унинг энг катта шахобчаси бўлган ханафийликка, ханафийликнинг эса нақшбандия оқимига, бу оқимнинг асосий йўли бўлган мотурудия эътиқодига мансубмиз. Мотурудия эса, “аҳли сунна вал жамоа ақидасининг асл ўзаги экани барча олимлар томонидан бирдек эътироф этилган” (Интернетдан).

Муяссар бўлган мустақиллик, эришилган эркинлик эпкинида ислом илмини ўрганиш ниятидаги бизнинг қирғизистонлик ёшлар бири Мисрга, яна бирови Покистонга ва ҳоказо ўнга яқин мамлакатларга бориб, таълим олиб қайтяптилар. Бундай ҳурликни, бундай имкониятни эллик йил, юз йил аввал оталаримиз, боболаримиз орзу қилиб, етиша олмай, армон билан ўтиб кетишган эди. Ўшаларнинг ҳаққи учун ҳам ўқиш, билим олиш керак. Ҳозирги мулло йигитлар анча билимдон, улардан исталган бир масалада фикр сўрасангиз, қуръон ва ҳадислардан, буюк уламоларнинг асарларидан ёдаки мисол келтириб, уни чиройли таржима қилиб тушунтириб беришга қодир. Барака топ, отангга раҳмат, дегинг келади кишининг.

Халқимизда, ўқиган ўғил – отадан улуғ, деган мақол бор. Бу нақл одамларни илм олишга чорлайди. Аммолекин, уни сўзма-сўз тушунмаслик керак. Ўғил чинакам ўқиган, билимли йигит бўлса, отадан тўрга ўтмайди, унинг гапини, ҳатто нотўғри бўлса ҳам, рад қилмайди. Алишер Навоий, “Отодин келса хато, билма хато, Савоб бил, дағи хато қилса ото” деган-ку.

Аммо ота дегани – дунёга келишимизга сабабчи бўлган кишигина эмас. Ёши улуғларни, кекса одамларни ҳам ота деб эъзозлаб, ҳурматлаймиз.

Яна билмадик, ёшликнинг ғурури туфайлимикин, узоқ хорижий мамлакатларда диний илм ҳосил қилиб келган айрим мулло йигитлар ва уларнинг мухлислари ўша ерларнинг удум ва тутумларини бизда ҳам жорий қилишга жаҳд қилаётганликларини эшитиб турамиз. Қуръони каримнинг у ёки бу оятини талқин қилишдан бошлаб, шариат ва ижмонинг қайсидир майда масалаларида бошланган баҳс илм йўриғидан чиқиб, бир умр юртимизда исломнинг пешвоси бўлиб келган домлаларнинг гапини бекорга чиқариш, ёки ҳурматли уламоларнинг бир-бирини ҳақорат қилиши, уларга эргашиб, оми одамлар ҳам билиб-билмай мунозара бошлаши, уни ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиш одатий бир ҳол бўлиб қолди.

Нега шундай бўляпти, десангиз, аввало, бир ярим асрдан бери йўл берилмай келган исломга йўл очилиб, димланиб турган сувнинг тошиши каби бир ҳол юз бергани, сониян, “демократия ороли”да ҳар ким оғзига келганни айта берадиган бўлгани ва ниҳоят… (бу энг ёмони!) элимиз ичидаги чуқур ижтимоий таназзулнинг оқибати. Яъни, умидсизлик, келажакка, яхши турмуш барпо бўлишига ишонч йўқолиб, охиратгагина умид қилиш натижаси. Албатта, бундай ҳолда киши инжиқлашиб, айбни бировдан қидиришга тушади, чунончи, бир дин вакиллари ўзаро жиқиллаша бошлайди, динни талқин этиш, исломий амаллар борасида ҳар турли фирқалар юзага келади. Бидъат кўпайиб, ҳар бир янги оқим ўзига қўшилмаганларни маломат қилишга бошлайди. Олис-яқиндаги “дўст”ларимиз учун эса бу каби оқимлар қанча кўп бўлса, улар ўзаро нифоқли бўлса, шунча яхши.

Ботил ақидалар сабабли ваҳҳобийлар, хорижийлар, акромийлар, ҳизб-ут таҳрирчилар, қадарийлар, муржиийлар, рофийлар, жахммийлар ва муътазила каби фирқаю оқимлар бирин-кетин бодраб чиқа бошлайди. Бугунги кунда “мода” бўлган салафийлик ҳам аслида шуларнинг бири. Ғанимлар ноғорасига ўйнаб, “асл ислом”ни барпо этишга уриниш – бу худди “бизга илм керакмас, китоблар керак эмас, чунки ҳамма нарса Қуръонда бор”, деб оғизга урадиган, тилида ўта диндор, дилида эса дин душмани бўлганларнинг гапи эмасми? Биз мусулмонлар, унда, қачон тараққий этамиз?

Фақат бирлашганда! Фирқаларга бўлиниб, парчаланиб-тирқирамасдан, бир-биримиздан душман ясамасаккина ўсиш-униш бўлиши мумкин!

Бизнингча, диний бағрикенглик деганда турли дин вакиллари орасидаги муомала-муросанигина эмас, аввало ислом аҳли ўртасида, унинг ичидаги оқим вакиллари аро бўлар-бўлмас, майда-чуйда ғишаваларга чалғиб, можаро чиқармасликни тушуниш керак. Афсуски, кейинги пайтда, Шўро давридаги Марказий Осиё ягона диний сиёсати барбод бўлгани сабабли, қолаверса, ижтимоий тармоқларда боягидай ёш муллоларнинг мазҳаб ва ақидаларни тарғиб этиши орқали бизда ҳам ихтилофлар пайдо бўла бошлади.

Яқинда қашқарлик бир уламонинг эътирофини ўқидим. У Шарқий Туркистонликлар, саловот айтиш учун 33 донали тасбеҳ яхшими, ёки 99 донали тасбеҳми, деб бир-биримиз билан ғижиллашиб, масала талашиш билан овора бўлиб турганимизда хитойлар билиниб-билинмай ҳамма жойимизни эгалади-қўйди, деб ёзган экан афсус билан.

Пайғамбаримиз ислом ичида турли фирқалар кўпайса, катта жамоага эргашишни буюриб, “Агар ихтилофни кўрсангиз, катта қора (жамоа)ни лозим тутинг”, деган: فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ” (Ибн Можжа ривояти).

Яъни, ихтилофни кўпайтирмай, кўпчиликка қўшилиш буюрилган.

Биздаги кўпчилик жамоа – ота-боболаримиз минг йилнинг нарисидан бери амал қилиб келган диний ақидадирки, унинг манбаини юқорида дарж этиб ўтдик. Афсус, айрим инжиқ уламоларнинг қаҳр-ғазаби кўчада юрган бенамозларга эмас, ўзи билан бир масжидда намоз адо этадиган, аммо қай бир амални билибми, ё билмаслик сабаблими – сал бошқача бажарадиган муслимларга йўналтирилади. Ахир, халқимизда, мулла билганини ўқийди, деган нақл бор, ахир ўша одам, ишқилиб, намоз ўқияпти-ку?

Илм аҳли ўртасида ҳам келишмовчиликлар йўқ эмас, бор. Аммо бунда мақсад ҳақиқатни аниқлаш эмас, нима қилиб бўлса ҳам, енгиш, мот қилиш бўладиган бўлса, бу хилдаги ихтилоф – диннинг офатидир.

Шу ўринда бир ривоят ёдимга тушди. Бир кекса домла билан ёш мулла баҳслашиб қолишибди. Иккови ҳам ён беришни хаёлига келтирмай, охири аччиқ-тирсиқ гап айтилиб кетибди. Қизиққон йигит ғазабига чидамай:

– Сизни энди билдим, ғирт кофир экансиз! – деб юборибди ахийри.

– Қачондан бери кофир эканман? – деб сўрабди қари уламо.

– Туғилганингиздан бери!

– Ие, ҳали мен кофир бўлдимми, унда сен – ғирт ҳаромисан!” – деб жавоб қайтарибди домла.

“Ҳароми” деб аталган ёш йигит домлани қозига берибди. Қози ҳам ҳайрон бўлиб, кекса уламодан бунчалик қаттиқ гапнинг сабабини сўрабди.

– Ҳа, ростан ҳам, агар мен азалдан кофир бўладиган бўлсам, бу йигит аниқ ҳароми. Чунки унинг ота-онасини бир маҳал мен никоҳлаган эдим. Кофир ўқиган никоҳдан туғилган бола ҳароми бўлмайдими?

Шундан сўнг ёш мулла тавба қилиб, кечирим сўраган экан.

Азизлар, ижтимоий тармоқлардаги можароларга қанча кам қўшилсак, шунча яхши. Компьютер ва қўл телефонлари бизнинг илмимизни зиёда қилмагани каби, ижтимоий тармоқ орқали диний илмимни ошираман, деган одам янглишибди. Чунки у ерда тахмин, тусмол, хом-хатала нарсалар бисёр.

Шу ўринда, мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий” асаридан бир ҳикояга диққатингизни тортсак.

Тўрт йигит – бир форс, бир турк, бир араб ва бир юнон ҳамроҳ бўлиб кетишаётиб, йўлдан битта танга топиб олишибди. Шу пулга нима олиб ейиш маслаҳати ўртага тушганда, форс “ангур харид қилайлик”, деса, турк “йўқ, узум оламиз”, дебди. Араб “менга ангур ҳам, узум ҳам керак эмас, инаб егим келаяпти”, дер эмиш. Юнон бўлса “истофил оламиз”, деб туриб олибди. Ҳеч кимнинг таклифи ўтмагач, жанжал келиб чиқади, ғижиллаша бошлайдилар. Шу пайт йўлдан ўтиб қолган бир зукко одам орага тушиб, ҳар бирининг истагини сўраб олиб, машмашани осонгина ҳал қилади. Форсий забонда “ангур”, турк тилида “узум”, араб лисонида “инаб” ва юнонча “истофил”нинг бари битта нарса – узум экан, ҳаммалари узум егилари келгану, тиллари бошқа-бошқа бўлганидан, муддаони англата олишмаётган экан…

Профессор Нажмиддин Комилов бу ҳикояни шундай талқин қилган эди: “Улуғ шоир мазкур ҳикоятдан хулоса чиқариб, дунё одамлари аслида бир хил фикрлайдилар, уларнинг орзу-армонлари, ниятлари яқин, лекин бир-бирини тушунмаслик, одатлар, тиллар орасидаги фарқ одамлар ўртасида душманлик ва низо-жанжалларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади», дейди.

Домланинг бу шарҳи нақл мазмунига тўла мувофиқ эканлигини қайд этароқ, ундан келиб чиқадиган тағин бир маънони ҳам айтиб кўрсак. Бизнингча, Румий бу билан ўз замонида – XIII асрда очиқ-ошкор айтиш мумкин бўлмаган қалтис бир хулосани ҳам ўртага ташлаган кўринади, яъни узум ҳам, тиллар можароси ҳам – ҳикоятнинг сиртқи мазмуни, бу нақлдан туб мақсад эса одамларнинг нияти, интилиши аслида бир, матлаби эса ягона Оллоҳнинг ўзи, аммо бунинг талқини бўлмиш динлар хилма-хилдир, демоқчи-ку, мутасаввиф шоир? Яъни, динларнинг ҳаммаси Оллоҳни таниш йўлида бир восита, уларда шакл ўзгачалиги бор, маъносида? Бу тўрт одам эса дунёнинг тўрт тарафидаги бани башар вакиллари, Оллоҳни таниш йўлида бораётган турли динларнинг вакиллари тимсолида?

Эвоҳки, бу талқинни атиги қирқ йил аввал – ҳали Шўро сиёсати бош узра қилич кўтариб турган бир маҳалда устоз Нажмиддин Комилов ҳам очиқ айта олмас, умуман дин ҳақида гапириб бўлмас эди.

Жаҳолатнинг кучи эса ундан ҳам ваҳшатли, бунинг устига, тез тарқалади. Бир пайтлар Ўшдаги Сулаймон тоғига танда қўйган бир тўда “шайх”лар бу ерда Сулаймон пайғамбар намоз ўқиган, дея тошни ўйиб, унинг боши ва тиззалари ўрнини ясаганлар, кимки Ўшга келиб, тўрт ракат намоз ўқиса, дўзах олови унга яқин келмайди, деган хурофий гапларни тарқатганлар. Аммо ўша пайтнинг уламолари ҳам бу жаҳолатга бас кела олишмаган, вақтинча бўлса-да, ўша жоҳил «шайх»ларнинг гапи устувор бўлган.

Хулласи калом, барчамизнинг ниятимиз – Ҳақни таниш, уни  топиш, унга етишиш. Бунга эса ўзаро ғанимлашиб етиб бўлмайди. Чунки дунёнинг ҳар бир бурчагида ва ҳатто ҳар бир мамлакатнинг ичида ҳам, шундай кучлар борки, уларга биз қанча тарқоқ бўлсак, ўзаро ғиди-биди билан овора бўлиб юра берсак, марра уларники. Қирғинларни уюштирадиган ёки зимдан қўллаб-қувватлаб турадиганлар – ўша кучлар.

Мундай қарасангиз, ислом – бағрикенг дин. Худди шунинг учун ҳам ҳожилар Маккада ханбалий имомга эргашиб намоз ўқийди, ҳажга автобусда йўл олган ҳамюртларимиз эса Эрон оралаб ўтаётиб, шиалар масжидига кириб ибодат қилишган. Албатта, ахир, аҳли муслим-ку?

Тарқалмаслик, иноқ бўлиш, ихтилофларни бартараф этишнинг эса икки шарти бор, бизнингча. Биринчиси – ота-боболаримиз тутган йўлни давом эттиришдир. Бунинг учун, четда илм хатм қилиб келган муллалар ҳам у ёки бу масалада эътирозларини бас қилиб, анъанавий йўлга қайрилишлари керак. Иккинчиси – Марказий Осиё давлатлари орасида уч бера бошлаган иттифоқликни янада кучайтириб, бу минтақанинг барча жойида бир хил исломий эътиқод амал қилишига эришиш ва бунинг учун, ёш толиби илмларни дунёнинг турли жойларида эмас, аввал бўлгани каби, Тошкентдаги Ислом маъҳади ва Ислом дорилфунуни каби диний илм масканларида таълим олишлари учун квота ажратилишига эришиш ва уларни анъанавий эътиқод йўлида ўқитиш, шу ва шу руҳдаги тадбирлар орқали бутун Марказий Осиёда аввалдагидай ягона диний сиёсат юритилиши лозим.

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг