8 ДЕКАБРЬ – СОВЕТ ИТТИФОҚИ ТАРҚАГАН КУН

8 декабр куни Ўзбекистонда мамлакатнинг бош қонуни – Конституция қабул қилинган кун нишонланди. Тақдирнинг ўйиними ёки истеҳзоси 1991 йил 8 декабр тарихга СССР тарқаган кун сифатида кирган. Айнан шу куни Россия, Украина ва Белоруссиянинг давлат бошлиқлари учрашувида Мустақил давлатлар Иттифоқи (МДҲ) тузилмасини барпо этишга келишиб олдилар. Аслида, улар бу келишувлари билан Совет Иттифоқини гўрга тиқдилар. Аммо ўша кунгача Иттифоқда қандай воқеалар рўй берган эди?

Россия, Украина ва Белоруссиянинг давлат бошлиқлари учрашувида Борис Ельцин, Леонид Кравчук, Станислав Шушкевич

1991 йил 17 март. СССРда Иттифоқни сақлаб қолиш юзасидан референдум бўлиб ўтди. Унда 148,5 млн киши, яъни бутун аҳолининг 79,5 фоизи иштирок этиб, уларнинг 76,4 фоизи ягона давлат учун овоз бердилар. Март-август ойларида 1922 йилда қабул қилинган Иттифоқ шартномасини янгисига алмаштириш ишлари олиб борилди.

19-22 август. Москвада чала ўлик давлат тўнтариши юз берди. Оқибатда, СССР Президенти М.Горбачевнинг мавқеи янада пасайди. Оломон кўчага чиқди. 20 августда имзоланиши кутилган Иттифоқ шартномаси бекор бўлди. Август-Ноябрь кўпчилик Иттифоқдош республикалар мустақиллик эълон қилиб, Президент сайловлари санасини белгилашди.

Декабр бошида Украина, Белоруссия ва Россия давлатлари раҳбарлари мамлакатлараро муносабатларни аниқлаштириб олиш учун Минск шаҳрида учрашишларини эълон қилишди. Президент Горбачев Иттифоқ шартномасини имзолашга уларни фаол даъват эта бошлади.

Учта славян давлатлари бошлиқлари: Борис Ельцин, Леонид Кравчук, Станислав Шушкевич 1991 йил 7 декабр куни Белоруссиянинг Вискули шаҳарчасида тўпландилар. Орадан бир кун ўтиб (қизғин арақхўрликдан сўнг) айнан ўша учрашувда асосан Беловеж битими сифатида тилга олинадиган “Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги битими” имзоланди. Унда томонлар “ССР Иттифоқи халқаро ҳуқуқ ва геосиёсий воқелик сифатида энди мавжуд эмас”лигини эълон қилишди.

Мустақил Ўзбекистоннинг Бош қомуси қабул қилинган кунда юқоридаги воқеалар ҳақида ўқир эканман, ўша мустабид давлат – СССР таркибида 70 йил мажбуран ушлаб келинган Марказий Осиёдаги туркий халқлар тақдири ҳақида ўйладим. Агар ўша кунларда бўлиб ўтган воқелар ривожига разм солсангиз, Марказий Осиё республикалари учун СССР таркибидан нафақат алоҳида-алоҳида чиқиш, балки ўзаро Туркистон федерациясини тузиш шароити ҳам мавжуд бўлганига ишонч ҳосил қиласиз. Биз истаймизми-йўқми, айтишга истиҳола, андиша қиламизми-йўқми, 1991 йил 8 декабрь куни Россия, Украина, Белоруссия славян тилли давлатлар сифатида бирлашдилар (ҳа, ҳозирга келиб уларга ҳавас қилиб бўлмайди. Аммо ўшанда улардан улги олиш керак эди). Марказий Осиёликлар эса наинки кузатишди, бизларни ҳам ҳамдўстликка қўшиб олинглар, деб уларга ўзлари боришди. Ҳамон кузатишмоқда. Ҳамон…

Куни кеча ижтимоий тармоқларда мамлакатда газ қазиб олиш юзасидан “Лукойл” компанияси билан Ўзбекистон ўртасидаги шартнома очиқлангани хусусида хабар тарқалди. Маълум бўлишича, Россиянинг мазкур компанияси Ўзбекистондан қазиб олган газнинг атиги 10 фоизинигина мамлакатда қолдирар экан. Ҳатто қазиб олинган газ компания томонидан мамлакат эҳтиёжи учун Ўзбекистоннинг ўзига жаҳон бозори нархларида қайта сотилар экан. Агар ёдингизда бўлса, қардош Қирғизистон республикаси билан “Кумтор голд компани” тузган шартномага кўра компания акцияларининг 2/3 қисми Қирғизистонга, 1/3 қисми “Камеко”га тегишли бўлса-да, аммо Қирғизистонликлар бу шартномани бекор қилишга эришдилар. Ўзбекистонлик амалдор эса Лукойл билан шартномани бузиш бебурдлик бўлишини айтди. Халқ таппи ёқса ёқсин, аммо амалдорлар бебурд бўлмасин экан.

Йўқ, мавзудан чалғимадик. Агар Марказий Осиё давлатларининг МДҲ тузилган пайтдаги собиқ раҳбарлари Туркистон федерациясини тузишга эришганларида эди, бугунги авлод Евроосиё иттифоқининг ипларига ўралиб, аллақандай лукойлларнинг қўлига қараб қолмаган, Россия ва бошқа қудратли давлатларнинг кўзига мўлтираб турмаган бўларди. 70 миллиондан ортиқ аҳолига эга бир мусулмон Иттифоқнинг эса қўлидан кўп иш келарди.

Бундай Иттифоқ кимларгадир хомхаёл бўлиб туюлар. Аммо ўша “хомхаёл”сиз Марказий Осиёнинг келажаги йўқ!

 Туркистоний

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг