Шийпон ўрнида мактаб: Боболашкар болалари энди замонавий мактабда ўқишади

Чорак асрдан бери эплаб келинаётган эски мактаб биноси энди фақат хотираларда қолади.

Ўш вилояти Қорасув туманига қарашли Боболашкар қишлоғидаги мактабга айлантирилган эски дала шийпони бузилиб, ўрнига замонавий мактаб қурилиш арафасида. Бу ҳақда сайтимизга ушбу мактабнинг директори Равшаной Раҳмонова билдирди.

Mактаб директори Равшаной Раҳмонова

Унинг маълумотига кўра, Жаҳон банкининг лойиҳаси асосида 225 ўринга мўлжалланган термос-мактаб қурилишига тендер эълон қилинган эди. Қиймати 200 миллион сўмлик бино қурилиши ёзги таътил арафасида бошланади. Мактабнинг термос деб аталишига сабаб, унинг иссиқлик тизими ўчиб қолган тақдирда ҳам бино ичидаги иссиқлик бир ҳафтагача сақланиб турадиган тизими мавжуд.

Бино лойиҳасига кўра синф хоналаридан ташқари лифт, ювиниш хонаси, спорт майдончалари, катта кутубхона, ўқувчилар учун устахоналар, замонавий ошхонаси бўлади. Мактабнинг янги биноси қурилиши учун, барча зарур текширувлар олиб борилди. Ҳар бир хона, бино қуриладиган ернинг ҳолати текширилди.

“Қишлоқда мактабга келадиган болалар сони кўпайиб бораётгани, замон жадаллик билан ривожланаётгани туфайли биз ҳам, эски мактабда ўтиравермасдан замон билан ҳамнафас бўлайлик деб, 2018 йили вилоят раҳбариятига қўшимча 4 хонали бино қуриш илтимоси билан мурожаат қилганман. Ана шу асосда текширувлар олиб борилди. Натижада бизнинг мактаб ҳам Жаҳон банки лойиҳаси асосида қурилиши кўзда тутилган 10та нуфузли мактаблар қаторига кириб қолди”, – дейди мактаб директори.

Бунгача мактаб ўқувчилари 8 хонали дала шийпонини мактаб сифатида фойдаланиб келишган. Мактаб биноси бугунги кунда яроқсиз ҳолатга келган. 220 ўринга мослашган мактабда бугунги кунда асосан ўзбек миллатидаги 474 нафар ўқувчи таълим олмоқда.

Дала шийпони бўлиб турган бинода 1999 йили иккита синф очилган, 2000-йилда 8 хонали тўлиқсиз ўрта мактаб ҳашар йўли билан қурилган. Унга қишлоқ атрофидаги Ибн Сино, Абдурашид Парпиев ва Ҳамза номли мактабларда таҳсил олаётган боболашкарлик 400 ўқувчи ҳамда 29 нафар ўқитувчи олиб ўтилган.

Боболашкар қишлоғида бугунги кунда мингга яқин хонадон истиқомат қилади. Мазкур мактабга 2010 йилда раҳбар бўлиб келган Равшаной Раҳмонованинг сайъи-ҳаракатлари билан ҳар йили мактабга бир қанча ўзгартиришлар киритилиб, таъмирланиб келади.

“Ҳашар йўли билан қурилган бўлгани учун ҳеч қандай шароити йўқ. Поллари бетон бўлганидан артилмайди, сув сепиб супирилар эди. Пахта, буғдой тўкилган шийпон бўлгани учун бинони каламуш босган эди. Деразалари очилса ёпилмас, ёпилса очилмасди. Махсус лаборатория хоналари ҳам йўқ эди”, – дейди директор.

Билим даргоҳи 2012-йилда ўрта мактабга айланди. 2015 йилда Япон гранти асосида 4 миллион 200 минг сўм жалб қилиниб, бино деразаларига пластик ромлар қўйилди. Замонавий қўл ювиш хонаси, ҳожатхона қурилиб, йўлакчалар стяжка қилинди, ариқларга бетон лотоклар ётқизилди.

2016-йилда ЮНИСЕФ лойиҳаси билан икки томонга иккита ўтхона қурилган. Унга 920 минг сом сарфланди. Хоналар етишмовчилигини бартараф қилиш мақсадида 2018-йилда қишлоқ ҳукумати ва ҳомийлар ёрдамида битта қўшимча хона қурилди. Унинг ёнига қоровулхона қўшилди. Томи очилиб, эски шифер ўрнига тунука қопланди.

“Айтсак, гапимиз кўп, қилган ишларимиз кўп. Мактабни қанчалик олдинга суришга ҳаракат қилганимиз билан, эскини эплагунча эсинг кетади деганларидек, ҳар йили имкон қадар янги таъмирдан чиқариб ўқувчиларга топширамиз. Бир кунда 400дан ортиқ ўқувчи кириб чиққанидан кейин полларимиз яна аввалги ҳолатга келиб қоляпти”, – дейди мактаб директори.

Ушбу мактабнинг ота-оналар қўмитаси аъзоси Шавкатбек Умаровнинг сўзларига кўра, билим даргоҳи раҳбари жон куйдириб, ўқувчиларга шароитлар яратишга ҳаракат қиладиган аёл. Мана энди унинг саъй-ҳаракатлари билан янги бино қурилиши бошланиш арафасида.

“Режага кўра, бу йил фарзандларимиз янги мактаб биносида ўқиши керак эди. Лекин 2000 йили бошланиши лозим бўлган лойиҳа, коронавирус пандемияси оқибатида тўхтаб қолганди. Мана энди қурилиш амалга ошиш арафасида”, – деди Умаров.

Биз мактаб директори Равшаной Раҳмоновага тасаннолар айтиб, Боболашкар қишлоғи аҳолиси ва болаларига омад, янги-янги хушхабарлар, муваффақиятлар тилаб қоламиз.

 

Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг