ЗУККО ВА ЗАКИЙ ОЛИМ
ёки миллат ва адабиёт фидойиси Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ ҳақида сўз
2011 йилнинг сўнгги ойи. Ўша йилгача салкам ўттиз йил Тошкент шаҳри Матбуотчилар кўчасининг ўттиз иккинчи уйида республикамизнинг турли марказий газеталарида мусаҳҳиҳликдан бош муҳаррирликкача бўлган лавозимларда ишладим. Тақдир тақозоси шу бўлдики, бир тасодиф билан идораси Алишер Навоий кўчаси 30-уйда жойлашган уюшмага ишга келдим. Ушбу бинода нашриёти жойлашган курсдошим Акбарали Нурматов билан топишиб қолдик. Унинг олим, ёзувчи, шоир, журналист, таржимон, иқтисодчи ва ҳуқуқшунослардан жамланган дўстлар давраси бор экан. Бу давра жонимга малҳам бўлди.
Ҳар чоршанба куни улар билан бирга тушлик қила бошладим. Ижодий ва маърифий суҳбатлар ўзига торта бошлади. Таниқли шоирлар Анвар Обиджон, Турсунбой Адашбоев, Мирпўлат Мирзо, адабиётшунос олимлар Иброҳим Ғафуров, Аҳмаджон Мелибоев, Зуҳриддин Исомиддинов ва яна бир қанча ижодкорлар жамланган файзли издиҳомдагилар билан тезда тил топишиб кетдим. Бу даврани бир пайтлар Саид Аҳмаднинг ичакузди гурунглари, Эркин Воҳидовнинг ҳикматона шеърлари безаб келган экан.
Энди англаб етдимки, зиё ва самимият, меҳр ва оқибат, оқиллик ва ижодиёт нафаси келиб турадиган бу даврага қўшилишим — мен учун Яратган эгамнинг марҳамати бўлган экан. Саксонинчи йилларни эслатиб турадиган ошхонадаги чоршанбалик даврамизни гарчи кичик бўлса-да, қалам аҳлининг ижодий мулоқотлари, адабиёт хусусидаги таҳлилий ва танқидий турфа хил қарашлар, газета ва журналларда эълон қилинган сара мақолаларнинг аҳамияти ва моҳияти ҳақидаги жўшқин суҳбатларимизни катта ижод мактабига қиёслайман.
Фоний дунё бўстонидаги гулзор ичра қайсидир бир гул ўзининг чиройи билан, яна бири ифори билан ажралиб туради. Қувваи ҳофизаси кучлилиги, зукколиги ва закийлиги билан ажралиб, даврамизга зийнат бағишлаб турадиган таниқли адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддиновдир. У ҳақда ёзишни анчадан буён ният қилиб юрардим.
Раҳматли шоир Талъат Солиев “Аравоним” деб номланган шеърида:
“Ҳабибдай туғилиб Қирғизистонда,
Улуғлаб ўтаман Ўзбекистонни!” –
деб ёзганди. Мен ҳам илм-фан оламига Ҳабиб Абдуллаевдек буюк алломани берган юртдан келиб, шундай муқаддас Ватан — Ўзбекистонда яшаб ижод қилишдек бахтга муяссар этгани учун Аллоҳга беадад шукур қиламан.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари номзоди Зуҳриддин Исомиддиновнинг Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, Ташқи ишлар вазирлигида биринчи котиб, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида директор, Республика Миллий китоб палатаси раҳбари, Ўзбекистон-Қирғизистон Дўстлик жамиятида раис бўлиб ишлаган даврларидаги ибратли ишлари ҳақида алоҳида-алоҳида ёзиш мумкин. Бугун эса унинг инсонийлик хислатлари ва ўзим гувоҳ бўлган ибратли воқеалар хусусида ёзмоқ учун қўлимга қалам олдим.
Ижодий фаолиятим давомида кўплаб олиму уламолар, фозилу фузалолар, шайху қорилар даврасида уларнинг илм булоқларидан баҳраманд бўлдим. Аллоҳ илмини зиёда қилиб берган шундай олимлардан бири Зуҳриддин Исомиддинов каби адабиёт ва тарихни кўп ўқиган, динимиз ва тилимизни яхши биладиган иқтидор эгалари суҳбатида бўлиш жуда мароқли. Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунослар устози Иброҳим Ғафуров, таниқли ёзувчи ва жамоат арбоби, фан доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад ва бошқа бир қанча ақл кўзи очиқ илм соҳибларини алломалар деб эъзозлаймиз. Зуҳриддин акани ҳам ҳеч иккиланмай замонамиз алломаси дея оламиз. Негаки, қайси мавзуда сўз очилса ёхуд савол туғилиб қолса, Зуҳриддин ака сўраганларимизга қаноатлантириб жавоб бера олади. Сўзининг жозибаси шу қадар сеҳрлики, у бор давра одамни ўзига оҳанрабодек тортиб тураверади. Ундан ибрат оладиган ҳикоялар, ақл ўргангудек ҳикматли сўзлар эшитасиз. Бундай иқтидор танланганлар ичидан танланганига насиб этадиган илоҳий неъмат бўлса керак!
Асҳобларига садоқатли бўлиш ислом аҳлига Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан меросдир. Дўстларга содиқлик бобида ҳам Зуҳриддин акадан кўп нарса ўрганса бўлади. Раҳматли Турсунбой Адашбоев, Меҳмонқул Исломқулов, Ёқубжон Хўжамбердиевлар билан кўп суҳбатлар қурардик. Зуҳриддин ака уларга бошқача меҳр билан, авайлаб муносабат қиларди. Улар оламдан ўтганларида Зуҳриддин ака жудаям қаттиқ қайғуга тушди. Таъзия маъракаларида марҳумларнинг туғишганлари қаторида турди. Уларнинг руҳлари шод бўлиши учун инфоқ-эҳсонлар уюштирди. Ва ҳозиргача дўстларининг оила аъзолари ҳолидан хабар олиб туради.
Бир неча йил аввал болажонларимизнинг севимли шоири Турсунбой Адашбоевнинг 80 йиллиги хотира кечаларини ўтказиш муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид раҳбарлигида Аҳмаджон Мелибоев, Анвар Обиджон, Эркин Малик, Ёқубжон Хўжамбердиев, Зуҳриддин Исомиддинов ва бошқа ижодкорлар биргаликда Ўш шаҳрига боргандик. Ўзбекистонлик меҳмонларга Турсунбой аканинг ўғли Муроджон меҳмонхона ҳозирлаб қўйганига қарамай, бир гуруҳ меҳмонларни Зуҳриддин ака қўярда-қўймай укаси Аҳмаджон ҳожининг ҳовлисига олиб кетди. Ўшлик ўзбеклар жуда меҳмондўст бўлишади. Эркин Малик, Ёқубжон Хўжамбердиев, Зуҳриддин ака ва мен уч кун шу файзли хонадоннинг меҳмони бўлдик. Тўғрисини айтсам, юрт кезиб, юртлар кезиб, кўп дўстларимизникида меҳмон бўлганман, аммо бундай одамохун оила аъзоларини кўрмаган эканман. Биз ўшанда хонадон соҳибларининг исломий тавозе ва илтифотлари, ўзбекча меҳмоннавозлиги ва жойига қўйилган мезбонлик маданияти қаршисида лол қолгандик. Дилларимиз яйраганди. Тошкентдан то Ўшга қадар йўл азоблари-ю чегара масканидаги баъзи бир ноқулайликлар, жалада уст-бошларимиз шалоббо бўлганларимиз-у совуқ қотиб қолганларимиз — ҳамма-ҳаммаси мезбонларнинг меҳр тўла нигоҳлари қаршисида бир зумда унут бўлганди.
Тўғрисини айтсам, мен учун амаллари эзгулик бўлган Зуҳриддин акадек ёши улуғ, назари баланд, ғурур ғояларини таъмага алмашмайдиган, илми орифона ва дўстларига хайрихоҳ инсоннинг елкасига елкамни қўйиб дардлашишнинг ўзи бир бахт, ўзи бир саодат.
Зуҳриддин ака иродаси кучли, фикрига қатъиятли, одамлар орасида умрининг ўзига аён саҳифаларини очавермайдиган ғурурли одам. Мен эса қаҳрамонларимнинг кўнглига йўл топиб, уларнинг пинҳон тутиб юрган дардларига шерик бўлишни истардим. Кунлардан бир куни Зуҳриддин ака билан ҳам шундай бўлди. Унинг “умр дастурхони” очилди.
— Ўшанда ўттиз уч ёшда эдим, — дея у маъюсгина ҳикоясини бошлади. — Тошкентнинг Ўқчи маҳалласида яшардик. Икки нафар фарзандли бўлиб, бахтимиздан шодон кулиб юрган кунларимиз эди. Касал бўлиб касалхонада ётардим. Фарзандларимнинг онаси овқат кўтариб мени кўргани касалхонага келаётганида автоҳалокатга учрайди. Унинг вафот этгани ҳақидаги мудҳиш хабарни эшитиб, дунё кўзимга қоронғи бўлиб кетди. Бундай қаро кунда юрагимнинг бир парчаси юлиб олиб ташлангандек эди. Эсласам, ҳозир ҳам ёмон бўлиб қоламан. Инсон ҳаммасига чидар экан. Ҳаётимнинг энг оғир кунларидан бири — ўша кун бўлди.
— Одамлар орасида шундай гап бор, — дея унинг дардига шерик бўлишга ҳаракат қиламан ва қаердадир эшитган гапимни айтаман. — Эркак кишига икки марта қиёмат қойим бўлиш мумкин экан. Бири Аллоҳ таоло томонидан белгиланган қиёмат куни бўлса, иккинчиси кимнингки, Худо кўрсатмасин, мабодо суюкли аҳли аёли ўзидан олдин вафот этса.
— Жуда топиб айтилган экан, — деди у.
— Илоҳо, жойлари жаннатда бўлсин, умр йўлдошимдан қолган омонатларни асраб-авайлаб тарбия қилдим, эл-юртга қўшдим, — деди Зуҳриддин ака. — Мана, салкам қирқ йилдирки, ҳаёт имтиҳонларидан гоҳ ўтиб, гоҳ қоқилиб яшаб келяпман…
Орага сукунат чўкади.
Зуҳриддин Исомиддинов. У жуда ҳам баракали ижодкор. Шунчалик кўп ўқишга ва кўп ёзишга қандай имкон топар экан-а, деб ҳайрон қоламан. Алоҳида китоб ва тўпламларда, марказий газета ва журналларда адабиёт, таржима, она тилимиз, ижтимоий ҳаёт, маънавият, миллий ва диний қадриятлар каби мавзуларда уч юздан ортиқ мақолалари босилган. Бир қанча бадиий ҳамда илмий таржималари нашр этилган. Телевидение ва радио орқали ҳар ҳафта чиқиш қилиб туради. Яна бир катта хизмати — кўплаб қирғиз ёзувчи-шоирлари асарларини ўзбек тилига ўгириб чоп эттирганлигидир. Халқаро Чингиз Айтматов академияси академиклигига сайланган.
2017 йили Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга совға қилган “Манас” эпосини ҳам Зуҳриддин Исомиддинов қирғиз тилидан ўзбек тилига таржима қилган эди. Шунингдек, “Қирғиз халқ эртаклари”ни ҳам ўзбекчага ўгирган.
Мирзакалон Исмоилий, Иззат Султон, Ғайбулло Саломов каби устозларини отасидек улуғлаб, улар ҳақида ёзган ҳикояларининг ибрати ҳам, ҳикмати ҳам бор. Яқинда ўшлик алломалар туркумидан “Адабиётимизнинг иззатли отахони” деб номланган рисоласида ўзбек адабиётшунослигининг атоқли намояндаси, миллий драматургия ривожига катта ҳисса қўшган ижодкор, ўзбек филология фанининг ташкилотчиларидан бири, академик Иззат Султон ҳақида фахр-ифтихор билан самимий хотираларини ёзди.
Агарда Зуҳриддин Исомиддинов ҳақида гап кетса зиёли юртдошларимизнинг, ҳамкасбларимизнинг чеҳраси бирдан ёришиб кетади, самимият билан ўз дил сўзларини айтадилар:
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири:
— Зуҳриддин Исомиддинов, Сувонқул Мелиев ва каминанинг устози Ғайбулло Саломов эди. Икковлари ҳам илм йўлидан кетиб, катта олим бўлиб етишди. Мен эса журналистикани танладим. Айниқса, Зуҳриддин адабий жараёндаги воқеалар, мавҳумликлар, хатоликлар, сўз ва ибораларни ишлатишдаги чалкашликларни кўриб, жуда кўп мақолалар ёзди. Ўзбек тилимиз ҳақидаги ёзган мақолаларининг ўзи битта китоб бўлади. У тил ва алифбо ҳақида баҳс авжига чиққанида радио, телевидение, газета ва журналларда катта чиқишлар қилди. Оддий ўқувчилар, жамоатчилик олқишлади, аммо тилчилар унинг таклифларига эътибор бермади. Ўша пайтлари Эркин Воҳидов: “Менинг тил ҳақидаги мақоламни тилчилардан бошқа ҳамма ўқибди-я!” деган эди.
Зуҳриддин Исомиддинов қайси мавзуни кўтариб чиқса, катта шов-шувли баҳс-мунозарага сабаб бўлади, акс-садо беради. Масалан, бугунги Ўзбекистонда энергия танқислиги ва табиий ресурслардан қандай фойдаланишимиз кераклиги хусусидаги “Шамолга совурилган шамол” номли мақоласини олайлик. Сарлавҳанинг ўзи катта мақола деса бўлади. Бекобод шамоли, Қўқон шамоли эсиб ётибди, фойдаланмадик, деб масала моҳиятини чиройли қилиб очиб беради.
Китобхонлик ҳақидаги мақолаларини ўқиб, китобга, адабиётга жудаям муҳаббатли инсон эканига амин бўламиз. Китобхонликнинг бугунги аҳволидан қониқмай, қаттиқ ташвишга тушади. Тинимсиз ишлайди, тўхтамай ишлайди, куюнчаклик билан ишлайди, камчиликларга тоқатсиз.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ижодкорлари ўртасидаги адабий ва маданий алоқалар ривожига раҳматли устозимиз Турсунбой Адашбоевдан кейин Зуҳриддин Исомиддинов катта таъсир кўрсатиб келмоқда. Қирғиз адабиётидан кўп нарсаларни юзага чиқарди. Қирғизистонда маърузалар ўқийди. Ўш ҳақида катта китоб ёзди. Тўхтағулни Туркияда китоб қилиб чиқарди. Мен ҳам қирғиз адабиётини амалий тилда яхши биламан, лекин Зуҳриддиннинг билиши илмий нуқтаи назардан устунроқ. Бирор сўзни тушунмай қолсам, телефон қиламан, тезда айтиб беради. Яқинда таниқли қирғиз ёзувчиси Султон Райев романини Зуҳриддин, ҳикояларини мен ўзбекчага таржима қилдик.
У яхши дўст, яхши суҳбатдош, яхши сухандон, яхши ҳамроҳ. Яқинда бирга Андижонга бордик. Тўртта университетда маъруза ўқидик. Маърузаларни далиллари, фактлари ва аниқ манбалари билан ишончли, кенг илмий мушоҳада қилиб ўқийди.
Жуда ҳам қувонганим, ҳассос ижодкор дўстимизнинг Алишер Навоий ғазалларини ўзига хос ёндашиб шарҳлаган “Шавқи наво” деган китобини чиқаргани бўлди.
Бу вазифалар битта олимга жуда кўплик қилади. Зуҳриддин сабр-бардош билан бундай ишлар зарурлигини билиб, кимдир қилиши керак-ку, дейди-да, ўзи бел боғлайди. Ўзбек-қирғиз, ўзбек-қозоқ, ўзбек-турк каби туркий давлатлар, миллатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашда Зуҳриддин Исомиддиновнинг муносиб улуши бор.
У ўзи танлаган йўлга садоқатли, миллат ва адабиётга фидойи олим.
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи:
— Мазмунан қарийб бир хил маънони англатадиган “зиё”, “зиёли”, “зиёлилик” сўзларидан хаёлга толганда беихтиёр ёдимга тушадиган, ўзимга таниш инсонлардан бири — Зуҳриддин Исомиддинов. Гап Тошкент давлат университети журналистика факультетини олдинма-кетин битирганимизда эмас, балки ўтган асрнинг 70-йиллари ярмидан то ҳозирга довур, тасаввур қилайлик, 50 йиллик умр мазмуни ҳақида бормоқда. 50 йилдирки, Зуҳриддин миллатимизнинг илғор, етук ва жонфидо зиёлиси сифатида фикр юритмоқда. Ҳа, зиёли инсоннинг бутун номаи аъмоли унинг фикрида, тафаккурида мужассам. Унинг айтар сўзи — тафаккур, мулоҳазаси — тафаккур, амали — тафаккур.
Зуҳриддин фаолиятини олимликдан бошлади. Олимона тадқиқотга мойиллик унинг барча мавзудаги мақола, рисола ва китобларига кўчиб ўтди. Хусусан, Ватанимиз мустақиллиги йилларида дўстимизнинг ижоди том маънода гуллаб-яшнади. У муносабат билдирмаган, унинг эътиборидан четда қолган долзарб мавзу-муаммо йўқ ҳисоби. Давлат тили, халқ таълими, олий таълим, ёшлар тарбияси, дарсликлар, маънавий олам… қай бирини айтасиз!
Муҳими, Зуҳриддин қайси мавзуда сўз айтмасин, ўз фикрини айтди, масалага холис ёндашди. Мунозара одобини сақлаган ҳолда муросасизлик йўлини маъқул кўради.
Зуҳриддин ажойиб суҳбатдош. У иштирок этган гурунг жозибали мушоирага, мубоҳасага, мунозарага айланади. Кўп ва хўп ўқиган ҳамда хотираси мустаҳқам инсон сифатида атрофлича ва миқёсли мулоҳазалари ҳар қандай суҳбатдошнинг қарашларини бойитади, кенгайтиради.
Зуҳриддин Исомиддиновнинг қалби айқириб, ошиб-тошиб оқаётган дарёга ўхшайди. Бу дарёнинг ҳаётбахш суви миллатимизнинг ардоқли, эъзозли ва қадрли ҳаётбахш суви бўлиб қолишини жуда-жуда истайди кўнгил.
Минҳожиддин МИРЗО,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари:
— Зуҳриддин Исомиддинов зўр олим, у ҳақгўй, жонкуяр, ўрни келганда сўзи кескир, адабиётни, демакки, миллатнинг ўзлиги, тили, қадри, номусини ҳамиша ҳимоя қилишга тайёр посбонга ўхшайди. Мен Ўшда, уларнинг хонадонида, ота-оналарининг суҳбатларида бўлиб, дуоларини олганман. Меҳрнинг, ўзбекона қалбнинг сурати қандай бўлади, деб сўрасангиз, мен чин юракдан ўша икки зотни кўрсатардим. Зуҳриддин ака — шахсияти баланд, қатъиятли, фикрлаш доираси кенг, заҳматкаш, адабий ҳақиқатлар борасида журъати чекиниш билмайдиган, жуда катта олим. Яна Зуҳриддин аканинг олимлиги одамийлиги, одамийлиги олимлиги билан уйғундир. Бу жуда муҳим жиҳат. Негаки, баланд, уйғоқ сўз айтган олимларнинг ҳаммаси ҳам одамий бўлавермайди.
* * *
Улуғ пирлардан бўлмиш Абдухолиқ Ғиждувонийнинг шогирдларидан бири Хожа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарий шундай ҳикматни аждодларига мерос қолдирган: “Илм олинг, илмни ўргатинг, ҳар илмники ўрганибсиз, унга амал қилинг, ҳар амални сидқу ихлос билан адо этинг”. Ҳа, Зуҳриддин Исомиддинов шу ақидага содиқ қолган ориф устозлардандир.
Илмингиз бундан-да зиёда, умрингиз бундан-да барокатли бўлсин, азиз устоз!
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
публицист.
Ўзбекистонда нашр этилувчи “Hurriat” мустақил газетасидан олинди.