ВОЛОНТЕР ПРЕЗИДЕНТЛАР, БОРМИСИЗ?
Ўн йилча аввал “24.kg” ахборот агентлиги Ўш воқеалари кунлари волонтерларнинг кўрсатган фидойиликлари ҳақида бир тасвир эълон қилган эди. Унда ёнаётган уйлар, кўз ёш тўкаётган аёллар, вайрон бўлган бинолар кўзга ташланади.
Бир аёл кўнггиллилар (волонтерлар)нинг жабрдийдаларга кўрсатган ёрдамлари ҳақида гапирди. Уни кўриб ўтириб, ўша кунлардаги кўрган-кечирганларим бир-бир хаёлимдан ўтди. Биз, бир гуруҳ ижодкорлар ҳам қўл қовуштириб ўтиришнинг вақти эмаслигини ҳис қилиб, Андижон ва Фарғона вилоятларида қирғизистонлик қочоқлар учун таёрланган лагерларда бўлиб, улар билан суҳбатлашдик, воқеалар тафсилотларини юракларимиз қон бўлиб тингладик. Суҳбатдошларимизнинг биринчи саволлари: “Энди бизга ким ёрдам беради?” деган илтижо эди. Улар биздан ўзларининг аҳволлари, ватанларида бошдан ўтказган фожеаларни халқаро ташкилотларга, мамлакатлар Президентларига еказишимизни илтимос қилардилар. Қуйидаги мурожаатномалар ўша кунлари ёзилиб, айтилган манзилларга жўнатилган. Аммо халқаро ташкилотлардан ҳам, Президентлардан ҳам одамларнинг бу мурожаатларга жавоб бўлмади.
Мана улар:
БМТ Бош котиби Пан Ги Мун жанобларига,
Нусхаси: БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларига
Қирғизистонда туғилган, аммо тақдир тақозоси билан Ўзбекистонда яшаб меҳнат қилаётган бир гуруҳ ўзбеклар номидан
МУРОЖААТНОМА
Қадрли Пан Ги Мун жаноблари!
Ҳурматли жаноблар!
Жанубий Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод шаҳарларида, бир қатор аҳоли пунктларида содир этилаётган фожеалар сизларга маълум. Қонли воқеалар натижасида бу ерда, норасмий ҳисоб-китобларга кўра, юзлаб одам нобуд бўлган. Юзлаб кишилар жароҳатланган. Минглаб қочқинлар ўз уй-жойларини ташлаб, Ўзбекистон ва бошқа жойлардан паноҳ топган. Мазкур воқеалар пайтида Ўзбекистон Президенти И.Каримов раҳбарлигида ўзбек-қирғиз чегаралари очилиб, юз мингдан ортиқ қочқин қабул қилиб олинди. Улар озиқ-овқат, вақтинчалик турар-жой, тиббий ёрдам билан тўлиқ таъминландилар. Биз Президент И.Каримовнинг уруш оловини ўчиришга ва минақада катта урушнинг олдини олиб қолишга қаратилган саъй-ҳаракатларидан миннатдормиз.
Шунга қарамай, қонли воқеалар ортида кимлар тургани, Қирғизистонда қадимдан яшаб келаётган ўзбек халқига нисбатан қилинаётган бедодлик сабаблари номаълумлигича қолмокда. Қирғизистонлик ўзбеклар бу жойларда азалдан яшаб келганлиги ҳақида мана бу маълумотга эътиборингизни қаратмоқчимиз. 1908 йил аҳоли рўйхатига кўра Ўш шаҳрида 43433 нафар кишидан 39787 таси сарт (ўзбек), 7 таси қирғиз бўлган.
1924 йили РСФСР таркибида тузилган Қорақирғиз мухтор вилоятига Жалолобод шаҳри 78 %, 1936 йил Ўш шаҳри 88%, Ўзган шаҳри 90% ўзбек аҳолиси билан берилганини бугун «Қирғизистон фақат қирғизларники», деб ўзбекларнинг ота юртидан кетишларини талаб қилаётган кишилар жуда яхши билишади.
Жанубий Қирғизистонда юз берган қонли воқеалар собиқ СССР томонидан 1924 йилда Ўрта Осиё остига қўйилган секин портловчи миналарнинг навбатдагисидир. Мазкур портлашни ким содир этди? Бу бизга номаълум. Буни аниқлашни Қирғизистон вақтли ҳукуматининг ўзига қўйилса, биринчидан ҳақиқий жиноятчилар 1990 йилда бўлганидек, ҳеч қачон аниқланмай қолаверади, мабодо аниқланган тақдирда ҳам айб ўзбекларга ағдарилади.
Агар Қирғизистондаги воқеалар БМТ комиссияси томонидан тафтиш қилинмаса, тафтиш натижалари Халқаро судга берилмаса, бу ерга Хавфсизлик кенгашининг тинчликпарвар кучлари киритилмаса, Қирғизистон жанубида тинчлик, осойишталик қарор топмаслигидан хавотирдамиз.
Жаноб бош котиб, ҳурматли жаноблар!
Қонли воқеаларнинг туб сабабларини аниқлаш, жиноятчиларни Халқаро суд олдида жавоб беришга мажбур қилиш, ана шу асосда ўлкада тинчликни қарор топтириш, айни пайтда жанубий Қирғизистон халқининг келажакда тинч-тотув яшаш ва меҳнат қилиш кафолати сизларнинг шу кунларда чиқарадиган қарорингизга боғлиқ.
Сизларнинг буюк ишларингизда омад, ўзларингизга соғлик тилаб,
К.Масолиев, А.Мирзоҳидов, З.Толипов…
(жами элликдан ортиқ имзо).
Россия Президенти Д. А. Медведевга,
Нусхаси: Россия Бош вазири В.В. Путинга,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига,
Қирғизистон Омбудсмани Турсунбой Бакир ўғлига
МУРОЖААТНОМА
Қадрли Дмитрий Анатольевич!
Сизга жафокаш бир ўзбек аёли мурожаат этмоқда. Ўзим Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилоят, Сузоқ район, Сузоқ қишлоғида туғилганман. Ота-онам ва бошқа қариндошларим ўша ерда яшашади. Тақдир тақозоси билан мен Ўзбекистонга турмушга чиқиб, Тошкентда яшайман. Турмуш ўртоғим, болаларим бор. Шу йилнинг июнь ойида Жанубий Қирғизистонда юз берган воқеалардан хабарингиз бор. Қирғизистонда ўзбекларга нисбатан муносабат шу кунгача ҳам ўзгаргани йўқ. Агар 10-14 июнь кунлари ўзбек миллатига мансуб кишилар тўғридан-тўғри отилган, чопилган бўлса, бугунга келиб улар қамоқларда азоб чекишмоқда. Норасмий хабарларга кўра, фожеа кунлари мингдан ортиқ одам нобуд бўлган. Уларнинг аксарияти ўзбеклардир. Шунга қарамай, бугунгача бирорта ҳам ўзбек йигитининг қотили топилгани ҳам, қидирилгани ҳам йўқ. Қирғиз миллатига мансуб кишиларни ўлдирганликда айбланиб эса юзлаб бегуноҳ кишилар қамоқхоналарда азоб чекмоқда.
Қирғизистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга, эл-юрт фаровонлигини юксалтириш йўлида бир умр хизмат қилиб келган, “Қирғизистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими” унвонига эга бўлган дадам Усмонжон Аблазов ана шундай айбсиз айбдорлардан биридир. Унга нисбатан тартибсизликларни уюштириш, одам ўлдириш каби оғир жиноятлар тиркалмоқда. Дадам Усмонжон Аблазовнинг ёши 65 да, беш фарзанднинг отаси, ўндан ортиқ неваранинг бобоси. Бутун умри меҳнат билан ўтган. Совет даврида турли хўжаликлар партия ташкилотларида секретарь, райком инструктори, райисполком ходими, узоқ йиллар эса Жалолобод вилоят, Сузоқ район, «Москва» номидаги колхозда раис бўлиб ишлаган. Фаолияти давомида одамларга фақат яхшилик қилиб келган. Фожеа кунлари дадам Кўгарт водийси ва Бишкекдан келаётган босқинчилардан Сузоқ қишлоғини ҳимоя қилишга чиққан ёшларни тинчлантиришга, билиб-билмай жиноят қилиб қўйишдан сақланишга чақирди. Тўпланган одамларни тарқатиш учун Жалолобод вилоят ҳокимлиги, маҳаллий оқсоқоллар вакиллари билан юрди. Тўполонларни тинчитиш, тарқатиш учун оломон ичига борди. Аммо ўндан ортиқ ҳамқишлоқларининг ўлигини кўрган, Ўш шаҳридаги ўзбекларга нисбатан қилинган хунрезликлардан даҳшатга тушган оломонни тинчлантиришга ҳукуматнинг кучи етмаган бир пайтда, менинг отам нима ҳам қила оларди? Оқибатда эса тартибсизликларнинг ҳақиқий айбдорлари, уларни бошлаганлар бир ёқда қолиб, айб отамга ўхшаш бегуноҳларга ағдарилмоқда. Биз Усмонжон Аблазовнинг фарзандлари, Сузоқ қишлоғи аҳолиси отамизнинг бегуноҳ эканига аминмиз. Сиздан Усмонжон Аблазовнинг қамоқдан озод этилишига кўмак беришингизни сўрайман…
М. АБЛАЗОВА
Тошкент шаҳри, 2010 йил
(Усмонжон Аблазов 2020 йили қамоқда вафот этди – Х.Н.)..
Қирғизистон Республикаси Президенти Р. ОТУНБОЕВАга
Қирғизистон Республикаси Бош вазири А. АТАМБОЕВга
Қирғизистон Республикаси Парламенти Раисига
Қадрли Роза Исаковна!
Ҳурматли Алмаз Шаршенович!
2010 йил июнь ойида Қирғизистон жанубида юз берган қонли воқеалар биз ўзбек ёзувчиларини қаттиқ ташвишлантирди ва ҳаяжонга солди. Ўзбекистон Президенти Ислом Абдуғаниевич таъкидлаб айтганларидек, бўлиб ўтган тўқнашувларда ўзбекларнинг ҳам, қирғизларнинг ҳам айби йўқ. Улар бу ерларда қадимдан қўни-қўшни, оға-ини бўлиб яшаб келишади. Уларни ҳар қандай пасткашликдан тап тортмайдиган учинчи кучлар ўз иғвогарликлари ва фитналари билан уруштириб қўйди. Уларнинг мақсадлари нафақат Қирғизистонда, шунингдек, бутун минтақада уруш оловини ёқиш бўлган.
Ҳурматли Роза Исаковна! Интернет сайтлари ва оммавий ахборот воситаларида Ўш ва Жалолобод вилоятларида истиқомат қиладиган этник ўзбеклар бугунги кунгача ҳам сиқувга олинаётгани, уларга нисбатан тазйиқлар ўтказилаётгани ҳақидаги ахборотлар узлуксиз чоп этилмоқда. Уларнинг айримлари гуноҳлари исботланмасданоқ узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилмоқда. Бу хабарларни бир қатор халқаро ташкилотлар ҳам тасдиқлашмоқда. Хабарингиз бўлса, фожеа кунлари Ўшдаги Алишер Навоий ҳайкалига шикаст етказилган эди. Унинг бошига арқон солиниб, бир қўли узиб ташланган эди. Бундай ҳақоратомуз хатти-ҳаракатлар икки халқ ўртасидаги юзага келган адоватни кучайтиради, холос. Бунга йўл қўймаслик учун ҳайкал ўша кунлариёқ таъмирланиб, бундай халқлар ўртасига фитна солувчи беадабликларга барҳам берилиши зарур эди. Афсуски, айтишларича, Навоий ҳайкали ҳамон шикастланганича турибди. Бу каби ҳодисалар биз ўзбек зиёлиларини ўта ташвишга солмоқда.
Айни пайтда, Қирғизистондаги ўзбек мактабларида мустақиллик йилларида юзага келган салбий холатлар сақланиб қолмоқда. Ўзбек тилидаги дарсликлар етишмайди ёки баъзи фанлар бўйича умуман йўқ. Бутун ўқув жараёни асосан аёл ўқитувчиларга қолиб кетган. Улар ҳам ҳимоясизлиги боис, доимий равишда қўрқув остида фаолият кўрсатишларига тўғри келмоқда. Энг ачинарлиси, ўқув муассасаларидан ўзбек тили сиқиб чиқарилмоқда. Бошқа тиллар ҳисобига ўзбек тили ва адабиёти соатлари камайтириб юборилган.
Яна бир масала хусусида айтиб ўтишни истардик. Жалолобод шаҳрида Олим Ботиров номидаги Дўстлик халқаро университети ёпилгани хусусида хабар тарқалди. Мабодо мазкур университетнинг мутасаддилари июнь воқеаларига алоқадор бўлса, айблари суд томонидан исботланса, албатта улар қонун олдида жавобгардирлар. Бироқ мазкур таълим муассасасида билим олаётган юзлаб талабаларининг айби нима? Университетга ўт қўйиш, ундаги қимматбаҳо ўқув жиҳозларини вайрон этиш кимга керак? Ахир бу ерда нафақат ўзбек, аввало, асосан қирғиз ёшлари таълим олишаётган эди-ку! Университетнинг ёпилиши билан кўплаб талабалар сарсон-саргардон бўлиб қолишди. Бундай ҳаракатлар охир-оқибатда Қирғизистон иқтисодиётига ва энг муҳими, унинг маънавиятига зарар келтирмайдими?
Сизга мурожаат этаётганимиздан мақсад, юқорида айтилган масалаларни тезроқ ҳал этишга, Олим Ботиров номидаги Халқаро университет фаолиятини тиклашга ва бу ерда талабаларнинг тинч вазиятда билим олишлари учун ёрдам беришга даъват этишдир. Айтадилар-ку, ҳар қандай давлатнинг энг катта бойлиги унинг фуқаролари, бу юртнинг болалари, деб.
Сизга чуқур эҳтиром билан: бир гуруҳ ўзбекистонлик ижодкорлар.
Тошкент шаҳри, 2010 йил сентябрь
Ўзбекистон Республикаси Президенти
И.А.Каримовга
Жанубий Қирғизистонлик бир гуруҳ
фукаролар номидан
М У Р О Ж А А Т Н О М А
Қадрли Ислом Абдуғаниевич!
Аввало, Жанубий қирғизистонлик ўзбекларнинг бошига оғир кулфат тушган кунлари уларга кўрсатган ғамхўрликларингиз учун халқимиз номидан миннатдорчилик изҳор қиламиз. Ўшандай ташвишли пайтларда юз мингдан ортиқ миллатдошларимизни қабул қилиб, турар-жой, озиқ-овқат, дори-дармонлар бериб, қалбларидаги қўрқинч, оғриқларни енгиллатдингиз. Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар минбарларидан туриб Жанубий Қирғизистонлик этник ўзбекларга нисбатан амалга оширилган ноҳақликларни қораладингиз ва «улар шу ерларда яшаб келишган, бундан кейин ҳам яшайдилар», дея халқимизнинг кўнглини кўтариб, ўзларига бўлган ишончларини мустаҳкамладингиз. Бу яхшиликларни ҳеч қачон унутмаймиз.
Қадрли Ислом Абдуғаниевич!
Ўзбек халқига тазйиқ ўтказиш, одамларимизни ҳақоратлаш, ноҳақ қама-қамалар июнь фожиаларидан кейин ҳаддан ортиб кетди. Олиб борилаётган суд ва тергов ишлари фақат бир томонлама – қирғиз жангарилари манфаатидан келиб чиқиб юритилмоқда. Қўлига қурол ҳам ушламаган ўзбек қариялар, ёш йигитлар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилмоқда. Аёлларимиз ўғирлаб кетилиб, ҳақоратланмоқда. Янги сайланган ҳукумат ҳам, парламент ҳам бундай бедодликларни қайтаришга кучи етмаяпти ёки шунчаки истамаяпти. Ҳуқуқ-тартибот органлари эса таъмагирлик, товламачилик билан одамларнинг тинкасини қуритиб юборишди. Халқнинг уларга берадиган ҳеч вақоси қолмади. Бундай ҳақсизликка учрамаган оила жуда кам. Аксарият аҳолининг ака ёки укаси, ота ёки онаси қамалган, қувилган, ёки бўлмаса ўзга юртларда қочқин бўлиб яшашмоқда.
Мана шундай тушкун бир аҳвол ҳукм сураётган бир пайтда одамлар Россия, Туркия, Ўзбекистонга бориб жон сақлашаётган эди. Аммо, бугунга келиб Россия ҳам одамларимизга ўз эшикларини ёпиб, борларини тутиб беришга киришди. Туркия эса олис. Бошқача айтганда, биз учун «осмон узоқ, ер қаттиқ» бўлиб қолди.
Фожеаларнинг юз беришида балки, бизларнинг ҳам айбимиз бордир. Аммо, қирғизларнинг устига қурол кўтариб, от билан, бронетехникалар билан биз бостириб борганимиз йўқ. Бу ишни улар қилишди. Биз эса ҳимояландик, холос. Бугунги Қирғизистон ҳукумати мана шу оддий ҳақиқатни тан олгиси келмаяпти. Оқибатда, бутун айб ўзбеклар устига ағдарилмоқда. Жаҳон афкор оммаси ўртасида ўзбеклар қора қилинмоқда. Бундай ноҳақликларга фақат сиз барҳам бера оласиз.
Ислом Абдуғаниевич! Сиз Ўш ва Жалолобод фожеалари кунлари нафақат қирғизистонлик ўзбекларни, балки, бутун минтақани уруш оловидан асраб қолдингиз. Буни тарих унутмайди. Сизнинг хабарингиз борми-йўқми, билмадик, кейинги пайтларда давлатлар ўртасидаги келишувга биноан икки ойлик муҳлат билан борди-келдилар тўхтаб қолди. Ҳозирда фақат ҳаво йўли билан келган фуқароларгина 3-кун мобайнида Ўзбекистонда туришлари мумкин. Икки ойлик муддатга рўйхатдан ўтказиш эса бекор қилинди. Бундан хабар топган қирғиз ҳуқуқ-тартибот органлари, қирғиз жангарилари, террорчилари ўзбек халқига нисбатан зулмларини яна ҳам кучайтирмоқда. “Ҳа, деса, сенлар Ўзбекистонга ҳам керак эмассанлар, чегараларни биз эмас, Ўзбекистон ёпиб қўйди”, “Ўзбекистонга бориб кўр-чи, орқангга тепиб ҳайдайди”, деган ҳақоратомуз гаплар билан бизни таҳқирлашмоқда.
Ислом Абдуғаниевич! Келишувга биноан, фуқароларнинг икки ойлик визасиз борди-келдилари қайта йўлга қўйилса, ўйлаймизки, биз учун яна бир мурувват кўрсатган бўлар эдингиз. Қирғизистондан келган одамларнинг қонунларга риоя қилиб юришлари учун энг аввало, ўзимиз, бизни уйларига рўйхатга қўйган қариндош-уруғларимиз кафолат беради. Шу орқали биз қирғиз ҳуқуқ-тартибот органларининг, айрим миллатчиларнинг зўравонликларидан вақтинча бўлса ҳам паноҳ топган бўламиз.
Сизга мустаҳкам соғлиқ, Оллоҳдан мадад сўраб, бутун Қирғизистон ўзбеклари номидан:
Бир гуруҳ қирғизистонликлар.
2011 йил, март.
Кўриб турганингиздек, юқоридаги мурожаатлар халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва давлатлар Президентларига катта умид ва ишонч билан ёзилган эди. Лекин улар орасида биронта ҳам волонтер топилмади. Ҳеч биридан жавоб бўлмади. Ахир қачонгача кўнгиллилар оддий одамлар орасидан чиқади? Қаердасиз, волонтер Президентлар? Бор бўлсангиз, бугун – 2010 йилги Ўш воқеалари қайта кўриб чиқилиши кун тартибида турган дамда овоз беринг!
Холис Назар