Сурияда ҳокимият алмашди: Бунинг Ислом дунёсига ва Қирғизистонга таъсири қандай?

Ярим аср давлатни бошқариб келган Асадлар оиласи Москвада бошпана топиб жонини сақлаб қолди.

Яқин Шарқнинг энг мураккаб вазиятда яшаб келаётган давлатларидан бири бўлган Сурияда мухолафат ўн кун ичида амалдаги ҳокимиятни ағдариб, давлат бошқарувини ўз қўлига олди. Бир кун ўтиб, оиласи билан зўрға қочиб қолган президент Башар Асаднинг Москвада экани маълум бўлди. Россия президенти Владимир Путин қочоқ президентга бошпана берилиши ҳолатини инсонийлик нуқтаи назаридан бўлганини айтди.

Хўш, нега Сурия ҳукумати бу қадар тез мағлубиятга учради? Нега Асадга унинг кўп йиллик ҳамкорлари бўлган Эрон ва Россия ёрдам бермади? Бу вазиятдан ким ютади? Муҳими, бу инқилобнинг минтақага, Ислом дунёси ва Марказий Осиё давлатларига, жумладан Қирғизистонга таъсири қандай бўлиши мумкин?

Башар Асадга қарши қуролли юриш бошлангач, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Сурия Араб Республикаси ҳудудида юрган қирғизистонликларга мурожаат қилиб, уларни имкони борича ушбу давлатни ташлаб чиқиб кетишга даъват қилди. Зарур бўлган ҳолда мурожаат қилиш учун Қирғизистоннинг Қувайт (+965 517 021 80) ва Туркиядаги (+90 545 689 68 00) элчихоналари телефонлари эълон қилинди.

Башар Асад ким эди ва нега бунча тез таслим бўлди?

Башар Асад Сурия президентлигига 2000 йилда келган. Бунгача мамлакатни 30 йил давомида унинг отаси Ҳафиз Асад бошқарган. Исёнчилардан қочиб , Москвага йўл олар экан, Асад ўз ваколатларини бош вазир Ал-Жалолийга топшириб, ҳокимиятни тинч йўл билан ўтказиб беришни тайинлаган. Мухолафат кучларга ҳозир «Хайъат Тахрир аш-Шом» ташкилоти раҳбари Ал-Жўланий раҳбарлик қилмоқда. Лекин у Сурияга раҳбар қилиб сайланиши ёки йўқлиги ҳақида ҳозир бир нарса дейиш қийин.

Асли касби кўз доктори бўлган, 59 ёшли президент Башар Асад Сурияга деярли 15 йил президентлик қилди. Башар Асад Англияда таълим олган ва аёли Асмо каби Ғарб маданиятига яқин. Ўзини мусулмон ҳисобласада, соф Исломдан жуда узоқ. Унинг шияларнинг радикалроқ бир оқими бўлган алавийларга тегишли экани Ислом дунёсида, хусусан суннийларда қаттиқ танқидга сабаб бўлиб келган.

Масалан, Қирғизистоннинг энг обрўли уламоларидан бири бўлган марҳум Чубақ ҳожи Башар Асадни очиқча кофир деб атаган. Бугунги кунда сунний ислом давлатлари, жумладан Саудия Арабистони ҳам Асаднинг қулашидан мамнун эканини яширишмаяпти.

Охирги пайтда, коррупция ва зўравонликка асосланган Асад ҳокимияти тобора мамлакатдаги ички ҳамкор кучлар қўлловидан ажраб, кучсизланиб қолган эди. Ўзини ўзи ҳимоя қилишга ҳам қурби етмайдиган ҳокимият билан муомала қилишни ким ҳам истарди? Амалда мамлакат бир неча турли кучлар назорат қиладиган пароканда давлатга айланиб улгурган эди. Бу эса манфаатдор бўлган ҳеч бир давлатни қониқтирмайди. Афтидан шу сабабга кўра на Эрон ва на Россия бу сафар унга дадил ёрдам қўлини чўзишмади. Қолаверса, Асадга ёрдам бериши мумкин бўлган Эрон ва унинг Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ташкилоти Исроилга қарши урушда катта талофатлар бериб, ҳозирча ўзларининг ҳимояси ҳақида ғам қилишга мажбурлар. Россия эса ҳозир асосий кучларини Украинадаги урушга ташлаган, мамлакатдан олисдаги яна битта фронтда жанг қилиш унга оғир келади.

Алданган қирғизистонликлар, етим қолган болалар

Энг ачинарлиси, бизнинг давлатларимизга мутлақо даҳли бўлмаган бу биродаркушлик урушида Марказий Осиё давлатларидан, айниқса Қирғизистондан бориб қатнашаётганлар бор. Яқинда интернетда тарқаган фожиали видеода ноъмалум кимсаларнинг ҳарбий госпиталга кириб келиб, қисқа савол-жавобдан кейин у ерда ётган ярадор аскарларни отиб ташлашгани тасвирланган. Видео бошида бостириб кирганлар ўзаро ўзбек тилида гаплашганини эшитиш мумкин. Демак, ҳалиям у ерда юртдошларимиз бор ва бу фожиали урушда иштирок этишмоқда. Энг ёмони – улар нафақат халқаро уруш қоидаларига, биринчи галда исломий уруш қоидаларига зид бўлган жиноятни амалга оширганлар. Ахир қуролсиз ярадор аскарни отиб ўлдириш – мусулмонлик, аскарлик, қолаверса, эркаклик номини ҳам булғайдиган номардлик-ку!

Шу видеодан ҳам кўриниб турибдики, ўзларича “исломий жиҳодга” отланган бу нобакорларнинг Ислом ҳақида, динимизнинг нақадар соф ва адолатли, мардона ва чинакам инсонпарварликка асосланган таълимот эканидан мутлақо хабарлари йўқ.

Қотилларнинг лаҳжасини таҳлил қилиб, уларнинг қаерлик эканларини аниқлаш мумкин. Балки кимдир уларни овозидан таниб ҳам қолар. Лекин бу унчалик муҳим эмас, муҳими – ҳали ҳамон Сурия ва дунёнинг бошқа жойларида бўлаётган қон тўкишларда бизнинг юртдошларимиз, миллатдошларимизнинг борлиги. Ўнлаб, балки юзлаб юртдошларимизнинг Украинадаги урушда ҳам иштирок этаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Ўн йиллар аввал Марказий Осиё мамлакатларидаги ўнлаб оми одамлар диний-экстремистик кучларнинг “жиҳод йўлидаги” алдовларига учиб, Сурияга кета бошлаганда Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Чубақ ҳожи уларни бу қалтис йўлдан қайтарган. Ўшанда у Сурияда нафақат мусулмон мусулмонни ўлдираётганини, балки шияларнинг таъсири остидаги экстремистик кучлар суннийларга қарши уруш олиб бораётганини ҳам айтган. Турли диний сафсата ва мўмай пулга алданган одамлар эса айнан ўша сунний диндошларимизга қарши жангга ташланаётганини тушунтирган эди.

Давлат ва диний уламоларнинг сай-ҳаракатлари туфайли қирғизистонликларнинг кўзлари очилиб, уларнинг Сурияга оқими камайган. Айниқса, Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманидан борган 19-20 ёшлардаги йигитнинг ичига бомба тўлдирилган танкни ҳайдаб, душман саналган мусулмонлар гуруҳига борганда ўзини қўшиб портлатиб юборгани кўпчиликка қаттиқ таъсир қилди. Бу ҳолат болани алдаб, аниқ ва беъмани ўлимга туртганлар томонидан бошқаларга “намуна сифатида” видеога ёзиб олинган ва интернетда тарқатилган эди. Россияга ишлагани кетган бу йигитнинг отаси уни тасодифан видеода кўриб, таниб қолган. Энди ота шўрликнинг ўша пайтдаги ҳолатини тасаввур қилинг!

Хулоса шуки, ота-оналар, диний уламолар ва турли даражадаги зиёлиларимиз бу борадаги тушунтириш ва маърифат ишларини янада фаоллаштиришимиз керак.

Афсуски, ўтган йиллар мобайнида юзлаб юртдошларимиз у ерда ё жанггоҳларда қирилди, ёки қамоқхоналарга ташланиб, ўлимга ҳукм қилинди. Вазият шу даражада бўлганки, Иссиқкўл вилоятидан бир оиланинг 28 аъзоси Сурияга кетиб қолган эди. Уларнинг бир қисми ўша ерда қурбон бўлишган. Турли йилларда алданиб Сурияга бориб қолган юзлаб қирғизистонликлар давлат органлари томонидан ватанига қайтарилган. Уларнинг орасида ота-онаси қатл қилинган ўнлаб ёш болалар бўлган. Жумладан, 2023 йилнинг февралида 18 аёл ва 41 ёш бола, ўша йилнинг сентябрида 184 ёш бола ва 49 аёл, декабрь ойида эса 31 аёл ва 65 бола ўз юртига қайтарилган.

Бу иш АҚШ ҳукумати, БМТ Болалар фонди (ЮНИСЕФ) ҳамда Халқаро Қизил Ҳоч ташкилоти ёрдамида 2024 йилда ҳам давом этиб, шу йилнинг февралида 28 аёл ва 71 ёш бола, июль ойида эса 8 аёл ва 14 нафар ёш бола ватанига қайтарилган. Эътибор қилган бўлсангиз, ватанига қайтарилганлар орасида бирорта ҳам эркак йўқ. Чунки улар ё жанггоҳларда ўлган, ёки суд ҳукми билан қатл қилинган. Ўлимга ҳукм қилинганлар орасида ёш болали аёллар ҳам бўлишган, лекин Сурия ҳукумати уларни Қирғизистонга қайтариб беришга рози бўлмаган. Оқибатда юзлаб гўдакларнинг ота-оналари ўзга юртда, тайини йўқ ғоялар учун қурбон бўлишиб, ўнлаб ёш болалар етим қолишди. Уларнинг бир қисмини қариндошлари асраб олишган бўлса, бир қисми болалар уйида тарбияланмоқда.

Асаднинг қулашидан ким манфаатдор эди?

Бир неча йилдирки, мамлакатдаги турли сиёсий ва диний кучлар ўртасидаги урушлар деярли тинмаяпти. Бир пайтлар дунёнинг энг бой ва гўзал шаҳарлари жойлашган қадимий Суриянинг кўп қисми вайронага айланган. Урушнинг чўзилиб кетганига сабаб шуки, бу ерда биринчи галда ва доимгидек АҚШ билан Исроил ҳамда Эрон, Туркия, Россия каби йирик давлатларнинг манфаатлари тўқнашган. Америкага Башар Асаднинг АҚШнинг Ироққа босқинига қарши чиққани ёқмаса, бу ерларга даъвогарлик қилган Исроил мамлакатни ўзининг асосий душманларидан бири деб билади. Шу сабабли Асад ҳокимияти қулагач, бош-бошдоқлик бошланганидан фойдаланиб, Исроил армияси Суриянинг қуролли кучлари жойлашган ҳудудларни ёппасига ракеталардан ўққа тутиб, мамлакатнинг деярли бутун ҳарбий салоҳиятини яксон қилди. Бу билан у ўзини хавфсизлигини таъминлаган бўлди.

Туркия ўз навбатида Суриянинг катта қисмини ўзининг ерлари деб ҳисоблайди. Чунки бир пайтлар бу ҳудудлар ҳам Усмонийлар империяси таркибида бўлган. Бунинг гувоҳи сифатида ҳозиргача ўша даврга тегишли обидалар сақланиб қолган. Мухолафатнинг бу қадар тез ғалабага эришишида Туркиянинг роли катта бўлиб, Асадни йўқ қилиш учун президент Тоййиб Эрдўғон кўпдан бери пайт пойлаб юрган эди. Ниҳоят, АҚШда ҳокимият алмашаётганидан фойдаланиб, ўзи қурол билан таъминлаб келган суннийлар гуруҳини ишга солди.

Туркиянинг бу ердаги манфаатларидан яна бири – ушбу мамлакатда яшаб, Туркияга таҳдид қилиши мумкин бўлган курдларнинг ҳам шохини қайиришдан иборат. Чунки бу ердаги курдлар ўз давлатларини барпо қилиш мақсадларини яширмайдилар. Бу иш амалга ошган тақдирда эса, Туркия учун катта бош оғриғи бўлиши турган гап. Негаки, турк давлатининг қарийб 25 фоизини курдлар ташкил қилади. Улар жон деб Сурия, Ироқ, Эрон ва Туркиянинг айрим қисмларини қўшган ҳолда курд давлати қурилишига қўшилиб кетиши ойдай равшан. Бунга Туркия йўл қўя олмайди.

Асаднинг қувилиши Эрон билан Россияга зарар бўлди. Чунки Эрон бу ердаги шиаларга ва уларга яқин бўлган алавийларга таяниб, минтақада гегемонлик қилишга интилиб келаётган эди. Айрим экспертлар бу урушда Эроннинг шоҳи қайрилганини иддао қилмоқдалар. АҚШ ва Исроил айнан Эроннинг ушбу ҳамкоридан маҳрум бўлишидан манфаатдор. Россия учун эса Сурия ушбу минтақада ўз ҳарбий базаларини сақлаб туриш учун ишончли ҳамкор эди. Шу сабабли бир неча йил аввал АҚШ қўллаган кучлар Асадни ағдаришга ҳаракат қилишганда Россия олисга учадиган ракеталари билан уларга қаттиқ зарба бериб, Асаднинг ҳокимиятини сақлаб қолган эди. Энди эса, гарчи Асадни енган мухолафат Россия ҳарбий базаларига зарар етмаслигини ваъда қилган эсада, бу ҳарбий  кучларнинг тақдири қандай бўлиши ҳозирча ноъмалум. Албатта, АҚШ ва Исроил бу базаларнинг тугатилиши учун ҳаракат қилишади.

Мамлакат келажаги нима бўлади?

Бугунги кунда Сурия кучли иқтисодий бўхронда қолган. Узоқ давом этаётган урушлар натижасида кўрилган талофатнинг ҳисоби йўқ. Мамлакатнинг нефть ва газга бой бўлган, бу ҳом ашёни экспорт қилиш имконини берадиган шарқий қисми курдлар ва АҚШ назорати остида. АҚШ ва Европа давлатлари киритган санкциялар туфайли мамлакат ташқи иқтисодий алоқалардан ҳам маҳрум бўлган.

Бугун ғалабасини нишонлаётган мухолафат буёғига ўзини қандай тутиши ҳам ноъмалум. Асадга қарши чиққан барча кучларнинг манфаатлари доимо бири-бирига тўғри келавермайди. Айниқса, ўз давлатини қуриш иштиёқида юрган ва АҚШнинг қўлловига таянган курдлар билан сунний араблар ўртасида тўқнашувлар бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Умуман Сурия кўп миллатли ва турли диний оқимлар вакиллари тўп-тўп бўлиб яшаган ўлка. Уларни бириктириб, бир мақсад сари йўналтириш янги ҳокимиятнинг қўлидан келмаслиги тайин. Бунга унинг кучи ҳам тажрибаси ҳам етишайди. Яъни, янги давлат ҳокимиятини шакллантириш жараёнига ташқи кучларнинг аралашуви аниқ. Ўз навбатида, юқорида айтилганидек, уларнинг манфаатлари ҳам бири-бирига зид.

Бундай шароитда қандайдир сиёсий башорат қилиш жуда мураккаб. Сурия халқига тинчлик ва тараққиёт тилашдан бошқаси ҳозирча бекор. Бу мамлакатдаги аҳвол Марказий Осиё минтақаси давлатларига бевосита таъсир қилмаслиги мумкин. Бироқ халқимизнинг “Ҳўкизнинг шохига урсанг, туёғи зирқирайди”, деган доно гапини унутмаслик керак. Яъни, дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, мусулмонларга қарши уюштирилаётган иғво, туҳмат, босқинчилик ва қирғин эртадир-кечдир, бир куни сўзсиз бизга ҳам таъсир қилмай қолмайди. Демак, огоҳлик, айниқса ёшлар тарбиясида хушёрлик – ҳар биримиз учун бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиши лозим.

Умид қилиш мумкинки, Сурияда бугун юз бераётган воқеалар хайрли бўлиб, юртларимиздан у ерга бориб, “жиҳод қилиш” истагида бўлганлар ўзларининг бу кўр-кўрона режа ва ниятларидан қайтадилар. Сурия “инқилобининг” охири бахайр бўлсин!

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг