Ниҳоят! Турк дунёси давлатлари ягона алифбони қабул қилиш арафасида
Туркий давлатлар ташкилоти махсус комиссияси ягона туркий алифбони ишлаб чиқиб, тақдим этди.
Жорий йилнинг 9-11-сентябрь кунлари Озарбайжон пойтахти Бокуда Туркий давлатлар ташкилоти махсус комиссиясининг учинчи йиғини бўлиб ўтди. У Турк академияси ва Турк тили жамияти томонидан уюштирилди.
Йиғинда туркий давлатлардан расман тайинланган Комиссия аъзолари, икки йиллик ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида олинган билим ва тажрибадан фойдаланиб, туркий тиллар учун умумий алифбо лойиҳасини қабул қилишди.
Йиғинда илк бор 1991-йилда олимлар томонидан таклиф этилган лотин ёзувига асосланган “Умумий турк алифбоси” лойиҳаси ҳар томонлама кўриб чиқилди. Комиссия томонидан мазкур алифбо лойиҳасида такомиллаштириш зарур бўлган масалалар юзасидан атрофлича муҳокамалар ўтказилиб, зарур қарорлар қабул қилинди.
“Ўзаро ҳамкорликдаги фидокорона иш натижасида 34 ҳарфдан иборат умумий туркий алифбо таклифи бўйича келишувга эришилди. Таклиф этилаётган алифбодаги ҳар бир ҳарф туркий тилларда мавжуд бўлган турли фонемаларни ифодалайди”, – дейилади ташкилотчилар тарқатган расмий баёнотда.
Туркий тиллар академияси бу воқеанинг тарихий аҳамиятини эътироф этиб: “Умум туркий алифбонинг ишлаб чиқилиши туркий халқларнинг тил меросини асраб-авайлаш билан бирга ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади”, – дея таъкидлайди.
Ташкилотчилар туркий давлатлар ҳукуматлари ва комиссия аъзоларига алифбони ривожлантириш жараёнига қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирар эканлар, барча тегишли муассасаларни янги умумий туркий алифбони ҳаётга татбиқ этишни фаол қўллаб-қувватлашга даъват этдилар.
Мазкур лойиҳа доирасидаги ишларни мувофиқлаштириб келаётган Туркий академиянинг бош қароргоҳи Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрида жойлашган.
Маълумки, 1990-йиллар бошида Собиқ Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан, мустақил туркий давлатларни бирлаштирувчи халқаро сиёсий ташкилот тузиш бўйича ўзаро музокаралар олиб борилиб, фаол ҳаракатлар кўрила бошлаган. Ўша вақтда Туркия дунёдаги ягона мустақил ва халқаро миқёсда тан олинган туркийзабон давлат қатори, ушбу ҳаракатга раҳбарлик қилган.
Туркия президенти Турғут Ўзал ташаббуси билан 1992-йилнинг 30-октабрида Aнқара шаҳрида Туркий тилли давлатларнинг биринчи саммити бўлиб ўтган. Унда ўша пайтдаги Озарбайжон президенти Aбулфаз Элчибей ва Марказий Осиё давлатларининг собиқ раҳбарлари Ислом Каримов, Нурсултан Назарбаев, Сапармурот Ниязов ва Aсқар Aқаевлар иштирок этишган. Саммит иштирокчилари сиёсий ва иқтисодий бирлик ўрнатиш ният ва истакларини эълон қилишган.
Ягона турк алифбосини қабул қилиш ташаббуси ҳам Туркияга тегишли бўлиб, Турғут Ўзал бу ишни амалга оширишнинг молиявий ҳаражатларини ўзига олган. Лекин кўп ўтмай Ўзал вафот этиб, ташаббус ўлда-жўлда қолиб кетди. Бу қарор асосида фақат Ўзбекистон лотин алифобосига ўтишни қисман амалга оширди.
Бироқ, ўтган чорак аср давомида ўтказилган кўплаб йиғин ва тадбирларга қарамай, афсуски, туркий давлатлар бир иттифоққа бирлаша олмади. Айрим давлат раҳбарларининг шахсий амбициялари ҳамда ана шундай бирлашувни истамаган ташқи кучларнинг таъсири остида бу ғоя амалга ошмай келди.
Ниҳоят Истанбулда 2021-йилнинг 12-ноябрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг VIII саммитида, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркий кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилганини маълум қилди.
Кейинроқ, 2022-йилнинг 27-апрелида ташкилотнинг Конституциявий судлар кенгаши тузилди. Мана шу фаоллик туфайли туркий тилларнинг ягона алифбосини яратиш борасидаги ишлар ҳам жадаллашиб кетди.
Энди тилшунослар олимлар таклиф этган ягона алифбони ҳар бир давлат ўзининг тегишли идораларида муҳокама қилиб, давлат миқёсидаги қарор билан қабул қилиши керак. Бу иш яна қанча вақт олиши ҳозирча ноъмалум.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди