БИЗДАГИ СУННАТ ТЎЙЛАРИ
Ўзбек халқининг асрлар давомида шаклланган оилавий-маросим маданияти ичида хатна тўйи, ёки суннат тўйи алоҳида ўрин тутади. У фақат бир тиббий амал ёки оддий байрам эмас, балки болани жамиятга, дин ва анъаналар тизимига қабул қилиш билан боғлиқ маънавий-ижтимоий институт ҳисобланади. Хатна тўйи орқали ўғил бола болалик босқичидан масъулият ва жинсий-ижтимоий етукликка қадам қўйган, деб қаралган.
Ўшлик ўзбеклар хотирасида хатна тўйи оддий маросим эмас, балки боланинг болаликдан жамоа ҳаётига қадам қўйишини англатган катта воқеа сифатида сақланиб қолган. Катталар тилида айтилганда, бу тўй “боланинг қўлини ҳалоллаш”, яъни уни мусулмончилик йўлига киритиш, эл-қавм олдида тан олиш маросими эди. Шу боис Ўшда хатна тўйи кўпинча “ўғил тўйи”, “суннат тўйи”, баъзан эса халқ тилида “чипрон” деб ҳам аталган. Ислом оламида таниқли уламо шайх Раҳматулло домла Қосимовнинг таъкидлашича, “хатна” сўзи луғатда “кесиш” маъносини англатади. Ўшда ушбу маросимнинг “суннат тўйи” деб аталиши эса унинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатга боғлиқ.
Қадимдан бу маросим боланинг муайян ёшга етганини билдирувчи бир турли синов, ўтиш босқичи сифатида қабул қилинган. Одатда бола 3 ёшдан бошлаб 7–10 ёшгача хатна қилинган, айрим ҳолларда эса боланинг жисмоний ҳолати ва ота-онанинг шароитига қараб кейинроқ ҳам ўтказилган. Бу иш якка оиланинг эмас, балки бутун маҳалланинг иши ҳисобланган.
Суннат тўйига тайёргарлик одатда анча олдиндан бошланган. Аввало хонадонда “маслаҳат оши” ўтказилиб, унга қариндош-уруғлар, маҳалла оқсоқоллари, шунингдек, ҳаёт тажрибаси бой аёллар таклиф этилган. Мазкур йиғинда тўйнинг қачон ўтказилиши, унинг кўлами, маросимлар кетма-кетлиги, меҳмонлар сони каби муҳим масалалар келишиб олинган. Ҳар бир иш маслаҳат билан, жамоавий келишув асосида амалга оширилган.
Меҳмонларни таклиф қилиш, ош-овқат масаласини ҳал этиш, ўйин-кулги ва томошаларни ташкил этиш хатна тўйининг ажралмас қисми ҳисобланган. Бу ишлар маҳалла аҳли ўртасида тақсимланиб, ҳар ким ўз зиммасига тушган вазифани сидқидилдан бажарган. Маҳаллада кўп фарзанд кўрган, тажрибали аёллар бир жойга йиғилиб кўрпа қавишган, тўйболанинг сарпо ва кийим-кечакларни тикишган. Бу жараён тарбиявий аҳамиятга ҳам эга бўлиб, унда ёш аёллар катталардан ҳаёт сабоқларини олган.
Эркаклар эса мол сўйиш, тандир қуриш, маслаҳат оши уюштириш, меҳмон кутишга тайёргарлик кўриш билан машғул бўлганлар. Бу умумий меҳнат ва йиғинлар орқали қариндошлик, қўни-қўшничилик муносабатлари мустаҳкамланиб, ҳар ким ўз ҳиссасини қўшишни шараф деб билган.
Тўй арафасида хонадонда ҳатми Қуръон ўқилиб, унга маҳалланинг оқсоқоллари, имом-хатиб ва яқин қариндошлар таклиф этилган. Дуо-фотиҳалар билан иш бошланиб, “боланинг умри узун, йўли равшан, имони бутун бўлсин”, деган эзгу ниятлар билдирилган. Шу маросимдан кейин катта тўй тантаналарига навбат келган.
Суннат тўйи куни тўй болага қавм-қариндошлар ва маҳалла оқсоқоллари даврасида сарпо, яна бошдан-оёқ янги кийимлар кийдирилган. Бу унинг ҳаётидаги янги босқич – эркаклик йўлига қадам қўяётганини англатган. Сўнг бола муборакбод қилиниб, ҳаёти ширин, ризқи фаровон бўлсин, деган эзгу тилак билан бошидан танга ва ширинликлар сочилган.
Меҳмонхоналарда, айниқса аёллар йиғилган жойларда базм уюштирилиб, ғазалхонлик қилинган, бахшилар достонлардан парчалар ижро этган. Тўйнинг эртаси куни болалар орасида мусобақалар ташкил этилиб, ғолибларга соврин берилган.
Суннат тўйи якунида тўйбола уста-сартарош томонидан хатна қилинган. Ҳозирги кунда бу амал тиббий ходимлар томонидан бажарилади. Илгари эса уста боланинг аъзоси учига қамиш ғаров қистириб, устара тиғи билан чилпинадиган қисмини кесиб олган. Кесиш вақтида болага умри узоқ, ризқи бутун бўлсин деган ниятда нон тишлатилган. Бу удум болани оғриқдан чалғитишга ҳам хизмат қилган.
Хатна амали бажарилгандан кейин бола учун хатна чилласи бошланган. Бу даврда бола янги туғилган чақалоқлар ва ёш келин-куёвлар билан учрашмаган, кечалари уйдан чиқарилмаган. Унинг олдида доимо яқинларидан кимдир бўлиши шарт ҳисобланган. Хатна жараёни, одатда, қариндош-уруғ ва қўни-қўшнилар иштирокида тор даврада ўтказилган. Тайёргарлик ишларининг асосий қисми она ва хотин-қизлар зиммасида бўлган, аммо хатна амали эркаклар томонидан, улар даврасида бажарилган.
Суннат қилинган бола 2–3 кундан кейин ўрнидан тургач, қавм-қариндош ва қўшни аёллар иштирокида жой йиғиш маросими ўтказилган. Шу маросим билан суннат тўйи анъанавий тарзда ўз якунига етган.
Тўйдаги энг катта удум – чипрон – болани суннатга ётқизишдан олдин ўтказиладиган қадимий ва маънавий аҳамиятга эга удумлардан бири ҳисобланади. Бу удум, одатда, боланинг яқин қариндош-уруғлари, маҳалла оқсақоллари ва эътиборли инсонлар иштирокида ўтказилган. Чипрон давраси – нафақат моддий ёрдам, балки жамоатчиликнинг бола ва оилага бўлган меҳри, дуоси ва ҳамжиҳатлигини ифодалаган.
Маросим пайтида давра қурилиб, бола ўртага чиқарилган ёки у ҳақида дуо қилинган. Иштирокчилар боланинг саломатлиги, мард-ўғлон бўлиб улғайиши учун эзгу тилаклар билдирганлар. Шу аснода патнис қўйилиб, унга ихтиёрий равишда пул ташланган. Йиғилган маблағ суннат ишларини амалга оширадиган устага ҳақ тўлаш учун ажратилган. Бунга ҳамма ўз ҳиссасини қўшган, оғирлик шу хонадоннинггина эмас, бутун жамоа зиммасига тушган.
Чипрон удуми халқ орасида саховат, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ёрдам тимсоли сифатида қадрланган. У бошқа тўйлардагидай серчиқим анъана эмас, фарқли равишда дабдабасиз, ортиқча исрофсиз, аммо маънавий жиҳатдан сермазмун бўлган. Бу удум болага нисбатан масъулиятни, уни жамият аъзоси сифатида қабул қилишни англатган.
Бугунги кунда чипрон удуми тамоман унутилган, у халқимизнинг ўзаро меҳр-оқибатга асосланган анъаналаридан бири сифатида тарихий хотирада сақланиб қолган. Ушбу удум орқали авлодлар ўртасидаги боғлиқлик, маҳаллачилик ва инсоний қадриятлар намоён бўлар эди.
Совет тузуми даврида диний маросимларга, жумладан хатна тўйига нисбатан салбий муносабат шакллантирилди. Уни “қолоқлик сарқити” сифатида йўқотишга ҳаракат қилинди. Аммо шунга қарамасдан, хатна тўйи халқ ҳаётидан чиқиб кетмади. У кўп ҳолларда яширин тарзда, ёки бобонинг юбилейи, туғилган кун, катта оилавий йиғинлар ниқоби остида ўтказиб келинди. Бу ҳолат хатна тўйининг халқ онгида қанчалик чуқур илдиз отганини кўрсатади. Маросим ташқи шаклини ўзгартирган бўлса-да, унинг маънавий моҳияти сақланиб қолди. Айрим ҳудудларда хатна тўйи 4-5 кун давом этиши унинг жамоавий аҳамияти нақадар катта бўлганини далиллайди.
70-80-йилларга келиб, айрим бадавлат оилалар томонидан хатна тўйи ва бошқа тўй маросимларни ортиқча дабдаба ва исрофгарчилик билан ўтказиш ҳолатлари кўпайди. Тўй айримлар учун маънавий маросим эмас, балки ўз бойлиги ва нуфузини кўз-кўз қилиш воситасига айлана бошлади. Бу эса жамиятнинг бошқа қатламларида норозилик кайфиятини уйғотди. Маҳалла аҳли, жамоатчилик ва давлат органлари бу ҳолатни қоралаб, исрофгарчиликка чек қўйиш, маросимларнинг асл маънавий мазмунини сақлашга қаратилган чора-тадбирлар кўрилди. Бу жараён хатна тўйининг жамоавий масъулият эканини яна бир бор кўрсатди.
Ўш шаҳрида ўтказилган анъанавий хатна тўйларидаги энг диққатга сазовор жиҳатлардан бири, шубҳасиз, болалар иштирокида амалга оширилган ўзига хос удум эди. Бу удум тўй маросимининг ажралмас қисми бўлиб, уни катталар ҳам, болалар ҳам алоҳида қизиқиш ва ҳаяжон билан кутар эдилар. Унда болалар фаол қатнашиб, бир хўрозни сўйиб, унинг қонини оқизиб, рамзий тарзда меҳмонлар оёғига боғлар, сўнг баланд ва бир маромда “ўўўўў” деб бақиришар эди. Бу жараён тўйга келган меҳмонларнинг эътиборини тортиб, маросимга ўзига хос жонланиш ва ҳаракат бағишларди.
Ушбу ҳаракат орқали меҳмонлар болаларга пул бериб кетишар, йиғилган маблағ эса тўйболанинг эҳтиёжлари учун – ўйинчоқлар, кийим-кечак ёки бошқа зарур буюмлар харид қилишга сарфланар эди. Шу тариқа болалар томонидан бажарилган бу удум нафақат кўнгилочар томоша, балки муайян ижтимоий вазифани ҳам бажарган. У тўйболани жамоа томонидан қўллаб-қувватлаш, “боланинг улуши” деган тушунчани ҳаётга татбиқ этишнинг амалий шакли ҳисобланган.
Афсуски, ҳаёт суръати тезлашишиб, маросимлар расмийлашиб бориб, бу каби удумлар аста-секин йўқолиб кетди. Бугунги кунда Ўш хатна тўйларида ушбу удумга деярли дуч келиб бўлмайди. Натижада, хатна тўйи фақат расмий маросим ва зиёфат даражасида қолиб, унинг болалар онгида из қолдирувчи, тарбиявий аҳамиятга эга жиҳатлари заифлашди.
Хатна тўйининг яна бир ўзига хос жиҳати – овқатланиш тартиби эди. Эрта тонгда меҳмонларга наҳорга шўрва тортилган, пешиндан кейин эса ош тарқатилган. ХХ асрнинг 1980-йилларигача меҳмонлар ерга ғарамланган ғўзапоя устига, супа ва чорпояларга тўшалган гилам ва шолчалар устида давра қуриб ўтирганлар. Дастурхонда асосан нон ва чой бўлиб, ортиқча таом қўйилмаган. Ўш шаҳри ва унга ёндош қишлоқларда тўйда наҳорга албатта шўрва бериш одат тусига кирган, ош эса тушдан кейин тарқатилган.
2000-йиллардан бошлаб хатна тўйи бешик тўйи билан бирлаштирилиб, ягона маросим – ақиқа тўйи шаклида ўтказиш амалиёти кенг ёйилди. Бу ҳолат, аввало, иқтисодий омиллар билан боғлиқ эди. Ортиқча харажатларни камайтириш, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка чек қўйиш, оилаларнинг моддий юкини енгиллаштириш мақсадида маросимларни бирлаштириш жамият томонидан мақбул ечим деб топилди. Шу жиҳатдан қаралганда, ақиқа тўйи муайян ижтимоий эҳтиёждан келиб чиққан замонавий шакл эди.
Бироқ мазкур ўзгаришнинг иккинчи, камроқ тилга олинадиган томони ҳам мавжуд. Хатна тўйи мустақил маросим сифатида ўз мазмун-моҳияти, удумлари, рамзий маънолари билан алоҳида ижтимоий-тарбиявий аҳамиятга эга эди. Уни бошқа маросимлар билан қўшиб юбориш натижасида хатна тўйига хос бўлган кўплаб удумлар, жамоавий иштирок, болалар ўйинлари, маҳалла аҳлининг кенг қамровли иштирок этиши каби жиҳатлар аста-секинлик билан йўқолиб борди. Бу эса маросимнинг фақат ташқи шаклини эмас, балки унинг маънавий-ижтимоий мазмунини ҳам сусайтирди.
Бугунги кунда хатна тўйини фақат ўтмиш сарқити ёки замонавий ҳаётга тўғри келмайдиган маросим деб билиш бирёқлама ёндашув бўлар эди. Уни инкор этиш ё йўқотиш эмас, балки замон талабларига мос ҳолда қайта талқин қилиш, маънавий мазмунини сақлаб қолиш ва тарбиявий аҳамиятини тиклаш долзарб. Исрофдан холи, аммо рамзий маънога бой, жамоавий руҳни мустаҳкамловчи шаклларда хатна тўйи анъаналарини сақлаб қолиш мумкин.
Шу боис, хатна тўйи масаласига фақат иқтисодий ёки ташкилий нуқтаи назардан эмас, балки маданий мерос, ижтимоий хотира ва маънавий қадриятлар нуқтаи назаридан ёндашиш талаб этилади. Уни замонавий ҳаёт шароитига мослаштирган ҳолда сақлаб қолиш нафақат ўтмишга эҳтиром, балки келажак авлодлар олдидаги маънавий масъулият ҳамдир.
Одилжон Дадажонов
