ОРЗУЛАР ОСМОНДА ЭМАС

“Ўзбекларни тўй балосидан қутқаринг!”

Алихонтўра Соғуний

 

Дунёда кўп орзулар бор, бу одамларнинг ўзидан кўра кўпроқ. Кимдир кучли ва жасур бўлишни орзу қилади, кимдир шуҳрат ва гўзалликни орзу қилади, кимдир учун эса бойлик ҳаммасидан устун.

Ҳар бир инсон ўзича индивидуал тасаввурга эга. Эрта болаликдаги тасаввурларимиз катта бўлгач бизни бошқа йўлга бошлайди. Болаликда ҳаммамиз фақат яхшиликни кўрамиз. Шу тасаввур туфайли инсонда орзулар пайдо бўлади. Аввалига улар содда, амалга ошириш осондек туйилади. Кейин одам ўсгани сари, дунёни теранроқ ўрганади. орзуларимиз ҳам ўса боради. Улар янада кенгроқ ва аниқроқ бўлади.

Бироқ, баъзан замонни, баъзан эса ёшларни айблар эканмиз, ўзимиз ҳам майда ҳою ҳавасларни орзу деб янглишаётганимизни англайлик. Юз йил аввал ҳам биз шундай бўлганмиз чоғи, Алихонтўра Соғуний, “агар ўзбеклар бошқа ишларга ҳам тўйга, наҳорги ошга шошгани, уюшгани каби якдиллик билан киришганларида, улкан зафарларни қучган бўларди…”, – деган эди.

Мен педагог сифатида ўқувчиларимдан орзулари ҳақида сўрайман. Синфдаги ўттиз нафардан зиёд биронта ўқувчи коинотни забт этаман, учувчи ёки космонавт бўламан, ихтирочи, олим бўламан, демайди. Ҳаммаси пул топадиган, чиройли уй ва машинаси бор одамлар каби тадбиркор бўламан, дейди. Ора-сира духтур бўламан, уста бўламан деганларини айтмаса, ҳаммаси бой бўламанга тушиб қолишган. Нега уларнинг орзулари бу қадар паст? Ё келажакдан умидлари йўқми, ишончи йўқдир балки… билмадим…

Болаларни қандоқ айблайлик? Бутун минтақада аҳвол шундай-ку? Боласини она тили қолиб, чет тилларда бийрон сайратадиган ота-оналарни қайта тарбиялашми чораси бунинг? Диктант ёздираман, болаларнинг ўндан тўққизи ўзбек товушларини русча ҳарфлар билан ёзиб беради. Уч тилли таълим – ўзбек, қирғиз ва рус тиллари деб, учала тилни ҳам чала биладиган авлодни ўстирмаяпмизми? Бу эл, миллат фожиаси. Японияда таълим еттинчи синфгача она тилида олиб борилишини мисол келтирсак, биз тескари томонга қараб кетаётган одамга ўхшаб қоляпмиз.

Орзулар бизнинг ҳаётимизга ранг беради, ўзимизни билишимизга кўмаклшади. Қирғизистоннинг ягона космонавти Солижон Шариповнинг ҳам болалигидаги орзуси коинотни забт этиш бўлган.

Солижон бешинчи синфдаёқ барчани ҳайратда қолдирди: «Мен космонавт бўламан!» – деди. Орзуси йўлида аниқ мақсад томон адл юра бошлади: У 1981 йилда Ўзгандаги Фрунзе номли 1- мактабини тамомлади.

Оренбург авиация мактабига ўқишга кирди, аммо танловдан ўта олмади. Аммо вақтни беҳуда ўтказмади: бир йил ўтиб, қўшни Андижондаги касб-ҳунар мактабининг бухгалтерия мутахассислиги бўйича дипломини олди.

18 ёшли бухгалтерни ҳарбий хизматга чақиришди. У штабга бухгалтер сифатида ишга киришни хоҳламади, Приморск ўлкасидаги авиация полкининг техник бўлимида хизмат қилди. Оренбург авиация мактабига ўқишга кирди, аммо мактабда қирувчи учувчилар эмас, бомбардимончи учувчилар тайёрланаётганини билгач, у рўйхатдан ўтишдан бош тортди.

Хизматни тугатгандан сўнг, у Харьков Олий ҳарбий учувчилик мактабига ўқишга кирди, шундан сўнг Қирғизистондаги Тўқмоқ ўқув полкида хизмат қилди.

1987 йилда ўқишни тугатгач, Ўрта Осиё ҳарбий округи ҳаво кучларининг 716-ўқув авиация полкида инструктор учувчи сифатида иш бошлади. Умумий парвоз вақти 950 соатга етди. Ёш Солижон мақсадига эришиб, коинотни забт этди.

Конкрет бўлмаган орзулар ҳавасга ўхшайди. Ёш қизалоқлардан катта бўлса, ким бўлишини сўрасангиз, чиройли келин бўлишини айтади. Ҳақиқий орзулар эса аниқ бўлиши керак. Йигитлар эса зўр машина миниб, катта одам бўламан, бой бўламан, дейишади бир овоздан. Ҳа, яхши, бой бўлиш учун қандай мақсадларинг бор, десак, елка қисадилар. Чунки, оилада ҳеч кимникига ўхшамаган дабдабали тўй ҳақида, мармар қопламли уй ҳақида баҳсни эшитаверган бола йўлини йўқотган йўловчидек, тўй ҳақида орзу қилади. Шу ҳавасни орзу деб биладиган икки ёш тўйдан кейин йўли тугаб қолгандек ҳис қиладилар. Бу ҳаёт, дабдабали тўй учун қарз олган оиланинг янгигина куёв боласи иложсиз, минг долларга кўйлак кийган маликасини ташлаб чет элга ишлгани кетади. Бир кунгина шаҳзода ва маликага айланган ёшлар бир неча ойдан сўнг бири мардикор, иккинчиси тулдек ўзи ёлғиз қолади. Чунки, уларнинг бор йўқ орзуси – тўй, холос.

Яна бошқа масала бор, бу ҳам янги бойларнинг ажабтовур қилиқлари, холос. Қай йўсинда пул топади, муҳим эмас. Бироқ, динимиздаги беш фарздан фақат бешинчисини бажаришга пойга ўйнашади. Сийлаи раҳм нима, закот нима, Ҳажнинг талаблари қандайлиги ҳам қизиқ эмас. Ҳожи бўлиб савлат тўкиб, одамлар орасида бой саналиб юрса бас. Илмлилари бундан мустасно. Яна бир қизиқ ҳолат: аёлимни, қизимни эркак духтирга кўрсатмайман, эркаклар ўқитмасин, – дейди-да, қизини 9 ёшидан бошлаб ҳижобга ўраб, мактабга жўнатишни ҳохламайди. Бу ҳам миллат фожиаларидан биридир. Ахир ўша ҳожи акалар динимиз тарихини яхши ўрганишса эди, доя аёллар, жарроҳ аёллар, шоира, олима, ўқитувчи аёллар жамиятга кераклигини билган бўлардилар. Ахир ўғил бола ўқиса, ўзига фойда, қиз бола ўқиса – жамиятга фойда, дейдилар-ку.

Орзулар катта бўлсин, лекин ҳақиқатга яқин ва эришса бўладиган бўлсин. Ҳаётий мақсадлар одамга ишонч беради ва босқичма-босқич ҳаракат қилишга ундайди. Катта мақсадга бир қадамда етиш мумкин эмас. Шунинг учун уни майда босқичларга бўлиб чиқиш фойдали. Масалан, янги тил ўрганишни орзу қилган бола ҳар ойда бир қанча янги сўз ёдлаши, кунига маълум вақт ажратиш каби кичик мақсадлар билан бир неча тил ўргана олади. Албатта, бунинг учун она тилидан воз кечиши керак эмас

Евгений Евтушенкода шундай сатр бор: «Дунёда қизиқарли бўлмаган одам йўқ». Бу ҳақ гап, аммо фақат моддий нарсаларга ўралашиб, майдалашган одамлардан зерикарлиси йўқ дунёда. Таниқли актриса Алиса Фрейндлихнинг айтишича, одамларнинг баъзилари уммон кабидир, ҳатто қай даражада теранлигини билолмайсиз. “Кўлмаклар каби майда одамлар бор-саёз, ботқоқ. Мен уларни бир онда таниб оламан ва дарҳол унутаман. Одамлар ҳаётдан иложи борича кўпроқ нарса олсам бахтли бўламан, дейди. Аммо ҳақиқат шуки, улар ўзларида бор нарсаларини баҳам кўришлари ва беришлари мумкин бўлган пайтдагина бахтлидир”.

Орзуларга етиш учун етарлича билим олиш ва малака ошириш керак. Тилакка эришиш йўлидаги қийинчиликлардан қўрқмасликнинг энг муҳим омили – ишонч ва ҳаракатдир.

Ҳар бир эришилган мақсад кишини яна бир поғонага юксалтиради. Унга янги марра учун рағбат беради. Орзу инсон қудратини оширади, ўзига ишончни кучайтиради. Мақсад қўябилиш эса бу орзуларни амалга оширишда асосий қадам ҳисобланади.

Фарзандларимизнинг орзуларини тўғри йўналтирайлик, азизлар!

 

Барно Исоқова, Ўш.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг