Ўзбекистон олий ўқув юртларида бепул ўқишни истайсизми? Унда шошилинг!

Бу йил қирғизистонлик 100 талаба қўшни давлат олий ўқув юртларида бепул ўқишлари мумкин.

Қирғизистон Республикаси таълим ва фан вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, қўшни Ўзбекистон қирғизистонлик мактаб битирувчилари учун жорий йилда 100 квота ажратган. Бу ҳақда президент Садир Жапаровнинг қўшни давлатга бўлган ташрифи чоғида келишиб олинган эди. Квоталар ҳам бакалаврлик, ҳам магистратура даражаларида ажратилган.

Талабаликка қабул қилиш танлов асосида ўтказилади. Унда иштирок этиш учун махсус онлайн-платформада (“2021-2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олийгоҳларига кириш” бўлимида) рўйхатдан ўтиб, у ерда кўрсатилган формаларни тўлдириш ва талаб қилинган ҳужжатларни шу йилнинг 15 июли соат 23.59гача юклаш шарт.

Кўрсатилган муддатгача ва барча зарур ҳужжатларни тақдим қилган талабгорлар дастлабки босқичдаги танловга қўйиладилар. Дастлабки танлов тахминан 17-19 июлларда ўтади. Саволлар билан 0312 621519 телефони орқали кунига 15.00дан 17.00гача мурожаат қилса бўлади.

Таълим вазирининг ўринбосари Нурлан Омуровнинг яқинда парламент депутатларига берган маълумотига кўра, бугунги кунда қирғизистонлик битирувчилар тўққиз давлат олийгоҳларида бепул ўқиш имкониятига эгалар. Бундай квоталар ўша давлатлар ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасидаги келишимлар асосида берилади.

Бунгача қирғизистонлик битирувчилар Венгрия, Хитой, Россия, Беларусь, Тоджикистон, Қозоғистон, Туркия ва Латвия олий ўқув юртларига кириб бепул ўқиш имкониятларига эга эдилар.

Бобур Мирзоев, Бишкек.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг