Қирғизистон-Ўзбекистон: Цемент, кўмир, картошка, савдо уйи ва бошқалар
Ўш вилоятига Андижондан катта расмий делегация келиб, ўзаро ҳамкорлик бўйича янги имкониятлар очилди.
Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов эллик нафарга яқин тадбиркорлар билан Ўш вилоятига ташриф буюрди. Сафар давомида меҳмонлар ҳудуддаги йирик саноат ишхоналари билан танишиб, ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича гаплашиб олинди.
Меҳмонларни Қирғизистон президентининг Ўш вилоятидаги вакили Элчибек Жантаев бошчилигидаги жамоа, Бобур номидаги академик мусиқали драма театрининг хонанда ва созандалари “Дўстуқ” (“Дўстлик”) чегарасида кутиб олишди. Меҳмонларга қирғиз миллий урф-одатига кўра, нон ва туз тақдим этилгач, улар дастлаб Аравон цемент заводига боришди. Кейин яқинда ишга тушган “Берекет” кўмир заводининг фаолияти билан танишишди.
Қирғизистон президентининг Ўшдаги вакили Элчибек Жантаевнинг таъкидлашича, бу ердаги “қора олтин”нинг тафти юқори бўлгани боис унга талаб кўп. Бугунги кунда бу ерда ҳар куни 360 тонна кўмир қазиб чиқарилиб, катта қисми Европа ҳамда Ўзбекистонга экспорт қилинади.
Андижон ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Қирғизистондан кўмир ва оҳак импорт қилишдан манфаатдор. Чунки ушбу икки маҳсулот ҳам жуда сифатли. Учрашув давомида тегишли шартномалар тузилиб, келажакда Андижонга кўмир ҳамда оҳак маҳсулотларини етказиб беришга асос тузилди.
Шундан сўнг меҳмонлар Қорасув туманида жойлашган 2 500 ишчи ўринли тикувчилик фабрикаси томон йўл олишди. Фабрика бу ерда энг йирик ишхоналардан бири ҳисобланади. Мазкур фабрикада ҳозирда 100га яқин одам ишламоқда. Ходимларнинг таъкидлашича, бу ерда уларга барча шароитлар яратилган. Эрталаб уларни ишга олиб келиб, кеч уйларига етказиб қўйиш учун транспорт ажратилган.
Бу фабрикада ҳозирча фақат аёлларнинг кийимлари тикилмоқда. Бир кунда ўртача мингга яқин либос тикилади. Ҳом- ашё эса Ўзбекистон ва Россиядан олиб келинади. Тайёр бўлган товарлар қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда. Қўшни давлат вилоят раҳбарига кўра, бу каби текстил фабрикаси Андижонда жуда ҳам ривожланган.
“Ушбу тикувчилик цехининг эгаси Андижонда ҳам худди шундай текстил ишхонаси очган. Ўшга ҳом-ашё Андижондан келмоқда. Бу ерда ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулот Россияга экспорт қилинмоқда. Бу ҳам икки эл бирлигининг бир натижаси, десак бўлади. Бунинг ортидан халқимиз иш билан таъминланмоқда. Биз ушбу сафардан катта режалар билан келганмиз. Бунинг натижасида ўшликлар учун ҳам фойдали шартномалар тузиб, уларни амалга оширамиз деган ниятдамиз”, – деди Андижон вилояти ҳокими.
Артабали меҳмон Ўшда саноат зонаси ташкил қилинаёттганидан бохабар эканини, бу ерда андижонлик тадбиркорлар ҳам ер олиб, завод, фабрикалар қуриш нияти ҳам борлигини маълум қилди.
“Андижонлик гулчилар ва мебелчиларимиз катта ташаббус кўрсатишмоқда. Ўшда савдо маркази очиб берсангиз, деган. Бугунги учрашув натижасида бу ерда катта бир савдо уйи очиб, Ўзбекистон гуллари ва мебелларини ўшликларга етказиб беришни ўйлаяпмиз”, – деди Абдураҳмонов
Ўзаро келишувларга кўра, Ўш ҳамда Андижон вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича тузилган йўл харитаси асосида ҳар томонлама ҳамкорлик фаоллашади. Бу ҳақда икки мамлакатнинг ҳукумат вакиллари билдирдилар.
Меҳмонлар қишлоқ хўжалиги соҳаси билан ҳам таништирилди. Маълум бўлдики, Ўшда етиштирилаётган картошкага Ўзбекистонда талаб катта.
“Уни экспорт қилишга бизда имконият бор. Кузда кўтариладиган масалани бугун ҳал қиляпмиз. Шу билан бирга биз Ўзбекистондан оладиган маҳсулотларнинг сифати, нархи ҳажми бўйича ҳам келишиб олдик”, – деди президентнинг Ўшдаги вакили Элчибек Жантаев.
Учрашув давомида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш ва туризм тармоғида биргаликда фаолият юритиш йўллари атрофлича муҳокама қилинди.
Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.
Расмлар муаллифники