ҚАДРИЯТ 

Дардим ичимда / Мунозарали мавзу

Ҳа, ичимда дардим кўп. Уни яқинларимга айтганим билан ҳеч нарса ўзгармаяпти. Кўп йиллардан буён дардимни дил тубида сақлаб, ҳали ҳеч кимга ошкор қилмаган эдим. Оиладаги сир асрорни ўзгалар ҳукмига ҳавола этиш ножоиз бўлса ҳам, зора бизникидек аҳволда қолган кимсаларнинг кўзи очилиб, ўз хатти-ҳаракатлари нотўғри эканидан тўғри хулоса чиқаришар, газетхонлар орасида кўпни кўрган отахон ва онахонлар, ака ва опалар биздан қимматли маслаҳат ва йўл-йўриқларини аямас, деган умиддаман.

Бизнинг оила туман марказига яқин маҳаллада яшайди. Аямнинг ( яъни онамизнинг) ота-оналари беш ўғилли бўлишган. Катта бувимиз қиз кўришни орзу қилиб, эндигиси қиз бўлса Ўғилхон қўяман, деб ният қилган экан. Аллоҳ унинг ниятини ижобат этиб, олтинчи фарзанди қиз туғилибди. Ниятлари ушалганидан Аллоҳга шукроналар айтиб, исмини Ўғилхон қўйишган экан. Дадамиз оддий деҳқон оиласида уруш йиллари дунёга келган. Дадамиз иккинчи фарзанд бўлиб, урушдан кейинги оғир йилларда мактабда тўла маълумот олмаган экан. Ўспирин вақтидаёқ далага чиқиб сувчилик қилган. Кузги шудгорлаш пайтида тракторчига ёрдамчилик қилиб, тракторни бошқаришни ўрганган, кейин мустақил ишлай бошлаган.

Дадамиз Қобилжон аямиз билан ўтган асрнинг еттимишинчи йиллари  бош қўшган. Ақлимни танигандан биламанки, дадамиз исми-жисмига монанд мўмин-қобил, жуда ювош, меҳнаткаш инсон эди. Аямиз эса беш ўғилдан кейин туғилгани боисми, жуда эрка, айтганини қилдирадиган, ўзининг гапини маъқуллайдиган, сўзини қайтарганларни асло ёқтирмайдиган, яъни дадамизнинг акси бўлган.

Йиллар ўтиши билан оиламизда фарзандлар кўпая борди. Катта акам Ҳикматилло, опам Гавҳарой, акам Шуҳратилло… Қўйингки, дадам аям билан бош қўшган эллик йилга яқин вақт мобайнида беш ўғил ва беш қиз дунёга келди. Болалари кўпайгач аям колхозда ишлай олмай қолди. Мен ана шу фарзандларнинг тўққизинчисиман. Йиллар ўтиб ака ва опаларим улғайишди, мактабни тамомлашди. Дадамиз ҳам, аямиз ҳам ўғил-қизларини йўқ деганда биронта билим юртида ўқитишни, келажак ҳаётларига замин тайёрлашни ўйлашмади. Ваҳоланки, дадамизнинг тракторчилик қилиб ишлаб топган ва деҳқончиликдан келган пуллари ака ва опаларимни олийгоҳда ўқитишга етарди. Ҳикматилла акам, Гавҳарой опам мактабни яхши битиришди. Акам шифокорликка, опам бухгалтерликка ўқимоқчи эканлигини айтганларида аямиз: “Ҳикматилло дадаси билан ишлайди, Гавҳарой далага чиқади, шунча болани боқиш, кийинтириш осонми, даданглар ҳам куч-қувватдан қоляпти, ўқиш қочмайди”, деб дадамнинг ўқитайлик деган сўзларига ҳам кирмади.

Дадамиз мўмин-қобил инсон бўлгани учун ишлаб топган пулларини аямнинг қўлларига топширган. Оилада доим онамизнинг айтгани бўларди. Дадам ишдан бошқани билмаган. Ота-она ҳақида салбий фикрни айтиш ножоиз. Аммо улар янги даврни, бугунги ҳаёт оқимини, фарзандларининг эртанги кунини ўйлашмаса, буни тушунтиршига ҳаракат қилсак ҳам тушунмаса, ўз айтганларида туриб олса, туғишган акаларининг, яъни тоғаларимнинг ҳам гапларини олмаса, тенгдошлари фарзандларини ўқитиб, касб-ҳунарли қилиб, ўғилларини вақтида уйлаб, қизларини узатаётганидан ибрат олмаса нима қилайлик?

Йиллар ортига назар ташламай ўтиб борарди. Катта акам Ҳикматилло айни куч-қувватга тўлиб, ишлаб пул топаётган пайтда сариқ касалига чалинди. Ота-онамиз уни даволатишга яхши эътибор беришмади. Шифокорлар айтган дориларни топишга куйинчаклик билан ҳаракат қилишмади. Оқибатда акамнинг дарди кучайиб, цирроз деган бедаво дардга чалинди. Кейинги пушмон, ўзингга душмон деганларидек ота-онам қанчалик ҳаракат қилишмасин, акамнинг дардига даво топиша олишмади. Акам йигирма ёшга ҳам кирмаган эди. Опам Гавҳаройни ўқишга юборишмагач, маиший хизмат кўрсатиш комбинатида чеварга шогирд тушмоқчи бўлди. Аммо унинг касб ўрганишига пул тўлашдан бош тортишди.

Гавҳарой опамга совчилар кела бошлаганда мен ўн ёшларда эдим. Жуда кўп совчилар келишди. Аямиз уларни уйга киргач муддаоларини билиб, рад жавобни бериб юборарди. Совчилар хатто дадамга ҳам келиб учрадилар. Опамнинг кўнглидаги йигитдан совчи келганда аямиз албатта розилик беради, деб опамнинг кўнгли тўқ эди. Лекин аям “ Қизим исми- жисмига монанд Гавҳар, уни бир ҳайдовчига бераманми, қайтиб келманглар”, деган жавобни берди.

-Ўғилой, наҳотки сен ўзингни шунча баландда кўрсанг. Ахир сен оддий оила фарзандисан, мен эса тракторчиман. Нега кибрланасан, қизларингни ёшини ўтказиб бахтиқаро қилмагин, – деди бир куни ювош-мўмин дадамиз ҳам.

-Мен онаман, сиз ишимга кўпам аралашманг. Ким яхши, ким ёмонлгини, кимдан келин олиш, кимга қиз беришни ўзим яхши биламан, – дея  дадамизни умуман оғиз очирмай қўйди.

Гавҳар опам яхши кўрган йигитим бор, совчиларга йўқ деманг дегудек бўлса, аямиздан балоларга қолишини яхши билгани учун дилидаги дардини тоғаларимнинг аёлларига айтарди. Йиллар эса ўтиб борарди. Опам 28 ёшга етди. Турли сабаблар билан уйланмай ёши ўтинқираб қолган йигитдан совчи келди. Бу опам учун охирги имконият эди. Аямиз яна оёқ тиради. Шунда икки нафар катта тоғаларим келиб:

-Нега қизингнинг йўлини тўсасан, қанча совчиларни қайтардинг. Қизларингга харидор келар экан, нега бизлар билан маслаҳатлашмайсан, ўзибилағонлик қиласан. Ахир Гавҳаройнинг орқасида ўғил-қизларинг бўй етяпти-ку. Фарзандларингнинг эртанги кунини ўйлайсанми? Келган совчиларга розилик бер, қизингнинг бахтини ўйла, – дейишди.

-Тўй қиладиган ҳеч вақойим йўқ, – деган баҳонани айтди аям. Ваҳоланки, опам учун ҳамма нарса қилинган эди. Тоғаларим бундан бехабар бўлгани учун:

-Кўрпа-тўшак,гилам, сандиқ ва стенкага етарли пул берамиз, асло чўчима. – дейишди. Шундай қилиб катта опам 28 ёшида куёвга узатилди. Опамнинг турмушга узатилганига 30 йилча  бўлди. Уч ўғил, бир қизли бўлди. Тўнғич ўғли олийгоҳни битирди, мактабда муаллимлик қилмоқда, бошқа фарзандлари ҳам ишга яраб қолишди.

Шуҳратилло акам севган қизига уйланмоқчи эканини айтиб, тўйга тараддуд бошланганда аямиз бу қизни келин қилмайман, уларнинг оиласи менга ёқмайди, бошқа қизни топ, деб туриб олди.

-Аяжон, жон аяжон, у билан мен яшайман, сиз яшамайсиз-ку. Меҳнаткаш, оддий оилада камол топган, тикувчилик касби бор қиз. У қиз мени, мен у қизни яхши кўраман. Келин бўлгач сизга ёқмаса билганингизни қилинг.  Агар оёқ тираб олсангиз, ўзимни ўлдираман, мендан бутунлай қутуласиз. – деди акам аччиғланиб. Чиндан акам сўзида маҳкам турадиган йигитлар хилидан эди. Яна бу ишга тоғаларим аралашди. Келин ва куёвнинг қирқи чиқмасдан аям уларни уйдан ҳайдаб чиқарди. Йигирма йилдан ошдики, акам хотини билан бегона одамларнинг бўш қолган уйларида ижарада яшаб келяпти. Келинойимиз яхшигина хизмат қилаётган эди. Аямизга нимаси ёқмади, хануз тушуна олмайман. Айни пайтда у фарзандларини онасига топшириб, акам билан Россияда ишлаяпти. Уларни уйли қилиш ҳақида ота-онамиз шу пайтгача ўйлаб ҳам қўйишгани йўқ.

Фахриддин акамнинг уйланаман деган қизи ҳам аямга ёқмади. “Майли, аяжон, кимни топсангиз ўшанга уйланаман, сиз рози бўлсангиз бўлгани”, – деди акам. Аямизга маҳалламиздаги ва чеккароқ кўчаларда яшовчи бўй етган қизлар кўрсатилди. Аямга  уларнинг гоҳ оталари, гоҳ оналари ёки уй-жойлари ёқмасди. Қўйингки, уларнинг бирон нуқсон ва камчилигини топиб турарди. Акам бу ҳолатдан қанча аччиғланмасин, аямизга гап қайтариб, ранжитишни истамади. Чунки сўнгги пайтда аямиз жиндек асабийлашса қон босими ошиб, хушидан кетадиган одат чиқарди. Акамнинг уйланиши яна уч-тўрт йилга чўзилди. Бу ишга яна тоғаларим, дадамизнинг қариндошлари аралашиб, Фахриддин акам 27 ёшида уйланди. Бу келин ҳам қанча елиб-югуриб, қўли косов, сочи супурги бўлиб хизмат  қилмасин, барибир ким ёмон – келин ёмон, яхши бўлса ҳам ёмон, ёмон бўлса ҳам ёмон деяверди аям. Унинг ҳар бир ҳаракатини, оғзидан чиққан ҳар бир сўзини тергайверди, ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ, деб қилаётган ишларини назарга илмай қўйди. Камситиб, бирон бир илиқ сўз айтишни ўзига раво кўрмади аямиз. Опаларим келиннинг ёнини олиб, “Аяжон, келин ҳам бировнинг суюкли фарзанди, яхши хизмат қиляпти-ку, бирон марта илиқ сўз айтинг дейишса, “Нима, ишини мақтаб бошимга чиқариб олайинми?”, дея жеркиб берарди. Уч ойдан сўнг эр-хотин уйимиздан олисроқдаги маҳалладаги бировнинг бўш турган уйига кўчиб ўтишди.

Йиллар ўтиб бораётгани аямни асло ўйлантирмас, заррача ташвишга солмасди. Опаларимга келаётган совчиларнинг оёқлари узилди. Гулбаҳор опам ўттиз ёшга етганда қариндошларимизнинг қийин-қистови билан фарзанд кўрмай хотини билан ажрашган, Россияда ишлайдиган йигитга узатилди. Улар ҳозир бир ўғил кўришиб, ўзга юртда яшашмоқда.

Дадамиз ўн фарзандни едириш, кийдириш ғамида қирқ йилдан зиёд тракторда ишлаб ўпкасини шамоллатиб олган экан. Пенсияга чиққач бу дарди кучайиб борди. Ҳар йили икки марта касалхонада ётарди. Акаларим, опаларим – барчамиз аямиздан ҳам дадамизни яхши кўрардик. Бизларни бирон марта уриб-сўкиб, қаттиқ гапирган эмас. Барчамиз дадамизнинг соғлигини ўйлаб дори-дармондан асло камситмадик. Аммо йиллар ўтиб, дард нималарга қодирлигини кўрсатди. Дадамиз бундан ўн йилча аввал   вафот этди.

Аямиз ўғилларимни вақтида уйлантирай, қизларимни муносиб жойдан келса тезроқ узатиб, невара- чевараларни бағримга босиб, шукроналик билан ҳаёт кечирай, деган ўйда бўлмади. Тўрт ака-опаларим ҳам ёшлари анча ўтиб турмуш қуришди. Дадамиз ўтгандан кейин аямиз дод-фарёд қилди. Ҳамма иш ўз вақтида бажарилса, афсус-надоматга жой қолмаган бўларди. Дадамиздан кейин уч қиз узатилмай, икки ўғил ҳамон уйланмай қолди. Мендан катта опам 35 ёшга, кейинги опам 33 ёшга кирса, Бахтиёр акам онамнинг инжиқликларига чидамай Россияга кетган. Ҳозир у ўттиз ёшларда, уйландими-йўқми, бизга номаълум. Кенжа укам Ҳайдарали ёшлигида жуда кўп бетоб бўлган, дорини кўп истеъмол қилганиданми, ақли ноқисроқ.

Ўзим ҳақимда айтадиган бўлсам, ёшлигимдан мактабда тиришиб, қизиқиб ўқидим. Устозимиз Сорахон опадек муаллима бўлишни орзу қилдим. Мактабни нуқул “5” баҳоларга тамомладим. Олийгоҳда ўқиш хусусида сўз очсам албатта аям кўнмаслигини билардим. Иккинчи тоғам мактабда илмий мудир эди. “Жиян, асло ўксима, баҳоларинг яхши, пора бермасдан ўқишга ўтасан, анча-мунча камчилигингга ўзим ёрдам бераман”, деди. Олийгоҳни тамомлаб, ҳозир мактабда биология фанидан дарс беряпман. Ўқишни битираётганимда курсдош йигитдан совчи келди. Аммо аямиз опаларини узатмай туриб Марҳабони бера олмайман, деб совчиларни қайтарди. Опаларимга ҳам ўз вақтида яхши оилалардан совчилар келишди. Аммо аямизнинг қайсарлиги, ўзгаларни менсимаслиги, бой-бадавлат оилаларга қуда бўлишни орзу қилиши умримизнинг бехуда ўтишига сабаб бўлмоқда. Аямиз ўз билганидан қолмай, хатто тоғаларимнинг, бошқа қариндошларнинг гапини олмагач, улар ҳадеб оиламиз ишига аралашмай қўйишди.

Ҳозир ҳам опаларимга ўттиз беш, қирқ ёшлардаги уйланиб ажрашган ёки хотини вафот этган, бир-иккита фарзанди бор кишилардан совчилар келяпти, аммо аямизнинг кўнглидагидек куёв топилмаяпти шекилли, ҳеч кимга розилик бермаяпти. Айтишларича, менга ўттиз ёшлардаги уйланмаган, Россияда ишлаётган йигитдан совчи келса опалари бор, кейин уларга харидор келмай қўяди, деб оёқ тираб турибди. Опаларим: “Майли, сизга маъқул келса синглимизни узатаверинг, ая”, – дейишди, қариндошлар ҳам ёлворишди. Аммо аямиз сўзим-сўз, деб ҳеч кимга қулоқ солмаяпти.

Аямиз етмиш беш ёшдан ўтди. Агар акаларимни вақтида уйлаб, бизларни ёшимизни ўтказмай узатганларида набиралари 30 нафардан ошиб, чеваралар кўрган бўларди. Аямизнинг набиралари энди ўн нафар бўлди.

Бу ҳаёт уммонида бизникидек оилалар балким яна бордир. Мен дилим тубидаги барча гапларимни, оилада бўлган турли муросасизликларни тилга олмадим. Шу айтганларимни ўқиганлар ўзларининг фикр-мулоҳазаларини, маслаҳат ва йўл-йўриқларини баён этишади, деган умиддаман.

 

Марҳабонинг дил изтиробини

Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ

оққа кўчирди 

боғлиқ хабарлар