Ана холос! Россия омбудсмени нима дейди?
Россияда меҳнат муҳожирларининг болаларини ногирон сифатида қабул қилиш таклиф қилинди.
Россиянинг Свердловск вилояти омбудсмени Игор Мороков меҳнат муҳожирларининг болаларига ногиронларга нисбатан бўлгандек муносабатда бўлиш таклифини илгари сурди. Бу ҳақда у ОТВ телеканалида маълум қилди.
Свердловск вилоятидаги болалар ҳуқуқлари бўйича вакили муҳожир оилалардаги мактаб ўқувчиларини ногирон болалар тоифасига тенглаштириш зарур, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, бу камроқ сондаги ўқувчилар билан синфлар яратиш ва ўқитувчилар учун қўшимча ҳақ тўлаш имконини беради.
“Бугунги кунда бизда алоҳида шароитлардаги таълимга муҳтож болалар тоифаси мавжуд. Бу болалар имконияти чекланган, ногирон болалар. Менимча, уларни (муҳожирларнинг фарзандларини) ҳам шу тоифага тенглаштириш керак”, – деди Игор Мороков.
У Екатеринбург шаҳридаги иккита мактабда ўқиётган болаларнинг сони жуда кўплиги ва уларнинг 90 фоизи “мигрант болалар” дея, мисол учун 149-сонли мактабни эслатиб ўтди.
«Уларнинг барчаси душанба куни Россия мадҳиясини куйлашади, улар буни билишади, ҳатто рус тилида гапирмаса ҳам. Тавсия қилинганидек, бир синфда атиги уч нафар муҳожир боласи бўлишини ҳеч қачон таъминлай олмаймиз”, – дея қўшимча қилди минтақавий омбудсмен.
Жорий йилнинг сентябр ойида Москвада яшовчи Қирғизистон фуқаролари ўз фарзандларини Россия давлат мактабларига кирита олмаётганидан шикоят қилган эдилар. Жамоат фаоли Ассоль Молдоқматова ижтимоий тармоқларда уларнинг мурожаатини эълон қилган.
Шунингдек, муҳожирлар Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонасига киришга рухсат берилмагани ҳақида хабар беришган. Улар Вазирлар маҳкамаси ва Жўғўрқу Кенешдан ўз муаммоларига эътибор қаратишни сўраганлар.
«Биз солиқ тўловчимиз. Улар бизни кўрикдан ўтмаётганимизни баҳона қилиб , бу йил болаларимизни умуман мактабга олишмаяпти. Мингдан ортиқ болаларимиз мактабга киролмай, ҳаммамиз уйда ўтирибмиз. Орамизда вақтинчалик пропискага эга бўлганлар ҳам, Россия фуқаролигини олганлар ҳам бор. Элчихонага кира олмаяпмиз, рухсат беришмаяпти”, – дейишади мурожаат эгалари.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги элчихона ушбу масала бўйича Россия президенти маъмурияти, Россия ташқи ишлар вазирлиги ва Москва ҳукумати таълим департаментига мурожаат қилганини маълум қилган. Шунингдек, улар Москвадаги мактабларга жами 224 нафар бола қабул қилишни кутаётганини қўшимча қилишди.
“Россия томонининг фикрича, болаларни таълим муассасаларига жалб этишдаги қийинчиликлар, биринчи навбатда, айрим мактабларда бўш ўринлар йўқлиги билан боғлиқ”, – дея тушунтиришган вазирликдан. Ташқи ишлар вазирлиги бу масала муассасанинг алоҳида назоратида эканлигини, Россия томони билан вазиятни тартибга солиш бўйича музокаралар давом этаётганини маълум қилган.
2024 йил бошидаги расмий маълумотларга кўра, Россияда 411 мингдан ортиқ Қирғизистон фуқароси бор. Бироқ уларнинг қанчаси мактаб ёшидаги болалар эканлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. Жўғўрқу Кенеш депутати Таалайбек Сарибашов Қирғизистон таълим вазирлигидан мигрант болаларни онлайн тарзда ўқитишни сўради. Унга кўра, Россияда мигрант болалар давлат мактабларига қабул қилинмаяпти.
У Вазирлар маҳкамасига мурожаат қилиб, Қирғизистон Таълим вазирлигидан махсус дастур ишлаб чиқиш ва муҳожир болаларни онлайн тарзда ўқитишни сўраган. Чунки меҳнат муҳожирларининг ҳаммаси ҳам яхши пул топавермайди, шу сабабдан хусусий мактабларда болаларини ўқита олишмайди. Парламент спикерига мурожаат қилган депутат ушбу муаммони ҳал қилиш учун Россия Давлат Думаси билан боғланишни сўради.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида парламентнинг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси раиси Улан Примов Россия Давлат Думаси раҳбари ўринбосари Борис Чернишов билан учрашган эди.
Миграция соҳасидаги вазиятга келсак, Улан Примов Қирғизистон фуқароларининг Россияга киришдан бош тортиши ҳолатлари кўпайиб бораётганига ва Россия аэропортларининг чегара назорати зоналарида текшириш жараёнларининг узоқ давом этаётганига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қўшимча қилишича, қирғизистонликлар Москва шаҳри ва вилоятидаги таълим муассасаларига болаларни ўқишга қабул қилишдан бош тортиш масалалари бўйича ҳам мурожаат қилишади.
МДҲнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси эса Қирғизистон омбудсмани Жамила Жаманбаева томонидан таклиф этилган Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг мигрантларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорлиги бўйича тавсияларини қабул қилган эди. Унда июнь ойида Қирғизистон Республикаси омбудсмани МДҲ мамлакатлари инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсманларини мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга чақирган эди.
Қайд этилишича, ҳар бир давлатнинг омбудсман институтлари ўз миграция қонунчилигини таҳлил қилган, Қирғизистон эса ушбу маълумотлар асосида умумий таҳлилий шарҳ тайёрлаган.
Россиядаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Татяна Москалькованинг таъкидлашича, бирлашган таҳлилий тўплам МДҲ давлатларидан келган мигрантлар ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қарор қабул қилиш учун давлат раҳбарларига юборилади.
Жамила Жаманбаева соғлиқни сақлаш соҳасидаги инсон ҳуқуқларига бағишланган “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муаммолари: омбудсманларнинг илғор тажрибаси билан ўртоқлашиш” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда ҳам маъруза қилди ва ҳамкасблари билан учрашувлар ўтказди.
Ҳақиқатчи ва Татяна Москалькова Қирғизистон фуқароларининг Россиядаги ва Россия фуқароларининг Қирғизистондаги ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олган эдилар.
Москвада Жамила Жаманбаева ва Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Қубаничбек Боқонтаев Қирғизистон ва Россия омбудсман институтларининг Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси билан меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ўзаро ҳамкорлиги масаласини муҳокама қилган.
Сўнгги йилларда Россияда меҳнат муҳожирларига бўлган муносабат тобора ёмонлашиб бормоқда. Кучайтирилган талаблар, россия рублининг ўта кучсизланиб кетиши ва бошқа сабаблар билан шундоғам у ерда ишлашга қизқиш сусайиб бормоқда. Шундай шароитда мамлакатда муҳожирларнинг аҳволини янада оғирлаштирувчи қонун ва қарорлар қабул қилинмоқда. Натижада муҳожирлар уйларига кетиб қолишмоқдаки, бу Россияда ишчи кучига бўлган талабни оширмоқда.
Оқбура, Бишкек.
Расм ,Видео интернетдан олинди