Мулла ҚОСИМЖОН ҚОРИ
“Ўшлик уламолар” туркумидан
Собиқ шўро замонида Ўшда етук қорилар бармоқ билан санарли бўлиб, улар орасида Қоравой қори, Ипак қори, Чарос қори, Шоюнус қори, Дадажон қори, Мақсудали қори, Исмоилжон қори, Чўлоқ қори, Сибғатуллоҳ қори, Шафоат хожи ва бошқаларнинг номи анча танилган эди. Улар сафида Қосимжон қорининг ҳам доим номи зикр қилинади.
Ўткир овоз соҳиби бўлган Қосимжон қорининг йўғон овозда, залвор билан, аммо хуш оҳангларда қилган қироати Қуръон муҳиблари дилини яйратар, вужуд-вужудларга сингиб кетарди.

Мулла Қосимжон қори Усмонжон қори ўғли 1880 йилда Ўшнинг Шаҳидтепа мавзеи, Боймаҳалласида туғилган (ҳозирги Мамажон кўчанинг бир қисми).
Қосимжон қорининг отаси Усмонжон қори тахминан 1850-1920 йиллар оралиғида яшаган. Ўз даврининг илмли уламоларидан бўлган. Косибчилик билан тирикчилик қилган. Усмонжон қори эътиқодли, илмли киши бўлгани учун фарзандини ёшлигидан Қуръони каримни ҳифз қилишга рағбатлантирди ва ўзи илк диний билимлардан сабоқ берди. Қосимжон қори ана шундай муҳитда улғайгани учун диний билимларни ўрганишга астойдил киришди. Бу интилиш уни мадрасасига етаклаб келди.
Сулаймон тоғи этагида қад ростлаган, халқ ичида Каттамозор деб атайдигон жоме масжидининг асл номи «Масжиди жузъа» бўлган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур уни «Масжиди жавзо» деб кўрсатган (ҳозирги Ғ. Айтиев кўчасида). Бу масжид қошида қорихоналар ҳам бўлиб, талабалар қироат ўрганишган. XX аср бошларига қадар Фарғона водийси уламоларининг анжуманлари асосан шу масжидда бўлиб ўтганини нақл қиладилар. Қосимжон қори шу қироатхонада таълим олди. Кейинчалик Ўшнинг кўнчилар маҳалласида (ҳозирги Ўш кўчаси) жойлашган мадрасада талабаларга дарс беради. Совет тузумини тайзиқлари Қосимжон қорини ҳам четлаб ўтмади. Тўрт йил ҳозирги Қорасув тумани Тоширов колхозида мусофирликда яшади.
1943 йилдан бошлаб ҳукумат қарори билан динга эркинлик берила бошлади. Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташкил этилди.
Диний бошқарма қарори билан Мулла Қосимжон қори Ўшда очилган тўрт масжиднинг бирига имомлик вазифасига тайинланди. Аввал 1954 йилда Шаҳидтепа масжидига, «Работи Абдуллахон», кейин 1964 йилгача Рабочий дехқон кўчасидаги» “Тўдамакён» жомъе масжидида (ҳозирги Маиший хизмат уйининг шимолий томонида) фаолият юритган.
Уламоларимиз имомда уч хислат – зебои жома, нутқи томма, мақбули омма бўлиши керак, деб айтишади.Мулла Қосимжон қорида ана шу сифатлар уйғунлашган эди. Қавм билан имом ўртасида муҳаббат ришталари маҳкам боғланмас экан, икки томоннинг ўзаро тил топишиши жуда қийин кечади.
Қосимжон қори юртнинг жуда кўп алломалари, аҳли фазллари, қорилари билан яқин эди. Улар суҳбатида қатнашар, файз мажлисларини гуллатар, қироати билан Қуръонга ташна дилларга завқ-шавқ улашар эди.
Мулла Қосимжон қори ҳамиша Қуръон билан яшади, ундан бир нафас ҳам айрилмади, Каломуллоҳ қироатисиз ўтган кунига мотам тутди. У кишининг ўзи: “Қанча одам билан тилда суҳбатлашмай, дилимда Қуръонни такрорлаб туравераман”, дер эди. Суҳбат асносида оғзидан Қуръон оятлари чиқиб кетар, шундай ҳолларда суҳбатдошларига узрхоҳлик ҳам қиларди. Отасининг бирор дамни Қуръонсиз ўтказмасликка одатланганини ўғли Раҳматулло қори домла ҳам таъкидлайди:
– Отам Қосимжон қори домла маҳалламиз кўчаларида кўринганида барча ёш-қари юришдан тўхтаб, салом беришга шайланиб, тавозеъ ила кутиб олар, табассум барқ уриб турувчи нурли чеҳраларидан диллари ёришар ва дуоларига мушарраф бўлар эди. Отам маҳалламизда оддийгина умр кечирган, қурби етса-да, дабдабали, қўшнининг уйини қуёшдан тўсиб қўядиган ўта баланд иморат қурмаган. Юксак мартабага эришган бўлса-да, муомалада буни сездирмасди.
Мулла Қосимжон қорининг фарзандлари отага муносиб равишда камол топишди, билимли, дин хизматига камарбаста инсонлар бўлиб етишди.
Ўғли Неъматулло Усмонов Ўшдаги Турон шаҳарчасида кўп йиллар имом-хатиблик қилган.
Раҳматулло Қосимов Бухородаги Мирараб мадрасасини, Қирғизистон Давлат университетининг халқаро алоқалар факультетини тамомлаган. 2003-2010 йилларда Ўш шаҳри мусулмонлари қозиси. Араб, форс, инглиз тилларини мукаммал билади.
Иноятуллоҳ Усмонов Ўш шаҳрининг Турон кичик шаҳарчасида имом-хатиблик лавозимида.
Бутун умрини Ислом дини равнақи ва мусулмонлар манфаати йўлидаги хайрли ишларга бағишлаган уламо Қосимжон қори домла 1964 йилнинг 5 сентябрь санасида фарзандларига ўлими тушида аён бўлганлигини, жума куни жони олинишини башорат қилиб, айни жума кунида Ўшда вафот этган. Сулаймон тоғи этагидаги қабристонга дафн этилган.
Одилжон Дадажонов