ИСМОИЛЖОН ҚОРИ

Собиқ шўро замонида Ўшда етук қорилар бармоқ билан санарли эди. Улар орасида Қоравой қори, Ипак қори, Чарос қори, Шоюнус қори, Дадажон қори, Мақсудали қори, Чўлоқ қори, Сибғатуллоҳ қори, Шафоат ҳожи ва бошқаларнинг номи анча таниқли бўлган. Уларнинг қилган ишлари, ҳаётда қолдирган излари миннатдор инсонлар қалби ва хотирасидан бир умрга ўчмайди. Фарғона водийсида таниқли дин пешвоси, Ўшда Оллоҳнинг Каломини ўргатиш ва уни ёйишга энг кўп хизмат қилган қорилардан бири бўлган Исмоилжон қори Усмонжон уста ўғли ҳам дин ва ватан тарихида ўчмас ном қолдирган саодатманд инсонлардан эди.

Исмоилжон қори 1908 йили Ўшнинг Шаҳидтепа мавзесидаги Бойлар маҳалласида дунёга келган.

Эл ичида илми ва касби билан машҳур бўлган уста Усмон қори ўғли Исмоилжонни Қуръон ўрганиш учун Андижонга, машҳур устозлардан Розиқ қори ҳузурига юборди. Исмоилжон бу ерда илк сабоқ ва Қуръонни ёд олиб, мураттаб қори бўлиб етишди. Ўшга қайтиб, Абдулҳамид қори (Чўлоқ қори)дан қироат сабоғини олган.

Кейинчалик замон алғов-далғов бўлиб кетгач, Душанбе шаҳрига ҳижрат қилиб кетиб қолди. Мураттаб қори Исмоилжон исломий илмлардан ҳам яхшигина билим олди. 1955-60 йилларда Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида Ҳожи Ёқуб жоме масжидида имомлик қилган.

1960 йилларда яна Ўш шаҳрига қайтиб, 1960-67 йилларда Қорасув туманида масжидда, 1967-71 йиллар эса Ўшда Ёнғоқлик (Имом Бухорий ) масжидида имом-хатиблик қилган.

Сўнг Исмоил қори домла йигирма бир йил мобайнида – 1971-92 йилларда Шаҳидтепа масжидида имом-хатиблик қилди, умрини ана шу маъсулиятли, муборак вазифага бахш этди. Айниқса, худосизлик авж олган, дин ходимлари ҳамма томондан тазйиқ ва таъқибларга учраб турган бир даврда бир масжидда шунча вақт имомлик қилиш кишидан катта сабр, юксак матонат талаб қиларди. Исмоилжон қорида ана шу сифатлар мужассам бўлгани учун мажид қавмининг ҳам, шаҳардаги катта-кичик уламоларнинг ҳам ҳурмат-этиборини қозона олди.

Исмоилжон қори бутун умрини ҳамшаҳарларига Қуръон қироатини ўргатишга, қорилар тайёрлашга бахшида қилди. Мамлакатда динга қарши ташвиқотлар авж олган кезларда Ўшда мураттаб қорилар жуда кам бўлиб, Рамазон ойида масжидларда Қуръонни хатм қилиш учун ҳатто қўшни Ўзбекистондан қорилар таклиф қилинарди. Исмоилжон қори шу бўшлиқни тўлдириш учун катта сайи-ҳаракат қилди. Шаҳарнинг турли маҳаллаларидан келган болаларга Қуръон қироатидан таълим берарди.

Ҳаёти давомида анчагина шогирдлар етиштирган устоз-қорилардан хисобланади. Шогирдларидан эл ичида ардоқ топган Сибғатуллоҳ қори, Холтўрахон қори домлаларни ва яна кўплаб Ўш қориларини эсга олиб ўтиш мумкин.

Исмоилжон қорининг тўрт нафар – икки ўғил, икки қиз фарзанди бўлган. Қори домла фарзандларини барчасини Исломга хизмат қиладиган, илмли инсонлар қилиб тарбиялади. Тўнғич ўғли Яҳёхон қори Исмоилов 1939 йилда туғилган. 1963-68 йиллар Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олган.1970-74 йилларда Тошкент ислом институтида ўқиган. 1975-2006 йиллар давомида Тошкент шаҳридаги Термизий масжидида имомлик қилган.

Исмоилжон қорининг кичик ўғли Муҳаммадамин қори 1955 йилда туғилган. 1971-75 йилларда Бухородаги Мир Араб мадрасасида, 1976-80 йилларда эса Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. 1980 йилдан 1992 йилгача Ўшдаги Шаҳидтепа масжидида имом ноиби, 1992 йилдан 2011 йилгача Шаҳидтепа масжидининг Бош имом-хатиби бўлиб ишлаган. 2011 йилдан яна шу масжидда имом ноиби бўлиб хизмат қилмоқда. Орада бир қанча вақт Ўш шаҳар қозиси лавозимларида ҳам ишланган. Муҳаммадамин қори 1981 йилда Марокаш давлатига бориб Қуръон мусобақасида қатнашиб келган. Шу йили Муҳаммадамин ҳожининг “Қуръон Карим”дан ўқиган қироати Тошкент грампластинка заводида махсус равишда ёзиб олинган.

Машҳур қориларнинг устози Исмоилжон домла 1992 йилда Ўшда вафот этган. Жанозасини Марғилонлик Ҳакимжон қори домла ўқиган. Ўшдаги » Андижонкўча » қабристонига дафн этилган.

 

Одилжон Дадажонов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг