Охири бахайр бўлсин. Дональд Трамп иккинчи бор АҚШ президентлигига сайланди

Уни қўллаган республикачилар партияси АҚШ конгрессида ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритган.

Ўзининг кескин чиқишлари ва рақибларига нисбатан қўполлиги билан танилган миллиардер Дональд Трамп 5 ноябрь куни ўтган президентликка сайловларда талаб қилинган 270 ўрнига 294 овоз олиб, ғолибликни қўлга киритди. Унинг рақибаси Камала Харрис 223 овоз ола олган холос. АҚШ президентини сайлаш ўзига хос тизимда ўтади. Мавжуд 50 штатнинг ҳар бирида сайловчилар овоз бериш учун делегатларни танлашади. Уларнинг умумий сони 538 нафар бўлиб, номзод ғалабага эришиш учун улардан ярмидан кўпроғининг овозини олиш керак.

Сайловда овоз беришга ваколатланган делегатларнинг ортида миллионлаб сайловчилар туради. Уларнинг сонини ҳисобга олганда Трампга 72 миллиондан ортиқроқ одам овоз берган бўлса, Харрисни салкам 68 миллион киши қўллаган.

Шундай қилиб, Дональд Трамп АҚШнинг 47-президенти қилиб сайланди. Бу унинг бор иккинчи бор президент бўлиши. У 2016 йили ҳам бу лавозимга сайланиб, 2020 йилги сайловда ютқазиб қўйган.

“Бу америкаликларнинг Американи янада буюк қилишга имкон берувчи ажойиб ғалабаси бўлди. Бу Америка учун олтин аср бўлади. Ҳар куни сиз учун курашаман. Кучли, хавфсиз ва фаровон Американи қурмагунимизча тинчимайман, болаларимиз ва сизлар бунга муносибсиз”, – деди Трамп сайлов натижаларининг расман якунланишидан анча олдин (цитаталар Кун.уз сайти таржимасида).

У ўзининг сайловгача икки марта ўлимдан қолганини ҳам эслатиб ўтди. Биринчи гал унга отилган ўқ қулоғини бироз яралаб ўтган бўлса, иккинчи марта суиқасд қилишга уринганлар эртароқ қўлга олинган. Бу муносабат билан у шундай деди:

“Худо жонимни бежиз асрагани йўқ! Мамлакатни қутқаришим ва Америкага унинг буюклигини қайтаришим учун. Ва биз бу миссияни бажаришга чоғландик. Сўнгги тўрт йилликдаги келишмовчиликларни ўтмишда қолдириш ва бирлашиш вақти келди. Муваффақият бизни бирлаштиради. Сизни Худо асрасин, Американи Худо асрасин”, – деди у сайловчиларига мурожаат қилиб.

Трампнинг сайловда ғолиб келиши нафақат унинг рақиблари бўлган демократлар партияси, балки йиллар давомида АҚШнинг доирасига ўйнаб келаётган Европа Иттифоқи ва аксинча Американи ўз доирасига ўйнатиб, ундан йил сайин 3 млрд. доллар пул ва ундан ташқари яна алоҳида ўн миллиардлаб долларлик қурол-яроқ ва бошқа ускуналар олиб келаётган Исроил учун ҳам аламли воқеа бўлди. Чунки улар АҚШ раҳнамолигида дунёда ўз тартиб-қоидаларини ўтказиб келаётган эдилар. Трамп эса, НАТОга аъзо давлатларга ҳар ким ўзини ўзи ҳимоя қилиши зарурлигини айтиб, ҳарбий мақсадлар учун бу давлатларнинг ўзлари етарлича маблағ ажратишлари лозимлигини таъкидлаб келган. Бунгача НАТОнинг асосий ҳаражатлари АҚШнинг бўйнида эди.

Янаям аламзада қолган давлат Украина бўлиб, Трамп президент Зеленскийни ёқтирмайди. Шу сабабли у президентлик лавозимига киришгач, Украинага берилаётган миллиардлаб доллар ёрдам оқими тўхтаб қолиши мумкин. Бу эса Россия-Украина урушини Россия фойдасига ҳал қилиши аниқ. Трамп Россия-Украина уруши ҳақида авваллари бир неча бор гапириб, уни 24 соат ичида тўхтатишга қодир эканини айтиб келган. Кўпчиликнинг фикрича, у Украинани Россия босиб олган ҳудудлардан воз кечишга мажбур қилиши мумкин.

Бу тахминнинг қанчалик ўринли экани ҳозирча мавҳум. Трампни дунёнинг ўнлаб давлатлари раҳбарлари дарров табрикладилар. Лекин улар ичида Россия президенти Владимир Путин йўқ. Чунки АҚШ Украинани миллиардлаб долларлик қурол-яроқ билан таъминлаб, Киевни ҳар томонлама қўллаб келаётгани учун Россия уни душман давлат деб билади. Қолаверса, АҚШ ҳукумати ўзининг Россияга нисбатан душманлик кайфиятини яширмай келади.

Трамп Фаластиндаги урушни ҳам тез орада тўхтатишга ваъда берган. Фақат Трамп ўзининг мусулмонларга қарши кайфияти билан маълум. Аввалги президентлик даврида у мусулмон давлатлардан АҚШга келаётган муҳожирларга тақиқлар жорий қилгани билан маълум. Қуддус (Иерусалим) шаҳрини Исроилнинг пойтахти сифатида тан олиб, АҚШ элчихонасини ўша ерга кўчирган ҳам Трамп бўлади. Ҳолбуки, Қуддус шаҳри БМТ қарорига кўра, Фаластин ва Исроил давлатлари ўртасида тақсимланиши ва халқаро кучлар назорати остида нейтрал ҳудуд сифатида қолиши керак эди.

Шу сабабдан Трампнинг ғалабаси жаҳон давлатлари ва аҳолиси учун қандай кутилмаган “совғалар” олиб келишиниҳозирча аниқ айтиш қийин. Шу нарса аниқки, демократия тамойил ва қадриятларини оёқости қилиб, жаҳонни уруш оловига ташлаб, жаҳон уруши ёқасида олиб келган АҚШ ҳукумати анчадан бери мислсиз ўзгаришларга муҳтож эди. Ана шу ўзгаришларнинг бошланиши энди шубҳасиз. Фақат у кимларга нима олиб келади, омон бўлсак кўрармиз.

Ўзининг 78 ёшини қаршилаган Дональд Трампгача давлат раҳбарлигига бир мағлубиятдан кейин иккинчи бор қайтиб келиш ҳолати бир марта қайд этилган. Бунгача президент Гровер Кливленд ҳам 1884 йилда ушбу лавозимга сайланган. У 1888 йилги сайловларда ютқазиб, кейинги 1892 йилли сайловларда яна ғалабага эришган.

Охирги пайтлардаги АҚШ президентларининг кекса ёшда экани ҳам ушбу давлатнинг турғунлик қучоғига тушиб қолганига далил бўлиши мумкин. Амалдаги президент Жо Байден 78 ёшида бу лавозимга сайланган. Ҳозирда 82 ёшдаги сиёсатчи ўзининг беўхшов ҳаракатлари, тез-тез мувозанатини йўқотиб, текис жойда ҳам қоқилиши, фикридан адашиб, айтаётган гапини йўқотиб қўйиши ҳоллари кўп бўлади. Трамп ҳам Жо Байден каби 78 ёшида президентликка сайланди. Лекин унинг ақли тиниқ ва кўринишидан соғлиги ҳам жойида.

Нима бўлса ҳам, охири бахайр бўлсин.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди.

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг