САВОДСИЗЛИК ЯНА ҚАНЧА ЙИЛЛАР ҲУКМРОНЛИК ҚИЛАРКИН?  

(Сўнгги йилларда саводли одам анқонинг уруғига айлангани рост)

    Кўп йиллардан бери турли нашрларда муҳаррирлик юкини орқалаб келаман. Ора-чорада ижтимоий тармоқлардаги баҳс, мунозараларга ҳам аралашишга тўғри келади. Мана шу жараёнда одамлар ёзувидаги ғиж-ғиж хатони, мутлақо саводсиз одамларнинг маънавият, дин ва маданият ҳақида ҳаммага ақл ўргатишларини кўриб, дилим вайрон бўлади. Айримлар ҳатто ўз исмини ҳам тўғри ёза олмайди. Бу кетишда пешонамиз қайси деворга бориб урилади, билмайман. Асли бу шўр пешоналар урилмаган девор ҳам қолмади, шекилли… Лекин ақл қургур кирмади-кирмади-да.

Саводсизлик – жаҳолатга, унинг кетидан тобеликка, қулликка элтувчи кўприк. Буни идрок қилмаган, мавжуд вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилмаган давлат, миллат ва жамоанинг келажаги мавҳум.

Тилми ёки илм, шудир масала…

Уч йил (1990-93 йиллар) мактабда ўқитувчилик қилганман, тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари ҳам бўлдим. Ўшанда болаларнинг саводсизлиги даражасини кўриб, даҳшатга тушгандим. Ҳозирда вазият қанақа эканини тасаввур қилишдан ҳам қўрқаман. Чунки имлоси оқсаётган университет битирувчиларини, ҳатто кўп йил ишлаб қўйган ўқитувчиларни кўрдим. Хатосиз, чиройли хуснихат деган нарса бугунги кунда бутунлай унут бўлгандай… Биз ўқиган 70-80-йилларда ҳар бир синфда ҳеч бўлмаганда 2-3 нафар имлоси яхши ўқувчи бўларди. Ҳамма чиройли ёзишга интиларди, бу нарса ўқитувчилар томонидан рағбатлантириларди. Ўқитувчилар ҳар яхши ишда намуна бўлишарди.

Қирғизистонда ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларнинг қисқариши ҳақида бир ҳовуч одам бонг уриб кўрдик, лекин аксари юртдошларимизнинг парвойи фалак. Кўпчилик ҳамон фарзандларини рус тилида ўқитишга қизиқади. Қирғиз тилида ўқиётган ўзбеклар ҳам кўпайиб қолди. Унисиям бунисиям ёмон эмас, ўзбек ёшлари орасида қирғиз тили ва адабиёти ўқитувчилари пайдо бўлаётгани ҳам яхши ҳолат. Лекин аралаш мактаб деган балони ўйлаб топишгани ва бу ғояни кўпчилик зиёлилар қўллаб-қувватлагани, омма эса буни чуқурроқ фикр юритмай қабул қилиб, эргашгани ачинарли. Албатта, бу ҳам вужудга келган вазиятдан чиқишнинг, ёш авлодни бутунлай саводсизлик домига тушиб кетишдан сақлашга уринишнинг бир йўли. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрилса-чи?

Нега Европа давлатларида, Япония, Сингапур, Жанубий Корея каби Шарқ мамлакатларида билим даражаси юқори? Бунинг сабаблари кўп, лекин асосийси – бу давлатларда аҳолининг битта асосий тилда таълим олиши ва фаолият юритишида. Масалан, АҚШ ва Англияда инглиз тили ҳукмрон. Бошқа давлатлардаям аҳолининг аксари қисми инглиз тилини танлаган бўлса, бошқа қисми кўпроқ испан, немис, француз каби дунё тилларидан фойдаланади. Швейцарияда француз, немис ва италян тилини ишлатадиган уч ҳудуд бор, уччала тил ҳам давлат тили ҳисобланади. Лекин улардаги мактаб ва университетларда ўша тилларнинг биттасида таълим берилади.

Бизда-чи?

Кўп тилли мактабларда турли фанларни уч турли тилда – рус, қирғиз, ўзбек ва ҳатто инглиз тилларида ўқитиш таклиф қилиняпти. Айрим мактабларда бу нарсага амал қилина бошлади ҳам. Бундан ташқари, болалар инглиз ёки бошқа бир чет тилини ҳам ўрганиши шарт. Оқибатда болаларимиз ушбу тиллардан бирортасини, жумладан она тилини ҳам, яхши ўзлаштириб улгуришмаяпти. Дарсликлар ва ўқитувчиларнинг савиясига эса, айрим ҳолларда ҳатто маймунлар йиғлайди. Буни барча ўқитувчиларга қарата таъна деб тушуниш тўғри бўлмайди – аксари устозларимиз давр муаммоларига қарамай, ўз вазифаларини фидокорлик билан бажаришяпти. Лекин ота-оналар ҳақида бундай дейиш жуда қийин.

Тил ўрганиш – мураккаб жараён. Бекорга тил ўрганиш бўйича бутун бошли илмий марказлар, институтлар барпо қилинмаган. Тил ўрганиш мурғак боланинг ментал, ақлий ўсиши ва дунёқараши шаклланиши билан бевосита боғлиқ. Энди тасаввур қилинг: бола уйида ўзбекча гаплашади, айрим фанларни рус, қирғиз ва она тилларида ўқийди. Бола бечора тил ўрганадими, математиканими? Бу тиллар фаол ўқитилган тақдирда ҳам бошланғич синф боласи уларни қачон ўзлаштириб улгуради? Бир умр уриниб, инглиз тилини ўргана олмаганлар қанча? Тўғри, боланинг мияси мослашувчан бўлади, ўзга тилларни ҳам тез ўзлаштириш қобилиятига эга. Лекин бу қобилият ҳаммада ҳар хил. Ўқувчининг бошқа тилни ўрганиб, ўша тилда таълим ола биладиган, эркин фикрлай оладиган даражага етиши учун кўп йиллар талаб қилинади. Қолаверса, бугунги мактаб дастурларида ортиқча фанлар кўп. Бугунги мактаб ўқувчиси елкасига, тўғрироғи – ҳали нозик, мўрт онгига тушаётган юкнинг нақадар залворли экани ҳақида мутахассислар кўп йиллардан бери бонг уриб келишади.

Мактабда ўқиган одам яхши билади: у ерда ўқитилган нарсаларнинг 99 фоизи ҳаётда ишлатилмайди. Энг ачинарлиси ҳам шунда. Лекин одамга ҳар дамда, бутун умри давомида керак бўладиган нарсалар, масалан, ўз фикрини тиниқ-равшан ифода қила билиш, одамлар билан тўғри мулоқот қилиш ва нотиқлик санъати, динга, атроф-муҳитга тўғри муносабат, ўз имконият ва қобилиятларини тўғри баҳолай билиш ҳамда танлаган касбида муваффақиятга эришиш сирлари ҳақида мактаб дастурларида ҳеч вақо йўқ. 

Тил – онгни бошқариш қуроли 

“Болангни қайси тилда ўқитсанг, у ўша халқнинг вакили бўлади”, деб бежиз айтишмаган. Бунинг нақадар аччиқ ҳақиқат эканини ҳаёт кўрсатяпти. Мисрда, ҳатто тили, маданияти ва диний ақидалари бизга яқин бўлган Туркияда диний таълим олган ёшларимиз “ўта ақлли” бўлиб келиб, дунё тан олган олимларимизни ҳам менсимай қўяётгани сир эмаску! Юртига қайтиб келгач, ёшларни бегона оқимлар домига тортиб кетаётгани ёлғонми?

Европа ва АҚШда таълим олган ёшларимиз тақдири – алоҳида мавзу. Ўзбеклар орасида ҳозирча бундайлар кам (бунга қайғуришниям, хурсанд бўлишниям билмайсан одам), лекин Бишкек томонларда бу – катта муаммо. Ғарбда ўқиган ёшларнинг кўпи у ердаги халқларнинг маданиятини ўзларига сингдириб, миллий, диний қадриятларимиз устидан кулишади, ҳезалакларнинг юриш-туришига ҳавас қилишади, уларга ва турли бетайин гуруҳлар вакилларига ҳамдард бўлиб яшашади. Нега? Чунки бу “қадриятлар” тил ўрганиш ва билим олиш жараёнида ёшлар онгига сингдириб борилади. Оқибатда ота-она билан фарзанд ўртасида, катта ва ёш авлод ўртасида тушунмовчилик, қарама-қаршилик пайдо бўлмоқда. Бу эса жамиятда ўзаро нафрат туйғуси шаклланишига олиб келмоқда. Кимлардир бу қарама-қаршилик янада кучайиши учун саъй-ҳаракат қиляпти ҳам.

Тил ўрганиш курслари, турли илова ва китобларда ҳам аҳвол шу. Бир неча йил машҳур “Дуолинго” деган илова ёрдамида инглиз тилини ўргандим. Эътибор берсам, у ерда мисол тариқасида келтирилган жумлаларда севги ва эркак-аёл муносабатлари, спиртли ичимликлар ва бошқа зарарли нарсалар ҳақида “бепарда”, ошкора жумлалар қайта-қайта айтилади. Бу ҳам ўша ярим-яланғоч ғарб қадриятларини тарғиб қилишнинг бир йўли. Бунга ўхшаш бепул иловалардан миллионлаб болалар фойдаланади. Улардан нима кутса бўлади?

Ғарб киноси ва эстрадасига шайдо, ижтимоий тармоқлар таъсирига тушган ёшлар инглиз тилини ўрганиб, чет элларга кетиш иштиёқида. Лоақал, Россияни ҳавас қилиб яшаяпти. Лекин ниятларига етиб, ўша ёқларда яшаб қолишса, бу ёшлар энди бизга тегишли эмас, улар ўша давлатларнинг одами бўлиб қолишади. Бир-икки авлод алмашгач, уларга бизга ёт бўлиши, вақти келиб ҳатто ёвлаша бошлаши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Кўпи у ерлардан қайтиб келишни истамайди, келганлари эса бизга бегона бўлиб келади.

Мен зинҳор ғарбда таълим олишга қарши эмасман. Ривожланган давлатларда, энг кучли таълим даргоҳларда билим олиш – ҳаётий зарурат. Ёшларимизнинг бунга интилиши қувонарли. Бекорга машҳур ҳадисда “Илмни Чинга бориб бўлса ҳам ўрганинглар”, дейилмаган. Юқоридаги гаплардан мурод – болалик чоғидан фарзандларимиз онгига миллий руҳ, исломий дунёқарашни сингдириб улгуришимиз керак, демоқчимиз. Ана ўшанда янги авлод ким қаёққа етакласа кетаверадиган нодон бўлиб ўсмайди. Миллий руҳ ва қадриятлар эса она тилида таълим бериш билан шаклланади, мустаҳкамланади.

Отам раҳматли армияда рус тилидан қийналгани боис катта акамизни рус мактабига берган экан. Лекин акамизнинг одоб-ахлоқ, юриш-туришидаги айрим ҳолатларни кўриб, бошқаларимизни ўзбек тилида ўқитган. Мен ҳам ўз болаларимизни ўзбек тилида ўқитдим. Лекин бу уларга рус ва қирғиз тилларини ҳам она тилидай билишларига тўсқинлик қилмади. Бунга қўшимча, бири араб тили ўқитувчиси бўлса, бошқаси турк тили мутахассиси. Аввали Худодан, қолаверса биз ҳам оилада бошқа тилларга тўғри муносабат шакллантира олдик, деб ўйлайман. Шахсий намуна бу ерда асосий рол ўйнайди. Ўзим ҳам мактабда ўзбекча ўқиганман. Рус тилини мустақил ўрганиб, русийзабон журналист сифатида танилдим, қирғиз тили эса иккинчи она тилимдай бўлиб қолган.

Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин

Фарзандларимиз мактаб ёшига етганда қишлоқдан Жалолободга кўчиб бордик. Бизга яқин мактабда рус тилида ўқитиларкан, ўзим ҳам у вақтда, болаларни рус тилида ўқитиш афзалроқ деган фикрда эдим. Икки фарзандим бошланғич синфда роса қийналишди. Дарсларни тушунишмайди, уй вазифаларини бажариш машаққатга айланган. Ёшлик қилиб, уларни уришиб, дакки бераверибмиз. Натижада уларнинг ўқиши янада ёмонлашиб, кўзларида қувонч ва қизиқиш сусая бошлади. Бир куни мактабга улардан хабар олгани борсам, илмий мудири катта ёшдаги рус аёл экан, мени четга тортди. Уйда қайси тилда гаплашишимизни сўради. Она тилимизда гаплашишимизни билгач, “сенга бир гап, яна ўзинг биласан”, деб болаларни ўзбекзабон мактабга ўтказишни маслаҳат берди. Аёл ҳар боланинг бешинчи синфгача она тилида ўқиб, кейин бошқа тилга ўтгани маъқул эканини айтди. “Ҳозир дарсларда улар ҳеч нарсани тушунмай ўтиришади, ўқитувчилардан тинимсиз дакки эшитишади, айрим синфдошлари уларни калака қилади. Бу уларнинг руҳиятига ёмон таъсир қилади, ўзига ишончи йўқолиб, тобора орқага кетаверишади”, – деди у. – “Она тилида ўқиган бола эркин фикрлайдиган, ўз фикрини қўрқмай ифода қиладиган бўлади. Ўзига ишончи ортади, ўзи тушунган муҳитда шўх-шодон юради”.

Ўша аёл менга яна бир жуда яхши сабоқ берди: болаларнинг ҳаммаси ҳам аълочи бўлиши, институтга кириб, юрист ёки депутат бўлиши шарт эмас. Муҳими, яхши одам бўлсин, бошқалар билан муомала қилишни ўргансин, дунёга қизиқиш билан боқиб, ўзига яқин муҳитда, эркин ўссин. “Бизнинг мактабда улар бу нарсаларни олишолмайди”, деганди у.

Тўғри, уйда болалар билан русча гаплашиб, кунига 1-2 соат бирга дарс қилсак, бу тилни ўзлаштириб олишлари мумкин эди. Лекин бошқа тилда гаплашиш бизга эриш туюлди. Ахир она тилимиз, миллий қадриятларимиз нима бўлади? Хуллас, фарзандларимиз ўзбек мактабига ўтишди. Кўп ўтмай, ташналикдан сўлий бошлаган гулга сув қуйгандек яшнаб кетишди. Аълочи, илғор ўқувчилар қаторидан жой олишди.

Бола ўз она тилида таълим олиши нақадар муҳим экани илмий тажрибалар ва ҳаётнинг ўзи аллақачон исботлаб қўйган. Афсус, бугунги кунда болаларимиз гўёки бир неча тилни ўрганишади, аслида эса улардан ҳеч бирини яхши эгаллай олишмайди. Бунинг оқибати – ўз фикрларини аниқ баён қила олишмайди. Чунки “аштак-паштак” тилда гаплашиб кўнишгани учун уларда аниқ-тиниқ фикрнинг ўзи йўқ. Фикри тиниқ бўлмаган, дилидагини равон тилда баён қила олмаган одам нимани хоҳлашиниям билмайди. Ўз истак ва мақсадларини аниқ тасаввур қила олмагач, уларни бировга (аввало ота-оналарига, яқинларига) лўнда ва тушунарли қилиб айтиб бера олмайди. Бундай бола ҳаётда кўп қоқилади. Бутун умр ўзини, ўзи севган касбини ё ишини топа олмай, самарасиз яшаб ўтиб кетиши мумкин.

Ўтмишдан сабоқ олмаслик – жаҳолат

Хуллас, бугунги кунда “кўптилли мактаб” ғояси мамлакатимизда жуда долзарб масала бўлиб қолди. Таълим вазирлигидан тортиб, умр бўйи ўқитувчилик қилиб ҳам мактаб нималигини яхши англамаган “устозлар” шу ҳақда лафз қиладилар. Албатта, бу фикр тарафдорлари орасида мен шахсан таниган-билган, чуқур илмли, маърифат ва халқ учун чинакам куйган одамлар ҳам кўп. Уларнинг фикрини ҳурмат қиламан. Улар мен билмаган нарсаларни билишса керакки, шу фикрни қўллашаётгандир. Лекин менимча, мактаблардаги кўп тиллилик ғояси кўпроқ утопия, ношуд хаёлпарастликка ўхшайди. Бу – норасида болалар устидан нўноқларча, номақбул синовлар ўтказиш деган гап. Биргина фарқи шуки, ҳар қандай (илмий) тажрибадан кейин мутахассислар унинг натижаларини таҳлил қилиб, тегишли хулосалар чиқаришади. Давлат ёки бошқа манфаатдор томонлар эса шу хулосалар асосида бир қарорга келади. Ёки, аксинча ҳам. Лекин биз бу ишлардан жуда олисмиз. Воқеа-ҳодисаларга кўзни каттароқ очиб қараш, уларни таҳлил қилиб, илмий асосланган қарорлар қабул қилиш – бизга бегона. Сўнгги чорак аср ичида чиқарилган кўп қарорлар, ўтказилган “эксперимент”лар ва улар натижасида хароб бўлган таълим тизими – фикримизнинг ёрқин далили.

Совет мактабида таълим чуқур илмий асосга қўйилган эди. Буни ривожланган давлатларда ҳам эътироф этишади ва кўп услубларни ўзларига олишган. Ўша таълим тизимининг энг самарали амалга оширилган, лекин миллий республикалар учун зарарли бир жиҳати – руслаштириш сиёсати бўлган. Тарих дарсларида асосан рус ва славян халқлари тарихини ўрганган бўлсак, бошқа дарсларда ҳам асосан рус маданияти ва маърифати онгимизга сингдирилди. Миллий ва диний мафкурамиз “афюн” деб ўргатилди. Лекин шунга қарамай, 70 йилдан кўпроқ давр ўтса-да, барча республикалар халқлари, айниқса қўшни Ўзбекистонда ўз она тили ва маданиятини сақлаб қола олдилар. Мустақилликка эришгач эса, собиқ совет республикаларида миллий тил, маданият ва қадриятларга қайтиш асосий масалага айланди. Ваҳоланки, СССР даврида руслар сони, маданияти ва бошқа кўрсаткичлар бўйича биринчи халқ ҳисобланган. Тўғри, Россиянинг ўзида яшаган ёқут, бурят каби кам сонли миллатлар руслашиб кетишди. Бунинг асосий сабаби – ўша миллатларнинг сони озлигида. Лекин уларда ҳам ҳозир миллий ўзлигини англаш, миллий қадриятларга қайтиш – долзарб масалага айланган. Афсуски, бунда бир миллат манфаатлари илгари сурилиб, бошқа миллатларнинг айнан муаммолари эътибордан четда қолиб кетмоқда.

Қирғизистонда бугун бир миллиондан ортиқ ўзбек яшайди, ёнгинамизда Ўзбекистон, унинг ўнлаб теле ва радиоканаллари, ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқлар, кино ва эстрада санъати тилимиз ва маданиятимизни сақлаб, ривожлантириб боришда биз учун мустаҳкам пойдевор. Лекин агар биз ўзимиз, ҳар биримиз миллийликка юз тутиб, билимли (саводли десак, тўғрироқ бўлади), ҳур фикрлайдиган, келажакка ишонч ва кенг назар билан боқиб, ҳаётда муносиб ўрин топишга интилган ёшларни тарбияламас эканмиз, ташқи омиллардан наф бўлмайди.

Бугун мамлакатда олиб борилаётган кўп тилли ёки бир тилли таълимга ўтказиш сиёсати вақт ўтиши билан парокандага учраши аниқ. Бу жуда қимматга тушади. Чунки бу сиёсат ваъда қилинган ва кутилган натижани бермаса, халқнинг омилиги ортади, одамлар орасида норозилик кучаяди. Мен кўп миллатли Қирғизистон тенглик, эркинлик ва хилма-хиллик асосидагина кучли ва бой давлат бўла олади, деб ишонаман. Ҳозирда катта авлод қўмсаб эслайдиган СССР ҳам айнан турлилиги, хилма-хиллиги билан қудратли эди. Совет давлатининг биринчи рақиби бўлган АҚШ ҳам ҳануз кўп миллатлилиги, маданиятининг ранг-баранглиги билан қудратли. Бу давлат Америка қитъасига қул бўлиб борган қора танли халқ вакилини президент даражасига кўтара олди.

“Ғилоф бандаси” бўлмайлик

Бу гаплар ўзбекларни ўз қобиғимизга ўралиб яшашга даъват қилиш эмас, асло. Аниқки, ўз қобиғига ўралиб яшашлик – миллат зиёлиларининг йўқ бўлишига, миллий ва маданий инқирозга олиб келади. Бугунги Ўзбекистон ва ўзбек халқининг қудрати – унинг дунё халқлари ва маданияти учун очиқлигида. Ўзбек халқининг бугунги бой тили, маданияти ва бетакрор санъати, илмий-техник салоҳияти қисман бошқа халқлар маданияти ҳисобига ва ўзга давлатлар билан ҳамкорлик натижасида бунёдга келди. Демак, биз, Қирғизистон халқи, жумладан ўзбеклар ҳам қалбимиз билим ва янгиликка очиқ, илмга ташна бўлиб яшашни ўрганишимиз лозим. Фарзандларимиз давлат тилини, рус, инглиз, араб ва бошқа чет тилларни аъло даражада билсин. Лекин уларни она тилимиз орқали ўрганишсин. Муҳими, миллийлигимизни йўқотмаган ҳолда Қирғизистон деб аталмиш давлатнинг тенгҳуқуқли фуқаролари эканимизни қалбимизга жо қилиб яшайлик.

Қирғизистон мустақиллиги йилларида, айниқса, Асқар Ақаев даврида Қирғизистондаги ўзбеклар ўзларини қирғизистонлик деб ҳис қила бошлаганлар. Ислом Каримовнинг айро яшаш сиёсати туфайли бу туйғу янада кучайди, бизнинг ватанимиз айнан Қирғизистон эканини ич-ичдан туйдик. Мана шу фуқаролик тушунчаси, ўзимизни ушбу юрт, жамият аъзоси эканини чуқур англашимиз ҳар икки давлат учун ҳам муҳим. Ўзбекистон учун бу ердаги ўзбекларнинг “дарди-фиғонини” тинглашдан кўра, янги ғоя ва лойиҳалар доирасида ҳамкорлик қилиш мақсадга мувофиқроқ. Буни тўғри қабул қилишимиз керак. Арз-дод қилиш, ўзи ҳал қилиши лозим ва мумкин бўлган муаммони қўшни давлат елкасига юклашга интилиш эса биз ўзбекларга ҳам, икки давлат алоқаларига ҳам фойда келтирмайди.

Ҳар қандай шароитда ҳам фарзандларимиз она тилимизни пухта ўзлаштириб бориши, миллий ва диний қадриятларимизни равшан англаб, уларни қалбига жо қилиб бориши муҳим. Бу эса уйда, ота-онанинг, катталарнинг шахсий ўрнаги орқали амалга ошадиган нарса. Валлоҳу аълам!

 Абдумўмин Мамараимов, Бишкек

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг