МУСОФИР АЁЛ ҲАЁТИ
Мунозарали мавзу
Бундан уч йилча муқаддам бир дўстим билан Ўш аэропортида Россия пойтахтига йўл олдик. Ҳаво лайнерида уч кишилик ўриндиқнинг бир четига 50 ёшлардаги аёл ўтирди. Тайёра осмонга кўтарилгач аёл билан танишдик. Ўзбекистондан Қирғизистонга келин бўлиб тушганига ўттиз йилча бўлибди, дам олиши тугаб шу ердан Москвага – иш жойига йўл олган экан. Менинг журналист эканимни билгач қўлидаги китобни ёпиб менга юзланди:
– Сизни менга Аллоҳ етказди тоға, кўпдан сизга ўхшаган журналистни учратиб, дардимни айтсам, матбуотда ёритса, мусофир аёлнинг ҳаётидан кўпчилик хабардор бўлади, деган ниятда юрардим, – дея сўз бошлади ўзини Қумрихон деб таништирган бу аёл, – Менинг умр йўлдошим оғир хасталикка чалиниб, ёруғ дунёни тарк этганига 15 йилдан ошди. Икки ўғил, икки қизни менга ташлаб кетди. Ота-онамнинг тўнғич фарзанди эдим. Уларнинг ҳам ўзига яраша ташвишлари бор. Эримнинг йилини ўтказгач, фарзандларимни ота-онамга қолдириб Россияга йўл олдим. Москвада ишга ўрнашган холаваччаларим ёнига бориб ўзимга иш топдим. Мусофирликда кечирган ҳаётимнинг машаққат ва ташвишларини айтиб адо қилолмайман. Мен барча қийинчиликларни енгишга ҳаракат қилдим, худога шукур, ният-орзуларимга етаяпман. Ўтган йиллар ичида ишлаб, икки ўғилни ўқитдим, уйладим, қизим ҳам Москада ўқиб тенгини топди. Кенжатой қизим тиббиёт институтида, ўқишини тамомласа юртимга қайтаман, деган ниятдаман. Фарзандларим ҳаётдан ўринларини топишди, улардан кўнглим тўқ.
Аммо мени мана бир йилдан ошди, бир дугонамнинг эри айтган гаплар изтиробга солади. Ўшанда декабрь ойининг охирлари эди. Дугонам ҳаво алмаштириш ниятида эрининг ёнига, Москвага келади. Мен Москванинг Голицина шаҳарчасида яшардим. Россия пойтахтига келганидан қувонган дугонам дарҳол смс ёзди. Россияга келгунимча бу дугонам билан телефон орқали ҳол-аҳвол сўрардим ва у берган номерлар орқали бошқа дугоналарим билан ҳам гаплашиб турдим. Дугонам жойлашган кўча мен турган уйдан унча олис эмас. Вақт топиб, у билан кўришишга қарор қилдим. Бу орада гаплашиб, ёзишиб турдик. Янги йил арафасида Россияда таътил кунлари икки ҳафтага чўзилади. Янги йил бошида учрашишга, қадрдон ўртоғимни бағримга босиб, узоқ дардлашишга ният қилдим. Эрим йўқ, шу боис уларникига мен меҳмонга боришим керак эди. Биламанки, эрли аёл меҳмонга эрсиз бормайди ва эри ҳам аёлини ёлғиз боришига изн бермайди. Шу боис, у ерда дугонамнигина эмас, юртимиздан ишлагани келган бошқа ҳамқишлоқ опаларни, дугоналарни кўриб, ҳол-аҳвол сўрайман, яхши дам олиб келаман, деган ниятда эдим. Янги йил яқинлашяптики, дугонам телефон ҳам қилмади, хабар ҳам ёзмади. Мен “Ўртоқжон, қачон борайин сени кўргани” деб ёзмоқчи бўлдиму аммо эри хар хил тушунмасин, дея истиҳола қилдим. Бир куни кечки соат учларда дугонамдан смс келди. Шоша-пиша смсни очиб ўқидим, “Қалайсан ўртоқ, яхши юрибсанми? Биз ҳам яхши, келганимга кўп бўлгани йўғу аммо зерикдим, болаларимни соғиндим, тезроқ қайтишни ўйлаяпман, – деган сўзлардан кейинги сатрларни ўқиб хайрон қолдим. Кулишни ҳам билмайман, йиғлашни ҳам. Давомида шундай ёзилган эди: – Ўртоқ, бир гап айтсам ҳафа бўлмагин, келмасанг яхши бўларди. Эрим айтди, эри йўқ аёл билан гаплашма, сени ҳам айнитади. Узр, тўғрисини айтаётганим учун хафа бўлма, биласан, ёлғон гапира олмайман, яхшиси смс ҳам ёзма, эрим ўқиб қолса сўкади. Эрим ёзганларингни ўқиб қолмасин, деб телефонни ўзим билан олиб юрдим атайлаб”, деб ёзилганди.
Ўша кун нималар келмади ҳаёлимга. Дугонамнинг эри, яъни ўзини осмонда деб ўйлаган ўша “почча” мени кўрмаган, танимаган, кимлигимни билмаган ҳолда, нега менга нотўғри ҳукм чиқаради? Рўзғор ташвишлари билан бегона юртда юрган юртдошига ҳурмат шуми? Мусофир юртда юриб уларнинг тўйларида ҳам бўлмаганман. Дугонамдан ҳам кўнглим совиди. Ахир у менинг кимлигимни, қандай аёллигимни яхши биларди. Нега эрига тушунтира олмади? Балким тушунтиргандир, аммо дугонам кўп ўтмай юртига қайтиб кетди, у билан гаплашиш, юрагимдагиларни айтиб олиш имкони бўлмади.
Ишонинг, мен дугонамникига дастурхонидаги нозу неъматлари учун бормас эдим-ку. Ҳозир тўқчилик, ҳамманинг дастурхони тўкин, аммо меҳр танқис бўлаяпти. Соғинган синфдошни ва кўпдан кўрмаган юртдошларни кўриш, ёзилиб дам олиб келиш ва уларни ҳам меҳмонга таклиф этиш ниятида эдим. Афсуски, менинг юрагимда ўзим танимаган, билмаган, хатто тушимда ҳам кўрмаган одамга нисбатан нафратим ошди…
Синглимизнинг гаплари мени ўйга толдирди. Худога шукур, мустақиллик йиллари юртимизда исломга кенг йўл очилди, Қуръонни каримни ўқиб, ҳадисларни ўрганиб, яхшию ёмонни ажратадиган бўлиб қолдик. Қуръони каримда (“Нур” сураси, 23- оят) шундай дейилган “Албатта, (фаҳш ишлардан) бехабар, иффатли, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатланурлар. Уларга улкан азоб бордир”. Қуръони каримда аёллар ҳақида кўп оятлар нозил бўлган ва ҳадислар ривоят қилинган. “Тангри аёллар билан яхши муомалада бўлишларингни тавсия этади, чунки улар оналаринг, қизларинг, ҳолаларинг, сингилларингдир”, дейилган. Бир ривоятда эса, киши бир мўминни ғийбат қилиш билан ҳаром луқмани оғзига солган бўлади, дейилади. Ўша “почча” ва унга ўхшаган эркаклар аёллар шаънига айтган нолойиқ сўзлари учун охиратда азобга дучор бўлиши тайин экан. Наҳотки ўзини эркак санаган баъзилар бева аёлларга шундай салбий муносабатда бўлса? Тўғри, беш қўл баравар бўлмаганидек, орсиз йўқ эркак ва аёллар ҳам учраб туради. Айрим аёллар эрлари тебратган рўзғорга сабр қилмай, мусофир юртларга ишлагани кетади, у ерда ҳеч ким кўрмайди, деб нопок йўлларга киради. Эри эса хотини юборган пулга данғиллама ҳовли-жой қуради, машина сотиб олади. Кейин, ҳеч нима бўлмагандек юраверади. Қуръони каримда ундай эр-хотинлар ҳақда шундай дейилган: “Нопок аёллар нопок эрлар учундир (яъни, лойиқдир), нопок эрлар нопок аёллар учундир. Покиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир” (“Нур” сураси, 26 оят).
– Ахир мен у тасаввур қилган аёллардан эмасдим, – деди яна хўрсиниб бу аёл. – Мусофир юртга эрим-боқувчим йўқ, ота-онамга оғирим тушмасин, фарзандларимни оёққа турғизиб олайин деган ўйда, уларга ҳам она, ҳам ота бўлиб бордим-ку? Ҳар бир она ўз фарзандларига ҳалол луқма едириб, уларни илмли, зукко ва соғлом вояга етишини, ота-онасига меҳрибон, жамиятга фойдаси тегадиган инсон бўлишини истайди. Худога шукур, шаънимга зарра доғ туширмай, орзуларимга эришдим, эришиб келяпман.
Ота-она ўз дилбандини 18-20 йил боқади, тарбиялайди, касб-ҳунар эгаси қилади ва тақдирига битган йигитга узатади. Ҳар бир ота-она ўғлим, қизим қўшгани билан қўша қарисин, фарзандимнинг бахтли кунларини кўрай, дея орзу қилади. Аммо ҳаёт йўллари биз ўйлагандек бир текис, равон бўлмас экан. Кимдир феълига ёқмагани боис ажрашади, кимнингдир умр йўлдоши ҳасталиги туфайли ёруғ дунё билан видолашади. Аммо бевалар ҳақида, “яхши бўлса эридан ажрашмасди ёки эри ўлмас эди”, каби ғийбат сўзларни айтадиган эркаклар ҳам борлиги жуда ачинарли…
Бу синглимизнинг сўзлари ҳақ, азизлар. Кўрмай-билмай туриб, эри йўқ аёл ҳақида ёмон фикр юритманглар. У ҳам оилам бузилсин ёки эрим ўлиб қолсин, демаган. Ҳаётидаги мушкулотларга чора излаб мусофир юртларда юрган аёлларни тўғри тушунинг. Бу – қайтар дунё, сиз ёмон кўрган бева аёлнинг бошига тушган оғир кун сизнинг яқинингиз бошига тушиб қолмасин. Қанийди барчамиз Оллоҳнинг каломини, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадисларини берилиб ўқисак. Ўқибгина қолмай, уларга тўла амал қилсак. Ана шундагина биз ҳақиқий мусулмон бўла оламиз.
Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ
журналист