Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлиги: Оққан дарё оқмасдан қолмас…

Қирғизистон ва Ўзбекистон ижодкорлари ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилади. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган икки эл ижодкорлари учрашуви чоғида айтилди.

Яқинда “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамиятининг таклифиа кўра Қирғизистонда яшаб ижод қилаётган бир гуруҳ ўзбек қаламкашлари Тошкентда бўлиб қайтишди. Учрашувда икки мамлакат ёзувчи ва шоирларининг ўзаро ҳамкорликларини тиклаш ва фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Кўпгина ғоя ва таклифлар айтилиб, уларни биргаликда амалга ошириш борасида келишиб олинди.

Ғалаба музейига ташриф чоғи

Ушбу тадбир қисқа умр кўрган, аммо салмоқли ижодий мерос қолдирган ўшлик забардаст шоир Шавкат Раҳмоннинг “Яланғоч ота” қабристонидаги қабрини зиёрат қилишдан бошланди. Эртаси куни меҳмонлар “Чиғатой” қабристонида дафн этилган яна бир адиб – атоқли болалар шоири, беминнат ижодий ва ташкилий фаолияти туфайли “ўзбек ва қирғиз халқлари орасидаги кўприк” номини олган Турсунбой Адашбоевнинг қабрини зиёрат қилишди. Бу ўзига хос рамзий маънога эга бўлиб, икки халқ ўртасидаги азалдан мавжуд дўстлик ришталарининг тикланаётганидан далолат беради. Айниқса икки халқнинг севимли фарзанди, марҳум Турсунбой Адашбоев бу кунларни жуда орзу қилган ва оғир шароитларда ҳам бу ишни баҳолиқудрат амалга ошириб келган эди.

Миллатлараро тотувлик – тинчлик ва муваффақият гарови

Дастлабки расмий учрашув Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва ҳорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида бўлиб ўтди. Қўмита раҳбари Рустам Қурбоновнинг айтишича, бугун аҳоли сони 35 миллионга яқинлаб қолган Ўзбекистонда 130дан ортиқ миллат вакиллари иноқ ва баҳамжиҳатликда яшаб келмоқдалар. Улар орасида 300 мингдан кўпроқ қирғизлар бор.

Республикада етти миллат вакилларига она тилида билим бериш давлат томонидан кафолатланган. Улар учун мактаб дарсликлари ва бошқа адабиётларни нашр этиш кенг йўлга қўйилган. Бундан ташқари, бадиий асаарлар, жумладан қирғиз адибларининг асарлари ҳам ўзбек тилига ўгирилиб, ана шу мактабларга тақдим қилинмоқда. Яқин келажакда қўмита саъй-ҳаракати билан қирғизистонлик адибларнинг асарлари тўплами китоб ҳолида чоп этилиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда деярли ҳар бир миллат ўз миллий-маданий марказига эга бўлиб, уларнинг бўлимлари барча вилоятларда фаолият юритяпти. Марказ раислари ва котибларига давлат бюжетидан маош тўлана бошлади.

“Икки давлат ва миллат ижодкорларининг ҳамкорлиги халқларимиз дўстлиги ришталарини мустаҳкамлашда жуда муҳим ўрин тутади. Адибларимизнинг бу улуғ ишда олдинги қаторларда бўлишларини истаймиз”, – деди Рустам Қурбонов.

Миллатлараро тотувлик – тинчлик ва муваффақият гарови, деган оқилона концепция бу соҳадаги барча норматив актлар ва амалий ишларнинг, умуман Ўзбекистон давлати сиёсатининг асл моҳиятини ташкил қилади.

«Дўрмон» ижод уйидаги дийдорлашув

Ватандошларга эътибор кучаймоқда

Сўнгги чорак аср давомида нафақат Ўзбекистон ва қирғизистонлик ўзбеклар масаласи, балки икки давлатнинг ўзаро алоқалари ҳам жуда ночор аҳволга келиб қолган эди. Истеъдодли шоир, Ўш давлат ўзбек академик музикали драма театри раҳбари Аъзамжон Раҳимовнинг мисоли аҳволни ёрқин ифодалаб беради.

– Зоминдаги ёш шоирлар танловига (Ўзбекистон ёшлари орасида ўтказувчи ижодий танлов. – А.Мамараимов) қатнашаман деб интилиб юриб, ёшим элликка чиқди, – деди у, аввалги йилларда Ўзбекистон раҳбариятининг Қирғизистонда яшовчи ўзбекларга бўлган муносабатидан ранжиб.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, бу алоқалар ижобий томонга тубдан ўзгара бошлади. Қўмита раиси белгилаб ўтганидек, бугунги кунда Ўзбекистон хориждаги ватандошлар, жумладан ўзбек миллати вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминлаш борасида ҳам жиддий ишлар олиб боряпти. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг махсус қарори чиққан. Қарор доирасида махсус концепция қабул қилиниб, унга кўра ватандошлар деб қуйидагилар тан олинади:
1. Дунёнинг турли давлатларида ишлаётган, ўқиётган ва бошқа ҳолатларга кўра доимий ва вақтинчалик ватанидан ташқарида яшаётган Ўзбекистон фуқаролари.
2. Ўзбекистонда туғилиб, ҳозирда бошқа давлат фуқаролигини олган ва Ўзбекистон билан маданий-тарихий ришталарини сақлаб қолишга интилувчи шахслар ва уларнинг авлодлари.
3. Ўзбекистондан бошқа давлатларда яшаётган, тили ва этник белгилари, маданий-тарихий нуқтаи назардан ўзбек ёки қорақалпоқ ҳисобланадиган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги йўқ шахслар.

Бу уч тоифанинг ҳар бири билан алоҳида иш олиб бориш учун махсус дастурлар мавжуд.

Жумладан, чет давлатлардаги ўзбек ва қорақалпоқ миллати вакилларининг Ўзбекистон олий ўқув юртларида дунёвий ва ҳатто диний билим олишларига шарт-шароитлар тузиш масаласи ҳам кўриб чиқилаётир. Таълим соҳасидаги умумий муаммолар икки давлат ҳукумати ва таълим вазирликлари даражасида ҳам муҳокама қилиниб, қадам-бақадам ҳал қилиб борилиши лозимлиги таъкидланди.

Чийроқ ип узилмади

Асосий учрашувлардан бири Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтди. Йиғилишни олиб борган асли қирғизистонлик, бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг нуфузли нашрларидан бири бўлган “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоевнинг “биз бу кунларни узоқ кутдик”, деган сўзлари иштирокчиларнинг умумий кайфиятини акс эттирган бўлса не ажаб! Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги иқтисодий-сиёсий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг жонланиб бораётганини таъкидлар экан, Мелибоев икки давлат ижодкорлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга доир фикрлари билан ўртоқлашди.


Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси, таниқли шоир Сирожиддин Саййиднинг фикрича, ўзбек ва қирғиз халқларининг маданияти ва туриш-турмушида тафовут йўқ.
– Ўзбекистонда яшаб, ижод қилган кўплаб адиблар Қирғизистонда туғилган. Чингиз оғани биз ўз ёзувчимиздек улуғласак, қирғиз халқининг улуғ “Манас” эпоси ўзбек тилига бир неча бор ўгирилган”, – деди раис.

Яқинда бу асарнинг ўзбек тилидаги яна бир таржимаси ёруғ кўрди. Бу иш Қирғизистонда туғилган ўзбекистонлик адабиётшунос олим ва ёзувчи, сафар ташкилотчиси, “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти раҳбари Зуҳриддин Исомиддиновга тааллуқли. Зуҳриддин аканинг гапларига кўра, кейинги йилларда қирғиз ва ўзбек халқлари ва икки халқ ижодкорлари дўстлиги жиддий синовлардан ўтди.

– Шукрки, чийроқ ип узилмади. Икки халқ ўртасидаги алоқалар яна тиклана бошлади. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти бошқа давлатларда яшаётган ўзбекларга яна эътиборини қаратди”, деди у, – раҳматли Турсунбой ака Адашбоев, “қирғизга яқин бўлинглар, у билан дўст бўлинглар, шунда зўр бўлади”, деб кўп айтарди. Худо хоҳласа, Қирғизистондан яна Мирзакалон Исмоилий, Иззат Султон, Илёс Муслим каби адиблар чиқишига шубҳа йўқ.

Ўз навбатида, қирғизистонлик ижодкорлар ҳам икки давлат халқлари ва ижодкорлари ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга доир фикрлари билан ўртоқлашдилар, амалий таклифлар бердилар. Жумладан, яқин орада Тошкентда қирғизистонлик ўзбекзабон шоир ва ёзувчиларнинг асарларини тўплам ҳолида нашр этиш, қирғиз адибларининг асарларини ўзбек тилига ўгириб, Тошкентда нашр этиш ва аксинча, Қирғизистонда ўзбекистонлик адибларнинг асарларини қирғиз тилида чоп этиш таклифлари айтилди. Бу ҳақда икки давлат Ёзувчилари уюшмалари раҳбарлари ўртасида ўтган учрашувлар чоғида ҳам битим қабул қилинган.

Сафар чоғида “Дўрмон” ижод уйига истиқомат қилган меҳмонлар учун Ғалаба музейи ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига махсус экскурсия уюштирилди.

Тадбир якунида Адиблар хиёбонида сайр қилар эканмиз, кутилмаган, лекин зўр рамзий маънога эга учрашув юз берди. Хиёбонда бир гуруҳ қиз-келинлар айланиб юришган экан. Суриштирсак, Жиззах вилоятидаги машҳур Манас қишлоғидан келишибди. Эски қишлоқ ўрнида 45 кун ичида қад ростлаган бу замонавий қишлоқни Қирғизистонда ҳам жуда яхши билишади.

Манасликлар билан қирғиз ва ўзбек тилларида эркин мулоқот қилдик. Боткен вилоятининг чегара ҳудудларида бўлиб ўтган ачинарли воқеаларни эслашдик. Янги танишларимиздан бири қирғиз тилида гапирмаганини айтсам, у кулиб, миллати тожик экани, қирғиз оиласига келин бўлиб тушгани ва қирғиз тилини энди ўрганаётганини айтди.

Илоҳим, бири-бири билан қуда-андалашиб кетган, тилимизу-дилимиз бир, ўтмиш ва келажагимиз бир бўлган ўзбек, қирғиз, тожик ва бошқа миллат вакиллари дўстлиги абадий бўлиб, қардошлик ришталаримиз тобора мустаҳкамланаверсин. Шундай бўлишига шубҳа ҳам йўқ. Чунки, турли тўсиқларга қарамай, оққан дарё оқмасдан қолмайди…

Абдумўмин Мамараимов.
Бишкек-Тошкент-Бишкек.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг