Якканинг ёри Худо. Пекинда Қирғизистон шарафини ягона спортчи ҳимоя қилади

Ҳар ҳолда йўқдан кўра Олимпиаданинг очилишида Қирғизистоннинг давлат байроғи ҳилпиради.

Парад чоғида Қирғизистондан борган ягона спортчи Максим Гордеевнинг билан Республика Олимпия қўмитасининг вакили Чўлпон Жумағазиева ўтди. Лекин, 4 февраль куни бевосита эфирга узатилган тасвирларда президент Садир Жапаровни кўрсатишмади. Одатда парадда ҳар бир давлат спортчиларини кўрсатиш давомида ўша давлат раҳбари ёки юқори лавозимли шахслари кўрсатилади.

Максим Гордеев (фамилияси Ғурур деб таржима қилинади) – Қирғизистон ғурурини тоғ-чанғи спорти турлари бўйича ҳимоя қилади. Унинг мусобақалардаги иштироки 16 февралга режалаштирилган.

Сафар олдидан Максим Гордеевга парадда кўтариб ўтиш учун давлат байроғи топширилди. Унга ғолиб сифатида ҳам байроғимизни кўтаришини тилаб қоламиз

Пандемия шароитида ўтаётган Олимпиада ўйинларида 91 давлатдан 2,9 минг спортчи қатнашмоқда. Улар спортнинг 15 тури бўйича 109 медаллар комплекти учун курашишади.

Эслатиб ўтамиз, Хитой расмийлари томонидан инсон ҳуқуқларини оммавий равишда бузилаётганини рўкач қилиб, Америка Қўшма Штатлари ва бошқа бир қатор давлатлар Пекинда бўлиб ўтаётган Қишки Олимпия ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилишди. Бунинг маъноси, ушбу мамлакатлар ҳукуматлари вакилларининг ўйинларга боришдан бош тортишини англатади, спортчилар эса мусобақаларда иштирок этишлари мумкин.

Россия президенти Владимир Путин Олимпиадага Халқаро олимпия қўмитаси таклифи билан эмас, Хитой раҳбари Си Цзиньпин таклифига биноан ташриф буюрди. Икки давлат раҳбарларининг сиёсий музокаралар олиб бориши кутилмоқда.

Пекинга Владимир Путиндан ташқари йигирмага яқин давлат раҳбарлари, жумладан Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Миср, Польша, Сербия, Аргентина раҳбарлари, Камбожа қироли, Саудия Арабистони ва бошқалар келишди.

Пандемия сабабли Қишки Олимпия ўйинларининг барча тадбирлари олимпиячилар ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги алоқани истисно қиладиган «кўпик» деб аталадиган жойда ўтказилади. Аэропорт, барча спорт иншоотлари, матбуот марказлари ва Олимпия қишлоқлари мана шу ҳудудда жойлашган.

Мусобақа трибуналари атиги 30 фоизга тўлиши кутилмоқда. Чет эллик ишқибозлар эса умуман ўйинларга киритилмайди. Ўйинлар учун чипталарни сотиш таъқиқланган бўлиб, улар тадбирларга алоқадор олий даражадаги одамлар ўртасида тақсимланади.

Ўйинларнинг биринчи иштирокчилари Пекинга 23 январда кела бошлаган ва ўшандан бери 300 га яқин коронавирус инфекцияси қайд этилди. Уларнинг 100 дан ортиғи спортчилар ва давлатлар вакиллари бўлиб, биронтасини касалхонага ётқизишга эҳтиёж бўлмаган.

Биринчи мусобақалар 2 февралда бошланган ва 20 февралгача давом этади.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг