Буюк Ғалаба меъморлари: Армия учун танк сотиб олган Аъзамхон Сайдаҳматов
Аравонлик машҳур деҳқон, моҳир раиснинг маблағига яратилган танк Берлингача етиб борган.
Агар Аравонга бориб қолсангиз, туман марказидаги баланд шохсупага ўрнатилган ҳақиқий танкка кўзингиз тушади. “Аравон” деб аталган бу танк Воронеж фронтидан Берлингача бўлган шонли йўлни босиб ўтган. Танк остидаги тошга рус тилида ўйиб ёзилган матнлар бор. Матн мазмунини тушуниб-тушунмай туриб, энг сўнгги жумлага кўзингиз тушади. Ва қайта матнни ўқишга киришасиз.
«Ўш область, Аравон районидаги «Бирлик» колхози раиси Сайдаҳматов Аъзамхонга. Ўртоқ Сайдаҳматов, Қизил Армия бронетанк қўшинларини мустаҳкамлаш борасидаги кўрсатган ғамхўрлигингиз учун ўз саломимни ва Қизил Армиянинг миннатдорчилигини қабул қилгайсиз. И. Сталин».
Хўш, шахсан Сталиннинг миннатдорчилигини қозонган Аъзамхон Сайдаҳматов ким? У қандай қилиб бронетанк қўшинларига ёрдам берган? Бу саволлар, албатта, бугуннинг ёшларида туғилиши мумкин. Чунки, Аравоннинг довруғини бутун Иттифоқимизга таратган, колхоз ишлаб чиқаришининг забардаст сардорларидан бири бўлган Аъзамхон Сайдаҳматов номини Аравондагина эмас, балки мамлакатимизда, бутун Фарғона водийсидаги ёши улуғлар жуда яхши билишади.
Колхоз қурилишининг фаол иштирокчиси, моҳир қишлоқ хўжалиги ходими, таниқли пахтакор Аъзамхон Сайдаҳматов 1911-йилнинг 10-майида ўша пайтлар Россия империяси тасарруфида бўлган Туркистон генерал-губернаторлиги, Аравон волостининг Аравон қишлоғида, камбағал деҳқон оиласида таваллуд топди.
Ота-онасидан эрта етим қолган Аъзамхон болалик чоғларида Марғилон шаҳридаги болалар уйида тарбияланди. 1923-йили пионер, 1926-йили комсомол сафига қабул қилинди. 1948-йили бўлса КПССга аъзо бўлди.
Аъзамхон Сайдаҳматов ўзининг меҳнат фаолиятини 1927-йили Аравон қишлоғида биринчилардан бўлиб тузилган «Тараққий» қишлоқ хўжалиги артелига аъзо бўлишдан бошлади. 1930-35 йиллари Аравондаги Куликов номидаги колхоз раисининг ўринбосари, 1935-1941 йиллари Аравондаги пахтани қайта ишловчи заводда катта товаршунос, 1941-48-йиллари Аравондаги «Бирлик», 1948-1951-йиллари Ворошилов номидаги, 1951-57 йиллари И.В. Сталин номидаги, 1957-68-йиллари бу колхозларнинг бирикиши туфайли янгидан тузилган йирик «Партия ХХII съезд» колхозларида раислик лавозимида ишлади. 1968-йилдан бошлаб Республика аҳамиятидаги пенсияга чиқди.
Аъзамхон Сайдаҳматов қайси колхозда раис бўлиб ишламасин, диққат-эътиборини аввало хўжаликнинг иқтисодини мустаҳкамлашга, соҳа рентабеллигини оширишга, колхозчиларнинг реал даромадларини оширишга қаратди. У аҳоли пунктларини, қишлоқларни обод этишга, ижтимоий ва маиший объектлар қуришга ўзгача назар билан қаради. Унинг раислиги даврида жуда кўп турар-жой иморатлари, маданий-маиший бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Туманда биринчилардан бўлиб, ўз қишлоғида водопровод линиясини қуриш орқали аҳолини тоза сув билан таъминлади. Бош режа асосида равон кўчалар қурилиб, йўллар асфалтланди. Айнан шу даврда Аравон қишлоғида 1200 ўринли маданият саройи, 800 ўринли «Баҳор» кинотеатри, ҳар бири 16 ўринли 2 туғруқхона, 22та дала шийпонида мавсумий болалар боғчаси, 4 доимий болалар боғчаси, ҳаммом, 7 бошланғич ва 1 ўрта мактаб биноси, бошқа кўплаб иморатлар қад кўтарди.
Улуғ Ватан уруши йиллари Аъзамхон Сайдаҳматов ўз оиласи кўп йиллар бўйи тўплаган 100 минг сўмлик жамғармасини фронт ҳисобига жўнатди. Бу маблағ эвазига машҳур Т-34 русумидаги танк ишлаб чиқарилиб, фронтга жўнатилди. Бу танк подполковник Торчилин қўмондонлигидаги ҳарбий қисм таркибида Берлинни забт этишда қатнашди. Аъзамхон Сайдаҳматовнинг фронтга қўшган бу ҳиссаси учун унга СССР Қуролли кучлари бош қўмондони, Иосиф Сталин қуйидаги мазмунда Ҳукумат телеграммасини жўнатган:
«Ҳурматли Сайдаҳматов А!
Қизил Армиянинг бронетанк қўшинларига кўрсатган ғамхўрлигингиз учун менинг саломимни ва Қизил Армиянинг миннатдорчилигини қабул қилинг!»
Бу танк 1984-йили ўша кезлардаги туман раҳбари бўлган А.Исмоиловнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракати натижасида, СССР Мудофаа вазирлигининг рухсати ва ёрдами билан Аравонга олиб келиниб, Буюк Ғалабанинг 40-йиллиги муносабати билан қурилган «Ғалаба» майдонидаги шохсупага ўрнатилди. Ўша 1984-йили «Қирғизфилъм» студиясида Аъзамхон Сайдаҳматов ҳақида «Саҳоватпеша юрак» («Шедрое сердце») деб номланган ҳужжатли филм яратилиб, СССР бўйлаб барча кинотеатрларда намойиш қилинди.
Аъзамхон Сайдаҳматов уруш йиллари ота-онасиз етим қолган болалар учун Қирғизистонда биринчилардан бўлиб колхоз миқёсида болалар уйини очди. Ўзи ҳам шундай етим болалардан 8 нафарини оиласига қабул қилди.
Аъзамхон Сайдаҳматов «ХХII Партия съезди» колхозига раислик қилган даврларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш кўлами, уларнинг ҳосилдорлиги ошди, айниқса етакчи тармоқ бўлган пахтачиликдан мўл ҳосил олинди. Бу эса колхоз хўжалик иқтисодини кескин кўтарилишига омил бўлди. Унинг хўжаликни бошқаришдаги тажрибаси Иттифоқ бўйлаб кенг ёйитилди. 1967-йили унинг «Колхоз иқтисодини юксалтириш» номли китоби 1000 нусхада «Қирғизстан» босмахонасида чоп этилди.
Аъзамхон Сайдаҳматовнинг халқ ва давлат олдидаги баракали меҳнати ҳукумат томонидан муносиб баҳоланди. У 2 марта Ленин ордени (1957, 1966-й.), 2 марта «Ҳурмат Белгиси» ордени (1955, 1961-й.), кўплаган медаллар, Фахрий ёрлиқлар ва номлар билан тақдирланган.
Аъзамхон Сайдаҳматов жуда кўплаб давлат миқёсидаги анжуман ва съездларга қатнашиб ўзининг деҳқончилик, айниқса пахтачилик борасидаги бой тажрибаси ҳақида гапириб берди. Масалан, у 1958-йили ўтган Бутуниттифоқ пахтакорлари анжуманига, 1954-йили Ўзбекистон ССР қишлоқ хўжалигининг илғорлари қурултойига, 1943-йили Ўш вилояти колхоз раисларининг 1-йиғинига,1966-йили Қирғизистон ССР ва Қирғизистон Компартиясининг 40-йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали мажлисларга ва бошқа нуфузли тадбирларга қатнашган.
Аъзамхон Сайдаҳматов Қирғизистон ССР Олий Советининг 5 ва 6-чақириқ депутати, Ўш вилояти, Аравон тумани ҳамда Аравон қишлоқ депутатлари Советларининг бир неча чақириқ депутати бўлиб сайланган.
Аъзамхон Сайдаҳматовнинг халқ ва давлат олдидаги улкан хизматлари инобатга олиниб, унинг номини абадийлаштириш мақсадида ҳамюртларининг илтимосига кўра, Аравон қишлоғидаги С.Юсупова қишлоқ ҳукуматига қарашли маданият уйига, ўрта мактабга ва Октябр участкасидаги кўчалардан бирига унинг номи берилди. Қишлоқ ҳукумати қошида унинг музейи, марҳум ўғли Аъзамхонов Маҳмуджон аканинг уйида эса уй музейи ишлаб турибди.
Аъзамхон Сайдаҳматов 70-ёшида, 1981-йилнинг 7-декабрида юрак хуружидан Аравонда вафот этди. Аравондаги Учкўприк маҳалласидаги «Қорақиз эна» қабристонига дафн этилган.
Оқбура, Одилжон Дадажонов, Ўш.
Шоир ва ёзувчи Ҳабибулло Идрисовга тегишли манбалар асосида тайёрланди.