Бўрибой Жўраев ким эди?
Тарих дегани — бу фақат саналар ва воқеалар эмас. У, аввало, инсонлар тақдири, улар ортидан қолган эзгу излар, эл хотирасида сақланиб қолган фидойилик намунасидир. Ҳар бир давр ўзига хос сиймоларни камолга етказади. Лекин баъзи инсонлар борки, уларнинг ҳаёти тугаганидан кейин ҳам исми ўчмайди, аксинча янги маъно касб этиб, авлодларга ибрат бўлиб яшайди. Бўрибой Жўраев ана шундай шахслардан эди — фақат лавозими билан эмас, балки ички маданияти, принципиал қарашлари, юртга садоқати билан катта бўлган инсон. Унинг ҳаёт йўли Қирғизистон тарихининг бир неча муҳим босқичлари билан узвий боғланган: Совет давридаги ўзгаришлар, мустақилликка ўтишнинг оғир йиллари, жамият тинчлиги учун олиб борилган масъулиятли ишлари ва ҳокозо.Бу инсоннинг қиммати шундаки, у қайси вазифада ишламасин, ўша вазифани вазифа деб эмас, эл хизмати деб қабул қилган. Унга юкланган иш — масъулият, халқ муаммоси — шахсий вазифа, юрт тинчлиги — энг қадрли мақсад бўлган.
Бўрибой Жўраевич 1939 йил қишнинг сўлим бир куни — 12 январда Ўш шаҳрининг қадимий Бешкўприк маҳалласида колхозчи-деҳқонлар оиласида туғилган. Бўрибойнинг болалиги баҳорнинг илиқ ҳавоси ва оддий меҳнат шукӯҳини ўзида жамлаган муҳитда ўтди. Шу атроф, шу ҳаёт тарзи унга икки муҳим ҳақиқатни эрта ўргатди: меҳнатдан қочмаслик ва одамлар дардига бефарқ бўлмаслик. Кейинги бутун умрида у айнан шу икки оддий, аммо мустахкам принципга амал қилиб яшади.
Ёш Бўрибойнинг илмга чанқоқлиги уни дастлаб Тошкентга етаклади. У ўша пайтдаги нуфузли олийгоҳ — Политехника институтида муҳандис-электромеханик мутахассислигини ўзлаштирди. Бу ўқиш унга техник фикрлаш, тизимли ёндашув ва катта масъулиятни сингдирди.Ордан йиллар ўтгач, у қайтадан билим олиш йўлини танлади: Москвадаги Олий партия мактабини битириб, кейинчалик Қирғизистон Миллий университетида ҳуқуқшунослик бўйича ўз билимини оширди.
Шундай қилиб, муҳандислик тафаккури, сиёсий билим ва ҳуқуқий фикрлаш унинг шахсиятида бир бутунлик касб этди. Бу барча кейинги лавозимларида муҳим ўрин тутди.Унинг меҳнат йўли бир лойиҳалаш институтида оддий муҳандисликдан бошланди. Партия уни эркин фикрловчи, масъулиятли ёш мутахассис сифатида уни рағбатлантирди. Ўш насос заводида технолог-муҳандис, кейинчалик комсомол қўмитасида масъул ходим сифатида ишлаши унинг юксак ташкилотчилик қобилиятини очиб берди.
Комсомолдаги фаолияти уни Ўш шаҳар ёшлари орасида нуфузли етакчига айлантирди. Унинг ташаббускорлиги, оддий одамлар муаммосини эшитиш ва ҳал қилишга бўлган интилиши раҳбарлик эшикларини очди. Кейинчалик у Ўш шаҳар Халқ назорати қўмитаси, шаҳар партия қўмитаси, шаҳар ва вилоят ижроия идораларида раҳбар вазифаларини бажариб, катта тажриба тўплади.
Жалолободдан тортиб Ўш вилоятигача бир қатор йирик ташкилот ва идораларга раҳбарлик қилди. У қайси лавозимда бўлмасин, омма билан очиқ мулоқот, адолат ва интизомни устувор қўярди.1990-йиллар боши Қирғизистон учун иқтисодий ва сиёсий синовлар даври эди. 1990–1991 йиллари — Қирғизистон Коммунистик партиясининг Ўш вилояти қўмитаси котиби. 1992–1995 йилларда У Ўш вилояти бўйича фавқулодда вазиятларни бартараф этиш комиссияси раҳбари, шу билан бирга Ўш вилояти давлат маъмурияти бошлиғининг ўринбосари сифатида фаолият юритган.Мана шу қийин паллада Бўрибой Жўраев вилоят бўйича фавқулодда вазиятларни бартараф этиш комиссиясига раҳбарлик қилди. Бу иш нафақат маъмурий, балки юксак инсонпарварлик ва дадил қарорлар талаб қиладиган вазифа эди.У айни ўша оғир йилларда ҳам халқнинг ёнида турди — кимнинг оилавий муаммолари-ю, ким қийналса, Жўраевнинг ўзи ўша ерда пайдо бўларди. Шунинг учун уни одамлар ортидан «халқнинг қўлидан ушлаб турибди» деб таърифлашарди.
Бўрибой Жўраев икки чақириқ Қирғизистон Олий Кенгашига депутат этиб сайланди. Олий Кенгаш Аграр-саноат мажмуаси қўмитаси раислигида асосан аграр-саноат соҳаси билан боғлиқ қонунчиликда катта иш олиб борди. Юртда ишлаб чиқаришни тиклаш, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, энергетика соҳасида тартиб ва назорат ўрнатиш масалаларида унинг масъулиятли таклифлари кўп марта тилга олинди.
У Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги савдо вакили сифатида икки қардош халқ ўртасида кўприк бўлди. Савдо, логистика, қўшма лойиҳалар, дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш — унинг ўша даврдаги асосий вазифаси эди ва буни шараф билан адо қилди.
2000-йиллар бошида Қирғизистон Республикаси Жамоатчилик палатаси аъзоси, кейинчалик Президент маслаҳатчиси сифатида ҳам фаолият юритди. Энг муҳим томони — у қайси идорада ишламасин, ҳар доим ҳақиқатни айтишдан қўрқмасди. Муаммо юзага келса, «халқ манфаати қайерда?» деган саволни биринчи ўринга қўярди.
Мамлакатда тинчликка таҳдид солган мураккаб 2010 йил воқеаларини ўрганиш бўйича Давлат комиссиясида ишлаши ҳам унинг юксак жавобгарликка эга сиёсий арбоб эканини яна бир карра исботлади.
Унинг бутун меҳнат фаолияти давомида олган мукофотлари шу хизматларнинг ҳужжатли тасдиғидек. Совет Иттифоқи даврида бир нечта медаллар, Олий Кенгаш фахрий ёрлиқлари, кейинчалик «Данк» медали ва давлатнинг юксак унвонлари — буларнинг бари унинг соф ният билан хизмат қилганини кўрсатади.«Қирғизистонда хизмат кўрсатган саноат ходими» унвони эса унинг иқтисодиёт тараққиётига қўшган амалий ҳиссасини юрт миқёсида тан олганлигини билдиради.
Бўрибой Жўраевич ҳаётда фақат давлат арбоби эмас, балки меҳрибон ота ва бобо сифатида ҳам катта муҳаббатга сазовор бўлган инсон эди. Турмуш ўртоқлари Маликахон ая билан тўрт фарзанд тарбиялаб, уларга меҳнат, ақл, ибрат ва одамийлик дарсини берди.16 невара, 8 чеваранинг бобоси сифатида унинг атрофида доим болалар қувончи, қулги ва меҳр бор эди. Бу — унинг энг катта бахти эди.
2025 йил 3 декабрь куни Бўрибой Жўраев оламдан ўтди. Бир умр хизмат, адолат ва халқаро фаолият билан ўтган узун йўл шу ерда тугади. Аммо унинг номи, қилган ишлари, қолдирган изи халқ хотирасида яна узоқ яшайди.У юртнинг оғир кунларида елкасида юкини кўтарган, халқ фаровонлигини устувор деб билган, тинчлик ва бирдамлик йўлида хизмат қилган фидойи инсон эди.
Одилжон Дадажонов
