Табаррук 105 ёшини қаршилаётган Ўш ўзбек академик театри тарихига бир назар

Ташкил қилингандан сўнг дастлабки ўн йилда давомида театр ўз биносига эга бўлмаган эди.

Гарчи бунга ишониш осон бўлмаса ҳам, 1918 йилда ташкил топган Ўш ўзбек театри 1929 йилгача очиқ майдонларда, шаҳар ва қишлоқ гузарларида томоша кўрсатиб келган. Ҳозирги кунда жуда катта қурилиш ишлари олиб борилаётган ва тубдан реконструкция қилинаётган муҳташам театр биноси ўтмишда, яъни 1929 йилгача театр фидойилари ва жонкуярларининг эзгу орзулари бўлиб келган.

Таҳририятдан: Баъзи манбаларда театрга 1914 йилда асос солинган, бўлиб, ўша йили Ўшдаги маҳаллий рус-тузем мактаби қошида Раҳмонберди Мадазимов раҳбарлигида театр тўгараги ташкил этилгани айтилади. Кейинроқ 1918 йилда айнан ана шу тўгарак асосида Туркистон фронтининг инқилобий-ҳарбий кенгаши (Реввоенсовет) қошидаги концерт бригадаси таркибида театр труппаси ташкил этилади. Унинг директори, бадиий раҳбари ва бош режиссёри ҳам Мадазимов бўлган.

Бу билан Раҳмонберди Мадазимов бошчилигида Иброҳим Мусабоев, Бекназар Назаров, Жўрахон Зайнобиддинов, Назирхон Камолов, Абдурашид Эшонхонов, А.Саидов каби зиёлилар иштирокида биринчи бўлиб бутунлай мамлакатда театр ҳаракатига ҳам асос солинган. Шуни ҳисобга олганда театримиз ёшига яна 4 йил қўшилади. 

Театрнинг 1980 йилгача бўлган биноси

Фақат 1929 йили Қирғизистон АССР ҳукуматининг қарорига кўра, театрга профессионал театр мақоми берилади ва у Абдуқодир Ўрозбеков номли ўзбек мусиқали драма театри деб атала бошлайди.

Шу йили Ўш шаҳрининг Откечик даҳасидаги мадрасанинг эски биноси таъмирланиб, театрга берилади. Бино ичи кенгайтирилиб, томоша зали, саҳнаси қурилади. 1932-33 йилларда театрга Ахмаджон Тўхтаматов Самарқанд шаҳридаги “Кўк кўйлак” театридан келиб директорлик қилади. Бино ҳовлиси кенгайтирилиб, от-арава, уловлар учун айвонлар қурилади.

Кейин, 1934-1942 йилларда театрга Абдуғани Нурбоев директорлик қилади. 1936 йилда театрга С.М.Киров номи берилади. 1942-52 йилларда эса театрга Солихон Аҳмаджонов директорлик қилади.

Театрнинг 2021 йилгача жойлашган биноси. Ҳозирда реконструкция қилинмоқда

Бир ёмоннинг бир яхшилиги бор деганларидек, 1948 йили театр биносида ёнғин чиқиб, саҳна ва томоша зали куйиб кетади. Ўша вақтда Қирғизистон ССР Министрлар Советининг раиси Исҳоқ Раззоқов шахсан ўзи келиб аҳволни кўради ва бинонинг тикланишини ўз назоратига олади. Саҳна тўла таъмирланади, томоша залининг чап ва ўнг тарафларига меҳмонлар учун болохоналар (ложелар) қурилади.

Театрга Нурмамат Солиев директорлик қилган 1953-56 йилларда автомашиналар учун гараж қурилади. Бино фасади пештоқи янгиланади, устига люминесцент лампалар билан”ТЕАТР” деган ёзув ўрнатилади. 1956-63 йилларда театрга Махмуджон Умаров директорлик қилади. Шу йилларда бинонинг электр-ёритувчи тизими янгиланиб, иситиш тизими таъмирланади.

Кейинчалик, 1963-69 йилларда театрга Солихон Розиқов, 1969-73 йилларда Мухаммадусмон Азизов директор бўлди, 1973-84 йилларда эса бу лавозимни Абдуғани Абдуғофуров эгаллади.

Театр 1974 йил июль ойида Тошкент гастролга бориб, муваффаққият қозонади. Шавкат Дадажонов ва Жўрахон Рахмоновларга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони берилади. Театрнинг ўзи эса Ўзбекистон ССР Олий Совети президиумининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланади.

1974 йил сентябрда Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳрида гастроллар самарали ўтди. Ўша йили театр ходимларидан 1 кишига Халқ артисти, 3 нафарига Республикада хизмат кўрсатган артист унвонлари берилди. Гастрол якунида Ўш вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби Султон Ибраимов театр жамоасини Фрунзедага собиқ “Қирғизистон” (ҳозирги 5 юлдузли Hayyat) меҳмонхонаси залида табриклади ва бир кун аввал Қирғизистон Министрлар Советида тегишли органлар билан келишган ҳолда театрга янги бино қуриб беришга қарор қилинганини маълум қилади.

Кўп ўтмай, 1974 йилнинг октябрида Ўш шаҳар партияси қўмитасининг биринчи котиби Аблесов Садыкбек йиғилиш ўтказиб, унда шаҳардаги барча мутасадди раҳбарлар иштирок этишади.

Қурилишнинг тайёр лойиҳаси “450 ўринли клуб“ деб аталар ва бинони янги жойга қуришга қарор қилинган экан. Бу ҳақда Абдуғани Абдуғофуров шундай эслайди:

Абдуғани Абдуғофуров

“Мен савол бердим: Нима учун “ 450 ўринли театр” эмас? Менга, “Театр дейиш учун Москванинг рухсати керак, клуб деб қураверамиз , аммо у театр бўлади”, деб жавоб беришди.

– Қурилиш қаерда амалга оширилади? – деган саволимга икки вариантни айтишди: 1-вариант – шаҳарнинг Ўш туманидаги ҳозирги вилоят болалар шифохонаси атрофидаги эски колхоз клубининг ўрни ва 2-вариант – Сулаймон тоғи ёнбағридаги қабристоннинг рўпараси. Яъни, ҳозирги Қирғиз-Ўзбек университетининг ўрни.

Бу вариантларга мен қарши чиқдим. Ўш вилояти партия қўмитасининг саноат, қурилиш бўйича котиби Ласовский менинг фикримни маъқуллади.

“Театр директори тўғри айтяпти, деди у. Исломий қадриятларга кўра қабристон рўпарасида карнай – сурнай чалинмайди…”

Кейин 3-вариант, театрнинг ҳозирги ўрни таклиф қилиниб, шу кўпчиликка маъқул бўлди…

Ушбу йиғилишгача маданият министри Кулуйпа Кондучалова Абдуғани Абдуғофуров бош бўлган театрнинг масъул ходимларидан иборат гуруҳни Норинга, таклиф қилинган лойиҳа бўйича қурилган театрни кўриб келишга жўнатган эди. Сафардан қайтгач, Абдуғани Абдуғофуров қурилиш лойиҳасига қўшимчалар киритиш таклифини тайёрлади. Жумладан, саҳна томини яна 5 метрга кўтариш, декорация ва пардаларнинг кўтарилиб туширилиши учун ярим автомат қурилма ўрнатиш, саҳнанинг олдидаги 2 бурчакка кўчма (айланма) прожекторлар учун балконлар қуриш, саҳна ва зал оралиғига мусиқачилар хонаси (яъни, оркестр чуқурхонаси) қуриш, саҳна полини айлантирувчи қурилма қуриш, театр актёрлари ва масъул ходимлари учун зарур бўлган бир нечта қўшимча хоналар қуриш ва бошқалар.

“Шаҳар бошлиғи ушбу таклифларни истар-истамас қўлимдан олиб, шунчаки назар ташлади-да, ходимаси Юдаковага узатиб, қараб кўринглар, деди”, деб эслайди Абдуғофуров.

Ниҳоят, 1975 йили ёзда қурилиш бошланади. Лойиҳага биттагина ўзгариш, саҳна томини кўтариш киритилган эди, холос. Хозирги театр пойдеворига 480 дона, ҳар бири 10 метрлик темир-бетон қозиқ – свай қоқилган. 1978 йил охирларида театр биносининг каркаси қад кўтаради. Лекин ички ва ташқи пардоз ишларига келиб, муаммо пайдо бўлади.

“Мени Аблесов чақирди. Бордим. “Бинонинг ички ва ташқи пардози учун оддий цемент сувоқ режалаштирилган экан, – деди у. – Сувоқ ўрнига травертин ва мармар плиталар бўлса, яхши бўларди. Бизда эса травертин ҳам, мармар хам йўқ. Улар Ўзбекистонда чиқарилади. Сен Шароф Рашидов асарларини саҳнага қўйгансан, қабулида бўлгансан. Агар биз травертин ва мармар сўраб, хат ёзиб берсак, хатни шахсан ўзига олиб бора оласанми?”

Бу саволдан бир сескандим. Эплай оламанми? Рашидов қабул қилармикин? Таваккал, рози бўлдим. Аллоҳдан мадад сўраб, Тошкентга жўнадим. Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев билан яхшигина танишиб олган эдим. Нормурод ака ўшанда Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасида масъул лавозимда ишларди.

Тошкентга борибоқ, Нормурод акага қўнғироқ қилдим. “Соат 11 га Марказий қўмитага келинг, рухсатнома ёздириб қўяман”, – деди. Қувониб кетдим. Хаяжонимнинг эса чеки йўқ.

Марказий қўмитага борганда уни Нормурод Нарзуллаев оғаларча меҳрибонлик, хушрўйлик билан қабул қилди. Хатни ўқиди.

“Мени ички титроқ тутганди. Нима дер экан? – дея эслайди Абдуғани ака.

– Тушунарли, – деди ниҳоят, салмоқлаб Нормурод ака. Отахон (Шароф Рашидов) шу кунларда Қорақлпоғистонда сафардалар. Келишлари билан хатни топшираман. Сиз Ўшга қайтаверинг. Албатта натижасини хабар қиламиз.

– Сизнингча масала ижобий хал бўлармикин? – сўрадим ийманиб.

– Менимча, элликка эллик. Сабаби, Навоийнинг Ғазғон шаҳрида чиқаётган травертин хам, мармар ҳам Москвадаги Олимпиада шаҳарчасига ҳамда Тошкент метрополитени қурилишига кетаяпти. Балки, сизларга заҳирадан беришар… Хар ҳолда, отахон Қирғизистонга, қўшни халқларга зўр ҳурмат билан қарайдилар…

Абдуғани ака Ўзбекистон Марказий қўмитаси биносидан элликка эллик ишонч билан чиқиб, Ўшга қайтади. Шаҳар бошлиғига учрашишга тортиниб, Тошкентдан жавоб келгунча унга учрамасликка қарор қилади. Орадан бир ҳафта ўтгач, эрталаб ишга келса, шаҳар ижроқўми раисининг ўринбосари Ўзганбой ака Йўлдошев қўнғироқ қилиб қолади:

– Абдуғани домла, ижроқўмга тез келинг, Тошкентдан меҳмонлар бор.

Иккала меҳмон Ўзбекистон Госпланидан келишган экан. Кечгача қурилиш билан, лойиҳа билан, шаҳар капитал қурилиш бошқармаси мутахассислари билан танишиб, мулоқот қилишди, тегишли хужжатларни тайёрлашди. Кечки пайт уларни Андижонга кузатиб қўйишади. Орадан яна икки ҳафта ўтгач, Ўзбекистондан театр қурилиши учун бир вагон травертин ва мармар келгани хабар қилинади. Қурилиш ишлари жадаллашиб кетади.

Театр биносининг реконструкция қилингандан кейин кутилаётган кўриниши

Расман клуб, аслида театр биноси 1979 йилнинг декабрида фойдаланишга топширилади. Аммо театр унга дарров кўчиб ўтмади. 1980 йилнинг январидан март ойига қурилишнинг чала ишлари давом эттирилади.

“Бу орада шаҳар раҳбари мени чақириб, “тез кўчиб ўтасан, эски бинони бўшат, бузамиз”, дея икки оёғимни бир этикка тиқа бошлади”, – дея эслайди собиқ директор. – “Мен эса “бинода чала-чулпа ишлар кўп, улар битмагунча кўчмайман”, дедим. Раҳбар бўлса “кўчмасанг, икки оёғингдан боғлаб, горкомга осиб қўяман”, деди. Ҳазиллашди шекилли деб, аввалига ҳафа бўлмадим. Лекин, вазият жиддий тус ола бошлади”.

Абдуғани ака маданият вазири Кулуйпа Кондучаловага қўнғироқ қилади. Икки ўт орасида қолганини айтади. Кондучалова вилоят қўмитасининг энди тайинланган биринчи котиби Қўшўев Темирбек Қудайбергенович билан гаплашгач, Абдуғофуровга қўнғироқ қилади.

Янги бинонинг чала жойларини ижроқўм 3 ой ичида битказадиган бўлганини, ҳозирча кўчиб тураверишимизни айтиб, Тошкентдан Саврон Жавлонов келиб, саҳна айланпасини ўрнатишини маълум қилади. Маблағни шаҳар ижроқўми тўлайдиган бўлибди.

Хуллас, 1980 йилнинг май ойида Театр ўзининг 50 йиллик юбилейини янги бинода нишонлади. Кейинроқ, ўша йилнинг кузида Фарғона вилоятининг Қува шаҳри мебель фабрикасидан 500 дона театрбоп креслолар олиб келиб ўрнатилади.

Таҳририятдан: Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Бобур номидаги Ўзбек Академик мусиқали драма театри биносини капитал таъмирлаш ишлари бошланди. Ишнинг режалаштирилган умумий қиймати 5 миллион долларни ташкил қилиб, тўла Ўзбекистон Республикаси томонидан молиялаштириляпти. Таъмирлаш ишлари янги йилнинг март-апрель ойларида якунланиши кутилмоқда.

Театрга турли йилларда Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг фахри бўлган Чингиз Айтматов, Муратбек Рисқулов, Тўқтўбўлўт Абдумўмунов, Шароф Рашидов, Комил Яшин, Иззат Султон, Ғафур Ғулом каби кўплаган давлат ва маданият, санъат арбоблари қўлларидан келганча ёрдамларини беришган.

(Давоми бор…)

Одилжон Дадажонов тайёрлади, Ўш шаҳри.

Мақолада Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, ёзувчи ва драматург Абдуғани Абдуғофуровнинг “Ёднома” дафтаридан фойдаланилди.

Расмлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг