Ўшда яшаб, ўзидан кейин ёрқин из қолдирган акварелчи рассом Ўринбой Охунов

Нафақат Ўш, балки мамлакатимиз маданияти ва санъатига муносиб ҳисса қўшган инсонлардан бирини эслаймиз.

Ўринбой Охунов СССР Рассомлар уюшмасининг Қирғизистон жанубидаги биринчи аъзоси ҳисобланади. У Жанубий Қирғизистон археология экспедициясида рассом сифатида ишлаб келган ва бу ҳудудда бадиий санъат ҳаётига асос солган ижодкорлардан бири.

Ўш шаҳри. 1950 йилларнинг ўртаси. Маиший хизмат комбинати қошидаги бадиий устахонада Ўринбой Охунов.

Замондошлари Ўринбой аканинг жуда гавдали киши бўлгани билан, жуда ҳам нозик дидли ижодкор бўлганини айтишади. Ижодкор жуда таъсирли, ёруғ ва нафис сув бўёқли сувратларни тортар эди. Ўринбой Охунов ўз ишининг устаси сифатида ҳамсуҳбатларига санъат хақидаги ажойиб тафсилотларни ҳам қизиқарли қилиб айтиб берарди.

У ўзи яшаган диёрнинг табиатини, Туркистон диёридаги меъморий обидаларни юксак маҳорат ва муҳаббат билан қоғозда, нозик дид билан сув бўёқларида акслантирган. Ўринбой Охунов айниқса қўҳна Ўш шаҳри бўйича бетакрор гўзал тарихий лавҳаларнинг туркумларини яратган рассом. Уни хақли равишда икки қардош эл – ўзбек ва қирғиз халқлари рассоми деб аташади.

Таниқли акварелчи рассом, СССР Рассомлар уюшмаси аъзоси Ўринбой Охунов Қирғизистон Рассомлар уюшмаси қошидаги Бадиий фонднинг бадиий-ишлаб чиқариш устахоналари асосчиси ҳамда Қирғизистон Рассомлар уюшмасининг Ўш вилояти бўлимининг ташкилотчиларидан бири ҳамдир.

Ўринбой Охунов 1923-йилнинг 21-мартида ўша пайтда Туркистон АССР таркибига кирган Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида туғилган.

Мактаб йилларида у Фарғонадаги «Пионерлар уйи“да рассом А.Узлов бошқарган бадиий тўгаракка қатнашади. Фарғоналик машҳур акварелчи рассом, Барон Штинглица номидаги Санкт-Петербург олий саноат-санъат мактабининг битирувчиси П.Никифоров билан учрашув Ўринбой Охуновда рассомчилик санъатига қизиқиш уйғонишига кучли таъсир этган. 1945-йили Тошкентда, ҳарбий қайта тайёргарликдан ўтиш пайтида ёш Ўринбой рассом А. Волковнинг студиясида таҳсил олди. Ҳарбий хизматни Ўш шаҳрида ўтагач, 1949-йилдан тортиб, шу ерда оила қуриб яшаб қолади.

Вақт ўтиб, Қирғизистон жанубининг маданий ҳаёти уфқида ягона рассом сифатида пайдо бўлади. Ўз ижодини Ўшда акварелчи рассом сифатида намоён қилиб, бу ерда акварелчилик соҳасининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.

1950-йилларда Охунов ўша пайтда Киров номидаги Ўш давлат ўзбек мусиқали драма театрида рассом сифатида фаолият олиб борган. Фанлар академиясининг Жанубий Қирғизистондаги археологик экспедицияларида ҳам ишлаган. Шу билан бир қаторда шаҳарнинг байрамона безаклари билан ҳам шуғулланган.

Ижодкор 1962-йилда Қирғизистон Рассомлар уюшмаси қошидаги Бадиий фонднинг бадиий-ишлаб чиқариш устахоналарини ташкил қилиб, бу ижодий жамоанинг пайдо бўлишига катта ҳисса қўшган. 1976-йилда Ўринбой Охунов Қирғизистон жанубида биринчи бўлиб, СССР Рассомлар уюшмасига аъзо бўлди. Кейин Бутуниттифоқ ва республика кўргазмаларида иштирок этди. Қирғизистон Рассомлар уюшмасининг Ўш вилояти бўлимининг фаол ташкилотчилари қаторида ўрин олди.

Ҳаёт тақазоси билан Ўринбой Охунов 1977-йилда она шаҳри Фарғонага қайтиб кетади ва ўша ерда фаол ижодий фаолиятини давом эттиради.

Ота изидан борган рассом Вячеслав Охунов отаси ҳақида қуйидагича хотирлайди:

– Отам ажойиб инсон ва яхши рассом эди. У бадиий таълимни Фарғона шаҳридаги Пионерлар уйидаги тасвирий санъат тўгарагида олган. Унинг ўқитувчиси – Санкт-Петербургдан “халқ душмани“ сифатида Туркистонга сургун қилинган ажойиб акварелчи, Барон Штинглица мактабини битирган Пётр Максимович Никифоров эди. 1945-йилда отам Тошкентдаги Александр Волковнинг студиясига ташриф буюрган. Отам ҳар қандай жанр ва техникада ишлаши мумкин эди. У Ленин портретини чизишдан дарҳол қалайга, яъни “Қалай техникаси“ деган усулга ўтиши мумкин эди”.

Ўзининг бир пайтлар ўшлик бўлгани билан фахрланувчи ўғлининг эслашича, Ўринбой Охунов жуда дилкаш, одамохун киши бўлган. Бир йили Ўш бозоридан катта, узун қовунлардан олиб, Москвага борган. У ерда қирғизистонлик буюк рассом Семён Афанасьевич Чуйковнинг Масловкадаги дала ҳовлисида меҳмон бўлган. Ўша ерда келиштириб палов дамлаб берган. Ижодкор акварел техникасида нодир уста бўлгани сабабли унинг асарлари ҳозирда турли музейларда сақланмоқда. Шу билан бирга у кўп қиррали истеъдод соҳиби бўлган.

“Ҳаётимда биринчи марта, 50-йилларнинг охирларида отам рол ижро этган спектаклни ҳам кўрдим, – дея эслайди Вячеслав Охунов. – Отам шляпа тутган қўлини чўзган ҳолда шаҳар марказида туриб, садақа сўраб, ёлвораётган инсон қиёфасини тасвирлаган эди. Кимдир отамнинг бу ишини юқори баҳолади, кимдир органларга “сотибди”. Отам шу сабаб бирмунча вақт катта муаммоларга дуч келди. Шу туфайли мен ҳам пионерлар сафига синфдошларим қатори 22-апрел куни эмас, кузда, “отамнинг иши унутилганидан“ кейин қабул қилиндим. Улар менга Ленин ҳайкали ёнидаги боғда, Совет Иттифоқи Коммунистик партияси вилоят қўмитаси биноси қаршисида пальтоим ёқасига қизил галстук боғлашди.

Ўша пайтда мен худди туғилган кунини нишонлаётган болага ўхшардим – қувончим чегара билмасди! Мен бир кўлим билан галстугимни силаб, бир қўлим билан сумкамни силкитиб, мағрур ва хурсанд борардим. “Помир“ ресторани ёнида дўстлари қуршовида отамни кўрдим.

“Сен пионер бўлиб қабул қилиндингми?“ – деб сўради отам. Мен бош ирғадим. “Ўринбой бу янгиликни ювиш керак!“ – деб бақиришди отамнинг дўстлари. “Помир“ ресторанига кириб, мени портфелим устига ўтқизишди. Отамнинг яҳудий дўстларидан ташкил топган оркестр (карнай-пистонда маиший комбинатнинг суратчиси Яша Суткевич, аккордеонда Суткевичнинг ёрдамчиси, барабанларда маиший комбинатнинг сартароши Сёма тоға эди) мусиқа чалди. Ўша пайтда бир ликоп боршч 3 сўм (рубл), битта кабоб эса 2 сўм 18 тийинни ташкил қиларди. Агар бу отамнинг чиқишлари, ундан кейинги воқеалар ва пионерликка қабул қилишим сабаб бўлмаганида эди, “Помир“ ресторанида ўша кечқурун қанчалик хурсанд бўлганимни эсламаган бўлар эдим”.

Таниқли акварелчи рассом Ўринбой Охунов 1996-йилда Тошкентда вафот этди. Ўша ердаги «Тешикқопқа» қабристонига дафн этилган.

 

Одилжон Дадажонов, Оқбура, Ўш.

Расмлар Охуновларнинг оилавий архивидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг