Россия ва Украина урушида юздан ортиқ Марказий осиёликлар қурбон бўлишди
Ваҳоланки, минтақа давлатлари ўз фуқароларини бу урушга қатнашмасликка чақириб келишмоқда.
Нари борса бир ойга чўзилиши тахмин қилиниб, бир ярим йилдан бери давом этиб келаётган урушда ҳар икки томон ўз талофатлари ҳақидаги маълумотларни яширишга уриниб келмоқда. Бу ҳақдаги расмий маълумотлар эса катта шубҳа туғдиради. Ҳар икки томоннинг ўз талофатлари ҳақида тарқатган расмий маълумотларига кўра, иккала томондан ҳам урушда ўлганлар сони 20-30 минг киши атрофида.
Лекин душман томондан ўлганлар сонини ҳар икки томон жуда ошириб кўрсатишга интилмоқда. Мустасно сифатида айтиш мумкинки, Украина мудофаа вазири ўз қўшинларининг ўлган ва жангга қатнаша олмайдиган даражада яраланган одамлари сонини 1,1 миллион киши эканини айтган. Россия томон эса, фақат ўлган украин аскарлари сонини 700 минг кишидан кўпроқ эканини иддао қилиб келади.
Англиянинг Би-би-си корпорацияси ва Россиянинг мамлакатда тақиқланган «Медиазона» нашри биргаликда ўтказиб келаётган ҳисоб-китобларга кўра, Россиянинг урушда ўлган аскар ва зобитлари сони 68 минг кишидан ошган. Улар орасида чет элликлар, жумладан, Марказий Осиё минтақасидан борганлар ҳам оз эмас. Номи тилга олинган нашрларнинг маълумотларига кўра, қурбонлардан 51 нафари Тожикистондан, 47 нафари Ўзбекистондан ва 26 нафари Қирғизистондан борган фуқаролар бўлган.
Журналистларнинг қайд этишича, бу рақамлар очиқ манбалар асосида аниқланган маълумотлар. Аслида эса ҳақиқий рақамлар анча кўп бўлиши мумкин. Уларнинг аниқлашича, қурбон бўлганларнинг энг кўпи кўнгиллилар (20%) бўлса, улардан кейин Россия қамоқхоналаридан тўплаб олинган собиқ маҳкумлар бораётган бўлишса (19%), 13 фоизи урушга сафарбар қилинган аскарлардир.
Бугунги кунда Россияда меҳнат муҳожирларини урушга ёллаш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Россия фуқаролиги бўлмаган муҳожирларга катта пул мукофотидан ташқари соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини бериш ваъда қилинган. Урушга ҳатто аёллар ҳам ошпаз ва ҳамшира сифатида жалб қилинмоқда.
Муҳожирларга қарши чиқишлари билан машҳур бўлган Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин 10 мингга яқин муҳожирнинг Россияда ҳамон «махсус ҳарбий операция» деб аталиб келаётган урушга жўнатилганини айтган.
Шу вақтнинг ўзида Марказий Осиё давлатлари расмийлари ўз фуқароларини бу урушда қатнашишдан воз кечишга чақириб келишади. Уларнинг деярли ҳаммаси қонунларида чет эллардаги ҳарбий ҳаракатларга қатнашганлик учун жиноий жазо қаралган. Уруш бошлангандан бери фақат Қирғизистон икки фуқаро ана шу урушда иштирок этгани учун қамалди. Бироқ улардан бир суд орасида қочиб, Россияга кетиб қолишга улгурган. Яқинда у Россия фуқаролигини олиб, яна жанггоҳга отланаётганини маълум қилган.
Айрим Россия манбаларида Украинанинг салкам 63 минг аскардан ташқари 8,6 мингдан ортиқ танклар, 370га яқин самолёт, 18 мингга яқин артиллерия тизимлари, қарийб 330 вертолёт, 15 мингга яқин учувчисиз учувчи аппарат (дронлар) ва бошқаларни йўқотгани айтилади. Ўз навбатида Украина ҳам урушда Россиянинг минглаб танк, самолёт ва бошқа техникаси яксон қилингани ҳақида маълумотларни бериб турибди.
Россия урушни тугатиш бўйича музокараларга доимо тайёр эканини айтиб келса, Украина президенти Владимир Зеленский бундай музокаралар ўтказишни тақиқлаган фармон чиқариб қўйган. Бироқ сўнгги пайтларда АҚШ ва бошқа йирик давлатларнинг қўллаб-қувватлашига қарамай Украина тобора ҳолдан тойиб бораётгани ва яқин орада сўзсиз таслим бўлиши ҳақида тахминлар айтила бошлади.
Оқбура, Бишкек.
Расм инернетдан олинди